Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ИҲТнинг Тошкент саммити: кенг минтақага тегишли муаммоларни ҳал қилишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун янги майдон



Тарихда илк маротаба Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтади

 

8-9 ноябрь кунлари Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммити бўлиб ўтади.

Мамлакатимиз 1992 йил ноябрь ойидан буён мазкур ташкилотга  аъзо бўлсада, мустақил Ўзбекистон ва ушбу бирлашма тарихида илк бор мамлакатимизда ИҲТ доирасидаги кўп томонлама саммит ўтказилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 1985 йилда Теҳронда (Эрон) ташкил топган минтақавий давлатлараро тузилма ҳисобланади.

ИҲТнинг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни ва транспорт-коммуникация соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мақсад ва вазифалари Ўзбекистон манфаатларига тўла мос келади.

Ҳозирги кунда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.

1995 йилдан бошлаб ИҲТ БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини ташкилотнинг бош котиби амалга оширади. У ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан уч йил муддатга сайланади ва тайинланади.

2022 йилда Ўзбекистон илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислик қилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ 15-саммитида сўзлаган нутқида савдо, сармоя, транспорт ва «яшил» иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.  «500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур», – деди давлатимиз раҳбари мазкур саммитдаги нутқида. 

Президент раисликни ўз зиммасига олар экан, Ўзбекистон ИҲТ доирасидаги ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

Мамлакатимиз ИҲТга Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқда ривожланишни яхшилаш, савдо ва сармоявий имкониятларни илгари суриш йўлларини муҳокама қилиш учун платформа сифатида қарайди.

Ўзбекистон ушбу ташкилот доирасида минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш,  халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш,  транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш тарафдори.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободдаги саммитда «яшил» иқтисодиётни биргаликда фаол ривожлантириш, саноат тармоқларига ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, углерод нейтраллигига эришиш ташаббусини илгари сурди.

Ўзбекистон, шунингдек, Афғонистонга умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва зарур ёрдам кўрсатиш учун кучларни бирлаштириш тарафдори. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Афғонистон билан биргаликда ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва афғон халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида минтақавий аҳамиятга молик йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишни изчил давом эттириш ташаббуси билан чиқди.

Бугунги кунда ИҲТ давлатлари Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари ҳисобланади. 2022 йил якуни бўйича Ўзбекистон ва ИҲТ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,3 миллиард АҚШ долларини, 2023 йилнинг январь-июль ойларида эса 5,8 миллиард долларни ташкил қилди.

2018 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ўртасида алоқалар фаоллашгани кузатилмоқда. Хусусан, 2018 йилдан буён ташкилот бош котиблари Халил Акча, Хади Сулейманпур, Хусрав Нозири, шунингдек, бош котиб ўринбосари Хусайн Бичакли Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон томонининг ушбу  тузилма шафелигида ўтказилаётган халқаро тадбирлардаги иштироки ҳам сезиларли даражада фаоллашди.

Ўзбекистон расмий делегациялари бош прокурорлар, денгиз ташкилотлари раҳбарлари, транспорт, туризм ва қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилишларида, шунингдек, аъзо мамлакатларнинг минерал ресурслар бўйича эксперт гуруҳи ва ветеринария ташкилотлари раҳбарларининг учрашувларида иштирок этмоқда.

2020 йилдаги коронавирус пандемияси туфайли  кўплаб тадбирлар онлайн тарзда бўлиб ўтди. Жумладан, ИҲТга аъзо давлатлар йиғилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ва «ECOLONER»  халқаро энергетика консалтинг компаниясининг ИҲТ Тоза энергия марказини ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича учрашуви,  ИҲТнинг «Минтақавий электр энергияси бозорларининг истиқболлари ва муаммолари: савдо ва сармоявий имкониятлар»  конференцияси, Фуқаролик авиацияси ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши (ноябрь), ИҲТнинг географик кўрсаткичлар бўйича минтақавий семинари (ноябрь) онлайн шаклда  ташкил этилди.

2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг виртуал учрашуви якунларига кўра, Ўзбекистоннинг «Марказий Осиё – Афғонистон – Покистон», «Марказий Осиё – Афғонистон – Эрон», «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон» автомобиль ва темир йўл транспорти йўлакларини яратиш бўйича ташаббуслари ташкилотга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва якуний Декларацияга киритилди.

2021 йил январь ойида ИҲТга аъзо давлатлар Махсус иқтисодий зоналари раҳбарларининг биринчи йиғилиши ва Минтақавий режалаштириш кенгашининг 31-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раислигида 2022 йил 17-26 январь кунлари бўлиб ўтган ИҲТ Минтақавий режалаштириш кенгашининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ташаббуси билан 2022 йил «Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик  ташкилотига раислиги даврида 25 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, 2022 йил 5-6 июль кунлари Тошкент шаҳрида ташкилотга  аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда ташкилот бош котиби Хусрав Нозири ҳам иштирок этди.

2022 йил 13 декабрь куни ИҲТ давлатлари туризм вазирларининг тўртинчи йиғилиши онлайн тарзда ташкил этилди. Мазкур йиғилиш якунларига  кўра,  Шаҳрисабз шаҳри «2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти» деб эълон қилинди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон Президенти 2022 йил 5 декабрда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзоликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан кенг ҳамкорлик қилиш имконини берувчи «Измир Шартномасини ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

2023 йилнинг 24 январь куни Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик  ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишди ташкилотга аъзо барча давлатлар ТИВ раҳбарлари илк бор иштирок этишди. Учрашув якунлари бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинди. Шу куни Ўзбекистон Президенти Иқтисодий ҳамкорлик  ташкилоти бош котибини қабул қилди.

Шунингдек, ИҲТ бош котиби Хусрав Нозири 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Президент сайловида ва жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва  қўшимчалар киритиш бўйича референдумда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ташкилот навбатдаги саммитининг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлигига янги суръат бағишлаши, бирлашма учун долзарб бўлган масалаларни ҳал этишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек,  кенг ИҲТ маконида истиқомат қилаётган барча халқлар манфаати йўлида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича тузилманинг кейинги асосий устувор йўналишларини белгилаш учун янги асос яратади.



  ...