Кўпгина давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш тараққиёт калити сифатида қараб келинмоқда.
Ўзбекистонда 2017 йилдан кенг миқёсдаги маъмурий ислоҳотлар бошланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Амалга оширилган маъмурий ислоҳотларнинг илк ютуқ ва муаммоларини тўғри баҳолаш ҳамда кейинги қадамларни белгилаб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига кўра, маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш устида таҳлиллар амалга оширилди.
Таҳлиллар қуйидаги олтита йўналишни қамраб олди:
Тан олиш лозимки, юқорида белгиланган йўналишлар жуда кенг қамровли бўлиб, чуқур таҳлил ва илмий-амалий тадқиқотларни талаб қилади.
Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2017 йилдан башланган маъмурий ислоҳотларнинг энг асосий ютуғи шу бўлдики, Ўзбекистонда давлат бошқарувида мавжуд бўлган кучли “назорат”тизимидан секин-аста воз кечилмоқда, давлат органлари халқ фикрини эшитишни маълум бир даражада ўрганди.
Бироқ, 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган ҳамма ислоҳотлар ҳам охирига етказилди, деб бўлмайди.
Мисол учун фармон билан белгилаб берилган маъмурий адлия тизимини такомиллаштириш сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмади. Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини кафолатлашга қаратилган “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонун ўрнига “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Бироқ, энг катта муаммо бу эмас. Давлат бошқарувида ҳали-ҳануз эскича – маъмурий буйруқбозлик, кўзбўямачилик асосида ишлашнинг кенг тарқалгани, давлат хизматчиларида таҳлилий фикрлаш, ўз устида доимий ишлаш, танқидий ва конструктив фикрлаш асосида маъмурий бошқарувнинг истиқболларини белгилаш етишмаяпти.
Бир ҳақиқатни тўғри англашимиз зарур. Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг халқ кутган натижаларига эришиш учун, аввало, давлат хизматчилари тўғри ва сифатли ишлашга ўрганиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига кўра амалга оширилган таҳлиллардан келиб чиқиб 2022 йил декабридан Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-269-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-447-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур норматив ҳужжатлар асосида Ўзбекистонда ижро ҳокимияти тизимида қуйидаги маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.
Ўзбекистонда амалга оширилиши кутилаётган маъмурий ислоҳотлар бундан кейин янада самарали амалга оширилиши учун қуйидаги фикрларни эътиборга олиш фойдали бўлган бўлар эди.
Биринчидан, сифатли давлат хизматчиларини тайёрлаш ва доимий равишда малакасини ошириб бориш зарур. Давлат хизматчиларини ягона танлов тизими асосида хизматга қабул қилиш, хизмат бўйича ўсишнинг аниқ мезонларини белгилаш, ротация, интизомий жазога тортиш ва хизматдан бўшатиш, хизматга ҳақ тўлашнинг аниқ шартлари ва механизмини турли субъектив омиллар таъсиридан холи тарзда белгилаш зарур.
Тажрибали давлат хизматчилари, жумладан, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳа вакиллари йиллар давомида тўплаган ўз билим ва тажрибаларини ўзидан кейинги авлод билан бўлиша олсин.
Иккинчидан, вазирлик ва идоралар ишини ташкил этишда яхши ғоя ва инновацияларни рағбатлантириш асосида ишни ташкил этиш талаб этилади. Раҳбар ўз раҳбарлигини ғоявий етакчилик, лидерлик қобилиятлари, жамоани муштарак мақсадлар йўлида бирлаштира олиш ва қўйилган мақсадларга эришиш ва эришилмаган натижалар юзасидан масъулиятни олиш билан тасдиқлаши лозим.
Шунга кўра, раҳбар кадрлар ўз ходимларининг истиқболли ғояларини эшитишга ўрганишлари ва рағбатлантиришлари ҳам муҳимдир.
Учинчидан, вазирлик ва идоралар сони ва кўлами, функционал вазифаларини тўғри белгилаб олишимиз лозим. Шундай соҳалар ёки масалалар борки, бир вазифани бир неча идора бажаради. Бу самарасиз бошқарув белгиси.
Мисол учун, халқ таълими соҳасида қонунлар ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, адлия органлари, прокуратура органлари ва бошқа идоралар томонидан амалга оширилади. Бундай назоратбозлик кимга ва нимага керак? Назоратнинг мақсадини тўғри белгилаш орқали бундай назоратни битта орган амалга оширгани тўғри. Назоратни амалга оширадиган органлар давлат бюджетидан молиялаштирилишини инобатга оладиган бўлсак, бир масала юзасидан бир неча марта молиялаштириш амалга оширилмоқда.
Биз эскича ишлаш услубидан воз кечмоқчи бўлсак, давлат бошқарувида эскича ёндашувлардан ҳам дадил воз кеча олишимиз керак.
Вазирлик ва идоралар сони бўйича оптимал рақам айтиш қийин бўлсада, бироқ бир нарсани аниқ айтишимиз мумкин. Давлат ўзи тартибга солиши керак бўлган соҳалар ва нодавлат секторга бериши керак бўлган йўналишларни аниқлаб олиши лозим.
Мисол учун, кўпгина ривожланган хорижий мамлакатларда олий таълим вазирлиги мавжуд эмас. Чунки академик эркинликка асосланган олий таълим муассасалари ўзини-ўзи бошқара олади.
Мисол учун, Япония тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, Японияда ижро ҳокимияти ўзининг ихчамлиги ва самарали фаолият юритиши билан ажралиб туради.
Тўртинчидан, вазирлик ва идораларнинг ўзаро ва бир тизим ичида амалга оширадиган вазифаларни аниқ белгилаб олиш лозим. Бунда ҳар бир орган ўзининг мустақил фаолият йўналиши ва масъул бўлган соҳасига эга бўлиши лозим. Оддий қилиб айтганда ҳар бир соҳанинг эгаси аниқ бўлиши ва у битта бўлиши керак.
Буни амалга ошириш учун эса маъмурий бошқарувнинг ҳар бир соҳаси кесимида илмий-амалий таҳлиллар амалга оширилиши талаб этилади.
Бешинчидан, 2017 йилдаги маъмурий ислоҳотлар концепцияси шуни кўрсатдики, маъмурий ислоҳотларни амалга оширишнинг умумий ва концептуал йўналишларини белгилаб олишнинг ўзи етарли бўлмайди ва кутилган натижани олиб келмайди. Шунга кўра, навбатдаги маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда ҳар бир соҳа кесимида давлат бошқарувининг мақсадли кўрсаткичлари ва унга эришиш қадамлари ва аниқ механизмлари имкон қадар батафсил кўрсатиб ўтилиши лозим.
Олтинчидан, маъмурий ислоҳотлар ким учундир ёки қайсидир идора манфаатлари учун амалга оширилмаслигини тушуниб олишимиз лозим. Қайси соҳани олманг ҳар бир соҳада ҳар бир вазирлик ва идоранинг “ўрганиб қолган ва ўзи учун қулай бўлган” ва аксарият ҳолларда “орқада қолган” бошқарув амалиёти мавжуд. Вазифалар такрорланиши эса бошқарувдаги ноаниқлик ва самарасизликка сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир масалага идоравий манфаатлар юзасидан эмас, балки қандай қилсак маъмурий бошқарув самарадорлиги ва натижадорлигига, халқ розилигига эришамиз, деган нуқтаи назардан ёндашиш талаб этилади.
Еттинчидан, функционал вазифалар таҳлилини амалга оширишда давлат ва нодавлат сектори аниқлаб олингач, кейинги энг муҳим жиҳат бу маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва марказий бошқарувнинг ўзаро олтин мувозанатини аниқлаб олишда намаён бўлади.
Япония тажрибасида префектура ёки шаҳар, бизнинг тилимиз билан айтилганда эса вилоятлар ва туман(шаҳар)лар кесимида мактабгача таълим, ўрта таълим, тиббиёт, полиция ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл қурилиши ва коммунал хизматларни кўрсатиш, архитектура ва қурилиш ва бошқа бир қатор соҳалар тартибга солинади ва маҳаллий даражадаги бошқарувга ишониб топширилган. Ушбу масалалар юзасидан марказий вазирлик ва идоралар мавжуд эмас.
Мазкур олтин мувозанатни аниқлашнинг асосий мезони шундаки, уларни маҳаллий даражада маҳаллий шарт-шароитлардан, ўзига хосликлардан келиб чиқиб тезкор ҳал қилиш мақсадга мувофиқ.
Мазкур таклифлар маълум маънода бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилиши бошланган. Мисол учун, бугунги кунда қуйидаги вазирликлар қолдирилди:
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
Табиат ресурслари вазирлиги;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Сув хўжалиги вазирлиги;
Рақамли технологиялар вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
Транспорт вазирлиги;
Маданият ва туризм вазирлиги;
Мудофаа вазирлиги;
Энергетика вазирлиги;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Ташқи ишлар вазирлиги;
Ички ишлар вазирлиги;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Фикримизча, биргина мақола доирасида Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотларнинг барча жиҳатларини муҳокама қилиш имконсиз. Аслида бу масалалар халқаро ва республика даражасидаги илмий-амалий конференцияларда олимлар ва амалиётчи-мутахассислар иштирокида пухта таҳлил қилиниши талаб этилади. Умид қиламизки, яқин кунларда бундай тадбирлар ҳам навбати билан ўтказилади.
Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазалар амалга оширилган илмий кузатувлар, таҳлиллар натижаси бўлиб, мақола муаллифининг шахсий қарашлари маҳсулидир.
Умид қиламизки, мазкур мақолада билдирилган фикр-мулоҳазалар Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишда фойдали ва манфаатли бўлади.
Жўрабек Нематов,
Тошкент Давлат юридик университети профессори