Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган янги Тараққиёт стратегиясининг 15-мақсадидан келиб чиқиб, низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш, ҳакамлик судларини фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтга айлантириш ҳамда бу йўналишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги (2006), “Медиация тўғрисида”ги (2018), “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги (2021) Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика иқтисодиётига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2019), “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги (2020) Қарорлари ва “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги (2022) Фармони бевосита инвестициявий муҳитни яхшилаш борасида ташқи савдо фаолиятини самарали тартибга солиш, иқтисодий ва фуқаролик низоларни ҳал қилишнинг муқобил механизмларини ривожлантириш ҳамда субъектлар ҳуқуқларини кафолатлаш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлигининг яққол наъмунасидир.
Ўзбекистон Республикасида низоларни муқобил ҳал қилишнинг қуйидаги турлари амал қилиб келмоқда:
Фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни ҳакамлик судлари томонидан ҳал этилиши давомида бу мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ўзлари ҳохлаган йўсинда ҳал этилиши, бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам бу йўлда қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси “Ҳакамлик судлари ҳақида”ги Қонуннинг 2006 йилда қабул қилиниб, 2007 йил 1 январдан кучга кириши натижасида ваколатли суди билан бир қаторда суд-ҳуқуқий ислоҳотнинг янги муҳим босқичини илдамлик билан бошланди. “Чет эл арбитраж қарорини тан олиш ва уни ижро этиш ҳақидаги” 1958 йил Нью-Йорк конвенциясига имзо чеккан дунёнинг 120 тадан ортиқ давлатлари томонидан ва шу жумладан, 1995 йилда қўшилган Республикамиз томонидан ҳам тан олинган судловнинг янги ўзгача нодавлат тури фаолият кўрсатишни бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2022 йил январь ойидаги реестр маълумотларига кўра, Ўзбекистонда жами 255дан ортиқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари рўйхатдан ўтган бўлиб, жумладан, Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси хузурида 160 дан, Ўзбекистон Савдо-саонат палатаси хузурида 15 дан ортиқ ва бошқа номалар билан қайд этилган 80 дан ортиқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ва жами 1200 га яқин ҳакамлик суди судъялари рўйхатдан ўтган.
Хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда Ўзбекистонда “чўнтак” судлар, уларнинг жалб қилувчи номлар, сифатсиз қабул қилинган ҳал қилув қарорлар, тарафларнинг ҳуқуқлари бузилиши, жиноий ҳатти-ҳаракатлар ва бошқа ҳолатлар рўй беришини олдини олиш борасида мавжуд ҳакамлик судларини қайта ташкил этиш юзасидан жадал ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги ривожланган даврда фуқаролик ва иқтисодий низоларнинг сони кун сайин ортиб бориши натижасида тарафлар ҳакамлик судларида кўриб чиқилган низолар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорларини ваколатли судларга мурожаат билан қўшимча алоҳида давлат божи тўлаб ёки яна ваколатли судга мурожаат қилиш орқали ижрога қаратиш масаласи ҳакамлик судларига бўлган ишончсизлик ва сарсонгарчиликка олиб келаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг 2020 йилдан 2022 йилнинг биринчи ярим йилгача бўлган статистик маълумотларига кўра, ваколатли судлар томонидан ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилинган 74 та ҳолати қайт этилган бўлса, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари беришга доир кўрилган ишларнинг сони 2 715 тани ташкил этган.
Шу муносабат билан, ҳозирда ушбу статистик маълумотларни мослаштириш борасида қамчиликларни бартараф этиш шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан ҳимоя қилинган манфаатларига путур етказмаслик мақсадида “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 49-моддасидан “агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак” деган матннинг ўрнига “ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки манфаатдор шахслар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кундан сўнг ижро этишга қаратилиши мумкин” деган матнни киритиш устида тегишли ташкилотлар томонидан ишлар олиб борилмоқда.
Юқорида қайд этиб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда шуни ҳам айтиш мумкинки, низоларни муқобил тартибда ҳал қилишда ҳакамлик судларини фаолиятини такомиллаштириш истиқболларидаги асосий муаммолардан бири бу албатта ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини ижрога қаратиш масаласидир. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг самарали йўли албатта ижро масаласининг айнан доимий фаолият юритувчи ҳакамлик суди раиси ваколатига бериш кўзда тутилмоқда.
Мазкур илгари сурилаётган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган янги Тараққиёт стратегиясининг 15-мақсадидаги низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш, ҳакамлик судларини фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтга айлантиришга асос бўлади. Шунингдек, 1958 йил Нью-Йорк конвенциясидаги хорижий давлатларнинг арбитраж суди қарорларини тан олиш ва уни ижро этиш ҳақидаги ҳамда хорижий ривожланган давлатларнинг қонунчилигида белгилаб қўйилган нормаларига мос келади.
Шу ўринда, сўнгги ўн йилликда бутун дунёда электрон ҳужжат айланиши даражаси экспоненциал равишда ўсиб, ҳар йили тобора ортиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим. Бу инсон ҳаётининг барча соҳаларига тааллуқлидир: шахсий алоқалар ва бизнес жараёнларидан тортиб давлат органлари фаолиятига ҳам боғлиқ. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳам нодавлат судлари, ҳам давлат судлари ҳар йили тарафлар ўртасида вужудга келган низоларни ҳал этиш тартибида ва иш юритишда тўлиқ ёки қисман масофадан туриб амалга ошириш учун электрон ҳужжат айланишининг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланиш учун янги технологик имкониятларни тақдим этиб келмоқда.
Шу муносабат билан, онлайн ҳакамлик муҳокамасида технологиядан фойдаланиш билан боғлиқ тартиб тарафлар томонидан келишилиши ва белгиланиши керак. Бунда асосан, ҳакамлик судларида онлайн ҳакамлик муҳокамаси, анъанавий ҳакамлик муҳокамасидан фарқли ўлароқ, тарафлар ва ҳакамлик суди судьяси бир-бири билан жисмоний учрашуви эмас, балки виртуал учрашуви асосида амалга оширилади.
Шунингдек, онлайн ҳакамлик муҳокамасида тарафлар бир-бири тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлмайди ва тарафларнинг шахсий учрашуви низоларни ҳал қилиш эҳтимолини камайтиришга олиб келиши ҳам мумкин. Онлайн ҳакамлик муҳокамасида тарафларга низо бўйича ўзаро муносабатларини билдириш ёки ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар барча ҳакамлик процессларини видеоконференция алоқа ёки махсус яратилган электрон платформаси орқали иштирок этиши имконини яратади.
Бундан келиб чиқадики, агар мазкур онлайн ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган бўлса, тарафлар виртуал суд жараёнини ўтказиш бўйича процессуал талабларни ҳал қилишлари керак, шу жумладан сўровлар, видеоконференция ва аудиоконференция алмашиш учун тафсилотлар қайд этилган бўлиши керак бўлади. Шуниси эътиборга лойиқки, баъзи ҳолларда тарафлар ва ҳакамлик суди судьялари тизимнинг турли қисмларида турли географик ҳудудларда жойлаштирилиши мумкин.
Суд платформасида судлар далилларни онлайн режимда текшириши, реал вақт режимида тарафларни сўроқ қилиши ва судлар томонидан платформа хавфсиз бошқарилиши керак. Бугунги кунга келиб, ХХРда Пекин, Гуанчжоу ва Хуанчжоу интернет судлари (Пекин интернет судининг http://tpl.bjinternetcourt.gov.cn), Эстонияда эса e-estonia платформаси, Ҳиндистоннинг http://vcourts.gov.in платформаси орқали онлайн судлар, Нидерландия каби давлатларда виртуал суд мажлислари олиб борилмоқда. Пекин интернет судининг Интернет суд процессларини Тианпинг Чаин платформасида ўтказиш тўғрисидаги махсус йўриқномаси муқаддимасида Пекин интернет судининг суд мажлислари блокчейн технологияга асосланган Тианпинг Чаин платформасида амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистонда ҳам мустақил, коррупциядан озод, шаффоф низоларни муқобил тартибда ҳал этиш тизимини жорий қилиш, низоларни муқобил ҳал қилишда учинчи шахсларнинг аралашувини олдини олиш, ваколатли судларнинг иш юкламаси ҳажмини камайтириш, ҳакамлик суди ишларига оид ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини шакллантириш учун барча маълумотларни ўзида жамлаган ҳакамлик суди жараёнларини ўтказиш бўйича инновацион сай-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан “низоларни муқобил тартибда ҳал қилишда онлайн ҳакамлик суди жараёнларига асос солишга қаратилган “Smart Hakam” платформаси ва мобил иловасини ишлаб чиқиш” мавзусида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб танлов эълон қилиши бунга яққол мисол бўла олади.
Абдумурад Хакбердиев
Тошкент давлат юридик университети
ю.ф.ф.д, доцент в.б., профессионал медиатор
E-mail: m.hakberdiev@mail.ru