Бу ислоҳотлар самараси, аввало, халқимиз турмуш тарзини ва дунёқарашини тубдан ўзгартирди. Юртдошларимизнинг жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида фаоллиги ошмоқда, давлат аҳамиятига молик муҳим лойиҳалар ижросини таъминлашда иштироки кенгаяётир. Буларнинг барчаси инсон манфаатини улуғлаб, обод ва фаровон жамият барпо этишни кўзлаган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз вазифасига киришган илк кунларданоқ кучли демократик давлат қуриш, бу йўлда халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, жамиятда очиқлик, ошкоралик муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада кечиктириб бўлмас вазифаларни аниқлаб олиш, улар томон тизимли ҳаракат қилиш мақсадида доно халқимиз билан бамаслаҳат Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилди. Энди эса унинг мантиқий давоми бўлган Тараққиёт стратегияси асосида янги, янада улкан вазифалар ижросига киришилган. Ўтган давр мобайнида мазкур ҳужжатлар асосида мамлакатда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар кечди. Бугун бу ўзгариш ва янгиланишларни одамлар ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда.
Албатта, қисқа муддатда бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Буларнинг замирида давлатимиз раҳбарининг қатъияти ва сиёсий иродаси мужассам. Ана шундай аниқ мақсад ва узоқни кўзлаб юритилаётган сиёсат туфайли бугун ҳар томонлама ривожланган Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда. Учинчи Ренессанс пойдевори яратилиб, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ғоя ҳаётда ўз тасдиғини топаётир. Натижада давлат ва ҳокимият идораларининг иш принципи ўзгарди. Ҳар бир ислоҳот ва янгиланиш инсон манфаати, унинг турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилиши белгиланди.
Халқ билан мулоқотнинг янгича тизими самараси
Мамлакатда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик бўлиши қатъий талаблардан бирига айланди. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвиши билан амалда жиддий шуғуллана бошлади. Яъни бугунги кунда давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, фаол мулоқот олиб бормоқда. Бу борада халқ билан мулоқотнинг мутлақо янги тизими, янгича институти яратилди. Хусусан, Президентимизнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Натижада халқимиз дард-ҳасратини, йиллар давомида йиғилган муаммоларини очиқ-ошкора айта олиши учун имконият пайдо бўлди.
Инсон қадри — улуғ, у эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак, деган эзгу ғоя ижобатини юртдошларимиз бугун ўз тақдири ва турмушида кўриб, ҳис қилиб турибди. Очиқлик сиёсати туфайли халқимизнинг давлатга ишончи янада мустаҳкамланди. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси асосида бу борадаги ишлар ривожланиб, инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг фаровон яшашини таъминлаш, ҳаётдан рози қилишдек эзгу ишлар тобора кенгайиб бораётир.
Тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, “Давлат — инсон учун” эзгу ғоясини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида унинг умумхалқ муҳокамаси орқали қабул қилиниши муҳим ишларда халққа таяниш ва у билан бамаслаҳат иш олиб боришдек асосий демократик тамойиллар ҳаётимиздан чуқур ўрин олганидан далолат беради.
Инсон қадри деганда, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилмани ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш тушунилади. Бу мақсадга эришиш учун эса дунёда ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифаси қўйилмоқда. Хусусан, бугунги кунда ҳар бир маҳаллага аҳоли сони, уларнинг инфратузилмаси ҳолатидан келиб чиқиб етарли миқдорда маблағ ажратилмоқда. Маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари фуқаролар билан доимий иш олиб бориб, уларни қийнаётган муаммоларни босқичма-босқич ҳал этмоқда. Барча масалалар маҳалланинг ўзида ўрганилиб, ечимини топмоқда.
Президентимизнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори маҳаллалар ҳаётини янги босқичга кўтарди. Қарор асосида маҳаллалардаги ички йўллар, ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, газ таъминоти ва бошқа ижтимоий объектларни таъмирлаш учун маблағ ажратилмоқда.
Ижтимоий ҳимоянинг муҳим кўриниши
Аҳолининг ҳаёт даражасини ифода этувчи муҳим омиллардан яна бири уй-жой таъминоти масаласидир. Сўнгги йилларда бу масала ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Натижада қисқа вақт ичида мамлакатимизда улкан қурилиш ишлари олиб борилиб, минглаб оилалар ватан ичра кичик ватанига эга бўлди. Хусусан, 2018 йилдан буён уй-жой қурилиши қарийб 2 баробар ортган. Аҳоли жон бошига уй-жой билан таъминлаш даражаси 15,7 квадрат метрдан 18,2 квадрат метргача ёки 16 фоиз ошган. Биргина 2022 йилнинг ўзида 24,3 минг хонадон фойдаланишга топширилган.
Шунингдек, 2020 йилда ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробар оширилиб, 1 миллион 200 мингга етди. Ўртача иш ҳақи 1293,8 мингдан 3214,8 минг сўмга ошди. Йиллар давомида яшириб келинган камбағаллик муаммоси борлиги Президентимиз томонидан очиқланиб, унга қарши кескин кураш бошлаб юборилди. Эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янгича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланиб, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди.
Авваллари ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ижтимоий соҳа вакиллари ўз касбий фаолияти, ўқувчи ва талабалар ўқиши билан шуғулланмай, бутун куз фасли давомида пахта теримига жалб этилар эди. Мактабларда эркак ўқитувчиларнинг сони кескин камайиб кетганди. Бу, ўз ўрнида, болаларнинг таълим-тарбиясига салбий таъсир ўтказди.
Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда ушбу муаммо ечим топди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилиши ортидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилинди. Натижада дунёнинг энг кўзга кўринган уч юздан ортиқ бренди билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлди.
Бу соҳада бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усуллари, жумладан, кластер тизими жорий этилди. Тизим йил сайин ривожлантирилди, натижада 2021 йилга келиб республикада агрокластерлар сони 633 тага етди. Улар 2,2 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерини қамраб олди. Кластерлар ёрдамида пахта бўйича гектаридан 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олиш кўзланмоқда.
Ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатдан озод қилиш баробарида уларнинг фаолиятини ривожлантиришга ҳам эътибор кучайди. 2016 йилда болаларни боғчаларга қамраб олиш бор-йўғи 30 фоизни ташкил этарди, холос. Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони қарийб 30 мингга яқинлашди, шундан 23 мингга яқинини нодавлат боғчалар ташкил этади. Айни пайтда 2 миллион 100 минг ёки 71,8 фоиз бола боғчага қамраб олинди. Мазкур кўрсаткични 2023 йилнинг охирига қадар 75 фоизга етказиш режа қилинган.
Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр ҳамда таклифлари асосида мактабларда 11 йиллик таълим қайта тикланди. Мактаб ўқитувчиларининг иш юкламалари мақбуллаштирилди. Халқ таълими ходимларининг ижтимоий шарт-шароитини яхшилашга эътибор ортди. Ўқувчилар сони йил сайин кўпайиб, 2017/2018 ўқув йилида жами 5271,3 мингдан, 2021/2022 ўқув йилига келиб 6304,6 мингга ошди. Ўз навбатида, шунга мос равишда мактаблар ҳамда ўқитувчилар сони ҳам ортди. Хусусан, мактаблар сони 2016 йилдаги 9719 тадан 2021 йилда 10 минг 289 тага етказилди. Ўқитувчилар сони эса 2021/2022 ўқув йилида 510 мингга етди.
Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтириш мақсадида умумтаълим фанларини ўқитишнинг бутунлай янгича тизими яратилди. Президент мактаби, ихтисослаштирилган ҳамда ижод мактаблари ташкил этилди.
Мамлакатимиз олий таълим тизимида ҳам қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ортди, уларга қабул квотаси 4 баробар кўпайди. Олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етказилди.
Таълим ва тарбия масаласи умуммиллий ҳаракатга айланди. Ўқитувчининг мавқеини юксалтириш, устоз-муаллимларга муносиб шарт-шароит яратиш мақсадида педагог ходимларнинг иш ҳақи босқичма-босқич ошириб борилмоқда.
Биз пандемияни қандай енгдик?
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, устувор мақсадлар аниқлаб олинди. Аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида хусусий тиббиёт ташкилотларининг тиббий ихтисосликлар бўйича лицензия олишига имконият яратилди. Хусусий тиббиёт муассасалари сони 1,8 баробар кўпайиб, 4000 тадан 7049 тага етди.
Тез тиббий ёрдам хизматида ислоҳотлар ўтказилиб, битта чақириққа дори-дармон учун ажратилган маблағ 500 сўмдан 7700 сўмга оширилди. Тез ёрдам шохобчалари сони 5 йил ичида 818 тадан 1666 тага етказилди. Чақириқларга ўртача етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқага қисқарди. Реанимобиль транспорт воситалари сони эса 24 тадан 435 тага кўпайтирилди.
Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Фармацевтика соҳасини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимизнинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Пандемия даври учун ўта муҳим бўлган ремдесивир, фавипиравир, гепарин, эноксапарин ва бошқа препаратларни қисқа муддатда юртимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, Спутник V, AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001, Moderna вакциналари олиб келиниб, халқимиз бепул эмланди. Ушбу ишлар Ўзбекистондаги инсонпарвар сиёсатнинг муҳим кўзгуси сифатида дунёга бўй кўрсатди.
Ўзбекистон 182 мамлакат билан савдо алоқаларини ўрнатди
Ўтган вақт давомида иқтисодиёт соҳасида ҳам янгиланишлар, тезлик билан ўсиш жараёнлари юз берди. Жумладан, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни ошириш борасида кўрилган чоралар натижасида иқтисодий ўсиш йиллик 4,4 фоиздан 2021 йилга келиб 7,4 фоизни ташкил этди. Аҳолининг ЯИМдаги улуши 2021 йилда киши бошига 21 миллион сўмни ташкил этиб, 2,7 фоиздан 5,3 фоизга ўсди.
Пул-кредит (монетар) сиёсатидаги ўзгаришлар ҳақида гапирганда, энг аввало, валюта бозори либераллаштирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки биргина ушбу ислоҳот тадбиркорларнинг кўплаб оворагарчилигига чек қўйиб, экспортни жадаллаштиришга замин яратди. Бу борадаги ишларни норматив ҳужжатлар билан тартибга солиш мақсадида янги таҳрирдаги “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизими такомиллаштирилиб, парламентнинг бюджет жараёнидаги роли оширилди. “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди. Тадбиркорлик субъектлари учун ягона ижтимоий тўлов пасайтирилиб, 12 фоиз этиб белгиланди. Солиққа тортишни соддалаштириш мақсадида амалдаги солиқлар сони 13 тадан 9 тагача камайтирилди.
Халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш борасида туб бурилишлар юз берди, инвестиция сиёсати такомиллаштирилди. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми ортиб, 2021 йилда уларнинг ҳажми 239,6 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2016 йилда бор-йўғи 51,2 триллион сўм эди.
Божхона назорати жараёнининг асосий қисми автоматлаштирилиб, инсон омили аралашувига чек қўйилиши натижасида ҳуқуқбузарликлар 4 баробар, божхона текширувлари сони 1,7 баробар камайди. Ўзбекистон жаҳоннинг 182 мамлакати билан савдо алоқаларини ўрнатди. Шунингдек, саноатнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш чоралари кўрилди. Натижада саноат маҳсулоти ҳажми 2021 йилда 456,1 триллион сўмга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми аҳоли жон бошига 13,1 миллион сўмга етказилди. Биз учун ўта муҳим бўлган тўқимачилик тармоғида корхоналаримиз пахтани етиштиришдан уни чуқур қайта ишлашгача, якуний маҳсулот ишлаб чиқаришга қадар бўлган барча технологик жараёнларни пухта ўзлаштирди.
“Яшил ривожланиш” истиқболлари
Она заминимиз бағридаги бой хомашё ва қазилма бойликларини эл-юртимиз манфаатлари йўлида ишлатиш мақсадида юқори самарали, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси, Тошкент металлургия заводи каби йирик ва ноёб объектлар ишга туширилди. Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Ўзбекистон металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди. Ана шу ишларнинг давоми сифатида яқинда етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорликда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг лойиҳа қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган янги мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди. Шунингдек, жаҳонда фақат 4 давлатда бўлган йирик лойиҳалардан бири — “Uzbekistan GTL” саноат мажмуаси барпо этилди.
Бундан ташқари, “яшил энергетика”, “рақамли иқтисодиёт” ҳамда транспорт соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 394 та янги маҳаллий автобус йўналиши очилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россияга жами 32 та мунтазам халқаро автобус қатнови йўлга қўйилди. Қатнов йўли узунлиги ортди. Хусусан, 2021 йилда темир йўл 4732,8 километр, қаттиқ қопламали автомобиль йўли 42 299 километр ва метрополитен йўли 59,1 километрга етказилди.
Иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган хусусийлаштириш жараёнида фақат давлат корхоналарини сотиш эмас, балки уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодий соҳадаги миллий манфаатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мутлақо янги ёндашувларни қўллашга устувор аҳамият қаратилди. Давлат активларини сотишда шаффофлик ва самарадорликни, кенг жамоатчилик иштирокини таъминлайдиган механизмлар амалиётга жорий этилди. Айни вақтда давлат активлари, кўчмас мулклар, бинолар, автотранспорт воситалари аукционлар орқали сотувга қўйилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнлар енгиллаштирилди, кўплаб янги имтиёзлар яратилди. Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган туман ва шаҳарларни тараққий эттириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш масаласи муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Умуман, қишлоқ ва маҳаллаларнинг архитектура қиёфасини тубдан ўзгартириш борасида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари амалиётга жорий этилди. Муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича катта маблағ йўналтирилмоқда. Хусусан, аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун ҳар йили қарийб 4 триллион сўм, йўллар ҳолатини яхшилашга эса 6 триллион сўмга яқин маблағ ажратиб келинмоқда.
Яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳи
Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат, яъни паспортида ёзилганидек, давлат ҳимоясини амалда ҳис қилмоқда. Чет элларда ишлаётган юртдошларимизга нисбатан муносабат буткул ижобий тарафга ўзгарди. Чет элларда уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, ташкиллаштирилган миграцияни йўлга қўйиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди.
Билиб-билмай турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолган ватандошларимизга нисбатан кечиримли бўлиш, уларга инсонийликнинг энг юксак намунасини кўрсатиш муҳим ислоҳотлардан бирига айланди. Уларни тўғри ҳаётга қайтаришда илм-маърифат йўлидан бориш асосий мақсад қилиб олинди. Мамлакатимиз тарихида илк бор “Меҳр” операциялари амалга оширилиб, Сурия, Ироқ ва Афғонистондан аёллар ва болалар ватанимизга қайтариб олиб келингани бунинг яққол тасдиғидир.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада халқаро муносабатларнинг янги саҳифаси очилди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат майдонидаги мавқеи юқори даражага кўтарилиб, кундан-кун ортмоқда. Барча мамлакатлар, айниқса, Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқалар мутлақо янги даражага кўтарилди. Натижада Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан савдо айланмаси 5 баробар ортди. Ёпилган аксарият чегара пунктлари очилди. Турли тўсиқлар олиб ташланди. Узоқ йиллар бир-бирини кўра олмаган қариндошлар дийдорлашди, халқларимиз бир-бирига янада яқин бўлди.
Бундан ташқари, фуқаросизликни камайтириш мақсадида 2016-2022 йиллар мобайнида фуқаролиги бўлмаган 76 мингдан зиёд шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди ва бу ҳолат БМТ Бош котиби томонидан бошқа давлатларга намуна сифатида кўрсатилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон миллий ва диний анъаналарга содиқлик борасида ҳам барчага ўрнак бўлиб келмоқда. Республикамиздаги бағрикенглик сиёсати туфайли 2016-2021 йилларда диний ташкилотлар сони жами 2239 тадан 2323 тага етди. Улардан 2132 таси исломий, 191 таси ноисломий ташкилотдир. 2021 йилнинг ўзида 96 масжид қурилиб, уларнинг жами сони 2104 тага етди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ва давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлашга, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Сўзимиз аввалида айтганимиздек, ислоҳотлар шунчаки амалга ошмади. Улар миллат ва мамлакат тақдирига дахлдорлик, эл-юрт манфаатларини ўз манфаатлари билан уйғун кўрган давлат раҳбарининг қатъияти, сиёсий иродаси, шижоати ва доно халқимизнинг фидойи меҳнати, сабр-қаноати билан амалга оширилди.
Бугун юртимизнинг ҳар бир жабҳасида ўзгаришлар, ривожланишлар давом этмоқда. Ўзига нисбатан талабчан бўлиш, ҳар бир ишни ҳар сафар янгидан бошлагандек шижоат билан амалга ошириш, вазифалар натижасига танқидий кўз билан қараш талаби ҳар бир масъул давлат хизматчиси учун муҳим дастуруламал бўлмоқда. Зеро, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлмай, илдамлашда давом этар эканмиз, бугун тамал тоши қўйилаётган янгиланишлар келажакда, албатта, ўз маҳсулини беради. Бу саъй-ҳаракатларимиз халқимизнинг эзгу орзуси бўлган Учинчи Ренессанснинг, юксак тараққий этган Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини барпо этишда муҳим асос бўлади.
Қутбитдин Бурҳонов,
Олий Мажлис Сенатининг
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси