Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ЖСТ ва Ўзбекистон. Дунё иқтисодиётига интеграциялашув бизга нима беради?



Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадига қаратилган ушбу тартиб Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.

Мораторий, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қатъий ва ортга қайтмас эканига ишора ўлароқ, бу борадаги ишлар самарадорлигига хизмат қилади.

Аслини олганда, ушбу йўналишдаги ишлар кўлами ҳақида жуда кўп ва хўп гапириш мумкин. Лекин ҳозир уларнинг самарасини акс эттирувчи айрим рақамларни келтириб ўтиш ўринли бўлади. Жумладан, сўнгги олти йилда саноат корхоналари сони 2 баробар ортди. Натижада, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётимизга биргина ўша йилда 8 миллиард доллар тўғридан­тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди, шунга мос равишда экспорт ҳажми 19 миллиард долларга етди. Бунда, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан тортиб уларнинг эркин фаолият юритишига доир қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиб, тартиби соддалаштирилгани, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш кучайтирилгани, мамлакат хомашё экспортидан тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш йўлида қўшилган қиймат занжирини яратишга устувор аҳамият қаратаётгани ютуқларимизнинг асосий омиллари бўлди.

Ўзбекистон ишлаб чиқариш саноатида туб бурилиш ясаб, катта мақсадлар билан дадил одимлар экан, яқин орада тадбиркорларимизга янада катта ва кафолатли бозор керак бўлиши табиий, албатта. Айни шу боис ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан имтиёзли савдо­сотиқни кучайтириш, шунингдек, юқори сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозорларидан мустаҳкам ўрин эгаллаш ва шу орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизнинг жаҳон бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши кўп жиҳатдан миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга боғлиқ. Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳам айни мақсадга қаратилгани, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши билан аҳамиятли.

Бу борада Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев шу йил 14 март куни Женева шаҳрида Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори Нгози Оконжо - ­Ивеала билан учрашиб, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда ЖСТга аъзо барча давлатлар билан товар ва хизматлар бозорларига кириб бориш юзасидан икки томонлама музокараларни фаоллаштириш ва уларнинг якунлари бўйича тегишли баённомаларни имзолаш зарурлиги қайд этилди.

Нгози Оконжо­ - Ивеала Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни доирасидаги саъй­ҳаракатлари, шу жумладан, йирик аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб бораётганини олқишлади. Шундан сўнг икки кун давом этган Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 6­йиғилишида ушбу жараён билан боғлиқ жиҳатлар атрофлича кўриб чиқилди.

2022-­2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш” асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган. Бу мақсадга эришишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан музокаралар ўтказиш, мутахассисларнинг ташкилот ва кўп томонлама савдо тизими соҳасида салоҳия тини ошириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг металлургия, тўқимачилик, озиқ­овқат, автомобилсозлик ва миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, ташкилот қоидаларига мувофиқ бўлган ички бозорни нотариф чоралар орқали ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, экспортни қўллаб­қувватлаш ва субсидиялаш чораларини ишлаб чиқиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бошқа давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш орқали ташқи рақобатбардошликни кучайтириш учун қулай шароит яратади.

Келинг, шу ўринда бу ўзи қандай ташкилот экани, унга аъзо бўлиш учун нималар талаб этилиши, бу аъзо давлатларга нима бериши, Ўзбекистоннинг ташкилот аъзолигига кириш борасидаги саъй­ҳаракатлари ва уларнинг самараларига тўхталиб ўтсак.

Жаҳон савдо ташкилоти қандай тузилма?

1995 йилда ташкил этилган Жаҳон савдо ташкилоти давлатлар ўртасидаги савдонинг глобал қоидалари билан шуғулланадиган ягона халқаро орган сифатида Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув (ГАТТ) ўрнини эгаллади. ЖСТнинг асосий мақсадларидан бири протекционизмга қарши курашиш ҳисобланади.

Мазкур ташкилот халқаро савдо муносабатларида ташкилотга аъзо мамлакатлар учун қулай ҳуқуқий тизимни тақдим этади. Улар томонидан ўзаро келишилган ҳолда қабул қилинган ҳужжатлар мамлакатларнинг ўз савдо сиёсатини белгиланган мезонлар доирасида олиб боришларида масъулият юклайди. Ташкилотда қарорлар иштирокчи мамлакатлар ёрдамида консенсус — умумий овоз бериш орқали қабул қилинади.

ЖСТнинг вазифалари маълум қоидаларга асосланган тизим доирасида савдо жараёнини тартибга солишга ёрдам бериш, ҳукуматлар ўртасидаги савдо низоларини холисона ҳал этиш, савдо музокараларини ташкил этишдан иборат. Ушбу фаолият мазкур ташкилотнинг 60 та келишувига — халқаро савдо ва савдо сиёсатининг асосий ҳуқуқий нормаларига асосланади.

Ушбу келишувлар асос бўлган тамойилларга камситилмаслик, эркин савдо шартлари, рақобатни рағбатлантириш ва кам ривожланган мамлакатлар учун қўшимча қоидалар киради. ЖСТ унга аъзо бўлган мамлакатлардан ички бозорни эркинлаштиришни қатъий талаб қилади. Аксарият мамлакатларда ушбу вазифани бажариш унчалик осон кечмайди, чунки арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи хорижий корхоналар билан рақобатлаша олмайдиган миллий корхоналар таназзулга учраши мумкин.

ЖСТ дунёдаги энг йирик халқаро иқтисодий ташкилот ҳисобланади. Буни унга 164 давлат аъзо экани, улар глобал савдо ва бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 98 фоиздан ортиғини ташкил этиши ҳам тасдиқлайди. Ҳозирда ушбу ташкилотга 23 мамлакат халқаро савдо тизимига интеграциялашувни кучайтириш мақсадида қўшилишни мақсад қилган, бу борада ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ҳам ЖСТга аъзоликка кириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу xалқаро савдо тизими ва жаҳон иқтисодиётига интeграциялашувни кучайтиришда муҳим роль ўйнайди. Улар ЖСТга аъзо бўлиш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида камситилмайдиган ва адолатли савдо тизими, тарифларни ҳимоя қилишнинг максимал даражаси ва импорт квоталари бeкор қилиниши, рақобатбардошлик даражасини ошириш учун товарларни арзон нарxларда импорт қилиш каби муҳим афзалликларга эга бўлади.

Шу билан бирга, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, xусусий сeкторни зарарли савдо фаолиятидан ҳимоя қилишда кўмаклашиш, мамлакатдаги савдо билан шуғулланувчи институтлар фаолиятини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий ва институционал сиёсатни тартибга солишда ёрдам кўрсатиш, xалқаро савдо соҳасидаги музокараларида фаол иштирок этиш, xалқаро савдони ривожлантиришга оид нормалар ишлаб чиқиш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар манфаатларини ҳимоя қилиш ташкилотнинг афзалликларидан ҳисобланади.

Мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши унга юқорида қайд этилган афзалликларни тақдим этиши билан бир қаторда, аъзо давлатлар учун айрим мажбуриятларни ҳам белгилайди. Бу жараён узоқ муддатли ва мураккаб музокаралардан иборат бўлиб, меъёрий­-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, инсон рeсурслари ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, саноат соҳасида барқарор ривожланишга эришиш кабиларни талаб этади.

Қарийб 30 йиллик аъзолик жараёни

Ўзбeкистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик жараёни 1994 йилда бошланган, бироқ бу даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-­қувватлашга қаратилган сиёсат олиб борилганлиги сабабли мазкур жараён 2005 йилда музлатиб қўйилган. Ҳар бир давлатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ўртача 9­-10, айрим мамлакатлар учун эса 12­-15 йилни ташкил этади. Ўзбекистон 1995 йилда ариза топширган бўлишига қарамасдан, фақат 2017 йилдан бошлаб ижобий силжиш кузатиляпти. Бунга сўнгги йилларда республика иқтисодиётида давлатнинг роли ва иштирокини қисқартириш, иқтисодиёт тармоқларини бошқаришга бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий қилиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва “хуфёна” иқтисодиёт улушини қисқартириш йўлида қатъий чоралар кўрилаётганини муҳим жиҳат сифатида кўрсатиш мумкин.

Шунингдек, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, хорижий капитални кенг жалб этиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган таъсирчан чора­тадбирлар амалга оширилганлиги ижобий таъсир кўрсатди.

Мамлакатимизда 2016 йилдан кeйин бошланган миллий иқтисодиётни барқарорлаштириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш борасидаги фаол ислоҳотлар натижасида 2018 йил март ойидан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзоликка кириш жараёни кун тартибига чиқди. 2019 йил июль ойида Ўзбeкистон ЖСТ аъзолигига кириш юзасидан Ташқи савдо рeжими тўғрисидаги янгиланган мeморандумни ва бошқа бир қатор ҳужжатларни, жумладан, товар ва xизматлар бозорига кириш бўйича ишлаб чиқилган дастлабки таклифларни тақдим этди.

“Ўзбeкистоннинг ЖСТга киришига кўмаклашиш” бўйича ишлаб чиқилган беш йиллик лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан қўллаб­-қувватланмоқда. Мазкур лойиҳа 2020 йил фeвраль ойида бошланган бўлиб, унда мамлакатнинг ЖСТга қўшилиш жараёнида миллий иқтисодиётни модeрнизация қилиш бўйича ривожланиш рeжаларини қўллаб-­қувватлашга асосий эътибор берилган.

Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад — ташкилот томонидан белгиланган қоидаларга мос кeладиган савдо муҳитини яратиш орқали Ўзбeкистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда халқаро савдо тизимига интеграциялашувини кучайтиришдан иборат.

ЖСТга аъзоликка кириш жараёни Ўзбeкистон учун камида 15 та битимда белгиланган мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олишни тақозо қилади. Бу битимлар кенг қамровли ва мураккаб бўлиб, улар кенг доирада жаҳон савдоси масалаларини қамраб олувчи юридик ҳужжатларга таянади.

Мазкур битимлар аъзо мамлакатларнинг ташқи савдо салоҳиятини оширишга қаратилган дискриминацияга йўл қўймаслик, савдо тўсиқларини бартараф этиш, рақобатбардошликни ошириш, етарли даражада ривожланмаган давлатлар учун қулай шарт­шароитлар яратиш, савдони тариф усуллари билан тартибга солиш, савдо сиёсатининг ҳалоллиги каби муҳим тамойилларга асосланади.

Чунки мазкур тамойилларга амал қилиш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ташқи савдо муносабатларини ривожлантириш билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш, янги бозорларга кириб бориш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, ривожланмаган, ўтиш иқтисодиёти шароитидаги мамлакатларга ҳар жиҳатдан қулайлик яратишга эришилади.

Ҳозирги кунда юртимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, жаҳон мамлакатлари билан савдо­иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунки глобаллашув шароитида халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни кучайтириш мамлакат ижтимоий­иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Мазкур жараён маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучлари билан жадал алмашинув жараёнларининг ривожланиши, ижтимоий масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш, янги бозорлардаги рақобатлашув жараёни таъсирида янада юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашуви, халқаро савдо муносабатларида қулай шароитлар яратилиши ҳамда янги технологияларнинг кенг тарқалиши ва жорий этилишига имкон яратади.

Маълумки, ЖСТнинг бош ғояси ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида эркин савдо сиёсатини олиб бориш учун қулай шароит яратишга қаратилган. Бундан асосий мақсад ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо муносабатларида адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ҳисобланади. Шунга кўра, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидаги дастлабки устувор вазифа, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган маҳсулотларни хориждан импорт қилинган ҳамда тариф ва нотариф тўсиқлар қўйилмаган маҳсулотларга нисбатан рақобатбардошлигини оширишдан иборат. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва унинг савдосидаги рақобатлашув ҳолати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технология ҳамда инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда янада ривожланишга ундайди.

Ўзбекистон учун самараси қандай?

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидаги муҳим жиҳатлардан бири сифатида шуни қайд этиш мумкинки, мамлакатимиз ташқи савдо ҳамкорларининг аксарият қисмини мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ташкил этади. Мазкур давлатлар билан амалга ошириладиган савдо­-иқтисодий муносабатларда Ўзбекистоннинг учинчи давлат сифатидаги иштироки натижасида мамлакатимиздан экспорт қилинадиган товарларга нисбатан юқори бож ставкалари ҳамда нотариф тартибга солиш усуллари кенг жорий этилишининг экспорт салоҳиятига салбий таъсири бартараф этилади.

Бу ҳолатни амалий рақамлар мисолида кўрадиган бўлсак, ҳозирги кунда Ўзбекистон жаҳоннинг 204 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг салмоқли ҳиссасини айнан ташкилот таркибига кирувчи давлатлар ташкил этади. Хусусан, 2022 йил якунига кўра, мамлакатимиз жами ташқи савдо айланмасининг ярмидан кўпи, яъни 61,5 фоизи айнан ЖСТ таркибига кирувчи мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган. Бунда Россия 18,6 фоизни, Хитой — 17,8, Қозоғистон — 9,2, Туркия — 6,4, Корея Республикаси — 4,7, Қирғизистон — 2,5 ва Германия 2,3 фоизни ташкил этган. Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимиз экспорт географияси ҳамда асосий ҳамкор мамлакатлар ҳисобланган ЖСТ таркибига кирувчи давлатлар билан ташқи савдо муносабатлари кўламини янада кенгайтиришга қаратилган фаол чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ташкилот таркибига кирувчи давлатлар экспорт ва импорт бўйича асосий ҳамкор давлатлар сифатида муҳим ўрин эгаллайди. Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзоликка кириши халқаро савдо қоидаларини ишлаб чиқиш жараёнида тўлақонли иштирокини таъминлайди ва бу орқали ташқи савдо муносабатларида бошқа давлатлар томонидан қўлланиладиган дискриминацион чекловларни бартараф этишга имконият яратади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши мамлакатимиз учун бир қатор қулайлик ва афзалликларни тақдим этади.

Жумладан, аввало, ташкилотга аъзо мамлакатлар бозорларига кириш учун тенг ҳуқуқли имконият пайдо бўлади. Юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали экспорт салоҳиятини оширишга қулай шароит яратилади. Ташқи савдода халқаро стандартлар қоидаларига мувофиқ, миллий стандартларни ишлаб чиқиш экспортёрларга чет эл бозори талабларига мослашишда ёрдам беради.

Бундан ташқари, рақобат муҳити яхшиланади ва монополиянинг олди олинишига эришилади. Рақобатлашув жараёнининг кучайиши натижасида иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш фаоллашади. Шунингдек, жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи берилади, асосийси, экспортёрларимизнинг ташқи савдодаги ҳуқуқи ҳимоя қилинади. Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари билан иқтисодий интеграциялашуви миллий иқтисодиёт самарадорлигини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шунингдек, фан­-техника тараққиётини жадаллаштириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга ёрдам беради.

Мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашувни кучайтиришга қаратилган сиёсати, аввало, экспорт салоҳиятимизни ошириш орқали миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга йўналтирилган. Шу боисдан Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши унга аъзо мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва истиқболда мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожида алоҳида аҳамият касб этади.

Шу боис ҳам Ўзбекистон ташкилотга аъзолик борасида жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида қайд этилганидек, “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштирамиз”.

 

Жасурбек Отаниёзов,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор



  ...