Кутубхоналар таълим, маданият ва жамият ривожланишида муҳим роль ўйнайди, билимга кириш, маданий меросни сақлаш ва ақлий ўсишни таъминлаш учун бебаҳо манба ҳисобланади. Замонавий ахборот жамиятида улар ҳар ёшдаги одамларнинг таълим олиши ва ўз-ўзини ривожлантиришига кўмаклашувчи муҳим институт бўлиб қолмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Анқарада Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида шундай таъкидлади: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.
Ҳозирги босқичда таълим давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Унинг мамлакат равнақида тутган ўрнини тан олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сўнгги йилларда мамлакат таълим соҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Бу ютуқлар тизимни модернизация қилиш, таълим сифатини яхшилаш ва кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, шунингдек, давлатнинг барча фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, китоб ўқишни тарғиб қилиш ва аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган Президентнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида аҳолини самарали ахборот-кутубхона хизмати билан таъминлаш тизимини яратиш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган бўлиб, бу соҳани янги ривожланиш босқичига ўтишига хизмат қилди ҳамда ижтимоий-ахборот маданияти даражасини юксалишида кутубхоналарнинг ролини кучайтирди, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширувчи замонавий инновацион ва таълим технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини берди.
Бундан ташқари, Президентнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш бўйича аҳолининг ижтимоий кафолатларини сифатли таъминлаш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- замонавий талаблардан келиб чиқиб ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш;
- ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш;
- ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
- кутубхона соҳасида давлат-хусусий шерикликни, хусусий ва электрон кутубхоналар тармоғини ривожлантириш;
- кутубхоналар ишининг самарадорлигини ошириш ва фойдаланувчиларга тезкор хизмат кўрсатиш (шу жумладан пуллик хизматлар) учун электрон китоблар тарқатишга ихтисослашган интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтириш;
- ахборот-кутубхона муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот-кутубхона фондларини миллий ва жаҳон маданий мероси сифатида сақлаш;
- жамиятнинг ахборот маданиятини шакллантириш ва ошириш, миллий тарих ва маданиятга барқарор қизиқиш уйғотиш, китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш;
- ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан тўлдириш.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши мамлакатда хизматлар кўламини кенгайтириб, электрон ресурсларга кириш ва маданий-тарбиявий тадбирлар ўтказиш, шунингдек, ходимларнинг малакасини ошириш ва фойдаланувчиларга замонавий хизмат кўрсатиш усулларини жорий этишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, бу ўзгаришлар ахборот жамиятини ривожлантириш ва таълим ҳамда маданиятга сармоя киритиш орқали иқтисодий ўсишга ёрдам бериш билан бирга, саводли ва маълумотли жамиятни шакллантиришга ёрдам беради, бу эса мамлакат ривожида муҳим қадамдир.
2020 йил 14 декабрдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланди. Ушбу дастур аҳолининг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига мос келадиган сифатли китоблар нашр этиш; нашриётлар ва рассомлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, болалар адабиётини нашр этиш; маҳаллий ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини таржима қилиш; китоблар савдосини ташкил этишни соддалаштириш; янги нашр қилинаётган китобларни етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ва ахборот манбаларини тарқатиш; халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий асарларни онлайн буюртма қилиш, уларни етказиб бериш ва тарқатишни ўз ичига олади.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини оммалаштиришга, аҳолида китоб ўқишга бўлган муҳаббатни уйғотиш ва барча учун кутубхона ва ахборот хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида асосий мақсадлар сифатида ёш китобсеварлар сонини беш миллионга етказиш, ҳар йили 100 та бадиий асар ва болалар ҳамда ўсмирлар учун 50 та китоб яратиш, “Ўзбек адабиёти хазинасидан” кўп жилдлик ва “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр этиш ҳамда қарийб 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштириш белгиланган.
2023 йил 28 ноябрда Президентнинг “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди, бу лойиҳа ёш авлоднинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга кўмаклашувчи жаҳонда машҳур китобларни ўзбек тилига таржима қилиш тизимини яратишга қаратилган.
Бундан ташқари, ҳар йили "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида китобхонлик ва интеллектуал ўйинлар йўналишида 5 та қуйдаги лойиҳа амалга оширилмоқда: “Ёш китобхон оила”, “Мушоира”, “Ёш китобхон”, “Заковат” интеллектуал ўйини ва “Ибрат чет тиллари”. Лойиҳалар ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириб, интеллектуал ўйинлар орқали мантиқий фикрлаш ва билим доираларини кенгайтиришга ёрдам беради.
"Ёш китобхон" ва “Ёш китобхон оила” танлови китобхонликни тарғиб этиш, ёшларни маънавий бойитиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ўтказиладиган муҳим тадбирлардан биридир. Бу танлов ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг билим ва тафаккур доираларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида Ёшлар ишлари агентлигига муаллифлардан асарларнинг фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва давлат буюртмаси асосида давлат бюджети ҳисобидан китобларни нашр этиш ишларини амалга ошириш вазифаси топширилган (давлат олий таълим муассасалари учун нашр этиладиган китоблар бундан мустасно).
Дунёда машҳур китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич: ҳар йили Экспертлар кенгаши томонидан дастлабки китоблар рўйхати шакллантирилади. Иккинчи босқич: дастлабки рўйхат Ёшлар ишлари агентлигининг ахборот тизимларида жойлаштирилиб, аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан сараланади ва шу тариқа якуний рўйхат шакллантирилади.
Ҳар йили нашр этиладиган китоблар рўйхатига камида 20 фоизи илмий-оммабоп асарлар киритилиши керак. Нашрга тайёрланган асарлар ҳуқуқи Ёшлар ишлари агентлигига тегишли бўлиб, уларни нашриётларга бепул тақдим этади.
Шунингдек, ўзбек тилидаги адабиётларни йиғиб, аҳолига кенг кўламли маълумотларга бепул кириш имкониятини берадиган махсус мобил иловани яратиш ва уни узлуксиз ишлашини таъминлаш режалаштирилган. Экспертлар кенгаши тавсиясига кўра, асарлар ахборот-кутубхона муассасаларига (шу жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кутубхоналарига) тарқатилади, электрон версиялар эса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги тегишли муассасаларга кенг фойдаланиш учун бепул тақдим этилади.
Республикада болалар адабиётини ривожлантириш, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сифатини ошириш учун зарур маънавий, ҳуқуқий ва моддий-техник база яратилди. Мамлакат нашриётлари жаҳон ва ўзбек болалар адабиёти муаллифларининг асарларини нашр этишни кўпайтирди. Китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинган бир қатор ҳужжатларга мувофиқ, барча ҳудудларда болалар ва ўсмирлар ўртасида адабиётни оммалаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўнгги тўрт йил ичида республика нашриёт-полиграфия ва ахборот-кутубхона муассасалари учун йўриқнома бўлиб хизмат қилган қатор Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Шу тариқа, ахборот-кутубхона хизматлари жамоат фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди, фуқароларга ахборот, билим ва маданиятга тўсиқсиз кириш имконини беради. Бундан ташқари, рақамли хизматларни ривожлантириш, ҳамжамиятлар билан ҳамкорлик қилиш ва янги технологияларни қўллаш кутубхоналарнинг таълим, ахборот ва коммуникация марказлари сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Бу одамларнинг имкониятларини кенгайтиришга, уларнинг таълим олишга бўлган интилишларини рағбатлантиришга ёрдам беради. Ахборот-кутубхона хизматлари салоҳиятини ривожлантириш узлуксиз таълимни, ўз-ўзини такомиллаштиришни, аҳолининг маданий ва маънавий бойишини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса замонавий жамият учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
Нуридинов Рамзидин
“Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти