Бу халқнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этишининг асосий шаклидир. Ўз навбатида, сайловда қатнашиш асосида фаол фуқаролик позициясини илгари суриш халқимизнинг юксалиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва электорал маданиятини намоён қилади.
Ўзбекистонда сиёсий, давлат ва ҳуқуқий соҳаларнинг изчил, босқичма-босқич модернизация қилиниши натижасида энг юксак демократик талабларга жавоб берадиган сайлов тизими яратилди. Хусусан, сўнгги беш йилда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайлов ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Бунда сайлов қонунчилиги халқаро умумэътироф этилган тамойиллар, нуфузли халқаро ташкилотлар тавсиялари ва халқ фикри асосида такомилига етказилди ҳамда мамлакатдаги демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштирилди.
Янгиланган Конституциямизнинг XXII бобида сайлов тизимига оид асосий қоидалар мустаҳкамланди. Хусусан, Бош қонунимизга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
Эндиликда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги қонституцион норма сифатида белгиланди.
Конституциянинг такомиллаштирилиши асосида сайлов жараёнлари билан боғлиқ бундай нормалар мустаҳкамланиши сайловнинг қонунийлик, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида, жаҳонда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини ҳамда давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.
Миллий сайлов қонунчилигини кодификациялаштирилишининг аҳамияти
Миллий сайлов қонунчилигимизнинг ўзига хос жиҳати сайлов жараёнларига оид барча нормаларнинг кодификациялаштирилганидир.
Хусусан, Сайлов кодекси сайлов ҳуқуқига оид ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ва ҳуқуқий кафолатлар тизимини мустаҳкамлаш билан бирга фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалга оширишни таъминловчи шарт-шароит ва механизмларни яратишга оид ҳуқуқий нормаларни ўзида акс эттиради.
Сайлов қонунчилиги кодекс шаклига келтирилгунга қадар мазкур тизимда бир вақтнинг ўзида бешта қонун параллел равишда амал қиларди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим нормалари бир-бирига зид бўлиб, турли ҳуқуқий коллизия мавжуд эди.
Мазкур ҳолат эса сайлов комиссиялари, айниқса, чекка жойлардаги участка сайлов комиссиялари аъзолари муайян вазиятда қандай йўл тутишни билмай, турли ноаниқликлар юзага келишига сабаб бўлган.
Кодекс қабул қилингач, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган муаммолар ҳамда турли ноаниқлик ва оворагарчиликлар барҳам топганини нафақат миллий сайлов амалиётчилари, балки халқаро экспертлар ҳам кенг эътироф этди.
Миллий сайлов тизимимиз умумжаҳон талаблари ва тенденцияларига мувофиқлаштирилди. Кодекс кучга киритилиши муносабати билан ўттизга яқин қонун бекор қилинди ҳамда қонуности ҳужжатларга кейинчалик киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, баъзи ҳужжатлар ўз кучини йўқотди.
Халқаро сайлов стандартларига мос, пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган бундай мукаммал Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда бўлмаган ўнлаб янги норма ва қоида жой олди, амалдаги айрим бюрократик тартиб-қоидалар бекор қилинди.
Ҳар бир сайловчи – диққат-эътиборда
Мамлакатимизда давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳати Ўзбекистон фуқароларининг қаерда яшаб турганидан қатъи назар, давлат ҳимоясида бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтирилганидир. Айнан 2019 йилдаги сайловда хорижда истиқомат қилиб турган сайлов ёшидаги барча ватандошларимиз учун илк бор овоз бериш имконияти яратилгани ана шундай юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Авваллари бундай сиёсий тадбирларда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар қатнашган.
Сайлов кодексида илк бор чет давлатларда яшаб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Ватандошларимиз учун чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган сайлов участкаларининг сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича электрон мурожаат қилиш имконини берувчи saylov.mfa.uz коммуникацион тизими ишга тушди.
Сайлов жараёнида суиистеъмолчилик, таниш-билишчилик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликда “участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас”лиги алоҳида қайд этилган.
Бироқ шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, чет эллардаги дипломатик ваколатхоналар каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб-қоидалари талабларидан келиб чиқиб, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги амалиётда муаммоларни келтириб чиқарар эди.
Шу сабабли, киритилган ўзгартиришга кўра, мазкур қоида эндиликда чет давлатлардаги дипломатик муассасалар ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил қилинган сайлов участкаларига татбиқ қилинмайди.
Бундан ташқари, Сайлов кодекси имконияти чекланган шахсларнинг овоз бериш йўли билан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини амалга ошириши учун барча механизмларни ўзида мужассам этди. Яъни сайлов куни овоз бериш биноларидаги технологик жиҳозлар — жадваллар, кабиналар ва овоз бериш қутилари ногиронлар аравачасидан фойдаланувчилар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилиши лозимлиги мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, агар соғлиғи ёки ногиронлиги туфайли сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш учун сайлов участкасининг овоз бериш хонасига кела олмаса, унга овоз бериш хонасидан (сайлов участкасидан) ташқарида, яшаш жойида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Бу, ўз навбатида, замонавий сайлов қонунчилигинг муҳим жиҳати кўринишида жамиятимизнинг аъзоси сифатида ногиронлиги мавжуд фуқароларимиз ҳам бошқалар билан тенг равишда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали самарали ва ҳар тарафлама иштирок этиши, жумладан, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига оид имкониятларга эга бўлишини таъминлайди.
Сайлов қонунчилигимизда ҳар бир сайловчининг ҳуқуқ ва эркинликлари инобатга олингани жараёнларда сиёсий ҳуқуқга эга ҳар бир шахснинг ўз сайлов ҳуқуқларини ҳеч тўсқинликсиз амалга ошириши, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг энг муҳим кафолатларидан биридир.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати
Сайловнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, демократик сайлов талабларига мувофиқ ўтишини таъминлаш замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда жараёнларни рақамлаштириш масалаларига боғлиқдир.
Жумладан, Сайлов кодексида республика миқёсида сайловчиларнинг рўйхати электрон тарзда тузилиши белгилаб қўйилган. Мазкур рўйхатни тузиш, унга ўзгартишлар киритиш ва янгилаб туриш сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ёрдамида амалга оширилади.
Ўз навбатида, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.
Айнан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини янада такомиллаштириш орқали фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойлари, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонларнинг номлари ҳамда рақамларининг электрон шаклда аниқ-равшан белгиланишига имкон яратилади.
Бу шунчаки сайловчилар ҳақидаги маълумотлар базаси эмас, балки сайловнинг тенглик принципини таъминлашга хизмат қиладиган восита ҳамдир. Чунки мазкур ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати орқали фуқароларнинг фақат бир маротаба овоз берганини назоратга олиш имконияти мавжуд бўлади.
Айниқса, юқори миграция шароитида сайловчининг тегишли сайлов округига бириктириш ва “бир сайловчи – бир овоз” қоидасини амалда қўллашни таъминловчи тизимни яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Тартиботга кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати барча сайлов участкалари кесимида тегишли участка комиссияларига онлайн тарзда етказилади. Шундай бўлса-да, ҳар бир участка сайлов комиссияси участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан рўйхатга аниқлик киритади.
Қонунга мувофиқ, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин бўлади.
Бундай тизим ўрнатилмасидан аввал бир сайловчининг ҳам доимий рўйхатда, ҳам вақтинча рўйхатда турган жойидан туриб овоз бериш ҳолатлари натижасида фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқи, яъни сайловда битта овозга эгалиги тамойилининг бузилиш ҳолатлари кузатилиши мумкин эди.
Шу асосда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқи принципини рўёбга чиқариб фуқароларимизга давлат бошқарувида сайлов орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишда аниқлик ва қулайликни таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг замонавий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро стандартларга, эркин ва адолатли сайлов мезонларига мувофиқдир.
Шунингдек, мамлакатимиз сайлов тизими ҳуқуқий асослари миллий қадриятларимизга таянилган ҳолда халқаро тамойиллар, илғор хорижий мамлакатлар қонунчилиги ва амалиётини ўрганиш ҳамда мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўтказилган сайловлар тажрибасининг таҳлили натижасида тадрижий такомиллаштирилиб борилмоқда.
Фарангиз Авазбекова,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктор