Ўзбекистоннинг Токио шаҳридаги Элчихонаси томонидан мамлакатимиз ҳамда Япония парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштириш, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси раиси ўринбосари, Вакиллар палатаси (қуйи палата) депутати Сейичиро Мураками билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида С.Мураками томонидан мамлакатимизда Давлат Раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига катта баҳо берилди. Жумладан, валюта бозорини эркинлаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, мажбурий меҳнатнинг бекор қилиниши, таълим тизимига бўлган эътибор натижасида Ўзбекистондаги ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этаётганини таъкидлади.
Учрашувда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.