Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Осиё хотин-қизлари форуми декларацияси



Биз, 2024 йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлари форуми иштирокчилари,

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар халқлари инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахси қадр-қимматига ва эркаклар ҳамда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқли эканига ишонишини БМТ Уставида тасдиқлаганини ҳисобга олиб,

 

мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланиши, бутун дунё фаровонлиги ва тинчлик хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг равишда барча соҳаларда имкон қадар кўп иштирок этиши таъкидланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1967 йил 7 ноябрдаги 2263-сонли резолюцияси билан қабул қилинган Хотин-қизларга нисбатан камситишга барҳам бериш тўғрисидаги декларацияга ҳавола қилган ҳолда,

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1979 йил 18 декабрдаги 34/180-резолюцияси билан қабул қилинган Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга ҳавола қилган ҳолда, унда хотин-қизларни камситиш тенг ҳуқуқлилик ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш тамойилларини бузиши, аёлларнинг ўз мамлакатининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида эркаклар билан тенг равишда иштирок этишига тўсқинлик қилиши ҳамда жамият ва оила фаровонлигининг ўсишига халақит бериши ва ўз мамлакатлари ва инсоният фаровонлиги йўлида хотин-қизларнинг имкониятларини тўлиқ очиб беришни янада қийинлаштириши кўрсатилган;

 

Бош Ассамблеянинг 1993 йил 20 декабрдаги 48/104-сонли резолюцияси билан қабул қилинган Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш тўғрисидаги декларацияни эътиборга олиб,

 

Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинган вақтдан бошлаб хотин-қизларнинг ҳолати кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини,  бироқ бундай ўзгариш бир текисда бўлмаганини ва эркаклар ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги тенгсизлик ҳали ҳам мавжуд эканини, асосий тўсиқлар эса сақланиб қолаётганини, бу барча одамларнинг фаровонлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини яна бир бор тасдиқлаб,

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик Декларациясида мустаҳкамланганидек, эркаклар ва хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш зарурлигига урғу берган ҳолда,

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими доирасида гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш бўйича фаолиятга раҳбарлик қилишда ва уни мувофиқлаштиришда, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2011 йил 19 декабрдаги 66/130-сонли резолюциясида кўрсатилганидек, гендер тенгликка ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича барча мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гендер тенглик ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш бўйича тузилмасининг (“БМТ-аёллар”) марказий ролини эътироф этиб,

 

2013 йил 21 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан қабул қилинган 22/3-сонли резолюцияни эътиборга олган ҳолда, шунингдек, ногиронлиги бўлган аёллар ва ногиронлиги бўлган қизлар  камситишнинг кўп, оғирлаштирилган ёки ҳар хил турдаги шаклларини бошидан ўтказишини, шу жумладан, бошқалар билан тенг равишда ўзининг меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга оширишда бундай ҳолатга дуч келишини эътироф этган ҳолда,

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблея сессиясида бир овоздан маъқулланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2022 йил 14 декабрдаги 77/159-сонли резолюцияси муҳимлигига эътибор қаратиб,

 

барча инсонларнинг тенглиги, хавфсизлиги, эркинлиги, дахлсизлиги ва қадр-қимматига тааллуқли ҳуқуқ ва тамойилларни хотин-қизларга нисбатан бир хилда татбиқ этиш ўта зарурлигини яна бир бор эътироф этиб, шунингдек, ушбу ҳуқуқ ва тамойиллар халқаро ҳужжатларда, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияда ҳамда Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияда мустаҳкамланганини таъкидлаб,

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда ихтисослаштирилган муассасаларнинг бошқа ҳужжатларига ва тенг ҳуқуқлилик масаласида эришилган ютуқларга қарамай, хотин-қизларга нисбатан жиддий камситиш сақланиб қолаётганидан хавотир олган ҳолда,

 

фуқаролик жамияти, шунингдек, нодавлат, хотин-қизлар ва жамоат ташкилотлари ҳамда ёшлар ташкилотлари ва бошқа барча манфаатдор томонлар, шу жумладан, хусусий секторнинг ҳиссасини қайд этиб,

 

эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги тамойилининг қонун ҳужжатларида ва амалиётда умумэътироф этилишини таъминлаш зарурлигини ҳисобга олиб,

 

кўпчилик мамлакатларда пандемиядан кейинги даврда хотин-қизларнинг заифлигини ҳисобга олиб,

 

меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқларни, шунингдек, эркинлик, тенглик, ижтимоий кафолатлар ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш шароитида хотин-қизлар ва эркаклар учун муносиб ва самарали меҳнат қилиш имкониятларини тарғиб қилган ҳолда;

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг 2024 йил 8 мартдаги нутқини, шу жумладан, унинг ҳозирги ривожланиш суръатларида гендер тенгликка эришиш учун тахминан уч юз йил керак бўлиши мумкинлиги ва 2030 йилга келиб 340 миллиондан ортиқ хотин-қизлар ҳали ҳам ўта қашшоқ ҳолда яшаши ҳақидаги сўзларини эътиборга олган ҳолда,

 

гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизлар ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш ҳар бир 17 мақсаднинг ажралмас қисми эканини яна бир бор тасдиқлаб,

 

барча иштирокчи давлатларни Пекин декларацияси, Ҳаракатлар платформаси ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини тўлиқ, самарали ва жадал амалга оширишни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга, шу жумладан, гендер муаммоларини тизимли ҳисобга олиш, натижаларга эришиш учун ресурсларни сафарбар қилиш ва маълумотлар ҳамда ишончли ҳисобдорлик тизимларидан фойдаланган ҳолда тараққиётни мониторинг қилиш ва баҳолаш орқали давом эттиришга чақирамиз;

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Осиё минтақасида хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз;

 

гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизлар ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш бўйича мажбуриятларни амалга ошириш учун икки томонлама ва кўп томонлама халқаро ҳамкорликни, шунингдек, давлат-хусусий шерикликни мустаҳкамлашни тавсия этамиз;

 

зўравонликда айбдор бўлганларни тергов қилиш, суд орқали таъқиб қилиш ва жазолашга кўп тармоқли ва мувофиқлаштирилган ёндашувлар орқали барча иштирокчи давлатларни жамоат ва хусусий жойларда аёллар, қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига, болалар ўртасида никоҳга, эрта никоҳга ва мажбурий никоҳга барҳам бериш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга жавоб беришга, жазодан қутилиб қолиш ҳолатларига чек қўйишга, хотин-қизлар учун хавфсиз, қулай ва зўравонликдан холи меҳнат шароитларини яратишга, зўравонлик ва шилқимликдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган асосий халқаро шартномаларни ратификация қилиш орқали тегишли чоралар кўришга чақирамиз;

 

хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга, салоҳиятни рўёбга чиқаришга, иқтисодий фаолликни оширишга, меҳнатга ҳақ тўлашда гендер тафовутнинг олдини олишга, парваришлаш ишларини баҳолашга ва аёллар тадбиркорлиги учун қулай шарт-шароит яратишга, Осиёда хотин-қизларнинг ижтимоий мақомини оширишга содиқлигимизни тасдиқлаймиз;

 

иш жойида хилма-хиллик ва хизмат мартабаси кўтарилишида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш, давлат ва хусусий секторда хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш муҳимлигини қўллаб-қувватлаймиз;

 

хотин-қизларнинг барча даражада тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ва зарарли ижтимоий нормалар ҳамда жинслардан бирининг мукаммал эмаслиги ёки устунлиги ҳақидаги ғояларга ёки эркаклар ва аёлларнинг роли ҳақидаги гендер стереотипларга асосланган камситиш амалиётларига барҳам бериш учун зарур чоралар кўришни тавсия қиламиз;

 

хотин-қизларнинг илм-фан, инновациялар ва рақамли технологиялардан тўлиқ ва тенг фойдаланишини таъминлашга, қишлоқда яшовчи ва бошқа эҳтиёжманд хотин-қизлар – мигрантлар, ногиронлар учун ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ва ахборот муҳитида хавфсизликни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда иштирокчи давлатларни қўллаб-қувватлаймиз;

 

оила, оналик ва болаликни асраш, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, тиббий ёрдам ва соғлиқни сақлаш хизматларидан тенг фойдаланиш имкониятини яратишга қаратилган ишлар ва дастурларни амалга оширишни янада кучайтиришни давом эттиришни тавсия қиламиз;

 

барча иштирокчи давлатларни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқни, шу жумладан гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга;

хотин-қизлар ва болалар шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилишни кафолатлайдиган халқаро нормаларга риоя қилишга;

қуролли низолар ва фавқулодда вазиятларда болалар ва хотин-қизларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўришга;

болалар ва хотин-қизларга нисбатан ҳарбий жиноятларни содир этганликда айбланган шахсларни жавобгапрликка тортиш борасида адолат қарор топишини таъминлашга;

барча тинчлик ўрнатишга қаратилган жараёнларга, тинчлик битимларига ҳамда низодан кейин тикланиш ва реинтеграция бўйича дастурларга қуролли низолардан жабр кўраётган болалар ва хотин-қизлар масалаларини киритишга;

болаларни ўзаро тушуниш, бағрикенглик, халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик ва умуминсоний биродарлик руҳида тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга астойдил чақирамиз;

 

Осиё мамлакатлари ҳукуматлари хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларда улар кенгроқ иштирок этишини таъминлашга, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлимни бошқариш соҳасида қарорлар қабул қилиш ва сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнларида хотин-қизларнинг иштирокини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар кўриши зарур, деб ҳисоблаймиз;

 

гендер тенгликни такомиллаштириш ва тарғиб қилиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, шунингдек очиқ, инклюзив ва шаффоф иштирок этиш орқали маҳаллий, миллий, минтақавий ва глобал даражада фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашда кўмаклашамиз;

 

зўравонликка, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш стратегияларини ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича дастурларни молиялаштириш учун халқаро ва минтақавий ҳамкорликка, шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик муаммоси билан барчани таништириш ва уларнинг бу муаммо ҳақидаги тушунчасини кенгайтириш мақсадида маслаҳат ва семинарлар ўтказишга кўмаклашишни муҳим деб ҳисоблаймиз;

 

Осиё мамлакатларида XXI асрда ҳар ким тенглик, тараққиёт ва фаровонлик шароитида яшаб, хотин-қизлар ва эркаклар адолатли дунё барпо этиш йўлида биргаликда ҳаракат қиладиган жамият шаклланишини таъминлашни ўз зиммамизга оламиз.

 

 

Samarqand shahri

2024-yil 14-may



  ...