Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Қурилиш соҳаси Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожининг драйвери сифатида



Статистика кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда қурилиш ишлари ҳажми 2023 йилга нисбатан 10 фоиздан зиёд ортиб, салкам 80 триллион сўмга етгани (26.08.2024й. $1=12593,42 сўм), соҳанинг ялпи ички маҳсулотимиздаги улуши 6 фоиздан кўпроқни ташкил этаётгани юртимизда бунёдкорлик ишлари кўлами йил сайин кенгайиб, архитектура ва қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган тармоқларидан бири бўлиб бораётганини кўрсатади.

Ўтган йили биргина инвестиция дастури доирасида 2 минг 535 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилгани, “Ташаббусли бюджет” тизими асосида маҳаллаларимиздаги 4 минг 700 та объектда 5,5 триллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани ҳам шундан далолат беради.

Айниқса, кейинги йилларда халқимиз учун замонавий уй-жойлар барпо этиш бўйича мисли кўрилмаган натижалар қўлга киритилаётганини таъкидлаш лозим. 2017 йилдан бугунга қадар жами 394 минг 898 та квартирадан иборат ёки 26 миллион 50 минг квадрат метрлик 7 минг 888 та уй-жойлар барпо этилгани мисолида бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Бу ишларнинг давоми сифатида жорий йилда 2,5 минг гектар ҳудудда 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда. Ўтган олти ой давомида ушбу массивларда 4,2 минг хонадонли 104 та уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Келгуси беш йилда айнан шундай массивларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланади.

Соҳада “яшил” стандартлар, энергияни тежайдиган янги технологиялар, “ақлли шаҳар”, “ақлли уй” тамойилларининг фаол қўлланилиши хусусида сўз борар экан, мега лойиҳа – Янги Тошкент шаҳрининг барпо этилишига алоҳида тўхталиш ўринлидир. 420 гектар майдонда “Марказий боғ” барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади. Мақсад пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай ва соғлом экологик муҳит яратиш , яшил ҳудудлар ва ўрмонзорларни кенгайтиришдир.

Лойиҳани амалга оширишда “яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида, пиёдалар ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда, 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади. Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий тунеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади. Яна бир эътиборли жиҳати,  Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станциясининг  қурилишидир. Яъни, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилади, ёзда эса совутилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади. Сув тежовчи технологияларни қўллаш ҳисобига, сув сарфи 2 баравар камаяди. Оқова сувлар замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.

Ақлли шаҳарни қуриш жараёнида рақамлаштириш соҳасидаги энг илғор технологик ечим ва ишланмалар амалиётга тадбиқ этилмоқда. Хусусан, технологик хаб, R&D, сунъий интеллектга асосланган шаҳар бошқаруви, ҳудудни CCTV тизими билан 100% қамраб олиш имконияти, катта ҳажмдаги ахборотларни таҳлил қилиш, геоахборот кўринишида тасвирлаш, хавф ва таҳдидларни аниқлаш вазифасини бажарувчи замонавий ситуацион марказлар, рақамли ва когнитив шаҳар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш лозимки, Янги Тошкент “BREEAM” ВА “LEED” мувофиқлик сертификатига эга экологик шаҳар бўлиши режалаштирилмоқда. Бунда янги бинолар зарарли углерод чиқиндисини атмосфера қатламига чиқармайди. Энергия истеъмолининг 30% дан ортиғи муқобил манбалар, яъни, қуёш, гидроенергетика ва чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига тўғри келади.

Қурилишнинг ҳозирги жадал суръатларда ўсиб бораётгани соҳада замон талаблари асосида чуқур ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилмоқда. Шу маънода, сўнгги йилларда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича жами 55 та Президент ҳужжатлари, 58 та ҳукумат қарорлари ва 11 та қонун ҳужжатлари қабул қилингани диққатга сазовордир.

 “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизмида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги барча 16 та давлат хизматлари рақамлаштирилиши натижасида аҳоли ва бизнес эгаларига уйдан чиқмаган ҳолда хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Шунингдек, хизмат  кўрсатишда қоғозбозлик ва оворагарчиликка чек қўйилди.

Давлат ҳизматлари соҳасига аҳборот коммуникация технологиялари жорий қилиниши натижасида қурилишга рухсат олиш учун кетадиган умумий вақт 2021 йилдаги 39 кундан 25 кунга қисқарди.

Шунингдек, давлат ҳизматини кўрсатиш учун масъул бўлган ҳудудий бошқарма ва бўлимлар устидан масофавий комплаенс назорати ўрнитилди. Бу орқали соҳада коррупциявий хавф-хатарлар қисқартирилди.

Рейтинг платформасида  2022 йилда  жами 20140 та қурилиш-пудрат ташкилотлари мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги даврга келиб улар сони 23576 тага кўпайди. 2024 йилнинг январь-май ойларида пудрат ишлари ҳажми 59,1 трлн сўмни  ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсди. Соҳа бўйича 5 турдаги фаолиятни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига 380 та лицензия ва 16 та аккредитация гувоҳномалари берилди.

Рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида ташкилотларнинг легал фаолият юритиши натижасида қурилиш соҳасида ҳуфиёна иқтисодиёт улуши қисқариб бормоқда.

Шунингдек, электрон рейтингда мавжуд корхоналар томонидан 2023 йилда 2021 йилга нисбатан махсус техникалари сони 2 баробарга, банд бўлган ахоли сони 58 фоизга ортган.

Тендер электрон платформаси - қурилиш соҳасида давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи маҳсус электрон тизим саналади. Платформа вазирлик ва идораларнинг тизимларига интеграциялашган равишда иштирокчилар ҳақидаги маълумотларни инсон омилисиз автоматик тарзда олиб, таклифларни баҳолайди. Инсон омили бартараф этилгани ҳисобига ҳамда очиқ ва шаффоф талаблар белгиланиши натижасида қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасида рақобат муҳити тобора соғломлашиб бормоқда.        Хусусан, электрон тендер платформасида жами 62355 та  тендерлар ўтказилган бўлиб, уларда 13541 та ташкилотлар иштирок этган.

Ўтган давр мобайнида қурилишни лойиҳалаштириш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси жараёнлари қайта кўриб чиқилиб, у шаффоф электрон тизимга ўтказилди. Мазкур ишлар вазирлик ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази” ДМ томонидан амалга оширилиб келинмоқда.

Экспертиза органларига қоғоз ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш амалиётидан тўлиқ воз кечилди. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги “Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш” электрон платформаси тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда тубдан янгиланди. Шу билан бирга, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида экспертиза кўригига тақдим этилаётган айрим тоифадаги лойиҳаларни кўриб чиқиш учун муайян бир ҳудудга йўналтириш функцияси бекор қилинди. Эндиликда лойиҳаларни кўриб чиқувчи ҳудудни автоматлаштирилган дастурий таъминот мустақил равишда, ҳудуднинг иш юкламасини инобатга олган ҳолда тасодифий танлайди.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида ишга туширилган expertiza.mc.uz платформаси бошқа манфаатдор идора ва ташкилотларнинг электрон платформалари билан интеграция қилинди.

Объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида сейсмик хавфсизлик, зилзила бардошлик ва конструкциялар мустаҳкамлиги кўрсаткичларининг таъминланганлик ҳолати юзасидан экспертиза тизими кучайтирилди.

Барча дастурлар доирасида 2024 йилнинг биринчи олти ойида электрон платформа орқали келиб тушган 6,3 мингдан зиёд объектларнинг лойиҳаларига йиғма эксперт хулосалари тақдим этилди. Экспертиза жараёнида лойиҳа ечимларини яхшилаш ва уларни норматив талабларга мослаштириш, лойиҳалардан асоссиз кўзда тутилган харажатларни чиқариб ташлаш ҳисобига тежалган маблағ 4 371,7 млрд сўмни ташкил этди.

“Қурилиш назорати” тизим орқали 28 мингдан зиёд объект назоратга олинди. Бундан ташқари, 112 мингдан ортиқ мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Таъкидлаш ўринлики, Давлат дастурлари доирасида ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари мунтазам равишда Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизимига киритиб келинмоқда.

 Бугунги кунга қадар ушбу тизимга 407 та бош режалар,  16 та батафсил режалаштириш лойиҳалари ва 595 та ҳудудларни архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари (АРТЛ) киритилган бўлиб, маълумотлар узлуксиз ва ўз вақтида янгиланиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрининг рақамли бош режасини ишлаб чиқиш доирасида ҳудудлар ривожланиш чекловларини белгиловчи ҳамда функционал фойдаланиш зоналарига бўлинди.

Вазирлик ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти томонидан қурилиш сохасида норматив хужжатлар ва стандартларни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда энг аввал халқаро тажрибани ўрганиш ва бу орқали норматив хужжатлар ва стандартларни европа стандартларига мослаштириш назарда тутилган.

Бу йўлдаги муҳим қадам - “Ўзбекистон Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш” ҳамкорлик лойиҳасини амалга оширишда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва  Корея Республикаси Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги (MOLIT) ўртасида 2018 йил 19 октябрда ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳамкорлик лойиҳаси доирасида икки томон келишувига кўра 2022-2025 йиллар мобайнида жами 256 та, шундан, 2022 йилда 20 та, 2023 йилда 82 та, 2024 йилда 102 та, 2025 йилда эса 52 та шаҳарсозлик норма ва қоидаларини Корея тажрибаси асосида модернизация қилиш белгиланган.  

Қурилиш соҳасида нарх шаклланиш тизимини шаффофлаштириш ҳамда ҳажм услубида смета ҳисоб-қитобларини жорий этилиши учун замин яратиш мақсадида “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон тизими жорий этилди.

Тизим нарҳларни реал вақт режимида янгилаб борилишини таъминлаш мақсадида Товар ҳомашё биржаси ва Солиқ қўмитасининг электрон ахборот тизимлари билан интергаяция қилинган.

Бугунги кунда классификаторга 177 590 та ресурс киритилган ва мазкур жараён изчил давом этмоқда.

Шунингдек, кенг жамоатчиликка қурилиш соҳасидаги теҳник тартиботлар билан қулай равишда танишиш имкониятини яратувчи “Шаҳарсозлик нормалари” мобил иловаси ишлаб чиқилди ҳамда 120 та шаҳарсозлик нормасидан эркин фойдаланиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, институт расмий веб сайтда 65 144 та стандартлардан иборат реестр шакллантирилди.

Шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси мутаҳассисларининг малакасини ошириш, уларнинг билимини даврий равишда баҳолаб бориш мақсадида вазирлик қошида Компетенцияни ривожлантириш институти ташкил этилди.

Институт томонидан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги 10 та йўналиш бўйича 42 мингдан ортиқ мутахассисларни режа асосида ўқитиш бўйича ривожланган давлатлар мутахассислари иштирокида махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Ўқув дастурлари соҳа йўналишлари кесимида хорижий ҳамкорлар, хусусан, туркиялик экспертлар билан биргаликда “Муҳандислик ва технология бўйича аккредитация кенгаши” – ABET (АҚШ) томонидан тан олинган халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилди ҳамда Истанбул техника университети томонидан аккредитация қилинди.

Электрон тизим Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг электрон тизими билан интеграция қилинган бўлиб, ўқишни тугатган мутаҳассислар тестдан ўтиши ва сертификат олиши билан боғлиқ жараёнлар инсон омили иштирокисиз тўлиқ рақамлаштирилди.

Тестда етарли баллни қўлга киритган мутахассис “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали QR-код қўйиладиган электрон сертификатга ҳамда 3 йил давомида тегишли йўналишда фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бугунги кунга қадар институт томонидан жами 2381 нафар мутахассислар қайта ўқитилди, малака ошириш курсини тамомлаганлардан 524 нафарига сертификат берилди.

Тоир Алиматов,

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари



  ...