Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади.
Халқлари тарихий ва маданий жиҳатдан бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган энг яқин қўшнилар — Ўзбекистон ва Тожикистон икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига олиб чиқди. 2022 йил 3 июнь куни Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ҳужжат – Абадий дўстлик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги тарихий декларация имзоланди.
Ўзаро манфаатли самарали ҳамкорликни ривожлантиришда давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ишончли ва яқин дўстона муносабатлар, икки ва кўп томонлама учрашувлар доирасидаги конструктив сиёсий мулоқот муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги олти йил ичида Тожикистонга жами икки марта, яъни давлат (2018 йил март) ва расмий (2021 йил июнь) ташрифлар билан борди. Ўз навбатида, Тожикистон етакчиси ҳам 2018 ва 2022 йилларда давлат ва расмий ташриф билан мамлакатимизга келган. Ушбу ташрифларнинг самарали натижалари мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, илиқ ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга кучли туртки берди.
Шу билан бирга, икки давлат раҳбарлари кўп томонлама муҳим форумлар – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитлари, “Марказий Осиё+” форматлари ва бошқа платформалар доирасида ҳам мунтазам равишда учрашиб туради.
Булар ҳақида сўз юритганда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари каби самарали ҳамкорлик механизмининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиш жоиз. 2017 йилда фаолияти йўлга қўйилган ва ҳозирда анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу механизм қисқа муддатда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган, ҳамкорликнинг самарали ривожланишига тўсқинлик қилган муаммоли масалаларни ҳал этишга ҳамда минтақа салоҳиятини тўлиқ очиб беришга имкон берди. Умумий мақсадларнинг мустаҳкамланиши шарофати билан Марказий Осиё халқаро майдонда ягона минтақа сифатида қабул қилинди ва бунинг натижасида жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка қизиқиши тобора ортиб бормоқда.
2023 йил 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган минтақа давлат раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида Президент Эмомали Раҳмон юбилей саммит Марказий Осиё давлатларининг қардош халқлар манфаатлари йўлида давлатлараро ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги қатъий сиёсий иродасининг яна бир тасдиғи бўлганини таъкидлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Тожикистон минтақанинг бой иқтисодий ва умуминсоний салоҳиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик тамойиллари, манфаатларни ҳурмат қилиш ва ўзаро ҳисобга олиш асосида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилишларини изчил намоён этиб келмоқда. Ҳар икки давлат халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирининг номзоди ва ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди. Глобал кун тартибидаги аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича ҳам томонларнинг позициялари ўхшаш ёки бир-бирига яқиндир.
Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини чуқурлаштириш, икки томонлама келишувлар ижроси самарадорлиги ҳамда самарали назоратини амалга оширишнинг муҳим механизми бўлиб, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишга кўмак беради.
Икки томонлама ҳамкорлик юқори даражада ҳам фаоллашди, идоралараро ташрифлар, тажриба алмашиш ва қўшма тадбирларнинг юқори суръати бунинг ёрқин ифодасидир. Ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда, шунингдек, транспорт ва бошқа йўналишдаги вазирлик ҳамда идоралар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ишонч билан айтиш мумкинки, сўнгги етти йил Тошкент ва Душанбе учун савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ижобий натижаларга эришишда муҳим давр бўлди.
Жорий йилнинг 11-12 март ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 11-йиғилишида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани, шунингдек, сўнгги йилларда унинг миқдори бир неча ўн баравар кўпайганини қайд этдилар. Жумладан, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жорий йилнинг январь-февраль ойларида қарийб 120 миллион АҚШ долларига етди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиздан зиёдга ўсган. Савдо айланмаси сезиларли даражада кенгайди, бунга чегара ҳудудларида савдо марказларининг очилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда тожик капитали иштирокида 289 та корхона фаолият юритмоқда, Тожикистонда эса мамлакатимиз резидентлари иштирокида 71 та корхона ташкил этилган. 2023 йил охирига қадар Инвестиция дастури доирасида Тожикистоннинг қарийб 50 миллион АҚШ долларилик сармояси ўзлаштирилди. 2021 йилда саноат кооперацияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси ташкил этилди.
Транспорт-логистика соҳасида ҳам юқори натижаларига эришилди. 2017 йилда Тошкент-Душанбе йўналишида ҳаво қатнови тиклангани, 2022 йилда мазкур йўналишда йўловчи поезди, шунингдек, “Тошкент-Хўжанд” ва “Қўқон-Шайдон” йўналишларида мунтазам халқаро автобус қатнови йўлга қўйилгани ушбу жабҳадаги муҳим воқеалардан бири бўлди.
2018 йилнинг 9 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Душанбе шаҳрида 2011 йилда қатнови тўхтатилган Ғалаба-Амузанг-Хушади давлатлараро темир йўл тармоғининг қайта тикланган қисмини ишга тушириш маросимида иштирок этди.
Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича ўзбек-тожик қўшма комиссияси йиғилишларида мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари мунтазам муҳокама қилинмоқда.
Албатта, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири маданий-гуманитар алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш ва чуқурлаштириш саналади. Сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги маданий гуманитар алоқалар кўп қиррали ва кўп даражали хусусиятга эга бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Бунга Ўзбекистон Президентининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар, ҳамкорлик, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслари кўп жиҳатдан ёрдам берди. Ушбу саъй-ҳаракатлар Тожикистон раҳбарияти томонидан ҳам юқори баҳоланди. 2021 йил 11 июнь куни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун биринчи даражали “Зарринтож” ордени билан тақдирлади.
Маданий-гуманитар йўналишдаги алмашув бошқа соҳалардаги ҳамкорлик суръати билан ҳамнафас фаоллашмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистонда икки давлат маданияти кунларини ўтказиш одатий тусга кирди. Маданият кунлари доирасида таниқли рассом ва ҳунармандларнинг бадиий кўргазмалари, маданият ҳамда санъат усталари иштирокидаги концерт дастурлари, кинофестиваллар ўтказилмоқда. Театр санъати соҳасидаги икки томонлама алоқалар ҳам жадаллашди. Хусусан, сўнгги уч йилда икки мамлакат театр жамоаларининг 15 дан ортиқ ўзаро ижодий гастроллари ташкил этилди.
Бундан ташқари, Тожикистон санъат ва маданият вакиллари Ўзбекистонда ўтказилаётган “Халқаро мақом фестивали”, “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”, “Бойсун баҳори”, “Шарқ тароналари” халқаро санъат фестиваллари, “Истеъдод” халқаро танлови, “Тошкент шодликлари” болалар расмлари биенналеси ва бошқа тадбирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Душанбега ташрифи арафасида қўшни мамлакатда Ўзбекистон киноси кунлари бошланди. Унда иштирок этиш учун 200 дан зиёд ўзбекистонлик санъаткорлардан иборат делегация Тожикистонга жўнаб кетди. 20 апрелга қадар давом этадиган маданият тадбирлари доирасида ўзбек киноижодкорлари билан учрашувлар, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мақом санъати маркази ансамблининг концертлари, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистон санъат усталарининг “Дўстлик кечаси” концерт дастури бўлиб ўтади.
Томонлар, шунингдек, чегарадош ҳудудлар ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Жумладан, 2018 йилда Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ҳамда 2019 йилда Тожикистоннинг Ҳисор тумани ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ўртасида ўтказиш пунктининг очилиши муносабати билан ҳамкорликда маданий тадбирлар ташкил этилди. Ҳар икки давлатнинг миллий байрамларига бағишланган тадбирларда чегарадош ҳудудлар ҳокимликлари вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбек ва тожик халқлари ўзининг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлашга алоҳида эътибор билан қарайди. Ўзбекистонда 1,7 миллион нафардан зиёд тожик диаспораси вакилларининг миллий ўзига хослиги, тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш учун барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда 253 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилмоқда. Самарқанд, Термиз ва Фарғона давлат университетларида таълим тожик тилида олиб бориладиган гуруҳлар ташкил этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда тожик тилида 4 та газета чоп этилади, 5 та теледастур ва 30 та радиодастурлар эфирга узатилмоқда. Бу борада Республика тожик миллий-маданий маркази, шунингдек, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги маданият марказлар муҳим ўрин тутади.
Мухтасар айтганда, икки давлат ўртасидаги кенг қамровли ва кўп қиррали ҳамкорлик янги суръат касб этиб, мазмунан бойиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга бўлажак давлат ташрифи эса икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муносабатларига асослаган давлатлараро мулоқотни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва бойитиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
“Дунё” АА