Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон-Беларусь: вақт синовидан ўтган дўстлик ва ҳамкорлик



Беларусь Президенти Александр Лукашенко жорий йилнинг 7-9 февраль кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

1993 йил январь ойида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 30 йил давомида икки томонлама ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Беларусь, шунингдек халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, минтақалараро ва кўп томонлама платформаларда, жумладан, БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати доирасида самарали ҳамкорлик қилаяпти.

Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ишончли ва яқин дўстона муносабатлар самарали давлатлараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзаро ҳамкорликнинг янги динамикаси ва мазмунидан Беларусь раҳбарининг 2016 йилдан буён Ўзбекистонга расмий (2018 йил) ва амалий (2022 йил) ташрифлари ҳамда давлатимиз раҳбарининг Беларусь Республикасига расмий (2019 йил) ташрифлари далолат беради.

Қайд этиш керакки, сўнгги  йилларда юқори ва минтақалараро даражадаги мулоқотлар кескин фаоллашди. Жумладан, Беларусь Бош вазири Роман Головченко 2022 ва 2023 йилларда икки марта Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари конструктив мулоқотни ривожлантирмоқда, вазирлар даражасидаги мунтазам учрашувлар ва ташрифлар, шунингдек, сиёсий маслаҳатлашувлар қўллаб-қувватланмоқда.

Парламентлараро ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. 2020 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Беларусь Миллий Ассамблеясининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлар ташкил этилди. Ўз навбатида, Беларусь парламентида Ўзбекистон Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ фаолият юритмоқда. МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси доирасида парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлар алмашиши ва ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Ўзбекистон ва Беларусда бўлиб ўтган Президент ва парламент сайловларида икки давлат парламент аъзолари халқаро кузатувчи сифатида доимий равишда иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётир. Хусусан, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ва мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими тўғрисидаги келишувлар ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсишига хизмат қилаяпти. Ушбу кўрсаткич 2023 йил охирида 2022 йилга нисбатан 15 фоизга ошди.

Шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи корхоналари ўртасида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ва етакчи корхоналари ўртасидаги алоқалар ҳам ривож  топаётганини  таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги 180 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатаётгани  фикримизни тасдиқлайди.

Яна бир муҳим жабҳада, яъни икки давлат  ҳудудлари ўртасида ҳам тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашиб бормоқда.

Ўзбекистон-Беларусь бизнес форуми ва Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳам иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали платформа ҳисобланади.

Беларусь делегациялари ҳар йили Тошкентда бўлиб ўтадиган “Иннопром. Марказий Осиё” Халқаро саноат кўргазмасида қатнашяпти. Ўзбекистон ишбилармон доиралари делегациялари ўз навбатида, Беларусда бўлиб ўтадиган саноат ва кооперация ярмаркаларида иштирок этиш учун Минскка ташриф буюрмоқда.

Президент Александр Лукашенконинг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июль август ойларида Беларусга расмий ташрифлари доирасида икки давлат пойтахтларида минтақавий форумлар ва миллий кўргазмалар ўтказилди.

Президент Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида 6-7 февраль кунлари Тошкентда Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ва минтақалараро форум бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари ва иқтисодий тузилмалари вакиллари иштирок этади ва  ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари ҳамда имкониятларини муҳокама қилдилар.

Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт-логистика соҳасидир. Таъкидлаш керакки, савдо тўсиқларини бартараф этиш, ўзаро товар айирбошлаш кўлами ва ҳажмини кенгайтириш, юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича жабҳаларда томонлар салмоқли ютуқларга эришди.

Беларусь билан маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг асоси икки мамлакат халқлари ўртасидаги яқин дўстона ришталар билан боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда 18 мингга яқин беларус миллати вакиллари истиқомат қилаяпти. Улар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, кўпмиллатли ва бағрикенг Ўзбекистонда тинчлик ва тотувликда яшаб, ўз маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаган  ҳолда ёш авлодга  етказмоқда. 1993 йилдан бери мамлакатимизда “Свитанак” белорус маданият маркази фаолият кўрсатаяпти. Ўтган йили мазкур маданият марказининг 30 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди.

Ўз навбатида, Беларусь Хорижий давлатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар жамияти ҳузурида “Беларусь–Ўзбекистон” жамияти ташкил этилган. Унинг фаолияти Беларусда ўзбек маданияти ва анъаналари, мамлакатимиз тарихи ва санъатини кенг  тарғиб этишга қаратилган.

Икки давлат ўртасидаги  маданиятлараро мулоқотнинг фаоллигини эътироф этсак, ҳеч муболаға  бўлмайди. Ўзбекистон ва Беларусда икки халқ маданияти кунлари мунтазам ўтказиб келинаяпти, республикаларнинг ижодий гуруҳлари халқаро фестиваль ва  турли тадбирларда қатнашяпти.

Тошкентдаги беларус ёзувчиси Якуб Колас, Минскдаги буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкаллари икки халқ дўстлиги тимсолига айланган.

Кинематография соҳасидаги ҳамкорлик кўлами ҳам кенгаймоқда. 2021 йилда Беларусда Ўзбек киноси кунлари, Ўзбекистонда эса Беларусь киноси кунлари бўлиб ўтди. Ўша йили ўзбек режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган “Илҳак” бадиий фильми Минскда ўтказилган  “Листопад” халқаро кинофестивалининг энг олий — Гран-при мукофоти ҳамда Беларусь Президентнинг “Кинода инсонпарварлик ва маънавият учун” махсус мукофотига муносиб кўрилди.

Таълим соҳасида Беларусь билан 180 га яқин олий таълим муассасалариаро шартнома ва Ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Ўзбекистон Президентининг 2019 йилдаги қарори билан Тошкент шаҳрида Беларусь - Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур олий таълим муассасасида 1400 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон ва Беларусь давлат олий  таълим муассасалари ўртасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурларида салкам 2,5 минг ўзбекистонлик ёшлар таълим олаяпти.

Соғлиқни сақлаш соҳасида икки  томонлама алоқалар жадал ривожланаётганини айтиб ўтиш  жоиз.  2023 йил ноябрь ойида юртимизда Ўзбекистон-Беларусь соғлиқни сақлаш ва тиббиёт таълими кунлари, шунингдек, Беларусда қўшма тиббиёт форуми бўлиб ўтди.

 Мухтасар айтганда, Ўзбекистон-Беларусь икки томонлама муносабатлари тобора янги мазмун ва  маъно билан тўлдирилиб, давлатларимиз имкониятлари мос равишда янада юқори поғонага кўтарилаяпти.  Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга бўлажак расмий ташрифи эса ҳамкорликнинг янги уфқларини белгилаш ва икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 



  ...