Ўзбекистонда жиноят-ижроия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади жазо ҳамда унинг ижро этиш тизимини либераллаштиришга қаратилган бўлиб, шу асосда қатор стратегик вазифалар белгилаб олинди. Хусусан:
биринчидан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпаpваpлаштириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрсатилди;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси” қабул қилиниб, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, хусусан, эскирган ҳамда замонавий талабларга жавоб бермайдиган жазолар шакли ва турларини чиқариб ташлаш, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган жазо турлари ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини жорий этиш, жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини тартибга солувчи нормаларни кенгайтириш вазифаси белгиланди;
учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маҳкумлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилиши, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги механизмларини жорий этиш, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш каби устувор вазифалар белгиланди;
тўртинчидан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маҳкумлар, жазони ўтаб чиққан шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ҳамда жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, жазо тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари тараққиётининг энг асосий ва зарур шарти сифатида қайд этилди;
Бешинчидан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш вазифаси суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг бош мезони сифатида мустаҳкамланди;
Олтинчидан, 2023 йилнинг 30 апрелидаги Референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниб, унда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиши, шунингдек, ўлим жазосининг тақиқланиши белгилаб берилди.
Шу билан бирга, мазкур стратегик мақсадларни амалга ошириш бўйича жазони ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 7 та қарори, ҳукуматнинг 20 дан ортиқ қарор ва фармойишлари, 15 дан ортиқ идоравий ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Натижада жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доираси кенгайтирилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.
Таъкидлаш ўринлики, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан қуйидагилар белгиланди:
жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни ахлоқан тузатиш бўйича тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошириш;
маҳкумларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш, келгусида жамиятга ижтимоий мослаштириш учун ахлоқан тарбиялаш ҳамда меҳнатга ўргатишнинг шаффоф ва янада самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш;
жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарида қатъий интизом ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, маҳкумларни сақлаш ҳолати устидан назорат олиб бориш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш;
жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар, шу жумладан, уларнинг қариндошлари томонидан қонун билан тақиқланмаган буюмларни эркин бозор механизмларига асосланган электрон дўконлар орқали сотиб олиш имкониятини яратиш;
маҳкумларни қайта тарбиялашнинг тактикасини тўғри белгилаш ва улар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳкумнинг хулқ-атвори ҳамда шахси ҳақидаги маълумотлар электрон базасини юритиш ва шу асосда маҳкумларни тақсимлаш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш.
Эътироф этиш жоизки, жазони ижро этиш соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар пировардида бир қатор амалий натижаларга эришилди, хусусан:
биринчидан, вояга етмаган маҳкумларга ота-оналари билан учрашувларга нисбатан чекловлар олиб ташланди, шунингдек, аёл маҳкумларга болалар уйида тарбияланаётган фарзандлари билан чекланмаган миқдорда учрашиш ҳуқуқи берилди;
иккинчидан, маҳкумларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилиб, жазони ижро этиш муассасаларида “Уста-шогирд” мактаблари фаолияти йўлга қўйилди;
Хусусан, бугунги кунда колонияларда 6 та умумтаълим мактаби ва 4 та касб-ҳунар маркази фаолият юритмоқда. Колониялардаги мактабларда 2000 дан зиёд касб-ҳунар марказларида 5 мингдан зиёд маҳкумлар тикувчилик, дурадгорлик, мебелсозлик, автоэлектрик, чилангар ва бошқа касб-ҳунарларга ўқитилиб, уларга 16 та мутахассислик бўйича шаҳодатномалар топширилмоқда;
учинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунига асосан, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларга масофавий таълим олиш ҳуқуқи берилди;
Шу асосда олий таълим олиш истагидаги маҳкумларнинг орзуси рўёбга чиқарилиб, 2021–2023 йиллар мобайнида 25 нафар маҳкум нуфузли миллий олий таълим муассасалари, шунингдек, халқаро олий таълим муассасаларининг мамлакатимиздаги филиалларига ўқишга қабул қилинди;
тўртинчидан, маҳкумларнинг ижтимоий таъминотига алоҳида эътибор қаратилиб, пенсия олиш ҳуқуқи кафолатланди
(2024 йил 1 январь ҳолатига кўра 676 нафар маҳкумга пенсия тайинланган) ва иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланди. Маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлари сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди;
бешинчидан, маҳкумларнинг сиёсий ҳуқуқларини кенгайтириш йўналишида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талаблари, шунингдек, Франция, Германия, Нидерландия Буюк Британия, Германия, Туркия давлатларининг ижобий тажрибалари миллий қонунчиликка татбиқ этилиб,ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумларга илк бор сайлов ҳуқуқи берилди.
Шу асосда 2019 йилдаги Парламент сайловида 3 619 нафар, 2021 йилдаги Президент сайловида 8 203 нафар ва 2023 йилдаги референдумда 9 738 нафар маҳкум овоз бериш каби сиёсий ҳуқуқидан фойдаланди;
олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), дипломатик корпус, халқаро, республика ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкил этиш тартиби белгиланди;
еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони билан жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш мақсадида уларга тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби фаолиятини бошлаётганда “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий қилинди;
саккизинчидан, адашиб номақбул йўлга кирган, аммо кеч
бўлса-да ўз қилмиши хатолигини англаб етиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларнинг соғлом ҳаётга қайтишига имкон бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан “афв этиш” механизмининг йўлга қўйилгани ҳамда изчил давом эттирилаётганлигини халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик, кечиримлилик ва олижанобликнинг яққол намунаси сифатида эътироф этиш ўринлидир.
Хусусан, 2017–2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан жами 7128 нафар маҳкум афв этилиб, уларнинг 219 нафарини чет эл фуқаролари ҳамда 377 нафарини аёллар ташкил этган;
тўққизинчидан, ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра жазони ижро этиш муассасалардаги шу вақтга қадар ошкор этилиши мумкин бўлмаган айрим маълумотлар, жумладан:
жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар сони;
жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони ҳамда улар жойлашган жойи;
жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, улар томонидан номенклатура бўйича ва пул билан ифодаланадиган ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари;
жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасида ўлим ҳолатлари сони;
жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган маҳкумлар сони тўғрисидаги маълумотлар очиқланди.
Эътироф этиш жоизки, жиноят-ижроия қонунчилиги ва уни амалда татбиқ этиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, маҳкумларнинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кенгайтиришда халқаро ҳуқуқ нормалари билан бир қаторда АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Россия Федерацияси, Молдова, Қозоғистон, Беларусь ва Қирғиз Республикалари ҳамда бошқа қатор давлатларнинг ижобий тажрибалари инобатга олинди.
Бундан ташқари, жиноят-ижроия қонунчилигига жазони ижро этиш тизими билан боғлиқ халқаро ҳуқуқ нормаларида белгиланган қоидалар ҳам жорий этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси жиноят - ижроия қонунчилигига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари” (Нельсон Мандела қоидалари)миллий қонунчилигимизга татбиқ қилинди.
Бу орқали маҳкумларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиниши кафолатланди, уларга нисбатан қийноқ ва шафқатсиз жазо турлари қўлланилишининг олдини олишга қаратилган механизмлар такомиллаштирилди. Шунингдек:
маҳкумларнинг психологик ёрдам олиш ҳуқуқи таъминланди;
тиббий ёрдамга муҳтож маҳкумларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштиришга рухсат берилди;
оғир касалликка чалинган маҳкумларга телефон орқали қўшимча сўзлашиш ҳамда шифокорнинг рухсати асосида яқин қариндошлари билан учрашиш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, маҳкумнинг руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этган тартиббузарлиги учун интизомий жазо чорасини қўллаш тўлиқ бекор қилинди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари ва хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибалари асосида Ўзбекистон Республикасининг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги таклиф ва тавсияларни ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир:
маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш, хусусан алоҳида жиҳозланган хоналарда Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган компьютер техникасидан (ўқув, бадиий, электрон китоблар, нашрлар, таълимга оид материаллар, график тасвирлар)фойдаланиш, электрон давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларидан фойдаланиш амалиётини соддалаштирилган тартибини жорий этиш;
маҳкумларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда уларни фойдали меҳнатга кенг жалб этиш;
маҳкумларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, мафкуравий қарашларини юксалтириш, уларда ҳуқуқбузарликларга муросасизлик иммунитетини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни тизимли равишда белгилаб бориш;
жазодан ва уни ўташдан озод қилишнинг мақбул йўналишларини қонунчиликда белгилаш;
халқаро ҳуқуқ нормалари ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари таҳлиллари асосида маҳкумларни ижтимоий мослаштириш ва ресоциализация қилишнинг замонавий шаклларини амалиётга жорий этиш.
Шу билан бирга, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада либераллаштириш, вояга етмаган, аёллар,кекса ёшдагилар ва имконияти чекланган маҳкумларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш қоидаларини кенгайтириш орқали жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали миллий тизимини такомиллаштириб бориш бугунги кундаги энг мақбул йўналиш эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Мухтасар қилиб айтганда, жазони ижро этиш тизимида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириб бориш, амалга оширилаётган ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва одил фуқаролик жамиятини барпо этишга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган “Инсон қадри учун” эзгу ғоясини амалда тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади.
Хатамов Рустам,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент, полковник