Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

“Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал”



Агар шу туйғудан маҳрум бўлса, у ижодкор саналмас. Сарлавҳадаги ўтли фикр Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодининг асл моҳиятини акс эттиргани аён.

Шеърларида шоир ушбу туйғуни миллий руҳ ва юксак бадиият уйғунлигида бетакрор талқин этди. Эстетик тафаккурнинг ижод аҳли етишмоғи мушкул бўлган юксак чўққисига олиб чиқди. Миллий адабиётнинг тараққиёт мезонларини белгилаб берди. Шеъриятда ўзига хос анъаналарига, муносиб издошларига эга мактаб яратди.

“Истайман, қора ранг қолмаса жиндай...”

Ўтган асрнинг 60-йилларида яккаҳукмрон коммунистик мафкура ижодий эркинликни жиловлаб қўйгани боис, ватан, халқ мавзусида чучмал, таъсирсиз сўзлар назм намунаси ўлароқ тақдим этилаётган, бир хил яшасинчилик руҳи ҳукмронлик қилаётган кезда шеърият майдонида бирданига яшин чақнади, момоқалдироқ гулдиради гўё. Бу яшин сабабли ватанинг — бутуниттифоқ, миллатинг – совет, деган сохта туйғуларга ўт кетди. Бу момоқалдироқ Ватан ҳақидаги кўнгилда яшириниб ётган кечинмалардан бонг урди. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” – Абдулла Ориповгача бундай саволни ҳеч бир шоир бу тарзда кун тартибига қўя олмаган эди. Бунинг ўша замон учун қанчалик жасорат бўлганини ҳар бир тафаккур эгаси эътироф этади.

Юртим, сени фақат бойликларинг-чун

Севган фарзанд бўлса, кечирма асло.

Ўзигача бўлган бирорта ҳам ижодкорни такрорламаган бундай ўткир ва оҳорли поэтик хулоса шоир ижод концепциясининг замини нечоғли мустаҳкам эканидан дарак берди.

Абдулла Орипов адабиётга чақмоқдек кириб келган ўтган асрнинг 60-70-йиллари, гарчи, тарихга “илимилиқ” даври сифатида кирган бўлса ҳам шўро цензураси авжга минган кезлар эди. Цензуранинг моҳияти А.Герценнинг қуйидаги сўзларида анчайин аниқ ва муфассал ифодаланган: “...ўз сўзини билинтирмаслик услубини ва санъатини ривожлантиришга цензура жуда катта ёрдам беради. Цензура тўсиғидан асабийлашган ижодкор уни енгишни хоҳлайди ва бунда деярли ҳамиша муваффақият қозонади. Кинояли сўз ҳаяжон, кураш изларини сақлаб қолади; унда оддий баёнга нисбатан эҳтирос кўпроқ бўлади. Очиғини айтмаслик ўз пардаси остида кучлироқ, тушунишни истаган киши учун ҳамиша равшан бўлади... Пинҳона фикр сўзнинг қудратини оширади, яланғоч фикр эса идрокни жиловлайди. Ёзувчи қанчалик эҳтиёт бўлишини биладиган ўқувчи уни диққат билан ўқийди; ўқувчи билан муаллиф ўртасида яширин алоқа пайдо бўлади. Бири ёзганини яширади, иккинчиси эса уни тушунади. Цензура шундай бир тўрки, майда чивинларни ушлаб қолади, катталарини эса ўтказиб юборади”.

Кўҳна Шарқ, жумладан, қадимий анъаналарга эга ўзбек шеърияти рамзлар, тимсоллар тили билан сўзлайди. Шунинг учун мисралар замиридаги катта ҳақиқатларни тўсиб қолишга цензуранинг қуввати келмаган ҳоллар кўп. Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистонда куз” шеъри бунинг ёрқин мисолидир. Шоир “ризқи она ерга сепилган қадим, ҳалол халқининг миллион эгатларга эгилган”идан изтироб чекади. Бу пари фасл – кузга бағишланган бетакрор ташбеҳлар замиридаги асл моҳиятни англаш, ҳис этиш А.Герценнинг юқоридаги сўзлари нечоғли ҳақиқат эканини тасдиқлайди. Жумладан, шоир мана бундай ёзади: “Бир нафас бошингни кўтаргин-у, боқ, Ер юзида ажиб виқор ва нуфуз”; “Улуғ Алишернинг соч оқин кўриб, Оғир хаёлларга чўмган бу фасл, Қайрағоч ёнида ғамгин ўтириб, Чолларга ҳассалар йўнган бу фасл”. Демак, шоирнинг асл мақсади она юрт кузини васф этишдангина иборат бўлмагани аниқ. Унинг муддаоси халқининг тилга чиқарилмайдиган дил дардларини киноялар орқали мисралар тагматнига сингдириб юбориш бўлган.

“Фақат шакл жиҳатдан эмас, балки мазмун жиҳатдан ҳам кўппланли ва мураккаб” (Матёқуб Қўшжонов таъбири) бўлган “Юзма-юз” шеърида ҳам шоир киноялар замирига катта поэтик маъно юклайди. Неча асрлар ўтса-да, ер узра ғам ҳукмрон бўлгани, яхшилик донини экканлар ёмон деб ном олгани ҳақидаги сатрлар бунинг далилидир. Гарчи, зоҳиран тарих ҳақида фикр юритилгандек туюлса ҳам мана бу нидо мазкур асар яратилган шўролар давридаги ҳақсизликка қарши исён ўлароқ янграйди:

Наҳотки дунёда ҳақсизлик мангу,

Наҳотки одамзод қилингандир оқ?!

Наҳот ўша Фрейд ҳақ бўлса, ёҳу,

Наҳот қотил бўлса ўсиб чақалоқ?!

Асарда она халқимизнинг ғаму андуҳлари, дарду изтиробларини тасвирлашда шоир киноядан маҳорат билан фойдаланган. У софлик ва масъумлик тимсоли бўлган юлдузларга хитоб қилиб, “ел тинса ҳам тинмайдиган, заҳматкаш, ишпараст, мунис” халқининг аччиқ қисмати ҳақида мана бундай мисраларни ижод қилади:

Мен уни ўйлайман тун-кечаларда,

Она халқим, дейман, меҳрим оқар жим.

Кўзимга баъзида кўринса жанда,

Кўнглим тўлиб кетар, инграйман, халқим...

Халқим, мозий ўтди, толе кўрмадинг,

Пиширдинг ўзингга бенасиб таом.

Кийгиздинг бировга, ўзинг киймадинг,

Юлдузни кашф этиб ном олдинг – авом!

Бу фикрлар аслида мозийга эмас, шеър яратилган даврга оид. Юлдузни мозийда кашф этган она халқимиз авом деган номни шўролар замонида олгани ҳам бунинг исботидир.

Чинакам ижодкор ҳеч қачон ўз хусусий дарди билан яшай олмайди. Худбинлик, худпарастлик унга ёт. Сохта туйғулар унга бегона. У каттароқ миқёсда фикрлайди; эл ғамини куйлайди, она халқининг бахтли бўлмоғини орзу қилади. Шоирнинг пахтазорга дилда ташвиш билан боқишининг сабаби “миллион эгатларга сочилган ўзбек”нинг ўша даврдаги оғир қисматидир. “Рангпар сингил” – кундузи пахта даласидан, кечаси рўзғор ташвишидан қадди дол, касалманд, фарзанд тарбияси билан шуғулланишга ҳам вақт топа олмайдиган ўзбек аёли тимсоли. Шоир авлод қонида оталарнинг буюк шиддати ёнишини истайди. Шу боис, худбин тенгдошига ғамгин боқади, кўлмак давра кўрса, юраги эзилади. Халқининг куни бундайларга қолмаслигини тилайди. Бирданига ўз-ўзига савол бера бошлайди: “Мен ўзим нимаман? Аслида, балким Энг нўноқ одамман, нўноқман, фақат, Фақат бир нарсани яширмас қалбим: Менинг юрагимда бордир Муҳаббат! Сени, она халқим, севаман жондан, Сени ташвишингни ташвишим дейман. Нима қилолардим? Фойдам кам гарчанд, Бироқ мен ўзимча ғамингни ейман”.

Ана шу туйғу – она халққа муҳаббат ҳисси бўлишининг ўзи катта гап. Шоирнинг бу сўзлари “Одами эрсанг, демагил одами – Оники, йўқ халқ ғамидин ғами”, деган ҳазрат Алишер Навоий ҳикматининг янги замондаги ўзига хос талқини эканини ҳам таъкидлаш керак. Мана бу мисралар шоирнинг орзулари нақадар пок, нияти нечоғли некбин экани исботидир:

Истайман, қора ранг қолмаса жиндай,

Истайман, ботмаса шу рангин қуёш.

Аканинг сингилга ачинганидай

Инсон инсон учун тўка олса ёш.

Она халқ бахти деб ҳар вақт, ҳар қачон,

Истайман, бир сафда турса одамлар.

Ранглардан фақат биттаси – қизил танлаб олинган, умумсовет халқи, умумий ватан, умумий ҳис-туйғулар... мадҳ этилган, устоз Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, маддоҳизм урчиган бир замонда она халқ бахти ҳақида бунчалар ёниб куйлаш шоирга осон кечмагани аён.

Образлилик – шеъриятнинг бош шартларидан. Назмий асарнинг бадиий қиммати образнинг нечоғли ёрқин экани билан белгиланади. Булбул ва тўти – мумтоз адабиётимизда энг кўп қўлланган образлар. Анъанавий образга тамомила янгича мазмун юклаш учун ижодкорнинг тахайюл олами кенг бўлиши зарур. Ҳатто баъзан кенг фантазиянинг ўзи ҳам етарли бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун фавқулодда истеъдод талаб этилади. “Она тилимга” деган шеърида шоир “булбул” ва “тўти” образларига кутилмаган ракурсда ёндашади. Шеърда булбул – бетакрорлик рамзи. Бошқа ҳеч кимникига ўхшамагани учун унинг каломи минг йиллар ўтса-да, ўзгармайди. Бунга эҳтиёж ҳам сезмайди. Тўти эса тақлид тимсоли. Шу боис, у ачинмоққа сазовор. Шу сабабдан ҳам унга нисбатан “шўрлик” эпитетини қўллайди шоир. Шоирнинг булбул куйини шеърга солаётгани сабаби – она тилининг мавжудлиги. Тилини йўқотганлар ҳам тўти билан қисматдош бўлишга маҳкум – ана шеърдан чиқарилган ўзига хос поэтик хулоса.

“Бу шеърнинг тарихи жуда узун, – деб ёзади муаллиф. – Саккиз қаторлик шу шеър бошимга саккизта бомба бўлиб тушишини туш кўрибманми? Ҳозирги ёшлар она тилимизга давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонунни “ҳатто” уддалаб бажара олишмаяпти. У маҳалларда-чи?... Шеър чиққач, “Ҳали сенинг она тилинг борми? Ҳали сен жаҳон социализми ғоясига қаршимисан? Ота-онанг ким? Қайси миллатчининг боласисан?” деган бир дунё тазйиқ остида қолганман. Катта миннатдорлик билан бир гапни айтиб ўтишим керак: балки қамашга, балки мени йўқ қилиб юборишга асос бўладиган уч-тўртта шеърим, яъни “Она тилимга”, “Минораи калон тепасидаги лайлак”, “Ўзбекистон” каби тизмалар Александр Твардовский ҳамда Қайсин Қулиев ёрдами билан марказий нашрларда (“Новый мир” журналида) босилиб чиқмаганида эди, ўша тақдир чархпалаги қаёққа қараб айланиб кетиши мумкинлигини мен ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман”.

Она тилимиз тақдирига куйиниш миллатнинг қисматига куйиниш демакдир. Ҳукмрон коммунистик мафкура миллий тилларнинг бора-бора йўқолиб, ягона тилга сингиб кетиши ҳақидаги сохта ва зарарли ғояни тарғиб қилиб турган бир вазиятда бундай шеърни ёзиш бошини кундага қўйиш билан баробар эди. Фақат катта жасорат соҳибигина бундай ишга қўл уриши мумкин эди. Бу амалда мустақиллик орзусини қаламга олиш дегани эди.

Шоирнинг бор-йўғи саккиз қаторлик “Тилла балиқча” шеъри адабиётшуносликда кўпдан кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган. Бу шеърда ҳам муаллиф рамзлар, тимсоллар тилидан фойдаланади. “Лойқа ҳовуз” – бу муҳит тимсоли. “Тилла балиқча” эса ана шу кир, чиркин муҳит асири. Бу шеърни, таъбир жоиз бўлса, шахс эркини ҳар томонлама чеклаб қўйган шўролар муҳити устидан чиқарилган поэтик айблов, деб ҳисоблаш мумкин. Бунчалик катта мазмунни бор-йўғи 38 сўз воситасида бетакрор ифодалаш, табиийки, шоирдан юксак маҳорат талаб этади. Умуман, оз сўзга кўп маъно юклай олиш, сўзни исроф қилишдан сақланиш – Абдулла Орипов шеъриятининг хос хусусияти.

Ҳазрат Алишер Навоий “Нукта су янглиғ эритур тошни, Топса ҳақиқат ўтидин чошни”, деб ёзган. Яъни сўз, сўз бўлганда ҳам топиб айтилган сўз тошни ҳам худди сув каби эритишга қодир. Фақат бир шарти бор — у ҳақиқат оловидан тафт олиши зарур. Мутафаккир бобомиз бу орқали ижод аҳли, агар асаридан авлодлар баҳра топишини истаса, ҳақиқатга хиёнат қилмаслиги лозим, деган теран фикрни илгари сурган. Абдулла Орипов ижодининг дастлабки кезлариданоқ ҳақ сўзни айтди. Очиқ айтиш имкони бўлмаса, рамзлар, тимсоллар билан ифодалади. Фикрларини образлар замирига яшириб бўлса-да, ҳақиқатни изҳор этди. Бироқ замон ёлғонлар замони эди. Ҳақ сўзни айтган одам бошига балолар ёғилишига тайёр турмоғи зарур эди. Шундай бўлса-да, ижодкор ўз аъмолидан чекинмади. “Авлодларга мактуб” шеъри бунинг ёрқин мисоли. 1966 йилги Тошкент зилзиласи халқнинг бошига тушган оғир мусибат эди. Шоир шеърда бу зилзилани “асримизнинг буюк офати”, дея сифатлайди. Лекин ёлғонлар салтанатининг жарчилари уни бошқачароқ талқин этишга уриндилар. Шеърдаги “Жасорат аталмас иложсиз бардош”, “Бир кун айтибдирки Навоий бобо: “Доим ўзга бўлур сурат ила руҳ”, “Дўстларим, ҳайратда қолмангиз фақат, Паҳлавон асрга лоф уриш мосдир” сингари мисраларда ҳам шоирнинг шўро ташвиқотчиларига кинояси сезилиб туради. Шеърни шоир мана бу тарзда хотималайди:

Тупроқ қўзғалмасдан ўрнидан баттар,

Солмасидан аввал даҳшат, қатағон, —

Ер ости тинч турсин десангиз агар,

Сизлар ер устида сўйламанг ёлғон!

“Зилзила туфайли Тошкент вайрон бўлди, — деб ёзади шоир шеърнинг ёзилиш тарихи ҳақида. — Эртасига эса кўча-кўйда тўй, худди Наврўз байрамидек ғат-ғут мусиқа, телевизор, радио бақириб ётибди. Кўчаларда ошлар пиширилган, одамлар рақсга тушган. Худди бу зилзилани юз йил кутгандек. “Совет халқи ҳеч кимдан қўрқмайди”, деб бақиришгани бақиришган. Атрофга қарайсиз, қанча уйлар вайрон бўлган. Бульдозер, танк суриб ётибди. Шундай кезда нима қиласан ёлғон гапириб? Ахир, бу тузумнинг инқирози эмас-ку? Табиий офат-ку! Ер қимирлашига марксизмнинг нима алоқаси бор? Нима учун буни тан олмайсан? Ҳатто зилзиланинг кучи шунча балл, деб эълон қилганда бунданам уриб қолишарди. Унчамас, бунча одам ўлди, дейди. Совет кишисини табиий офат ҳам енголмайди, деб овоза қилади... Шунинг учун шеърни мен бундай хулоса билан тугатганман: “Ер ости тинч турсин десангиз агар, Сизлар ер устида сўйламанг ёлғон!” Бу шеърни бостиролмадим. Ким босарди. Охири Зулфия опа ўқиди-да, мен “Саодат” журналида босиб чиқараман, деб олиб қолди. Йўқ, барибир ҳалиги цензура ўтказмабди. “Сизлар шеър устида сўзламанг ёлғон” бўлиб эълон қилинди. Ана шунақанги муттаҳамгарчиликларни кўрганман. Шундай ҳаётни, шундай вазиятни кўрган одам мустақилликни орзу қиладими, йўқми? Бошқа, халқингни халқ, инсонларни инсон ўрнида кўрадиган тузумни орзу қиладими, йўқми?!”

“Мана, мен – Ўзбекман, қўлимда туғим...”

Она юртини озод, ўзи мансуб бўлган халқни эркин кўриш бир умрлик орзуси бўлган шоир Абдулла Орипов мустақилликни қандай кутиб олди? Бу улуғ неъмат шукронаси унинг шеърларида қай тарзда талқин этилди? Халқ депутати сифатида шоир давлат мустақиллигимиз эълон қилинган 1991 йил 31 август куни Олий Мажлис залида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Ўша ҳаяжонли лаҳзаларни шоир мана бундай хотирлайди: “Ҳаётимдаги энг унутилмас лаҳзалар бу! Бир пайтлар Ғафур Ғулом “Туғилган кунимни эслай олмайман”, деб айтган эди. Албатта, одам боласи туғилган кунини эслай олмайди. Қандай қилиб, чақалоқлигидаги ўша лаҳзани эслай олсин. Лекин миллат бўлиб, давлат бўлиб, яна қайтадан дунёга келган кунимиз мен ҳам залда бор эдим. Бу менинг ҳам, халқимнинг ҳам қайта туғилган кунимиз эди. Жуда ҳам яхши эслайман. Етмиш тўрт йил ишланган, лойи пишиб кетган мафкура одамларни қўрқоқ, итоатгўйга айлантириб қўйган эди. Шундай вақтда, гўё осмонда бирдан момоқалдироқ гумбурлаб, ҳаммаёқни ёритувчи яшин чақнагандай Президентимизнинг “Ўзбекистонни мустақил деб эълон қиламан!” деган сўзларидан бутун зал жим бўлиб қолди. Мен ўзим кичик жуссали одам бўлсам ҳам ичимдан вулқондек нарса отилиб, бўғзимга келди. Зал карахт бўлиб қолди. Президентимизнинг даъватидан кейин одамлар ўзига келиб, оёққа қалқиб, қарсак чалиб юборди”.

Ана шу қутлуғ кундан эътиборан шоир ҳар бир шеърида, матбуотдаги ҳар бир чиқишида юрт истиқлолини куйлади. “Ўзбекистоним, сенга” сарлавҳали ғазалда шоир озод юртни энг гўзал мумтоз ташбеҳлар воситасида васф этади:

Ҳар бир аҳлинг битта юлдуз, кавкабистоним ўзинг,

То ҳаётдирман, чароғим, шуълаи шоним сенга.

Унинг учун Ватан нурли бўстон, унга қалбини, наинки қалбини, тандаги жонини нисор этади. Унинг учун она юрт қароғ, мужгонларини унга садқа қилади. Бу замин корига яраган бир онини шоир бир умрга тенг билади. Шу боис, Ватан хизматига ҳар лаҳзада шай, бу унинг учун чинакам бахт эканини изҳор этмоққа шошилади:

Хизматингга шай эрурман, меҳнатингда ҳам ўзим,

Бахтиёрман сарф этолсам борки имконим сенга.

Шоир янги ХХI асрни катта умид ва орзулар билан, ўз таъбири билан айтганда, “тилида шукрона, дилида ғулу” билан кутиб олди. Ва у тарих саркотибининг қошига келиб, кўнглидаги туйғуларини мана бу тарзда изҳор этди:

— Мана, мен – Ўзбекман, қўлимда туғим

Ва барча аъмолим битилган китоб.

Шунинг ичидадир борим ва йўғим,

Шунинг ичидадир мен учун офтоб.

Ўзбекман, иншооллоҳ, иймоним бутун,

Тилим қисиқ эмас башариятдан.

Кимгадир тенгдирман, кимдандир устун,

Зувалам қорилган самимиятдан.

Кейинги мисраларда шоир “гоҳида иқболи кулиб, гоҳида офати ўзидан чиққан” ўзбек эканини, жаҳонгир бўлиб дунёни олган бўлса-да, гўдак йиғисига тоқати йўқлигини айтади. Қанчалик жафо чеккан бўлса-да, ўзига ҳақ бўлган ва ўзига ҳақ бўлиб келаётган, ёвларга бўйин эгмай яшаб, бу кун ўз эркига эришган халқ эканини баралла изҳор этади. Нидо санъати билан зийнатланган поэтик хулоса нафақат ўқувчига бадиий завқ бериши, оҳорли мазмун бетакрор талқин этилгани билан ҳам алоҳида ажралиб туради:

Истиқлол, кетма юрт пешонасидан,

Толе, тарк этмагин бизни илоҳим.

Мана, янги аср остонасидан

Ўтдим. Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

Абдулла Орипов кўплаб хорижий давлатларда бўлди. Қайси мамлакатга, қай сабаб билан бормасин, таассуротларини шеърга солди. Чет элларда ёзилган шеърлари замирида ҳам она Ватанга муҳаббат туйғуси акс этгани шоирнинг ўз ижод концепциясига содиқ қолганидан далолат беради. Япония сафари давомида бу халқнинг салоҳиятига дунё қойил эканини таъкидлаган шоир, японларнинг ҳатто “бургани тақалаб қўя олиши”дан ҳайратга тушади. Бургани тақалаш – чинакам жозибали ва миллий ифода! Энг муҳими, шоирнинг бу тўртлиги одамни мушоҳадага, ўз аҳволи ҳақида фикрлашга ундайди. Ўқувчида умр деб аталмиш неъматни қадрлаш, уни беҳуда ўтказмаслик туйғусини тарбиялайди:

Сенинг амалингга қойилдир жаҳон,

Бургани тақалаб қўйгайсан осон.

Нозик санъатингга тикилавериб,

Кўзларим қисилиб кетди-ку, япон.

Ўз-ўзига маҳлиё бўлиш – иллат. Аждодларимиз беназир бўлгани рост. Тарихда ҳайратга арзирли ютуқларга эришганимиздан асло кўз юмиб бўлмайди. Лекин чинакам саодатга эришмоқ учун булардан фахрланишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунинг учун ўша аждодларга муносиб бўлмоқ, уларнинг ютуқларини янгилари билан бойитиб бормоқ зарур. Афсуски, биз ҳар доим ҳам бунга муваффақ бўлаверган эмасмиз. Токиода ёзилган қуйидаги тўртлик ана шу армон ифодаси ўлароқ яралган:

Дунёда тугамас экан армонлар,

Ўтди қанча замон, қанча сарбонлар.

Ўтира берибман буюкман дея,

Манзилга етибди бошқа карвонлар.

Сўзнинг нечоғли улуғ неъмат экани аён. Айниқса, Абдулла Ориповдай сўз санъаткорининг ҳар бир асари “сўз гуҳарининг шарафи” (ҳазрат Навоий таъбири) нечоғли юксак эканини мудом тасдиқлаб туради.

Шоир қайси юртларга бормасин, она юрт муҳаббатидан бир нафас бўлсин йироқ тушмади. Умрининг охирги йилларида муолажа ниятида бир муддат Америкада яшашига тўғри келди. Ушбу “сеҳрли диёр”да эканида ҳам шоир Ватан ёди билан яшади, она замин соғинчини қалб ҳарорати билан шеърга солди:

Ўнг қовоғим учди-ё,

Чап қовоғим учди-ё.

Олисларда қолган юртим

Бирдан эсимга тушди-ё.

Ўнг ёки чоп қовоқ учиши халқимизда ўзига хос рамзий маъноларга эга. Қовоқ учиши аксар ҳолларда энг қадрдон туйғулар билан уйғун ҳолда талқин этилади. Абдулла Орипов олисларда қолган жондан азиз она юрти соғинчи, болаларининг омонлиги билан боғлиқ ота меҳрига йўғрилган ўйлари ҳамда даврадошу жўраларининг ким томонда экани, қанча ҳафталару ойлар ўтса-да, қишлоғини кўра олмагани ҳақидаги ҳазин туйғуларни қовоқ учиши тимсолида дардчил мисраларда оҳорли ифодалайди. Халқона оҳанг, самимий туйғу, кўнгил изтироби мутаносибилигидаги сатрлар тагматнидан англашиладиган меҳр ва соғинч, орзу ва армон, изтиробу ҳасрат оҳанглари кўнгилларни ўртаб юборади. “Узоқдаги шоир ўғли Кимнинг ёдига тушди-ё” тарзидаги лирик кечинма ифодаси акс этган хулосадан Ватани ва халқи хотирасида бўлиш икки дунё оралиғидаги ижодкор учун қанчалар аҳамиятли экани англашилади.

Абдулла Орипов АҚШнинг Хюстон шаҳрида дунёдан ўтди. Назаримизда, ушбу ҳодиса улуғ шоир “Ўзбекистон” шеърида юқори пафос билан васф этганидек, буюк бобокалони Берунийнинг ақл машъали туфайли кашф этилган мамлакатда содир бўлишида ўзига хос ҳикмат бор. Абдулла Орипов бу орқали рамзий маънода Колумбдан аламини олди. Шоирнинг азиз вужуди шеърлари орқали хаёлот олами билан саноқсиз марта кезгани самоларда парвоз қилиб, она Ватанига олиб келинди ва жонидан ортиқ кўргани она заминдан жой олди. Ишонч билан айтиш мумкинки, улуғ шоир шеърияти мудом миллатнинг қалбида яшайди ва бундан кейин ҳам миллий адабиётимиз тараққиётига муносиб хизмат қилади.

Нурбой Жабборов,

филология фанлари доктори, профессор



  ...