Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Янги таҳрирдаги Конституция — инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати



Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”. Ушбу ҳаққоний эътироф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишда алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо қилиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида — тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси биринчи бандида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон — инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши; “одамлар ташвиши билан яшаш”, халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Демократиянинг талабу таомили ва устунлиги ҳам шунда. Бунда қонун чиқарувчи ва ижро органларидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш; демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш; ҳокимият тармоқларини тийиб туриш ва мувозанатни сақлашда парламент ролини ошириш; давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини яхшилаш, давлат органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини амалга татбиқ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!

Юқорида айтиб ўтилган модданинг иккинчи банди биринчи қисмида белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши тўғрисидаги норма ҳам айтиб ўтилган фикрларнинг тасдиғидир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу нормалар мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда халқимиз хоҳиш-иродаси ва инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Мазкур модданинг иккинчи бандида яна бир умумэътироф этилган тамойил мустаҳкамланган. Унга кўра давлат ҳокимияти фақат “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади”.

Конституциядаги ушбу қоидалар 10-модданинг “Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин”, деган биринчи бандида янада аниқ ифода этилган ва чуқур очиб берилган. Яъни жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Ушбу нормалар талқини асносида шуни таъкидлаш ўринлики, инсоният тажрибаси негизида демократиянинг икки тури ишлаб чиқилган. Булардан бири — тўғридан-тўғри, яъни бевосита демократия бўлса, иккинчиси — сайланган вакилларнинг тегишли муассасалари орқали амалга ошириладиган вакиллик демократиясидир.

Шунга кўра Ўзбекистонда бошқарув давлат ҳокимиятининг уч тармоқдан иборат тизими орқали амалга оширилади: Олий Мажлис қонун чиқарувчи вакиллик органи сифатида қонунларни қабул қилади, Вазирлар Маҳкамаси бошчилигидаги ижро ҳокимияти уларнинг ижросини таъминлайди, судлар одил судлов органлари сифатида низоларни қонун асосида ҳал қилади. Ушбу органларнинг ҳар бири муайян доирадаги ваколатларга эгадир.

Янги Ўзбекистон — демократик ва ҳуқуқий давлат

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси учинчи бандида: “Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади” деб белгиланган.

Бу нормалар Янги Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ҳисобланиб, мамлакатда ҳокимият алмашиши фақат Конституция ва қонунлар асосида таъминланади, деган тамойил ҳаётга татбиқ этилишининг кафолатидир. Давлатнинг ҳуқуқий сиёсати инсонпарварлик, демократия, ижтимоий адолат ва сиёсий хилмахиллик принципларига асосланади.

Янги Ўзбекистонда халқимизнинг бой тажрибаси ва маданий анъаналарига асосланган демократия ўрнатилмоқда, бунда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламлари манфаатлари ҳисобга олинади. Зўравонликка асосланган эскича маъмурий-буйруқбозлик тизими қолдиқлари ниҳоят барҳам топди, кўп партиявийлик, ғоя ва фикрлар хилмахиллиги одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Ўз навбатида, ушбу конституциявий нормалар умумэътироф этилган бир қатор принципларга ҳам тўла мос келади.

Хусусан, “Конституция ва қонунлар устунлиги” принципини олайлик. Давлат органларининг ваколатлари Президент, парламент ёки ҳукуматнинг ҳар хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эмас, балки фақат Конституция ва қонунлар билан белгиланади. Давлат органлари Конституция ва қонунларга сўзсиз бўйсуниши ва ўз ваколатларини шу ҳуқуқий негиздагина амалга ошириши шарт. Бу қатъий мезон қонун устуворлигининг ҳам муҳим белгиси ҳисобланади. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс томонидан “давлат ҳокимиятининг тортиб олиниши”га йўл қўйилмайди.

Шунингдек, инсоннинг сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини амалга ошириши, давлат органларининг демократик асосда шаклланишини таъминлаш, жамиятнинг демократик сиёсий тизимини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда демократик институтлар, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш учун қулай шарт-шароит яратиш кафолатланади.

Янги Ўзбекистон — ижтимоий ва дунёвий давлат

Конституциямиз Муқаддимасида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар аниқ белгилаб берилган.

Биринчи тамойил — инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлик. Бу билан Конституциямиз инсоннинг асрлар давомида дунёда шаклланган асосий маънавий-ахлоқий қадриятлари ва асосий ҳуқуқларини ўзида мужассам этган ҳолда, инсоннинг олий қадрияти — унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати эканини эълон қилди.

Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган “давлат — жамият — шахс” парадигмасини янги: “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартиришдан иборат.

Давлатимиз раҳбари таърифига кўра, инсон қадри — мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаёт, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.

Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди.

Агар дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқлари қайд этилганини ҳисобга олсак, ҳозирги кунда шундан 90 таси янги таҳрирдаги Конституциямизда мавжуд. Яъни бу Конституция, том маънода, ўзбекона “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билл”га айланди, дейишга барча асослар бор.

Иккинчи тамойил — демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқат. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқда “инсон қадр-қиммати” тушунчаси ҳар бир инсон ҳурматга лойиқ эканини тушунишга асосланган тенглик ва шахсий эркинлик тушунчалари билан узвий боғлиқ.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда таъкидланганидек, эркинлик шахснинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишида давлат аралашувининг йўқлигини англатади. Шу маънода, конституциявий ислоҳотларда ҳуқуқий, ижтимоий давлат императивини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бирдамлик, адолатли ижтимоий сиёсат, инсон капиталини ривожлантириш тамойиллари устуворлигига таянилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди. Энг муҳими, Асосий Қонунимизда биринчи марта “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” (1-модда), деган норма белгиланди.

Ижтимоий давлат, деганда, аввало, ўз фуқароларига муайян минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат тушунилади. Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади — ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашдан иборат.

Учинчи тамойил — ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаш (авлодлар ҳуқуқлари тенглиги принципи), шунингдек, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил интилиш.

Ҳозирги вақтда кўпгина ривожланган давлатлар, глобал иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, ўз Конституцияларига махсус экологик бўлимларни киритмоқда. Жумладан, дунёнинг 100 дан ортиқ давлатлари Конституцияларида жамият ва табиат ўртасидаги ўзаро муносабатлар эҳтиёжларига жавоб берадиган экологик ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари мустаҳкамланган.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз янги хусусиятларининг таҳлили бу борадаги нормалар мустаҳкамлангани ва янада кучайтирилганини кўрсатади. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 115-моддасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилмахилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, 49-моддасида эса ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш белгиланган. Давлатнинг барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чораларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари ҳам шулар жумласидандир.

Тўртинчи тамойил — давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниш.

Ўзбек халқининг тарихи асрлар қаърига бориб тақалади ва уч минг йилдан ортиқ даврни қамрайди. Юртимиз ҳудудида ўз даврида гуллаб-яшнаган — Катта Хоразм, Бақтрия, Сўғд, Ўрта асрлардаги Мовароуннаҳр, Туркистон каби давлатлар; Самарқанд, Бухоро, Термиз, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз сингари ўнлаб ноёб қадимий шаҳарлар жаҳон маданиятида ёрқин из қолдирган. Ана шу бой ўтмишимиз цивилизация жараёнлари ва фалсафий қарашлар, илм-фан, айниқса, тиббиёт, астрономия, география, математика, геодезия ва архитектура соҳалари ривожига, маданий ва маънавий қадриятларнинг шаклланишига сезиларли даражада ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, халқимиз тарихи, турмуш тарзи ва анъанавий маданиятида маънавий-ахлоқий, илмий, диний ва ҳуқуқий қадриятлар муҳим ўрин тутган. Улуғ аждодларимизнинг маънавий юксалишга даъват этувчи эзгу амаллари, диний-ахлоқий, ҳуқуқий эътиқоди Конституциямизни маънавий бойитди.

Конституцияда халқимизга хос меҳр-оқибат, ўзга миллат вакилларига ҳурмат, билимга интилиш, ор-номус ва қадр-қиммат, бағрикенглик ва ҳаё каби фазилатлар ўз ифодасини топди. Унда муқаддас Ватанимиз халқига хос адолат, ростгўйлик, олийжаноблик, мардлик ва саховат каби юксак фазилатлар ҳам мужассам этилди.

Бешинчи тамойил — Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиш.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 142 мамлакати билан дипломатик алоқалар ўрнатган бўлиб, 100 дан ортиқ халқаро ташкилот ва тузилмаларга аъзо ҳисобланади. Шу билан бирга, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда очиқ ва тинч, прагматик ва фаол ташқи сиёсатнинг мутлақо янги модели амалга оширилмоқда.

Мазкур моделнинг энг муҳим вазифалари — миллий ривожланиш мақсадларига сўзсиз эришиш учун барча ички ва ташқи ресурсларни бирлаштириш ҳамда сафарбар этиш, мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун қулай ташқи муҳитни шакллантириш, миллий манфаатларни халқаро майдонда самарали илгари суриш ва изчил тарғиб қилиш ҳамда миллий ривожланиш мақсадларига эришиш ва мамлакат иқтисодиётининг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги ортиб боришини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишдир.

Бу вазифаларни амалга оширишда Янги Ўзбекистоннинг барча хориж давлатлари билан муносабатларни ўрнатишда прагматик ёндашувни мустаҳкамлаш, кўп томонламалик тамойилини илгари суриш, глобаллашувнинг ижодий жараёнларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, давлатимизни дунёнинг фаол ва тадбиркор мамлакатларидан бирига айлантиришга қаратилган ташқи сиёсати асосий омил бўлади.

Буни 2017 — 2022 йилларда биргина БМТ доирасида Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларда 30 дан ортиқ ташаббуслар илгари сурилгани ҳам тасдиқлайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан кейинги йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг 7 та резолюцияси қабул қилинди ва буларнинг барчаси, албатта, БМТга аъзо давлатнинг энг фаол ва самарали раҳбари сифатида эътироф этилган Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатининг бемисл муваффақиятидир.

Олтинчи тамойил — фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлаш.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамият қуриш, унда тенглик ва тенг ҳуқуқлилик принципларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини камситмаслик ғояларига асосланади. Бунда юртимизда инсон ҳуқуқлари маданияти тобора юксалаётгани, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат руҳи шаклланаётгани алоҳида аҳамият касб этади.

Бош қомусимиз Муқаддимасида Ўзбекистон халқи ушбу Конституцияни, жумладан, “фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилгани алоҳида таъкидланган. Шу маънода, Асосий Қонунимиз — биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки миллий ғурур-ифтихор, керак бўлса, ушбу заминда истиқомат қилаётган, жинси, ирқи, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя ҳисобланади.

Тўғридан-тўғри амал қиладиган Асосий Қонун

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.

Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг:

биринчидан, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги;

иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиши;

учинчидан, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.

Бош қомусимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15 ва 16-моддаларнинг янги ва эски матнидаги нормалари ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний экани ўз тасдиғини топади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:

“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”.

 

Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Ушбу муҳим ҳужжат талаблари:

 янги таҳрирдаги Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш;

 унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш;

 давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш;

 фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадларига қаратилган.

 

Фармонда белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб бермоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.

 

 

Мухтасар айтганда, бугун Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Янги таҳрирдаги Асосий Қонуннинг қабул қилиниши билан бу борада янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилди. Бинобарин, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини яна бир бор намоён этди.

Конституциямизда Европа, Осиё, Шарқ ва Америка минтақаларида жойлашган дунё давлатларининг ижобий конституциявий тажрибаси ўз аксини топган. Асосий Қонунимиз ҳуқуқшунос олимлар, сиёсатшунослар, кўплаб халқаро ташкилотлар мутахассислари томонидан синчиклаб ўрганилган бўлиб, унга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари қўшимча равишда уйғунлаштирилгандир.

Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Акмал Саидов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори



  ...