Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

“Марказий Осиё руҳи” ибораси жаҳон сиёсатшунослигида қандай пайдо бўлган



Ўзбекистон Марказий Осиё сиёсатидаги янги тенденциялар

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсати бугунги кунга келиб сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтарилди. Минтақа давлатларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг ривожланиш тенденцияси ўзига хусусиятлар билан мустаҳкамланиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб, ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди”.

Марказий Осиё муҳим ва ноёб ресурс, иқтисодий ва коммуникация салоҳиятига эга минтақа бўлиб, ХХ асрнинг 90-йилларида минтақа мамлакатлари ўзларининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлди ва ривожла­наётган давлатлар сафига кириб, инсонпарварлик, ижтимоий адолат, минтақада хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталик муҳитини яратиш каби халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида ташқи сиёсий фаолияти ва халқаро ҳамкорликларини йўлга қўйди ҳамда изчил ривожлантириб бормоқда.

“Ўзбекистон–2030” стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши – “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш”  йўналишида белгилаб берилган Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни янги босқичга сифати жиҳатидан олиб чиқишда барча қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантириш, сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар йўналишлардаги икки ва кўп томонлама музокараларни мунтазам ва самарали олиб боришга алоҳида эътибор қаратади.

Минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам салмоқли ўринни эгаллайди. Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат борасида амалга  оширган ислоҳотлари натижасида Ўзбекистон Республикасининг Марказий мамлакатлари билан дипломатик алоқалари том маънода янги босқичга кўтарилди.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сифатидаги хорижий мамлакатларга илк ташрифини Марказий Осиё мамлакатларига ташрифдан бошлаганлиги том маънода минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришни янги босқичга кўтарганлигидан далолат беради.

2017 йил 6-7 март кунлари Ш.М.Мирзиёев давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлди. Таъкидлаш жоизки, бу Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида хорижий давлатга илк ташрифи сифатида баҳоланди. Президентимизнинг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлаб, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланиши билан мустаҳкамланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 мартда Қозоғистонга ташрифи ва икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоланиши давлатлараро ҳамкорликда янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 2017 йили биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишга муваффақ бўлинди ва ундай тўғридан-тўғри алоқалар икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича, стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларация имзоланди.

Марказий Осиёда сиёсий ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон Президентининг янги сиёсатини ҳаётга жорий этилиши 2018 йилда ҳам изчил давом эттирилди. Жумладан, Президент Ш.Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Э.Раҳмоннинг таклифига биноан 2018 йилнинг 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг қўшни мамлакатлар билан давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш борасидаги музокараларни давом эттириши  натижасида Қозоғистон билан давлат чегараси чизиқларини делимитация қилиш ишлари якунланди, Қирғизистон билан чегаранинг 85 фоиз участкаси келишилди, Тожикистон билан чегаранинг  99,9 фоиз участкаси келишилди.

Ўзбекистоннинг Тожикистон билан савдоси 2021 йил якунига кўра, ўзаро товар айрибошлашҳажми қарийб 600 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Қўшма корхоналар сони 10 баробар ўсди. Агар 2017 йилда Ўзбекистонда 24 та корхона фаолият кўрсатган бўлса, 2021 йил охирига келиб Тожикистон капитали иштирокида 240 та корхона ишлай бошлади. Тожикистонда Ўзбекистон сармояси асосида 61 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

2022 йил 2-3 июнь кунлари Тожикистон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президентлари томонидан  тарихий аҳамиятга эга “Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисида”ги декларацияни имзоладилар. Бундан ташқари, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасида имзоланган ҳужжатлар кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Минтақавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган давлатлараро мулоқот платформалари ва форматларини таҳлил қилганда, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ушбу ташаббусга биноан тизимли равишда Маслаҳат учрашувлари ташкил этилиб келинмоқда (2018 йил март, Қозоғистон; 2019 йил ноябрь,  Ўзбекистон; 2021 йил август, Туркманистон; 2022 йил июль, Қирғизистон; 2023 йил, Тожикистон).  Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатининг ижобий тенденциялари сифатида мазкур учрашувлардаги билдирган амалий таклифларини келтириб ўтиш мумкин. Жумладан, Қирғизистонда бўлиб ўтган тўртинчи маслаҳат учрашувида минтақа манфаатларига хизмат қилувчи бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Марказий Осиёда товарларни етказиб беришнинг ягона ва соддалаштирилган тартиб-қоидаларига эга бўлган чегара савдо зоналари тизимини яратиш ҳамда Марказий Осиё маданият, санъат ва кино фестивалини мамлакатларда навбатма-навбат ўтказиш каби таклифлар бугунги кунда минтақанинг манфаатларига хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ташаббуслари хусусида кўплаб хорижлик экспертлар томонидан билдирилаётган юксак эътирофларни шу ўринда келтириб ўтиш жоиздир. Жумладан, Хитой Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти директори Ли Юнцюань шундай дейди: “ – Ўзбекистон минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизмида, минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича ҳамкорлик самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг замонавий халқаро муносабатлардаги ролининг ортиб бориши натижасида “дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди. ... Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади.

Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи деган ибора пайдо бўлди”.

2023 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон томонидан президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тожикистонда бўлиб ўтган тўртинчи маслаҳат учрашувида сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё сиёсатидаги янги тенденциялари мустаҳкаш борасида ҳам бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш; саноат кооперациясини ривожлантириш; транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш; энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш; озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш; Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш.

Минтақада савдо-иқтисодий масалаларининг бутун комплекси бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун давлатлараро иқтисодий кенгашини ташкил этиш масаласи ҳам эътиборга моликдир. Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилиб келинаётган яна бир платформа бу  Марказий Осиё иқтисодий форумидир. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари Бош вазирлари ўринбосарлари иштирокида 2019 йилнинг 15 март куни Тошкент шаҳрида биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ўтказилди. Форумда минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация мажмуаси имкониятларини ўрганиш, ўзаро савдо ҳажми ҳамда туризм жозибадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилиниб ижобий натижаларга эришилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари халқлари орасида аҳил қўшничилик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатлар экспертлари ва олимлари иштирокида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтганлиги минтақа мамлакатларини маданий-гуманитар соҳаларда яқинлаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсати янги тенденцияларни белгилаш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳам изчил ҳаракат қилмоқда.

2018-йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди. Олий даражадаги учрашувда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, халқаро муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, терроризм ва экстремизм ҳамда бошқа турдаги уюшган трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги ўзбек дипломатиясининг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ютуғи ҳисобланади. Тожикистонлик экперт Қосимшо Искандаровнинг фикрига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ. Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келиши билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тез ўзгарди. Тожик-ўзбек муносабатларининг кескин ривожланиши нафақат икки давлат, балки минтақадаги барча мамлакатлар ўртасидаги кўплаб муаммоларни ҳал этди. Минтақавий ҳамкорликнинг ривожланиши учун сиёсий муҳит яхшиланди. 

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси биринчи маротаба “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тарққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини қабул қилди.

Ўзбекистон томонидан минтақада фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида минтақавий тизимни шакллантириш таклифларини илгари сурганлиги ҳам фикримиз тасдиғидир. 

Таъкидлаш жоизки, ўзаро савдо, сармоя ва қўшма лойиҳалар каби яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилувчи бир қанча омиллар мавжуд.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси мисли кўрилмаган даражада ўсганлигининг гувоҳи бўламиз. Савдо айланмаси 2017 йилда 2,4 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, 2019 йил якунига келиб, 5,2 миллиард долларга етган. Қисқа икки йил ичида ўсиш 150 фоизни ташкил этган. Пандемия оқибатида юзага келган чекловларга қарамай 2020 йилда Марказий Осиёда кузатилган юк ташиш ҳажмининг ўсганлиги халқаро автомобиль ва темир йўлларни янада кенгайтириш ва транспорт-логистика инфратузилмасини мустаҳкамлашнинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Шу муносабат билан 2021 йил 6 августда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви доирасида «Аваза» Миллий туристик зонасида (Туркманистон) бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий форумида Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатларини боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш, минтақа мамлкатларининг транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, божхона расмийлаштируви тартибларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш таклифини билдирганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Таъкидлаш жоизки, “сўнгги йилларда мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар, изчил ва фаол ташқи сиёсат, айниқса, Марказий Осиё минтақасидаги яқин қўшничилик муҳити тобора мустаҳкамланаётгани юртимизнинг халқаро нуфузини янада оширмоқда”.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё сиёсатидаги янги тенденцияларни баҳолайдиган бўлсак, уларнинг минтақавий ўзаро таъсири ва халқаро муносабатларига таъсири ижобий аҳамият касб этаётганлигига гувоҳ бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси қабул қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон минтақавий сиёсатидаги ёндашувларнинг алоҳида аҳамияти шундаки, улар бутун минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорлик белбоғини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Минтақавий ва глобал хавфсизлик, мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги учун хавф-хатар кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон Марказий Осиё сиёсатидаги янги тенденцияларни замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга биргаликда қарши курашиш истиқболини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.



  ...