Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Аждодлар мероси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва миллий ўзликни шакллантиришга қандай таъсир кўрсатади



            Инсоният ўз тараққиёти босқичида ўзидан олдинги инсонларнинг билим ва тажрибаларидан унумли фойдаланади ва айни вақтда уни янги тажрибалар орқали бойитишда давом этади.

Ўзбекистон бугун янги тараққиёт босқичига қадам қўяркан, янги ривожланиш ва янги жамият фалсафаси, яъни “Янги Ўзбекистон” феномени илгари сурилмоқда. Шу сабабдан биз бугунги кунда ушбу ғоя фалсафаси атрофида жамиятни жипслаштириш учун хизмат қиладиган, аждодларимизнинг миллий меъросидан унумли фойдаланишимиз лозим.

Шиддатли ғоявий ахборот оқимида тўғри йўлни топа билиш, ёшларда миллий ўзликни англаш ва ватанпарварлик компитенцияларини шакллантиришда жамиятни яқин ўтмишимиздаги аждодларимизнинг жадидчилар ҳаракати ғоялари суғорилган мустақиллик ва ватанпарварлик, оилапарварлик, маърифатга интилиш, таълим ва тарбия соҳаларидаги ибратли билим ва кўникмаларидан унумли фойдаланишимиз олдимизда турган энг мақбул тўғри йўллардан биридир.

Давлатимиз раҳбарининг “...четда нима ялтироқ бўлиб кўринса, ўшанинг орқасидан чопиш, хорижники экан деб, унга қуллуқ қилиш, бошқаларга кўр-кўрона эргашиш бизга ярашмайди. Айниқса маънавият соҳасида”, деган фикрлари нақадар ўринли эканлигига давр шоҳидлик қилмоқда. Ёшлар тарбияси ва маънавиятини ёт ғоя ва мафкура билан асло шакллантириб бўлмаслиги, маънавиятсизлик ва ғоясизлик эса ҳар қандай жамиятни танззул сари етаклаши, давлат сиёсати ва бошқарувни кучсизлантириши, коррупция, жиноятчилик, ахлоқсизлик каби иллатларнинг илдиз олтишига сабаб бўлишига инсоният тарихидан кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

            Жадидчилик оқими дастлаб жамиятга юмшоқ қадам билан, яъни маданият ва санъат тарзида кириб келади. Театрлар ташкил этилади. Спектакллар ёзилиб, саҳналаштирилади ва кенг омма орасига турли саҳналаштирилган ҳаётий воқеалар худди ойна каби кириб, халқнинг кундалик маиший муаммоларини ёрита бошлайди. Халқ орасида енгил юмор кайфияти шаклланади. Жадидчиларнинг кейинги босқичи сатира, яъни аччиқ кулгу остида давом этади. Беҳбудийнинг “Падаркўш”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Бой ила хизматчи” асари катта саҳаналарга чиқади.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “Адабиёт надур?” мақоласидаи “Бизни уламо ва эшонларимиз тўн киймакдан, авомларимиз чойхоналарга чиқуб чой ичмакдан ва зиёлиларимиз эса Оврупо кийимликларидан ва қийматлик папирўсларидан лаззат олурларки, «адабиёт нима?» десанг, жавобида юқорида айтилганча «яъни, масалан»дан бошқа жавоблари йўқдир”, деган сатрларида илгари сурилган турли иллатларга қарши курашиш, жаҳолат ва қолоқликка барҳам беришдаги чуқур таҳлилий қарашларини, тажрибаларини ўрганишимиз замонавий тарбия соҳасида миллий модулимизни яратишимизда тажриба мактаби вазифасини бажаради.

Жадид боболаримиз тараққиётнинг энг катта омили сифатида таълим ва тарбияга катта эътибор қаратишган. Хусусан Абдулла Авлонийнинг таълим соҳасида олиб борган амали ввва илмий методик ишлари таълим соҳасини ривожлантиришда ўқитувчининг педагог-менежерлик жиҳатларини очиб беради. Тълим ва тарбиянинг эгизак соҳа сифатида талқин этилиши, мактаб муаммоларининг тўғридан-тўғри педагог томонидан бартараф этилиши, ўқувчи эҳтиёжи чуқур ўрганилиши, айниқса, билим ва кўникма беришда ўқувчига ҳар томнлама шарт-шароит яратилиш жиҳатларининг устунлиги бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замиридаги туб моҳиятни очиб беришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ёшларнинг онгу тафаккурини алломаларимиз ва жадид боболаримиз томонидан илгари сурилган ғоя каби маърифат асосида шакллантириш ва табиялаш ҳақидаги масала ўртага ташланиши  бежизмаслигини юқорида келтирилган мисоллар замирида асослаймиз. 

            Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфасига жадидлар орзуси каби билим ва тафаккурга интилган маърифатпарвар давлат ҳамда китобсевар миллат ибораси билан чизги бериш мумкин.  

                 Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, деган қарашнинг негизида таълимни ислоҳ қилиш энг долзарб масала эканлиги ётади. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бундан бир аср аввал айтган қуйидаги гаплари айнан бугун ҳам эҳтиёжимизни қаноатлантиради: “Маориф йўлида ишлаттурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингизлар!”          

                 Кўриниб турибдики, бизнинг диёрда азалдан мамлакатни тараққий эттириш, мустақилликни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш илм  ва маориф соҳаси билан боғланган. Шунингдек, халқнинг, айниқса, юрт ёшларининг билим олишлари, молиявий, ҳуқуқий, тиббий саводхон бўлишлари учун кўмаклашлган, жамият ҳаётида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларнинг ижтимоий ҳаракатлари шакллантирилган ва энг асосийси ҳуқуқий асослари таъминланиб, аниқ режалар ва ғояларга хизмат қилувчи дастурлар билан қуроллантирилган.      Бугун жамият ҳаётида зиёлилар ташаббусларини кўпайтириш, уларнинг билим ва тажрибаларидан унумли фойдаланишни илгари суриш ҳам айнан яқин ўтмишимиздаги тажрибаларга таянади. Шу боис, Давлат раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб чоп этила бошланган “Жадид” газетаси матбуот майдонида юрт зиёлилари, маърифатпарварлари минбари сифатида пайдо бўлган бўлса-да, аслида зиёлиларнинг билим ва тажрибаларини жамият ҳаётига татбиқ этувчи, маърифатли медиа маконни шакллантиришга хизмат қилувчи мақсадларга ҳам унумли хизмат қилади.

                 Жорий йилда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференциянинг ташкил этилиши, ҳамда қатор жадидчилик ғоялари тадқиқотчиларининг мамлакатга жалб этилиши жадидчилик ҳаракатининг маърифатпарварлик ғояларини бугунги кунга татбиқ этишга илмий ёндошувни акс эттиради ва шу билан бирга таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда бизда улкан тажриба мактаби борлигини илгари сурди. Жадидчилик тарихи музейининг ташкил этилиши эса мазкур фикрларнинг илмий асоси бўлиб хизмат қилади.

                 Ўзбекистон Республикаси президентининг  2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисидаги 73-мақсадидаги буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш вазифаси асосида юртимиздан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб асарларнинг халқчил таржималари яратилаётгани ва улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар нашр этилаётгани ҳам юқорида тилга олинган мақсадлар мукамаллигига хизмат қилади.

                 Шунингдек, буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар фаолияти давлат томонидан кенг қўллаб қувватланмоқда. 2022 йилда Буюк мутафаккир қомусий аллома Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНЕСКО шафеълигида халқаро миқёсда кенг нишонланиши маърифатпарвар жамият қуришда Ўзбек модули туб илдизларга эгалигини тарғиб этди, десак муболаға бўлмайди.  

                  

                 Бугун маҳалла ёшлари ўртасида “Аждодлар мероси ибрат ва тарбия мактаби” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар олиб борилиши негизида ҳам ёшларда миллий ўзлигини англаш ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда аждотларимизнинг миллий меросидан фойдаланиш ётганлиги ҳам айни ҳақиқат.

                 Ёшларда миллий ғурур ва ватанпарварликни ошириш, миллий армиямизнинг жангавор руҳини янада кўтариш мақсадида “Темур тузуклари битлимдони”, “Жалолиддин издошлари” харбий ватанпарварлик лойиҳалари ташкил қилиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар ҳам бевосита аждодлар меросидан сув ичганлиги ва уларнинг негизида шакллангани билан эътиборлидир. Ҳолбуки, ёшларни ватанпарварлик асосида тарбиялашда тарихзий илдизларимизнинг, ўзлигимизни англашимизнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

                 Бугун халқимизнинг маданий савиясини белгилаб берувчи китобхонликни шакллантиришда жадид боболаримиз меросига катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, “Жадидлар” ва “Алломалар” рукни остида оммабоп рисолалар, автобиографик қўлланмалар, фалсафий-қомусий адабиёт ва жадидлар қаламига мансуб дурдона асарлар қайта-қайта нашр этилаётгани, ахборот рессурс марказларининг жадид намояндалари асарлари билан бойитилиши масалалари илгари сурилаётгани мамлакатимизда маърифатпарварлик ғояларини илгари сураётган эзгу ҳаракатларнинг оммалашиши ва уларга қарата аҳолининг айниқса ёшларнинг муносиб жавоб беришини шакллантиришга қаратилган. 

                 Миллат тақдирига ватанпарварлик ва миллатсеварлик нуқтаи назаридан бефарқ қараб туролмаслик, жамият орасидаги сурункали иллатга айланаётган билимсизликка чек қўйиш, фарзанд тарбиясини энг муҳим омил ҳисоблаш шарқона дидактик асосга эга бўлган аждодларимизнинг илмий меросида акс этган экан, Янги Ўзбекистон – янги маънавий маконда шахс тарбиялашдек ўта нозик ва мураккаб масалага ёндошишда аждодларимизнинг бой меросидан унумли фойдаланиш ва амалиётга татбиқ этиш биздан изчил ўрганишларни ва синалган тажрибалардан замонавий технологиялар асосида фойдаланишни талаб этади.

З. Хасанов

Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси,мустақил тадқиқотчи



  ...