Табиийки, бу глобал масалаларни ҳал этишда ёшлар сиёсати ва таълим ислоҳотларининг ўрни муҳим.
Таълимнинг инсон камолотидаги ўрни ҳақида сўз борар экан, жадид боболаримиз ўгитлари тасаввуримизда қайта-қайта жонланади. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу борада тўхталиб, “Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар”, деган эди.
Ватанпарвар аждодларимизнинг бу борадаги чақириқлари, даъватлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим дастуруламал бўлмоқда. Президентимиз конституциявий ислоҳотлар зарурияти ҳақида гапирганда, таълим, илм-фан ва инновацион ривожланиш, айниқса ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиши замирида ҳам шу мақсад мужассам.
Давлатимиз раҳбари бу борада Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида алоҳида тўхталиб, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, дея таъкидлаган эди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилганди.
Нега айнан ўқитувчилар мақоми Конституция даражасида муҳофаза қилиниши керак, бошқа касблар шундай эътиборга лойиқ эмасми, деган саволлар туғилиши табиий. Ўқитувчи ва мураббийлар ҳурматини Конституция даражасида мустаҳкамлаш аслида инсон ҳурмати, инсон қадри масаласи ҳисобланади. Зеро, таълим сифатини замонавий билимларга эга ҳаётдан рози ўқитувчисиз таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун эса ўқитувчининг ижтимоий ва моддий фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳурматини жойига қўйиш талаб этилади.
Бу борада халқаро тажрибага назар соладиган бўлсак, Япония, Хитой каби Осиё давлатларидаги иқтисодий мўъжиза таълим ислоҳоти билан боғлиқ. Ёки Корея ва Сингапур тажрибасини олайлик. Улар ўтган асрнинг 60-йилларида қолоқ мамлакатлар бўлган. Инвеситицияни таълимга жуда оқилона сарфлаш натижасида бугунги кунга келиб бу давлатлар Осиёнинг энг илғор мамлакатларига айланди.
Тан олишимиз керак, илгарии Конституция, деганда аксарият ҳолларда давлат органлари мақоми тушунилса, эндиликда ҳар биримиз ва фарзандларимизнинг келажаги учун сув ва ҳаводек муҳим бўлган масала – ўқитувчининг мақоми ҳам мустаҳкамланмоқда. Янги норма давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мактаблар ва ўқитувчилар фаолиятига асоссиз аралашувга, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишга, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича комплекс чораларни кўришга хизмат қилади.
Кўп йиллар халқимизни ташвишга солиб келган мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳам ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми бўйича бўшлиқлар натижаси бўлган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ҳуқуқий бўшлиқ оқибатида ижро органлари томонидан ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини камситувчи турли кампаниябозлик ҳолатлари давом этаверди. Бунда ўқитувчилар аҳоли қарздорлигини ундириш, турли рўйхатларни шакллантириш, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдириш каби мантиқсиз фаолият билан банд этилгани ҳам айни ҳақиқат.
Бу борада Президентимиз 2018 йилда халқ таълими ходимларини хизмат вазифаларига боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, жумладан, туман ва шаҳарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига ва бошқа турдаги ишларга жалб қилишни тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолаб, кенг жамоатчилик ҳам ўқитувчилар қадрини кўтариш ишларига астойдил бел боғлаганини алоҳида эслаб ўтиш жоиз.
Ўқитувчи мақоми Конституция даражасида белгиланиши давлатнинг илм-фан, маърифат ва таълим бўйича туб ислоҳотлар қилишга чоғланганини кўрсатади. Ўқитувчининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари Асосий қонун орқали мустаҳкамланиши уларни ҳар қандай тарзда чеклашнинг олдини олади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур конституцион норма ўқитувчиларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришга хизмат қилади. Шунингдек, янги тизим ўқитувчилик касбини нафақат молиявий, балки интеллектуал жиҳатдан ҳам жозибадор қилишга асос бўлади. Бу эса, ўз ўрнида, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича барча куч ва ресурслар, саъй-ҳаракатлар сафарбар этилишини англатади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, биз яшаётган шиддатли ахборот замонида кечаги билим бугунги кунга тўғри келмаяпти. Хусусан, 20 йил олдин саводхонлик асосан фақат китоб ёки матнни ўқиш, деб тушунилган бўлса, бугунги кунда билим билан биргаликда уни амалиётга жорий эта олишингиз лозим. Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ўқитувчининг тинмасдан ўз устида ишлаши, ҳар куни замонавий билимларни эгаллашини тақозо этади. Янги норма шу маънода ўқитувчилар касбий ва шахсий ривожланишига катта мотивация ва импульс беради.
Таъкидлаш жоизки, ЮНЕСКОнинг 1966 йил 5 июлдаги “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги тавсиясининг 7-бандида педагогнинг эркинлик принципи мустаҳкамланган. Шунингдек, мазкур нормага ўхшаш қоидалар Германия, Португалия, Уругвай, Эквадор, Миср конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган. Мазкур норма давлат органлари ва бошқа ташкилотлар педагог кадрлар шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, улар меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилади.
Шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчининг давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши кучайтирилиши, пировардида, уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Ихтиёр Беков,
Тошкент давлат юридик университети профессори