Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон – БМТ: умумий барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий муҳокамаларида иштирок этади.

Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда янги суверен, мустақил давлат сифатида БМТга аъзо бўлди. Мамлакатимиз ушбу универсал халқаро ташкилотга аъзо бўлганидан буён у ва унинг ихтисослашган муассасалари билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонда  тинчликни таъминлаш ва мамлакатни тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни ҳал қилиш, хусусан, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, туризмни ривожлантириш ва бошқа жабҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси ва ихтисослашган ташкилотлари ишида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75- ва 76-сессиясида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясининг Олий даражадаги сегментида маъруза қилди.

2017 йил июнь ойида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи ва  Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари бўлиб ўтган эди. Давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида (АҚШ) ҳамда 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида (Хитой) ўтказилган «Бир макон, бир йўл» 2-Халқаро форуми доирасида БМТ Бош котиби билан учрашувлар ўтказди. Мазкур учрашувлар натижасида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режалари қабул қилинди ва улар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги умумий муҳокамалардаги иштироки мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб  берди,  десак муболаға  бўлмайди. Ушбу тадбир давомида бир қатор муҳим халқаро ташаббуслар илгари сурилиб, улар сўнгги уч йил давомида муваффақиятли амалга оширилди.

Ўзбекистон етакчиси БМТ минбаридан туриб глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси доирасида олтита резолюция ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» (2018 йил июнь), «Маърифат ва диний бағрикенглик» (2018 йил декабрь), «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» (2019 йил декабрь), «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида» (2021 йил май), «Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида» (2022 йил июль), «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги  (2022 йил декабрь) резолюциялар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан «COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисида»ги (2021 йил октябрь) ва ЮНЕСКО томонидан эса «Хива жараёни: Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантириш» (2021 йил 14-16 сентябрь Хива) резолюциялари қабул қилинди.

Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши глобал курашга қўшган ҳиссаси сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати ўлароқ тарқатилди.

Ўзбекистон кўп томонлама ҳамкорликнинг янги руҳини қўллаб-қувватлаган ҳолда аъзо давлатлар билан биргаликда БМТ доирасида кейинчалик қабул қилиш учун Бош Ассамблеянинг бир қатор резолюциялари лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда.

1993 йилдан бери Тошкентда БМТ ваколатхонаси фаолият юритяпти. Ўзбекистонда, шунингдек, «БМТ оиласи»ни БМТнинг Тараққиёт Дастури (БМТТД), БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг Таълим, фан ва маданият ташкилоти (ЮНЕСКО), БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), БМТнинг Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича ташкилоти (БМТ аёллар), БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази  (МОПДММ), Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва БМТ ТД  раҳбарлиги остидаги БМТ кўнгиллилар дастури тақдим этмоқда.

БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO), БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) ва БМТнинг Европа иқтисодий Комиссияси (ЕИК) каби ташкилотлар ҳам БМТ тизими фаолиятига ҳисса қўшмоқда. Жаҳон банки БМТ тизимининг мустақил ихтисослашган муассасаси сифатида ташкилотнинг мамлакатимиздаги фаолиятига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

БМТнинг Ўзбекистонга ривожланиш мақсадларига кўмак бериш бўйича дастури ўрта муддатли истиқболда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш контекстида Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро ҳамкорликнинг самарали воситасидир.

Янги Ўзбекистоннинг  тараққиёт стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш доирасида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги олий ва юқори даражадаги сиёсий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.

Ўзбекистон Афғонистонда афғон халқи бошига улкан офатлар олиб келган, бутун минтақа учун жиддий таҳдидлар манбаига айланган кўп йиллик қонли урушга чек қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг Афғонистонни можародан кейинги тикланиш дастурларини амалга оширишга самарали ҳисса қўшмоқда. Хусусан, Ўзбекистон–Афғонистон чегара ҳудудида халқаро гуманитар юкларни етказиб бериш учун кўприк очди, шунингдек, Афғонистонда кўплаб инфратузилма объектларини барпо этишга кўмаклашиляпти.

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва айрим давлатларга Афғонистондаги инсонпарварлик фаолиятини Термиз орқали амалга оширишда ҳам  ҳар томонлама ёрдам бераяпти. Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан Афғонистонга инсонпарварлик юкларни марказлаштирилган ва мақсадли етказиб беришни таъминлаш мақсадида Термиз шаҳрида  Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби ташкил этилди. Термизнинг имкониятларидан БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси ва Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳам кенг  фойдаланмоқда.

2018 йил март ойида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Декларация ўша йилнинг апрель ойида БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг 72-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва Тошкент конференцияси ҳақида маълумот БМТ Бош котибининг 2018 йил сентябрь ойида эълон қилинган «Афғонистондаги вазият ва унинг халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун оқибатлари» маърузасига киритилди.

2022 йил июль ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича конференция ўтказилиши ҳам Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатда барқарор тинчлик ва изчил  тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси бўлди.

Айни пайтда БМТ доирасида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари суриш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик тобора фаоллашиб бормоқда. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев эътиборни яна бир ўткир ва зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган сайёравий муаммо – Орол фожиасига қаратиб, жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини «ушбу экологик ҳалокатнинг Марказий Осиёда яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш ва Оролбўйи минтақасидаги табиий ҳамда биологик мувозанатни сақлашга» қаратишга чақирмоқда.

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий муҳокамаларида илгари сурилган ташаббусига мувофиқ, 2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилди. Унинг тақдимоти 2018 йилнинг ноябрь ойида ташкилот Бош котиб Антониу Гутерриш иштирокида ташкилот штаб-квартирасида бўлиб ўтди.

Тақдимот чоғида БМТ раҳбари таъкидлаганидек, «ушбу тузилма маҳаллий аҳоли турмуш шароитини сезиларли даражада яхшилайди ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшади».

Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция уюштирилди. Унда 28 давлатдан 250 га яқин иштирокчи, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари қатнашди.

2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг ялпи мажлисида «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» махсус резолюциясини қабул қилди. Ушбу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида БМТ Бош котиби  Антониу Гутерриш билан бўлиб ўтган учрашув чоғида илгари сурилган эди.  Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва Марказий Осиёнинг барча бешта давлати номидан тақдим этилган мазкур ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Ҳужжатга Шимолий ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлик қилгани Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилганидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлигида диний бағрикенгликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш, ёшлар ҳаёти билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқида Ўзбекистон таклиф этаётган резолюциянинг асосий мақсади «барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат» эканини таъкидлади. Ҳужжат «бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш»га қаратилган.

Жамиятнинг барча жабҳаларида рўй бераётган чуқур ўзгаришларга мувофиқ, Ўзбекистон илк бор 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига (ИҲК) ўз номзодини илгари сурди ва кўпчилик давлатлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътиборга лойиқ. 2018 йилда Парижда, 2019 йилда Самарқандда ва 2022 йилда Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ва ЮНЕСКО бош директори Одри Азуленинг учрашувлари бўлиб ўтди.

2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Тарихий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси тузилди. Ўша йили Хивада Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКО билан ҳамкорликда «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми ташкил этилди. Мазкур форум натижасида ишлаб чиқилган «Хива жараёни: Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантириш» резолюцияси ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2021 йил ноябрдаги 41-сессиясида бир овоздан қабул қилинган эди.

2022 йил июль ойида Ўзбекистон тарихда биринчи марта 2022-2026 йилларга мўлжалланган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита аъзоси бўлди.

2022 йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин давлат вакиллари ва халқаро ташкилотлар расмийлари иштирокида ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. 2023 йил 10-24 май кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 216-сессияси якунлари бўйича «Тошкент декларациясини амалга ошириш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг болалар тарбияси масалалари умумбашарий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани тўғрисида»ги резолюцияси бир овоздан қабул қилинди.

Шу  кунга  қадар  ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси  Репрезентатив рўйхатига ўзбек маданиятининг 12 элементи киритилган. Жумладан,  «Шашмаком», «Бойсун тумани маданий муҳити», «Катта ашула», Аския», «Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар», «Наврўз», Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази , «Лазги», «Миниатюра санъати», «Бахшичилик», «Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш» ҳамда «Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари» каби  элементлар Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатидан  ўрин олган.

Мамлакатимизда халқаро туризм фаол ривожланмоқда. Бунда Ўзбекистон 1993 йилда аъзо бўлган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўлида туризмни ривожлантириш бўйича ЮНВТО  минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда. Бундан  ташқари Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм университети ташкил этилган бўлиб, у энг машҳур ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасидаги биринчи университет ҳисобланади.

Жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтади.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан  юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга қарши кураш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, миллий соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасидаги ҳамкорлик асослари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ўртасидаги икки йиллик ҳамкорлик шартномаси ҳисобланади.

Ўзбекистон делегациялари Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси сессияларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

2021 йилдан буён ЖССТ мамлакатга соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва уни тажриба ҳудуди (Сирдарё)да синовдан ўтказиш, шу жумладан давлат тиббий суғуртасини жорий этишда кўмаклашувчи етакчи ташкилот ҳисобланади.

Сўнгги йилларда БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги фаолияти ҳам сезиларли даражада фаоллашди. 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Жаҳон болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш» форуми муваффақиятли ўтказилди.

2021 йил 11 февраль куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган  ЮНИCЕФ Ижроия кенгаши сессиясида жамғарманинг Ўзбекистон бўйича 2025 йилгача бўлган янги ҳамкорлик дастури тасдиқланди.

Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Ўзбекистонда аҳоли ва репродуктив саломатлик соҳасидаги дастурларни амалга оширишда БМТ тизимида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича жамғарма билан самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги босқичда ЮНФПАнинг бешинчи мамлакат дастури амалга ошириляпти, унинг доирасида репродуктив саломатлик бўйича турли тренинглар, семинарлар, конференциялар ўтказилмоқда. Мамлакатимизда аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этил этиляпти, шунингдек, клиник протоколларни янгилаш, тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

2022 йил ноябрь ойида ЮНФПА билан ҳамкорликда республикада аҳоли масалалари, демографик фан ва тадқиқотларни ривожлантириш бўйича давлат органларининг салоҳиятини ошириш мақсадида Демографик лаборатория ишга туширилди.

Ўзбекистон билан БМТнинг Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган – «БМТ аёллар» ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарали  кечаётир.  Мазкур тузилма билан биргаликда гендер ва ёшлар масалаларига бағишланган халқаро форум ҳамда конференциялар мунтазам ташкил этиляпти, ихтисослаштирилган йўналишларда лойиҳалар ҳаётга  тадбиқ  этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда кейинги йилларда муносиб меҳнат учун шарт-шароит яратиш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш, ишчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида эришилган ютуқларни юксак баҳолайди. Мамлакатимизда ХМТнинг 20 та конвенцияси, жумладан, 10 та асосий конвенциядан 9 таси ратификация қилинган. ХМТ тавсияларини инобатга олган ҳолда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ва Меҳнат кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Айни пайтда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ёшлар, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун таълим, бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларни ўз ичига олган «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури»  амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) мамлакатимизнинг муҳим ҳамкорларидан бирига айланди. Айни пайтда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди  ва у  амалга ошириляпти. ХМТ билан биргаликда республикада меҳнат миграцияси, чегараларни бошқариш, одам савдосига қарши курашиш, меҳнат муҳожирларини ёллаш бўйича мутахассислар малакасини ошириш  cингари лойиҳалар ҳаётга  тадбиқ этилаётир.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари БМТ раҳбарияти ва  аъзо давлатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Чунки, Ўзбекистон томони илгари сураётган ташаббуслар глобал ташкилотнинг глобал мақсадларига, жумладан, сайёрамизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

Барқарор тинчликнинг фаол тарафдори ва халқаро майдонда ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ташаббускори сифатида Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликка доимо катта эътибор қаратиб келади.

Албатта, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбарларининг жаҳон форумидаги иштироки, Ўзбекистонда умуминсоний барқарор тараққиёт йўлида замонамизнинг глобал муаммоларини ҳал этишга хизмат қиладиган янги муҳим ғоя ва ташаббусларни эълон қилиш имконини беради.

 

«Дунё» ахборот агентлиги

Тошкент ш.



  ...