Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) жисмоний ва юридик шахсларга «ягона дарча» тамойили бўйича хизматлар кўрсатиш; сервиснинг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлигини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик; давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи идоралараро электрон ҳамкорликни амалга ошириш; давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш вазифалари юклатилган.
Давлат хизматлари соҳасидаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, унинг юридик жиҳатдан таъминлаб бориш учун ДХМлар Адлия вазирлигиги тизимида ташкил этилди.
Давлат хизматларини кўрсатишда “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили белгиланди. Ушбу соҳани тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Хусусан, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Лицензиялар, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар, ҳар бир хизмат бўйича маъмурий регламентлар қабул қилинди.
Амалга оширилган ҳуқуқий, ташкилий комплекс чоралар натижасида ДХМлар аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг, давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришнинг марказига айланди.
ДХМлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар арифметик прогрессия суръатида ошиб бормоқда
2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда 280 га яқин хизматлар кўрсатилмоқда. 2022 йилнинг ўзида 100 га яқин хизматлар қўшилди.
Ҳар куни ўртача 40-45 минг фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда.
ДХМлар томонидан ҳозирга қадар 45 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. 2022 йил давомида 12 млн.га яқин давлат хизматлари кўрсатилди, бу кўрсатгич 2017 йилга нисбатан 83 бараварга кўп. Давлат хизматлари кўрсатишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага (57 фоиз) қисқартирилди.
28 турда кўрсатилган давлат хизматининг натижаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра почта алоқаси орқали уларнинг манзилига етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу эса фуқароларнинг давлат хизматлари марказларига ёки ваколатли органларга иккинчи маротаба овора бўлиб келиб кетишига чек қўйди.
Фуқароларга қулай замонавий ДХМ бинолари қурилди
Республиканинг барча 208 та туман-шаҳарларида ДХМлар ташкил этилди. ДХМларнинг 180 тасида замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу биноларнинг 79 таси давлат-хусусий шериклик асосида қурилди. Туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км. узоқ, тоғли ҳудудларда 138 та филиал фаолият юритиб келмоқда. Улар маҳаллий аҳолини узоғини яқин қилмоқда.
Бугунги кунда ДХМларда ташриф буюрувчилар учун зарур қулайликлар яратилган бўлиб, кутиш заллари электрон навбат тизимлари, ахборот киоскалари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари, саломатлик бурчаклари, мутолаа учун китоб жавонлари, болалар ўйин майдончалари, “Wi-Fi” ҳудудлар ҳамда буфетлар билан жиҳозланган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида сурдо таржимон хизмати ҳам йўлга қўйилди. 2022 йил давомида 254 та шундай фуқарога хизмат кўрсатилган.
Рақамлаштириш ва Blockchain технологиясининг қўлланилиши
Адлия вазирлиги мамлакат рақамлаштириш амалиётида мисли кўрилмаган ишни амалга оширди. Ўтган 3 йил ичида ФҲДЁнинг 60 миллиондан ортиқ архив ҳужжатлари рақамлаштиришлди, бу эса Ўзбекистонда ФҲДЁ хизматлари кўрсатиш жараёнини рақамлаштириш имконини берди.
Рақамлаштириш натижасида “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида оила таркибини аниқлаш имконияти яратилди.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини экстерриториал тамойил асосида қайд қилиш тартиби йўлга қўйилди.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини (ФҲДЁ) қайд этиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш жараёни “доимий такомиллаштириш тамойили” асосида ривожлантириб борилмоқда.
Қайд этилган фуқаролик ҳолати ёзувларини ишончлилиги, хавфсизлиги ва доимийлигини кафолатлаш учун блокчейн технологиясига асосланган фуқаролик ҳолатини қайд этишнинг электрон тизими жорий этилди.
ФҲДЁ тизимидаги архив ҳужжатларни сақлаш, қайта ишлаш ва рақамлаштириш мақсадида Маълумотларни қайта ишлаш марказини (МҚМ) яратиш ва замонавий сервер қурилмалари ҳамда ускуналари билан жиҳозлашда кўмак берилди.
“ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида мазкур технологиянинг жорий этилиши фуқароларнинг ҳаётий воқеалари билан боғлиқ бўлган тарихий фактларнинг ишончли ва хавфсизлигини таъминлаш билан бир вақтда, соҳада мавжуд бюрократик жараёнларни оптималлаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.
Хизматлар сайёр тартибда ва “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатилиши йўлга қўйилган
Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Биргина 2022 йил давомида 800 мингдан ортиқ сайёр хизматлар кўрсатилди.
Сайёр хизматларни ташкил этиш учун махсус мослаштирилган автомашиналар харид қилинган бўлиб, улар кўчма ДХМ вазифасини ўтайди. Улар барча замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. РАСМ
2019 йилдан давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматлар “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бу аҳолига нима беради? Бунда давлат хизматларини кўрсатиш доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъий назар аҳоли ва тадбиркорларимиз исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Аҳолини онлайн хизматларга ўргатиш муҳим вазифа
Биз бугунги кунда электрон ҳукумат тушунчасидан кўра кўпроқ рақамли ҳукумат ҳақида гапира бошладик. Зарур ҳуқуқий база, инфратузилма шакллантирилмоқда. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Давлат дастури қабул қилинган.
Бунда аҳолини давлат хизматларидан онлайн фойдаланишга ўргатиш ва уларнинг кўникмаларини ошириш муҳим. Шу боис аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ва бунда уларнинг маданиятини ошириш мақсадида ДХМларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этилди
ДХМларда яратилган бу каби қулайликлар давлат хизматларини онлайн тарзда олиш даражасининг ортишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Хусусан фуқаролар томонидан онлайн тарзда фойдаланилган давлат хизматлари 2020 йилда 3,1 млн. тани, 2021 йилда 8,4 млн.тани ҳамда 2022 йил давомида 11,8 млн. тани ташкил этган.
Бунда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари муҳим аҳамият касб этиб, зарур моддий техника воситалари билан жиҳозланган ва Интернет тармоғига боғланган ҳолда ташриф буюрувчиларнинг фойдаланишлари учун хизмат қилмоқда. Бунда ДХМ ходимлари ташриф буюрувчиларга зарур маслаҳатлар ва онлайн хизматдан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида тушунтиришлар бериб боришади.
2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланишда шахсни идентификация қилишнинг “Мобил-ID” тизими жорий этилди. Идентификация қилишнинг бу муқобил воситаси “веб-сайтдан мобил иловага» (from web to app) тамойилини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
“Мобил-ID” тизими ишга туширилганлигига кўп вақт бўлмаган бўлсада 750 000 га яқин фуқаролар ушбу тизимдан рўйхатдан ўтиб фойдаланишни бошлади.
Аҳолидан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди
Давлат идоралари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида бюрократия ва қоғозбозликни қисқартириш мақсадида 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни аҳолидан талаб қилиниши бекор қилинди, 200 дан ортиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилди.
Бунинг натижасида йилига ўртача 20 млн.дан ортиқ аҳоли ортиқча қоғозбозликдан озод бўлди, идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олди олинди ва аҳолининг биргина ташкилотларга бориб келиши билан боғлиқ 300 млрд. сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлари тежалишига олиб келди.
Фуқаролардан давлат ташкилотлари талаб қилиши мумкин бўлмаган ҳужжатлар рўйхатида шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари кабилар ҳам бор. Буларнинг бекор бўлаётганининг аҳамиятини қисқа изоҳ билан тушунтириш мушкул.
70-80 йиллик, баъзилариники ундан ҳам кўп йиллик «стаж»га эга бу ҳужжатларни талаб қилиш тўхтади – оворагарчиликлардан иборат катта бир тарихга якун ясалмоқда. Давлат ва фуқаро муносабатларида аслида бу радикал, инқилобий қадам.
Композит хизматлар
Аҳолини ортиқча овора бўлишини олдини олиш ҳамда идорама-идора сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик мақсадида хизматларни “комплекс тарзда” кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу фуқаронинг битта сўрови асосида ўзаро боғлиқ давлат хизматларини композит шаклда, яъни бир пайтда тақдим этишдир.
Мисол учун, ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганликни қайд этиш жараёнида:
- поликлиникага ҳисобга қўйиш;
- бир марталик нафақа пулини олиш учун ариза юбориш;
- болани ота-онаси доимий рўйхатда турган манзил бўйича рўйхатга қўйиш;
- болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтда амалга оширилади.
Бу билан, 15 дан ортиқ ҳужжатлар қисқартирилди.
Ўртача бир ойда 70 мингдан ортиқ туғилиш қайд этилаётган бўлиб, ушбу хизматни композит усулида кўрсатилиши натижасида аҳолини
яна 4 та идорага 280 минг маротаба овора бўлиб боришига чек қўйилди.
Бунинг натижасида аҳолининг ҳар бир хизматдан фойдаланиш учун бошқа идораларга бориш-келиши билан боғлиқ 11 млрд сўмдан ортиқ маблағлар аҳолининг ўзида қолишига эришилди.
Проактив хизматлар
Давлат ташкилотларининг ўз ташаббуси билан фуқароларга муайян вазиятда керакли хизматдан фойдаланишни таклиф қилишини назарда тутувчи проактив давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Мисол учун, жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизимини жорий этилди.
Биз ўз вақтида бу соҳадаги мутхассислардан бири эстониялик мутахассис Мартен Кайватснинг энг яхши хизмат бу ҳатто уни олганингизни билмай қоладиган хизматдир деган фикрига қўшиламиз.
ДХМлар айни пайтда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар маркази ҳамдир
“Madad” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари биноларига жойлаштирилган бўлиб, аҳолига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли билан уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида ҳуқуқий масалалар бўйича шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш орқали бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиб келмоқда. 2022 йилда ҳудудий бюроларга мурожаат қилган 120 530 нафар фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатилган.
Ситуацион марказ
Маълумки ситуацион марказлар стратегик бошқарувда вазиятли ёндашувни амалга оширишнинг энг самарали воситаларидан биридир. Ҳар куни ДХМ ва ФҲДЁ ларга 300 дан 1500 гача мурожаатчи ташриф буюришади. Уларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва тезкорлигини мониторинг қилиб бориш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида Адлия вазирлигида Ситуацион марказ ташкил этилган.
Ситуацион марказнинг интеграциялашган марказлаштирилган омбори турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштиради ва менежментни қизиқтирадиган вазиятни билишга кўмак берадиган рақамлар, маълумотлар визуал ва интерактив панелларда намойиш этилади. Тақдим этилаётган хизматларнинг масофавий мониторинги, прогнози ва таҳлилини автоматлаштиришга ҳисса қўшади. Айни пайтда ушбу марказ орқали ходимлар фаолияти самарадорлигига, ахлоқ қоидаларига риоя этилаётганлигига баҳо бериб борилади.
Бу динамик ривожланаётган вазиятларни изчил, ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида, вазият динамикасини белгилайдиган асосий муаммолар ва масалаларни аниқлаш ва унинг ривожланишига таъсир қилиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилиш имконини беради.
Фуқароларимизнинг Давлат хизматлари марказларидан қониқиш даражаси ортиб бормоқда
Адлия вазирлиги томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий равишда фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражаси ўрганиб борилмоқда.
Европа Иттифоқи ҳамда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида “PricewaterhouseCoopers” халқаро компаниялар тармоғи томонидан Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрувчилар ўртасида аноним сўров ўтказилган. Сўровнома натижасига кўра, фуқароларнинг 90 фоизи кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш ҳосил қилиб, марказ ходимлари фаолиятини аъло баҳолашган.
Ўзига хос парадигмалар алмашинуви рўй берди.
Аҳолимиз «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили бу шунчаки баландпарвоз гап эмас, реал воқелик эканлигини гувоҳи бўлиб турибди.
Президент Ш.Мирзиёев томонидан эълон қилинган халқ билан мулоқот сиёсатининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилсин” муҳим шиорининг амалда ифодасини кўрсатадиган давлат хизматлари марказлари, аҳолининг давлатга бўлган қарашларига, ишончига ижобий таъсир этмоқда.
Бу ишонч ўз навбатида давлат хизматлари марказлари фаолиятига маъсул бўлган тузилмаларда янгликларга интилишга, муаммоларни ҳал қилишнинг ностандарт ечимларини излашга, фуқароларнинг мамнун қиладиган инновациялар устида ишлаш учун мотивация бўлмоқда.
Албатта, ҳали камчиликлар бор, бундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин мақсад давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган ҳар бир фуқарога энг юқори стандартларда хизмат кўрсатишни ташкил қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазири ўринбосари
Худоёр Мелиев