Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон Президенти расмий ташриф билан Малайзияда бўлади



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Ташриф доирасида Куала-Лумпур шаҳрида Бош вазир Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар, Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда кўзда тутилган.

Бўлажак олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Малайзия дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, инновациялар, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, "яшил" энергетика, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтириш масалалари ўрин олган. Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Етакчилар халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини ҳам кўриб чиқадилар.

Саммит якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилиниши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, ташриф арафасида Малайзияда бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, етакчи таҳлил марказлари ва тадқиқот тузилмаларининг учрашуви бўлиб ўтди. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, икки мамлакат етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

 
Ўзбекистон-Малайзия: иқтисодий ва маданий алоқалар ва келажакка назар

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазир Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлади.

Малайзия 1992 йил 21 февралда Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва мамлакатимиз билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлардан бири ҳисобланади. Бу муносабатларнинг асосий тамойиллари Ўзбекистон ва Малайзия томонидан 1993 йил 3 апрелда қабул қилинган қўшма коммюникеда мустаҳкамланган.

Икки давлат ўртасида олий даражада самарали мулоқот йўлга қўйилган. Бу мамлакатларимиз ўртасида сезиларли жуғрофий масофа бўлишига қарамай, барча соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 декабрь куни Дубай шаҳрида ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (СОР-28) доирасида собиқ Малайзия Подшоҳи Султон Абдуллоҳ Риоятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ Шоҳ билан учрашди.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг 2024 йил май ойида мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистон–Малайзия ҳамкорлигига кучли туртки бўлди. Ушбу ташриф чоғида  Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоланда. Унда томонларнинг сиёсий мулоқотни, парламентлараро алоқаларни, савдо ва сармоявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги тасдиқланди. Шунингдек, икки томонлама муносабатларни яқин келажакда кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишдан томонлар ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Бундан ташқари, Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми якунларига кўра, умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 19 та инвестиция шартномасидан иборат мустаҳкам ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон ва Малайзия халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ришталари умумий дин, урф-одат ва маданий қадриятларнинг ўхшашлигига асосланади. Амалга оширилаётган ривожланиш ва модернизацияга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” ва “Малайзия Мадани” стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш.  

Ҳар икки давлат барқарор иқтисодий ўсиш, илғор технологияларни жорий этиш, ҳаёт сифатини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга интилмоқда. Устуворликларнинг мос келиши бизга тажриба алмашиш, муваффақиятли амалиётларни мослаштириш ва турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш имконини беряпти.

Хусусан, парламентлараро мулоқот фаол ривожланмоқда. 2020 йилда икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари  ташкил этилган. Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдул 2023 йил апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича референдумда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди. 2024 йил июль ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Малайзияга ташриф буюрди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиб, икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар фаол муҳокама қилиняпти. 2024 йилнинг февраль ва июль ойларида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациянинг Малайзияга ташрифлари  жуда самарали кечди.

Ўзбекистон ва Малайзия БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати каби минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳам яқин ҳамкорлик қилиб, глобал ва минтақавий хусусиятдаги энг долзарб муаммоларга оид ташаббусларни илгари суриш ва позициялар ўхшашлигини намойиш этишда бир-бирини  фаол қўллаб-қувватламоқда.

Малайзия БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “2018-2024 йилларда Марказий Осиёда барқарор ривожланиш кун тартиби” (2018 йил), “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги”ги (2021). “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш” (2022), “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги (2022), “Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” (2023), “2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш (2024) тўғрисида”ги  резолюцияларни қўллаб-қувватлади ҳамда  ҳаммуаллифи бўлди.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий этилган бўлиб, Ҳукуматлараро қўшма комиссия бу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга яқиндан кўмаклашмоқда. 2024 йил 29 май куни Куала-Лумпурда Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди ва унинг якуни бўйича қўшма баёнот имзоланди.

2019 йилда Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонасида ташқи савдони ривожлантириш бўйича Малайзия корпорацияси (MATRADE) ваколатхонасининг очилиши  ўзаро савдо ҳажмининг ошишига ижобий  таъсир кўрсатди.

2024 йилнинг 18-20 декабрь кунлари Петалинг Жая шаҳридаги “Paradigm Mall” савдо мажмуасида Малайзиянинг “KNKV Group” компанияси билан биргаликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, ёнғоқ ва қуритилган меваларнинг биринчи кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон маҳсулотлари Малайзия бозорида рақобатбардош эканлигини кўрсатди ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги тенденцияларини белгилаб олиш учун  муҳим платформага айланди.

Умуман олганда, 2024 йилда икки давлат ўрасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 102 миллион АҚШ долларидан ошди. Бироқ, Ўзбекистон ҳам, Малайзия ҳам бу кўрсаткични ошириш учун юқори салоҳият мавжудлигини таъкидламоқда. Шу нуқтаи назардан, янги транспорт йўналишларини излаш алоҳида аҳамиятга эга ва бу ҳозирги ҳамкорликнинг яна бир долзарб йўналиши бўлиб, у жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Малайзия капитали иштирокидаги 40 та корхона фаолият кўрсатаяпти. Ўзбекистон тадбиркорлари Малайзия бозорини эндигина ўзлаштира бошладилар ва бу мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшмоқда.

Ўз навбатида, кейинги йилларда Малайзия инвестицияси иштирокида умумий қиймати 12 миллион долларлик олтита лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, Гулистон шаҳрида Малайзия технология университети иштирокида қиймати 9,3 миллион долларлик инфратузилма лойиҳалари ишга туширилди. Шунингдек, “Инновацион IT-таълим муассасасини яратиш лойиҳаси” амалга оширилмоқда.

Туризм, соғлиқни сақлаш, спорт соҳаларидаги икки томонлама шериклик йилдан-йилга кенгаймоқда, маданий алоқалар мустаҳкамланиб, таълим ва академик алмашинувлар кенгаймоқда. Қўшма конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар, сайёҳлик ярмаркалари, маданият ва кино кунлари, концерт ва фестиваллар  мунтазам ўтказиб келинаётир.

Ўзбекистон ва Малайзия  “Ҳалол” стандартлари ва Ислом банки каби соҳаларда ҳам ўзаро алоқаларни фаоллаштирмоқда. Малайзия “ҳалол” маҳсулотларнинг энг йирик экспортчиларидан бири эканлиги, шунингдек, ислом молиясининг халқаро маркази сифатида эътироф этилишини инобатга оладиган бўлсак, бу жабҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, албатта, катта истиқболга эга. Хусусан, Ўзбекистоннинг “ҳалол” маҳсулотлар етказиб беришнинг глобал занжирларига интеграциялашуви ва мамлакатимизда Ислом банки ишини ривожлантириш, ушбу соҳаларда кадрлар салоҳиятини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон-Малайзия маданий-гуманитар алоқалари икки халқнинг анъаналари, урф-одатлари ва маънавий қадриятларини бирлаштирган ўзига хос кўприкдир. Ўзаро ҳурмат ва маданий-маънавий меросни асраб-авайлаш истагига асосланган бундай яқин шериклик мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим элементига айланиб бормоқда. Муштарак тарихий ва маданий ўхшашликлар таълим, санъат, илм-фан, туризм каби соҳаларда тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамжиҳатликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратаяпти.

Хусусан, таълим ва тиббиёт муассасалари, ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш марказлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик муттасил кенгайиб, икки мамлакат аҳолиси учун янги имкониятлар очмоқда.

 Жумладан, Малайзия ҳукуматининг Техник ҳамкорлик дастури (МТCР) доирасида 1994 -2024 йилларда Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг 900 нафар мутахассиси Малайзияда турли қисқа муддатли курс ва семинарларида қатнашди.

Бугунги кунда Малайзия олий ўқув юртларида 500 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олади.  2021-2023 йилларда икки давлат таълим таълим муассасалари ўртасида 25 та ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

2024 йил май ойида Малайзиянинг “Q Study World” ташкилоти Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан биргаликда Тошкент шаҳрида ўзининг ўқув марказини очди. Унинг фаолияти хорижий мамлакатлардаги олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган ёшларга ёрдам беришга қаратилган.

Шунингдек, Малайзия томони Ўзбекистон заминидан етишиб  чиққан буюк олимлар ва мутафаккирларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини юксак баҳолаган ҳолда, мамлакатимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, оммалаштириш ва асраб-авайлашда фаол иштирок этмоқда.

2024 йил 30 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти ҳамкорлигида ташкил этилган “Ислом цивилизацияси мутафаккирлари” тўртинчи халқаро илмий-амалий конференцияси ана шундай ўзаро ҳамкорликка мисол бўла олади. 2024 йил 22 октябрь куни Куала-Лумпурда халқаро конференцияси доирасида Имом Бухорий илмий меросини ўрганишда замонавий ёндашувларнинг ўрни муҳокама қилинди.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг жорий йилнинг январь ойида Малайзияга сафари жуда самарали бўлди. Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти мамлакатимиз маданий меросига оид тарихий қўлёзмалар – Абу Райҳон Берунийнинг “Ат-Тафҳим” ва Абул-Қасим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарларининг факсимил нусхаларини Ўзбекистон томонига топширди.  2022 йилда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркуми доирасида Малайзия Ислом санъати музейи коллекциясига бағишланган махсус китоб-альбом нашр этилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Малайзия вакиллари ҳам Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро маданий, мусиқий, спорт ва маърифий тадбирларнинг мунтазам иштирокчилари ҳисобланади. Ўз навбатида, ўзбекистонлик санъаткорлар Малайзияда гастрол сафарларида бўлиб, ўзбек миллий мусиқа ва рақс санъатининг бой меросини кенг намойиш этиб келаётир.

Малайзияда  миллий ўзбек меъморчилик услуби ва анъаналарига  алоҳида ҳурмат  билан ёндашилади. Ўзбекистон ҳунармандлари Малайзиядаги кўплаб йирик иншоотлар ва маъмурий биноларни ноёб меъморчилик техникасидан фойдаланган ҳолда таъмирладилар. Дунёга машҳур Петронас эгизак миноралари, филармония концерт зали, Бош вазир қароргоҳи ёнида жойлашган  мамлакатдаги энг катта Путра масжиди, Кедах ва Малаккадаги Ан-Нур ва Кампунг Кланг масжиди, Ислом санъати музейи ва Кедахдаги Ал-Бухорий халқаро университети,  Жоҳор ва Сабоҳ штатлари ҳукумат бинолари ва уларнинг гумбазлари миллий ўзбек нақшлари билан безатилган.

Малайзия киноижодкорларининг мамлакатимизга қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. 2020 йилда Малайзиядан келган суратга олиш гуруҳи Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг диққатга сазовор жойлари ҳақида 10 қисмдан иборат ҳужжатли фильм суратга олди. Улар Малайзиянинг етакчи “ТВ1” ва “ТВ2” телеканаллари орқали намойиш этилди. 2024 йилда Малайзиянинг “РТМ” телеканали Бухоронинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган махсус фильмни намойиш этди. Шунингдек, Ўзбекистон  маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида 10 қисмли ҳужжатли фильмни суратга олиш бўйича келишувга эришилган.

Ўзбекистон, ўз навбатида, Малайзия халқи учун ўз эшикларини кенг очди. Жумладан, 2018 йил февраль ойидан буён ушбу мамлакат фуқароларининг республикамизга кириши учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Ўрнатилган мунтазам ҳаво қатновлари ўзаро сайёҳлик оқимининг ошишига хизмат қилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистонга келган малайзиялик сайёҳлар сони салкам 10 минг  кишини ташкил этди.

2019 йилнинг февраль ойида Бухорода бўлиб ўтган зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум  давомида Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Моҳд Асри бин Зайнул Обидин Ўзбекистоннинг зиёрат туризми бўйича фахрий элчи этиб тайинланди. Ўша йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда туғилган малайзиялик актёр Далер Ҳамроқулов ҳам Ўзбекистон туризм брендининг Малайзиядаги элчиси  бўлди.

Ўзбекистон туроператорлари Малайзиядаги йирик “MATTA Fair” сайёҳлик кўргазмаси ва бошқа нуфузли ярмаркаларнинг, Малайзия меҳмондўстлик саноати вакиллари эса анъанавий Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасининг доимий иштирокчиси ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон–Малайзия муносабатлари ривожининг уфқлари йил сайин кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга бўлажак ташрифи, шубҳасиз, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдаги навбатдаги босқичнинг бошланиши бўлиб, томонларнинг узоқ муддатли ишончли шериклик муносабатларини шакллантириш истагини тасдиқлайди. Бу нафақат амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, балки самарали ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш имконини ҳам беради. Шунингдек, ташриф давомида имзоланадиган ҳужжатлар ва эришиладиган келишувлар минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги бизнес ва гуманитар алмашинув учун янги имкониятлар яратадиган стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун асос бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

 

“Дунё” АА



  ...