Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги, шу боис, “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат”, деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак”лигини алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида “Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз”, дея таъкидлади.
Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичидаги барча кўрсаткичлар асосий омили ҳам айнан инсон ва унинг манфаатлари ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилди. Ислоҳотларимизда халққа хизмат қилиш, аҳоли розилигига эришиш, уларнинг дарди билан яшаш, муаммоларини ҳал этиш устуворлик касб этади. Бундай жараёнларда очиқлик ва ошкораликка амал қилган ҳолда, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги асосий натижа ва халқаро эътироф сифатида Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланганини айтиб ўтиш мумкин.
Гендер ва тараққиёт
Ислоҳотларнинг бугунги босқичида мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар тизимли давом эттириляпти. Бу ишларни янги поғонага олиб чиқиш мақсадида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.
Эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланди, аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилинди. Ички ишлар тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилди.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва амалий ижроси таъминланяпти. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда вояга етаётган қизларга олий таълим муассасасида таҳсил олиши учун 4 фоизли квота ажратилди.
2022 йил 9 февралдан бошлаб аёлларга пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлган даври қўшиб ҳисобланадиган иш стажи муддати 3 йилдан 6 йилга оширилди. Болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга қараган давр иш стажи сифатида инобатга олинадиган муддат 16 ёшдан 18 ёшгача узайтирилди.
2022 йил сентябрь ойидан хусусий корхона ва ташкилотларда аёлларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси белгиланди. Олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизлар учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди, магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди.
Эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди. Бундан ташқари, Алимент жамғармаси ташкил этилиб, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилди.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёллар ролини тубдан оширишга қаратилган ислоҳотлар давом эттириляпти. Ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш бўйича ўзига хос тизим яратилди. Натижада 2016 йил юртимизда раҳбар аёллар сони 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 12 фоизга, 2022 йилга келиб 27 фоизга, тадбиркорлар орасида эса 25 фоизга етди.
Давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган истиқболли хотин-қизларнинг ягона электрон базаси яратилиб, унда раҳбарликка номзод 25 мингдан ортиқ хотин-қизнинг захира рўйхати шакллантирилди. 2022 йилда вазирлик ва идоралар иштирокида Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди.
Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1400 нафарга яқин аёл республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Қонунчилик палатасига сайланган 150 депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу натижалар сиёсат ва бошқарув соҳасида аёллар мамлакатимизнинг эртанги куни учун хизмат қилиши йўлида яратилган шарт-шароитлар туфайли қўлга киритиляпти, десак асло муболаға бўлмайди.
Давлат бошқаруви академияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича 552 соатлик “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури ишлаб чиқилди. Дастур асосида 100 нафар фаол хотин-қиз ўқитилди. 1996-2021 ўқув йилларида академияни тамомлаган 142 аёл битирувчи тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб, миллий кадрлар захираси базасига киритилди. Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳисобга олиш ягона ахборот тизими яратилди. Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича 29 марказ, жумладан, 1 та республика маркази, 14 та ҳудудий марказ ва 14 та намунали туманлараро марказ самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланаётир
Янги Ўзбекистон равнақи учун хотин-қизлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Бу жамиятнинг энг асосий жабҳалари — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда аёллар нуфузини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси.
Кейинги йилларда барча соҳаларда гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар қилиняпти. Ушбу мақсадларга эришишнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилиб, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Миллий қонунчиликка “гендер экспертиза” ва “гендер аудит” тушунчалари киритилди. Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асосларини соддалаштириш юзасидан қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга ҳам фарзанд асраб олишга рухсат берилди.
Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қонун қабул қилинди. БМТ тавсиясига асосан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонунга “оиладаги зўравонлик” тушунчасини киритиш ва оиладаги зўравонлик учун алоҳида жиноят таркиби сифатида жавобгарлик белгиланди. Ҳозирги кунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми такомиллаштирилиб, ҳимоя ордери суд қарори билан бир йилга берилиши тартибини белгилайдиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатасига киритилди.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида сайлов жараёнларига хотин-қизлар ва эркакларни тенг асосда жалб қилиш, сайлов комиссияларини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилди. 2022 йил давомида давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар бўлинмалари рейтингини юритишда хотин-қизлар салмоғи ҳамда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш алоҳида индикатор сифатида белгиланди.
2022 йилда қабул қилинган Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш асослари инсоннинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилди. Бу кодексга айнан хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган йигирмадан ортиқ янги норма киритилди. Хусусан, фуқароларнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқи мустаҳкамланди.
Халқаро ҳужжатлар ижроси
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида халқаро конвенция ва пактлар қоидаларининг бажарилиши бўйича тизимли равишда миллий даврий ҳисобот бериб боради. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент назорати ташкил этилган.
Гендер стратегияси ижроси доирасида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ишлаётган аёллар ва эркаклар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятга эга ишчилар тўғрисида”ги, “Тўлиқсиз иш куни тўғрисида”ги, “Касаначилик тўғрисида”ги конвенцияларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш масаласи кўриб чиқилди. Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шакллари халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш бўйича қонун лойиҳасини белгиланган тартибда келишиш жараёни бормоқда.
Ўтган йил Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ва 2022-2025 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга асосан, раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар сонини ошириш бўйича вақтинчалик махсус чора-тадбирларни қабул қилиш, уларни рағбатлантириш белгиланди.
Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг ҳимоясини кенгайтириш, одам савдосига, жумладан, аёллар ва болалар савдосига қарши курашишни кучайтириш, ваколатли давлат органларининг хотин-қизларга нисбатан зўравонлик хавфининг олдини олиш юзасидан тайёргарлиги ва масъулиятини ошириш бўйича ишлар йўлга қўйилган.
Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларига доир масалаларни тартибга солиш Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, 2019 йилда мамлакатимиз Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилди. 2022 йилда пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва пахта маҳсулотини савдо қиладиган компанияларни бирлаштирувчи “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганини эътироф этиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган тақиқларни бекор қилди. Шунингдек, АҚШ Меҳнат вазирлигининг “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати — 2022” йиллик ҳисоботида ўзбек пахтаси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарилди.
Бугунги кунда юртимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди. Қонун лойиҳаси гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
2022 йил 20 июль куни Тошкент шаҳрида “Жаҳон конституцияларида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларнинг акс эттирилиши” мавзусида халқаро жамоатчилик муҳокамалари (маслаҳатлашуви) бўлиб ўтди. Тадбирда хотин-қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг энг асосий жабҳалари — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда аёллар нуфузи, ҳар бир соҳада фаоллиги ортишига, опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги иштироки йил сайин кенгайишига хизмат қилмоқда.
Малика Қодирхонова,
Олий Мажлис Сенатининг
Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси