Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистоннинг янгилаётган Асосий қонунига ўлим жазоси тақиқланиши ҳақидаги норма киритилган



Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ҳақидаги норма ҳам киритилаётир.

Аслида Ўзбекистонда 2008 йилда барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Бу қоида Конституцияда эмас, балки жиноят қонунчилигида ўз аксини топган эди. Ўлим жазоси тақиқланишининг конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Шунга қарамай айрим фуқаролар ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш хақидаги таклифларни илгари сурилмоқда. Ваҳоланки, яшаш ҳуқуқини ҳар бир инсонга давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган. Шу жиҳатдан қараганда, ўлим жазосига Конституция даражасида тақиқ қўйилиши инсон қадрини улуғлаш билан боғлиқ муҳим воқеликдир.

Бугунги кунда дунёнинг қатор мамлакатларида ўлим жазоси ҳалиям қўлланилади. Аммо жазо ижросидан муайян муддат ўтгач, тақдим этилган далиллар, кўрсатмалар асосида оқланганлик ҳолатлари ҳам кузатилган. Бироқ тайинланган жазо ижроси таъминлангандан сўнг бу инсон ҳаётини ортга қайтаришнинг имкони бўлмайди.

Демак, номукаммал суд тизимидаги бир хато инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкин. Чунки эртага суд оқлов ҳукми чиқарадиган бўлса, ноҳақ айбланган инсонни ортга қайтариб бўлмайди. Инсон зоти бундай қарор чиқариши одамийлик мезонларига тўғри келмайди, албатта. Ваҳоланки, сўнгги йилларда мамлкатимизда қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан бир қанча оқлов ҳукмлари ҳам чиқарилмоқда (масалан, судлар томонидан сўнгги беш йилда 4700 дан ортиқ фуқаро оқланган).

Кечиримлилик – халқимизга хос хислат. Давлат хато қилган фарзандини кечирувчи ота-она сингари ўз фуқароларига қайта имконият тақдим этиши жуда муҳим. Бу фуқаронинг давлатга ишончи ва меҳрини ҳис этишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Жиноят қилган инсонни жазолашдан мақсад уни қайта тарбиялаш, хатоларини англаб етишга эришиш. Кўпчилик жиноятга адашганидан қўл уради ва бошқа ҳеч қачон бу ишни қайтармасликка виждонан аҳд қилади. Бундай инсонларни панжара ортида ушлаб туришдан нима наф? Озодликка чиқсин, сидқидилдан ишлаб, ота-онаси, яқинлари, маҳалла-кўй, жамият олдидаги айбини ювсин. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда маҳкумларни авф этиш ва қайта ижтимоийлаштириш сиёсати амалда ижобий натижаларини бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилдан буён афв этиш билан боғлиқ 21 та фармон эълон қилинди. Мазкур фармонлар асосида жазо муддатини ўтаётган 5550 дан зиёд шахс афв этилди.

Давлат ва жамият томонидан ушбу тоифадаги кишиларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими яратилган. Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб комиссия хулосаси асосида жазони ўтаб бўлган собиқ маҳкумларга МҲЭКМнинг 10 баравари миқдорида дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети бериладиган бўлди. Уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришда кўмак кўрсатилмоқда.

Афв замирида нафақат кечиримлилик, балки юксак инсонпарварлик мужассам. Негаки, афв этилган шахсларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бундай инсонпарварлик муносабатидан баҳраманд бўлади. Адолатли жамиятда айбдорни жазога тортишдан мақсад уни янада ашаддийлаштириш эмас, балки тўғри йўлга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш. Шундай экан, ушбу тажрибани Конституцияда белгилаб қўйиш барча учун манфаатли бўлади. Афв этилган бир инсон туфайли унинг яқинлари, оила-аъзолари, дўстлари, қариндошлари ва яна қанча инсонлар турганини унутмаслик керак. Бу орқали кўплаб инсонлар кўнглида давлатга нисбатан ишончни мустаҳкамлаш мумкин.

Шундай экан, Конституцияга киритилаётган ўзгартишда нафақат ўлим жазоси бекор қилиниши, балки қатъий равишда тақиқланиши ҳам белгиланмоқда.

Давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканини бутун дунёга яққол намоён қилмоқда. Бугунги кунда 106 давлатда, яъни Канада, Аргентина, Дания, Франция, Италия, Норвегия, Швеция, Болгария, Польша кабиларда ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 54 та давлатда ўлим жазоси мавжуд. Айрим давлатлар эса ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилса-да, Конституциясида бўлмагани боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган.

Бироқ демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Бу борада юртимиздаги ҳуқуқий ўзгаришлар эса демократик ислоҳотлар ва инсонпарварлик йўлида собит эканимизнинг яққол ифодасидир.

 

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари



  ...