Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни расмий ташриф билан Туркияда бўлади.
Бу йил икки мамлакат дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллигини нишонламоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Туркия Республикаси дунёда биринчи бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва Тошкентда ўз элчихонасини очган.
Бундан ташқари, Туркия – Ўзбекистоннинг сиёсий мулоқоти ўзига хос динамика, ўзаро ишонч ва қардошлик муносабатларининг юксак даражаси билан ажралиб турадиган давлатлардан биридир. Бу руҳ Ўзбекистон-Туркия кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлмоқда.
Ўтган етти йилда олий даражадаги 7 та ўзаро ташриф, шунингдек, давлат раҳбарларининг халқаро тадбирлар доирасидаги бир қатор учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу учрашувлар икки давлат раҳбарларининг шахсан ҳар томонлама ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ва ҳамкорлик кун тартибини янги йўналишлар билан тўлдиришга интилаётганидан далолат беради. Шунингдек, улар икки томонлама ҳамкорликнинг мамлакатларимиз ишбилармон доиралари учун қулай шарт-шароит яратиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, қўшма лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар алмашинувлар каби йўналишларига кучли туртки бермоқда.
Мамлакатлар нафақат икки томонлама форматда, балки кўп томонлама глобал ва минтақавий платформалар доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳиятни рўёбга чиқаряпти. Улар орасида БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқаларни алоҳида таъкидлашимиз мумкин.
Икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасида самарали мулоқот йўлга қўйилган. Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркия Буюк миллат мажлиси дўстлик гуруҳлари ва ихтисослаштирилган қўмиталари ўзбек-турк ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришда ҳамда олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлашда фаол иштирок этмоқда.
Умуман олганда, сўнгги йилларда парламентлараро мулоқот ҳар томонлама ривож топди, десак тўғри бўлади. Хусусан, Туркия парламенти аъзолари Ўзбекистонда 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган Конституциявий референдум ва 2023 йил 9 июль куни ўтказилган Президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида фаол иштирок этди. Ўз навбатида, 2023 йил 14 май куни Туркияда бўлиб ўтган Президент ва парламент сайловларида Ўзбекистондан кузатувчилар қатнашди. Парламент делегацияларининг қатор ўзаро ташрифлари, уларнинг кўп томонлама платформалардаги учрашувлари, шунингдек, қонун чиқарувчи органлар раҳбарлари ўртасида телефон орқали мулоқотлар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Жумладан, жорий йил 22 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда инвестиция дастурларини илгари суриш, туризм, бизнес ва таълим соҳасидаги алмашинувларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро тузилмалар, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашда фаол дипломатик алоқалар муҳим ўрин тутаётир. Бугунги кунда ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа хусусиятдаги 140 га яқин икки томонлама битим ва баённомалардан иборат бўлган муттасил кенгайиб бораётган шартномавий-ҳуқуқий база яратилган.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам равишда ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Шунингдек, 2023 йил 26-27 сентябрь кунлари 3-йиғилиши Анқара шаҳрида бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Ўзбекистон-Туркия стратегик режалаштириш гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 1-2 март кунлари эса Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида ҳам мулоқот қилдилар.
Транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда икки давлатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга самарали татбиқ этишга кўмаклашувчи идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилди ва у фаол ривожланмоқда.
Албатта, савдо-иқтисодий алоқалар икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши саналади. Чунки ушбу муҳим жабҳа икки давлат тараққиёти ва фаровонлиги, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишнинг асосидир.
Дарвоқе, Туркия кейинги йилларда Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу давлат савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейинги ўринни эгаллайди. 2022 йил март ойида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битим имзоланди. Ушбу ҳужжат томонларнинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишдан манфаатдор эканини тасдиқлайди. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди. Томонлар келгуси йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишни режалаштирган.
Мамлакатларимиз ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик жадал ривож топаётир. Туркия ушбу йўналишда ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи инвесторларидан бири саналади. Биргина жорий йилнинг ўзида юртимизда турк инвестицияси иштирокида 100 га яқин қўшма корхона ташкил этилди. Бугунги кунга қадар уларнинг умумий сони салкам икки мингтага етган. Ушбу корхоналар, интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, таълим, тиббиёт, қурилиш, тўқимачилик, автомобилсозлик, энергетика, фан, технология, маданият, “рақамли” иқтисодиёт ва хавфсизлик каби соҳаларда ҳам кўп қиррали икки томонлама стратегик ҳамкорлик жадал ривожланяпти.
2023 йилнинг 25-26 декабрь кунлари Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир якунида умумий қиймати 1,4 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди.
Мамлакатларимиз ҳудудлараро алоқаларни изчил кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этиш даркор. Ўзбекистон ҳудудлари етакчилари шериклик алоқаларини ўрнатиш, ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини аниқлаш ва ўзаро муносабатларни ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда Туркияга ташриф буюряпти. Жумладан, Навоий вилояти делегациясининг ўтган йил Туркияга амалга оширган ташрифи якунларига кўра, тўқимачилик, кимё, электротехника ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган 11 та лойиҳа бўйича шартномалар имзоланди.
Жорий йилнинг 1-2 май кунлари бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги ушбу мамлакат делегациясининг иштироки самарали кечди. Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Шунингдек, Туркия томони республика вазирлик ва идораларида қатор самарали музокаралар ўтказди.
Икки давлатнинг жуғрофий жойлашуви ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантиришда уларнинг манфаатлари бир-бирига тўлиқ мос келишини қайд этиш керак. Хусусан, томонлар “Осиё-Тинч океани минтақаси – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа” халқаро мультимодал йўналишини ривожлантиришдан манфаатдор. Ушбу кенг кўламли лойиҳанинг амалга оширилиши икки давлатнинг ўзаро манфаатли асосда ташқи савдо салоҳиятини сезиларли даражада ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари орқали транзит юк ташиш ҳажмини кўпайтириш имконини беради.
Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ҳақида сўз борганда, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган маданиятлараро мулоқотни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Муштарак тарих, тил, дин ва бой маънавий мерос бугун ўзбек ва турк халқлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва қардошлик муносабатларининг пойдеворидир.
Мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила оқибатида Туркиянинг минглаб аҳолиси ҳалок бўлган ва бошпанасидан айрилган оғир дамларда Ўзбекистон халқи “Туркия, биз сен билан биргамиз!” дея бир тану бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди.
2023 йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Туркиянинг Ҳатай ва Газиантеп провинцияларига ташриф буюриб, Туркияда содир бўлган зилзила муносабати билан ҳамдардлик билдириш учун ҳамкасби Мавлуд Чавушўғли билан учрашди. Ўзбекистон Туркияга одамларни излаб топиш ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш учун гуманитар ёрдам ҳамда қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳни юборди. 2023 йил ёзида Туркиядаги зилзиладан жабр кўрган турк ёшлари учун Ўзбекистонга ўқув сафари ташкил этилди.
Икки давлат халқлари ўртасидаги алоҳида муносабатларнинг яна бир ёрқин мисоли Самарқанд шаҳрида Туркия Бош консулхонасининг очилиши бўлди. Туркия ушбу тарихий кентда дипломатик ваколатхонага эга бўлган биринчи минтақавий бўлмаган давлатга айланди.
Икки мамлакат маданият ва фан намояндалари ўртасидаги фаол алоқалар маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, маданиятларни ўзаро бойитиш ва умумий маданий маконни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Туркиялик санъат усталарининг Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳамда “Бахшичилик” ва халқ амалий санъати бўйича халқаро фестивалларда фаол қатнашаётгани қувонарлидир.
“Хива – туркий дунёнинг маданий пойтахти” халқаро дастури доирасида 2020 йилда Туркияда Муҳаммад ал-Хоразмий ҳайкали ўрнатилиб, “Хива бобо” ёдгорлик мажмуаси очилди. Шунингдек, икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган ўзбек халқининг асл қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳаётига бағишланган “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериали муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлди.
Яна бир гап, бугун ўзбек ёшлари Туркияда таълим олиш имкониятидан унумли фойдаланмоқда. Ушбу имкониятни янада кенгайтириш мақсадида Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркия тиббиёт фанлари университети билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилди. Тошкент шаҳрида эса Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг филиали очилди.
Икки мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган туризм йўналишини ўзаро ҳамкорликнинг ўсиш нуқтаси сифатида эътироф этсак бўлади. Хусусан, туркиялик мутахассислар Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга жалб этилган. Аҳолиси ислом динига эътиқод қиладиган давлатлар орасида Туркия фуқаролари Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва қадимий диққатга сазовор жойларига энг кўп қизиқиш билдирмоқда. 2023 йилда Туркиядан Ўзбекистонга 100 мингдан ортиқ сайёҳ келгани шундан далолат беради.
Туркий халқларнинг бой маданий ва тарихий мероси посбонлари бўлган Ўзбекистон ва Туркия илм-фан ҳамда санъат соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Икки мамлакат олимлари биргаликда илмий изланишлар олиб бормоқда, тажриба ва ахборот алмашмоқда, икки халқнинг буюк аллома ва мутафаккирлари ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишланган йирик симпозиум ва анжуманлар мунтазам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия футбол ассоциациялари ўртасида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу йўналишдаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдан томонлар манфаатдордирлар. Хусусан, ёш футболчиларни тайёрлаш, турли ёшдаги терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва мураббийлар малакасини ошириш бўйича қўшма курсларни уюштириш бўйича келишувлар мавжуд.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, расмий Тошкент ва Анқара кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, икки давлат ва халқлар ўртасидаги алоқаларни янги мазмун ва амалий ҳаракатлар билан тўлдиришга қатъий интилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркияда бўлиб ўтадиган олий даражадаги икки томонлама саммит ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга куч ва конструктивлик бағишлаш билан бир қаторда, халқларимиз ўртасидаги тарихий қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Дунё” АА