Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 30 июнь – 1 июль кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу унинг БМТ раҳбари сифатида мамлакатимизга иккинчи ташрифидир.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказган учрашувида БМТ ва унинг барча институтлари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалий рўёбга чиқаришда кўмаклашишга тайёр эканини маълум қилган эди. Ушбу баёнот давлатимизни модернизация ва демократлаштириш йўлидаги ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётгани ва қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, мазкур жабҳада олиб борилаётган янгиланишлар самарасидан далолатдир.
Таъкидлаш керакки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон БМТ фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё учун биринчи марта мамлакатимиз вакили БМТнинг муҳим ва нуфузли органи – Инсон ҳуқуқлари қўмитасига 2025-2028 йиллар учун сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон 2025-2027 йилларга мўлжалланган БМТ Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаши (ECOSOС) ва Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзоси бўлди.
Ушбу муҳим воқеалар Ўзбекистон эришаётган ютуқларнинг ёрқин далили, барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсишга эришиш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлабгина қолмай, балки мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини кенгайтириш борасидаги принципиал позицияси дунёда кенг эътироф этилганини исботлайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 72-сессияси умумий муҳокамаларидаги иштирокида мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Ўшандан буён Ўзбекистон раҳбари БМТ минбаридан деярли ҳар йили глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурмоқда ва улар кейинги йилларда муваффақиятли амалга ошириляпти.
Хусусан, Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси доирасида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (2018 йил июнь), “Маърифат ва диний бағрикенглик” (2018 йил декабрь), “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” (2019 йил декабрь), “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш” (2021 йил май), “Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш” (2022 йил июль), “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш” (2022 йил декабрь), “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” (2023 йил декабрь), “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”, (2024 йил февраль), “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракатланиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги” (2024 йил июнь) ва “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” (Хитой билан биргаликда, 2024 йил июнь) резолюциялари қабул қилинди.
Барқарор тинчликнинг фаол тарафдори ва халқаро майдонда ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ташаббускори сифатида Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликка доимо катта эътибор қаратиб келади. 1993 йилда БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди. Шунингдек, юртимизда БМТнинг ўндан ортиқ тузилма ва институтлари, жумладан БМТ Тараққиёт Дастури (БМ ТТД), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) ва БМТ Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO), БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC), “БМТ аёллар” тузилмаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва БМТТД бошчилигидаги БМТ кўнгиллилар дастури муваффақиятли фаолият юритмоқда.
БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ва БМТ Атроф-муҳит дастури (UNEP) каби агентликлар ҳам БМТ тизими ва БМТ Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ишига ҳисса қўшяпти. Жаҳон банки ҳам БМТ тизимининг мустақил ихтисослашган агентлиги сифатида мамлакатимизда ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва камбағаликка қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, замонавий чақириқ ва ва таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш, қурол-яроғларни тарқатмаслик, экологик муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш, туризмни ривожлантириш ва бошқалар бўлиб қолмоқда.
Айни пайтда БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида 135 га яқин қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда. Йирик халқаро тадбирлар, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва глобал кун тартибидаги бошқа долзарб мавзуларда ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз БМТнинг Афғонистонни можародан кейинги тикланиш дастурларини амалга оширишга самарали ҳисса қўшмоқда. Хусусан, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида халқаро гуманитар юкларни етказиб бериш учун кўприк очилди. Афғонистонда кўплаб инфратузилма объектлари қурилмоқда, шунингдек, Афғонистон бўйича халқаро конференциялар икки марта (2018 ва 2022 йиллар) Тошкентда ташкил этилди.
Ўзбекистон БМТ билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорликка устувор аҳамият қаратади. Бу борада давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамиятини ушбу экологик таҳдиднинг Марказий Осиёда истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига ҳалокатли таъсирини камайтиришга, Орол денгизидаги табиий ва биологик мувозанатни сақлашга ўз саъй-ҳаракатларини қаратишга даъват этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қадимий ва бетакрор Самарқанд кейинги йилларда қатор долзарб масалалар бўйича глобал мулоқот марказига айланди. Ўтган йил давомида шаҳарда БМТ мандатига эга учта форум бўлиб ўтди. Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси, БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши ташкил этилди. Бундан ташқари, 2025 йилда Самарқанд 1985 йилдан бери биринчи марта UNESCO Бош конференциясини ўз қароргоҳи ташқарисида ўтказадиган шаҳарга айланади. Халқаро экспертларнинг фикрича, ушбу тадбир UNESCO тарихида цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги ранг-баранглик ва мулоқотнинг ўзига хос рамзи бўлади.
Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлигининг барча жиҳатлари ва муваффақиятли натижаларини бир мақолада жамлаш қийин. Айтиш жоизки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалар БМТнинг Мингйиллик саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг ўз мақсадларига биргаликда эришишга содиқлиги мамлакатнинг давлатлар ва халқлар фаровонлиги йўлида кўп томонлама ҳамкорликда фаол иштирок этаётгани билан тасдиқланади.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йилги сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ҳозирги мураккаб шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасаларининг роли ва аҳамияти ортиб бораётганига қаратди. “Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур”, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу нуқтаи назардан, Бош котиб Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ва Тошкентдаги бўлажак музокаралари мамлакатимиз билан БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, алоқаларни янги муҳим ғоялар билан тўлдириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
“Дунё” АА