Бунинг моҳияти глобал ҳодисалар, жумладан, геосиёсий вазиятнинг кескин ўзгаргани, аввал кузатилмаган экологик муаммолар пайдо бўлаётгани, давлатлараро муносабатларда ўзаро ишончсизлик руҳи бўй кўрсатаётгани каби ижтимоий-сиёсий бўҳронлар билан изоҳланади.
Ана шундай таҳликали бир даврда давлатлар, сиёсий етакчилар олдида жуда катта вазифалар турибди. Бу – миллий хавфсизликни сақлаш, чегаралар дахлсизлиги, тинч-осойишта, фаровон ҳаётни таъминлаш. Агар минтақавий ёки давлатлараро зиддиятлар тобора кескин тус олаётганига эътибор берсак, тинчлик қадри қанчалик азиз экани, хотиржам яшашнинг ўзи жуда қийинлашиб бораётганини тушуниб етамиз.
“Тинчлик”, “қадр”, “хотиржамлик”, “шукроналик” сўзларининг маъноси ҳар биримизга яхши таниш. Бугун уларнинг ҳаётий мазмунини янада теранроқ англаш вақти келди, назаримизда. Буни англаш учун яқин ўтмишимиз ва унинг сабоқлари кифоя. Зеро, ҳаётда инсон шукрона келтириши учун ўтмиш ва бугун таққослари жуда зарурдир.
БИРИНЧИ ТАҚҚОС: инсон қадрининг тикланиши.
2015 йил. Бугунгидек кўклам нафаси кезмоқда. Оиламиз билан Фарғона водийсига тўйга отландик. Кайфият зўр, фарзандларимнинг шодон кулгулари ва беғубор қийқириқларига қўшилгим келади.
Тошкентдан йўлга чиққан машинамиз Қамчиқ довонига кираверишда ўрнатилган назорат-текширув пунктида тўхтади. Ҳар доимгидек турнақатор навбат. Машиналар бирма-бир текширилмоқда. Ҳеч ким шошмайди. Ҳамма навбати билан паспортини кўрсатиб ўтади. Қўлида қурол ушлаган ҳарбийлар вазиятни кузатиб турибди. Худди уруш ҳолатидагидек.
Навбатимиз келди. Обдон текшириш бошланди, ҳужжатлар кўрсатилди. Чўнтагимни, сумкаларни титкилайман – паспортим йўқ. Уйда қолибди.
Ҳужжатларни текшираётган ҳарбий жуда хавфли жиноятчини қўлга олгандек, машинадан тушишимни сўради. Унга вазиятни тушинтираман, тўйга кетаётганимизни, паспорт уйда қолганини айтаман. У эса ҳиссиз турибди, Тошкентга қайтишимни, паспорт бўлмаса, бу ердан ўтолмаслигимни айтади.
Ялиниш, илтимослар ўтмайди. Аёлим, болаларим жовдираб кўзимга қарайди. Ҳайдовчи шошаётганига ишора беради. Ноилож оилам билан хайрлашаман, тўйни эсон-омон ўтказиб келинглар, дея улар ортидан кузатиб қоламан. Тошкентга кетаётган машиналардан бирига чиқиб, ортга қайтаман. Йўл-йўлакай ичимни алам ва изтироб қоплаб олади. Дод дегим келади.
Тасаввур қиляпсизми, ўз юртингда, паспортингиз уйда қолгани учун қўшни вилоятга киролмай ортга қайтяпсиз. Бу эртак эмас, 8 йил олдин бўлган воқеа.
Кеча тунда шу воқеа ёдимга тушиб, уйқум қочди. Сўнг иш столимга ўтирдим-да, қуйидагиларни қораладим: “Президентимиз амалга оширган ислоҳотларнинг энг аълоси – мана шу қаттиқ ва мантиқсиз паспорт тизимини буткул йўқотди. Ҳар бир фуқаро ўз юртида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ўзингиз ўйланг, мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд шундай йўл-патруль пости мавжуд эди. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинада келмоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади. Паспорти бўлмаса, ортига қайтариб юборилади.
Бугун нафақат юртимизда паспортсиз бемалол юрамиз, балки белгиланган тартибда қўшни давлатларга ҳам эркин бориб-келиш имконига эга бўлдик. Бу, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Халқимиз келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак”, деган адолатли сиёсатнинг ҳаётдаги ифодаси эмасми”.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш, патруль хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш ҳақида айтганида, очиғи, кўзимга ёш келди. Негаки, Фарғонага паспортсиз киролмай, болаларимнинг жовдираб қолган нигоҳи юрагимда битмас оғриқ қолдирган эди-да.
Ўша пайтда матбуотда ўқиганим бир иқтибос бу ислоҳотларнинг ҳақиқий кўламини намоён этди. АҚШнинг мамлакатимиздаги ўша пайтдаги элчиси Памела Спратлен бундай деган эди: “Бугунги Ўзбекистон олдинги Ўзбекистон эмас... У ислоҳотчи сифатида майдонга чиқмоқда”.
Гап Президент Шавкат Мирзиёев шахси ҳақида кетаётгани ҳаммамизга яхши маълум. Мана, орадан ўтган вақт давомида гувоҳ бўлдикки, бошланган ислоҳотлар ўзини тўла оқламоқда.
Бугунга келиб бир пайтлар шаҳар ва туманларда постлар бўлгани эртакка айланди, асосийси, одамларнинг сарсон-саргардонлигига чек қўйилди. Баъзи одамлар бу қийинчиликларни тез унутмоқда. Худди ҳар доим эркин ҳаракатлангандек кайфиятда, ислоҳотларга кўз юммоқда.
Бу ўтган ҳаётимиздан бир мисол. Бундай ўзгаришлар кўламини таҳлил қилаверсак, катта-катта китобларга сиғмайди. Президентимиз айтганидек, бугун одамлар ўзгаришларни ўз ҳаётида сезмоқда.
Яқинда яна водийга йўлимиз тушди. Бу гал рулда ўзим. Болаларим ёнимда. Уйда чиқар эканмиз, аёлим “паспортларни олволайлик”, деди. Мен ҳам ҳадик ва хавотир аралаш бош ирғаб қўйдим.
Пойтахтдан узоқлашиб борар эканмиз, кўнгил хотиржамлик оғушига чўма бошлади. Пурвиқор тоғлар бағридан ўтган текис ва равон йўлдан илдамлаётган машинамиз магнитофонидан қўшиқ таралади: “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”. Оҳанг ҳам, сўз ҳам дилга хуш ёқади.
Саккиз йил аввал паспортим уйда қолгани учун йўлдан қайтариб юборилган жойдан ўтяпмиз. Ҳеч қандай назорат-ўтказиш пунктига кўзимиз тушмади. Ҳарбийлар ҳам, текширув ҳам йўқ. Бу ерда биз учун фақат аччиқ хотира ва алам қолган.
Ўй-фикрим эса бошқа томонда: “Халқимиз келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак”, деган адолатли сиёсат самараси, инсон қадри тиклангани манзараси шу бўлса керак-да.
ИККИНЧИ ТАҚҚОС: “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойили самараси.
Бугунги тадбиркорлик ва бойлик мазмун-моҳияти нималарда акс этади? Бу ҳақда Президентимиз жуда ҳаётий таърифни айтган, янги тенденцияни илгари сурган, яъни иқтисодиётни жамият ҳаётининг танасига менгзаган эди.
Агар бу фикрнинг мағзини чақсак, кўз олдимизда янги бир ҳодиса содир бўлаётганини англай бошлаймиз. Гап шундаки, янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари, энг аввало, амалий натижадорлик касб этмоқда. Бунда инсон манфаатлари бош мақсад қилиб олингани ҳам халқимизга бунёдкорлик руҳини бағишлади.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза туғилади. Давлат халқ билан давлат бўлади, иқтидорга келади. Шундай экан, давлат, энг аввало, ва умуман, халққа хизмат қилиши кераклиги ҳаётий ҳақиқат. Лекин бу ҳақиқат ҳамма замонларда ҳам ўз кучини кўрсатолмаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида тараққиётимизнинг иккинчи тўлқинида бошланган беш йиллик мақсадларимиз батафсил, халқчил тилда баён қилинган.
Қувонтираётган нарса шуки, давлат раҳбари илгари сураётган ҳар бир ташаббус ҳаётда ўз аксини топмоқда. Қатъий сиёсий ирода орқали амалга оширилаётган бу ўзгаришлар энг қуйи бўғинда ҳам маромига етаётганини кўриб, дил яйрайди. Зеро, ўша энг охирги босқичда сиз ва мен каби инсон тақдири ётибди.
Шавкат Мирзиёевнинг энг катта маслаги – инсон қадри ҳар нарсадан улуғлиги. Инсон қадри, деганда ҳалигача кўп нарсаларни тушуниб етганимиз йўқ, очиғи. Чунки бизга шу пайтгача бу туйғу нима экани англатилмади, уни танамизда хис қилмадик.
Тарих тўла-тўкис мўъжизаларга бойки, унинг зарварақларига ёзилаётган битиклар ўлмас манба-ҳужжатга айланади. Шу ўринда яна бир воқеани эсга олиш ўринли бўлади.
...2014 йил. Саратон. Ишхонадан маош берилди, кайфият яхши. Кечки пайт пулни нақдлаштириб рўзғор камини тўлдириш илинжида бўламиз. Нақд пул ҳеч кимда йўқ. Банклар нақдлаштириб бермайди. Дўкондан маҳсулот олсак, 10 фоиз қиммат берарди. Нақд пул зарур бўлса, ё дўкондордан, ёки ҳамма “обнальшик” деб биладиган бирорта “ишбилармон”дан 30 фоизгача зарарингизга олардингиз.
Тушуняпсизми, ўзингиз ишлаб топган ҳалол пулнинг 30 фоизидан воз кечиб нақдлаштириб оласиз. Бошқа иложингиз борми? Дардингизни кимга айтасиз?
Бу ҳам яқин ўтмишдаги гаплар. Ёки сиз унутдингизми, бошингиздан ўтмаганми?!
Бугун ҳар қадамда қўйилган банкоматдан кечаю кундуз, эмин-эркин пул ечиб олаётганда ўша дамларни эслаб бўғзимга нимадир тиқилади. “30 фоиздан”, деган гап қулоғимдан кетмайди.
Пул билан боғлиқ худди шундай яна бир воқеа.
Ишхонадан меҳнат таътилига чиқиб, пулни пластикка тушириб олдим. Ўша пайтда жуда зарур бўлгани учун уни хориж валютасига алмаштириш тараддудига тушдим.
Кўпчилик биладики, ўша вақтларда банкда валютанинг сўмга нисбатан курси билан “қора бозор” курси ўртасидаги тафовут катта эди.
Жойларда валюта алмаштириш шохобчалари бўларди. Ҳар куни эрталаб банкдан шу каби шохобчаларга муайян миқдорда хориж валютаси етказиб берилар, бу маблағ эса банк курсида “аҳолига” сотиларди. Фаҳмладингиз, фақат ҳисоботлардагина аҳолига сотилди, деб келтириларди. Ваҳоланки, бу ерларда уюшган гуруҳлар бўлиб, барча валютани ўзлари олар, бегоналарни йўлатмас эди. Банк курсида олган валютасини “қора бозор”да икки баробор қимматга пулларди.
Буни ҳамма биларди, лекин ҳеч ким чора кўрмас эди. Қисқаси, меҳнат таътилим пулини валютага алмаштириш учун тақиллатмаган эшигим қолмаган. Қонуний ва ноқуний йўлларнинг барчасини қилиб кўрганман, аммо имкони бўлмаган.
Бошидан ўтказган одамлар бу воқеаларни унутишга ҳаққи йўқ. Зотан, бугун валютани сўмга, сўмни валютага эркин алмаштириб олаётган даврга етиб келдик. Бу банк соҳасидаги валютани эркинлаштириш борасидаги биргина жиҳат, холос. Тизимдаги ислоҳотларнинг тадбиркорлик борасидаги енгиликлари ҳақида гапириб, адоғига етиб бўлмайди.
Мана шу янги ислоҳотлар ҳақида Германиянинг “Thüringer Allgemeine” нашри Президентимизнинг дадил сиёсатини “Кейинги беш йилда Ўзбекистонда соат бошқача юряпти”, дея шарҳлаган эди.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига берган жавобларида бу йўналиш бўйича бундай деган эди: “Ҳозирги вақтда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди”.
Қисқа ва аниқ таъриф. Лекин бунга эришиш йўлидаги машаққатлар, меҳнатлар ва қийинчиликлар натижаси бугун кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди.
УЧИНЧИ ТАҚҚОС: пахта сиёсати азобларига барҳам берилгани.
“Пахта миллатимизга манфаат келтирмади”. Бу гапни қатъий айтиш учун қанча вақт керак бўлди? Қанча аёл, мурғак қалблар тақдири пахта далаларида барбод бўлди. Пахта деб боримизни бердик, жонимизни бердик. Пахта экилмаса, одамлар пахта термаса, халқ очдан ўлади, дейишганди. Ҳеч нарса бўлмас экан-ку, ҳаёт ундан-да фаровон бўлар экан-ку.
Юз йиллик тизим икки йилда олиб ташланди. Ҳа, икки йилда барчаси бекор қилинди. Лекин шу икки йил ичида кўрсатилган сиёсий ирода ва жасорат тимсоли тарих зарварақларига ёзилишга лойиқ, албатта.
...1996 йил. Ноябрь. Кузнинг сўнгги кунлари. Ҳар доимгидек синфдошларимиз билан мактаб партасида эмас, пахта даласидамиз. Изғириндан совуқ қотган қўлларимизни пахта чаноқлари тилиб юборган. Бўм-бўш далада ерга тушиб, тупроққа қоришган пахталар чангини қоқиб этакка соламиз.
Пахта териш мажбурий меҳнатлигини, бу вақтда биз пахта даласида эмас, мактабда бўлишимиз кераклигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ота-онамиз, ака-опаларимиз шу ишни қилган, биз ҳам давом этамиз.
Одатдагидек, ўша куни ҳам эрталабдан ширин уйқудан кечиб пахта даласига “ҳайдалдик”. Уйқу зўрлик қилар, эрталабки этни жунжиктирадиган салқин ҳавогина баданимизни тетиклаштирарди.
Қўшни болалар билан дала бошига етдик. Доимгидек пахта теримига киришиб кетдик.
Туш маҳали терган пахталаримизни топширдик ва овқатланиб яна теримга тушдик. Бу ҳол шунчалик ўрганиш бўлиб кетганки, ҳеч ким уни ўзгартиришга уриниб ҳам кўрмаган.
Кечга бориб дала бошида ғала-ғовур бошланиб кетди. Кимдир йиғлаган, биров дод, деб ўзини ерга уради. Қизиқиб ҳаммамиз ўша томонга бордик.
Ўртоғимиз Камолнинг онаси пахта ғарами устида ўзини уриб йиғлайди.
Уйга келиб билдикки, синфдошимиз эрталаб дала бошида йиғиб қўйилган пахта хирмони орасида ухлаб қолган. Тушлик вақти терилган нам пахталарни олиб келган трактор ҳосилни унинг устига ағдариб кетаверган...
Кечга бориб боланинг жасади топилган.
Рости, бунақа мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Бу каби воқеалар бошқаларнинг ҳам ҳаётида содир бўлган.
Бугун ўша бола вазир бўлиши мумкин эди. Дипломат, ватан посбони, шифокор, ўқитувчи, қурувчи бўлиши мумкин эди. Асосийси, тирик бўларди...
2017 йил. Сентябрь. Талабалар, ўқитувчилар ва шифокорлар пахта даласидан қайтарилди. Шу пайтгача бу тоифадаги фуқаролар ихтиёрий-мажбурий тарзда пахта теримига жалб қилиб келинган эди.
“Бунақа пахта терими бўлмайди. Бирорта мактаб, коллеж, лицей, бюджет ташкилоти ҳеч қачон пахта термайди. Далада пахтанг ёниб кетса ҳам тегинтирмайман!”. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўша йилдаги гапларидан иқтибос.
Бу гапларни эшитган барчамизнинг баданимиз жимирлаб кетган, кўзларда ёш қалқиган. Ўзимизнинг ҳақиқий инсоний қадримизни сездик, ҳис қилдик. Энди билсак, давлатимиз раҳбари бошчилигида “инсон қадри учун” бошланган том маънодаги курашнинг тамал тоши экан ўша сўзлар.
Ўшандан буён ҳеч бир ўқитувчи-ўқувчи, шифокору муҳандис, талабаю журналист пахта теримига чиққани йўқ.
“Болаларимиз пахтага 7-синфдан чиқарди. Тасаввур қилинг, ёш-ёш қизларимиз 20-25 кило юкни ҳар куни кўтаришга мажбур эди. Шу туфайли қанча касалликлар орттириб олинарди, баъзи ҳолатларда уни даволашга ҳам имконият бўлмасди. Ваҳоланки, уларнинг қанчадан-қанча орзулари бор эди, улар фарзанд кўриши керак эди. Энди у кунларга қайтмаймиз”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 31 январь куни зиёлилар билан учрашувда.
Дарҳақиқат, ўша пайтдаги 7-синф болалари биз эдик, тенгдошларимиз, акамиз-укамиз, опамиз-синглимиз эди.
20-25 кило юкни ҳар куни кўтариб хирмонга борган, эмизикли боласини қари онасига ташлаб, пахта даласида дард чеккан жувонлар ҳамсуҳбатимиз, ҳамкасбимиз эди.
Ҳақиқатан ҳам, юз йилги тизим икки йилда олиб ташланди. Бугун бирорта мактаб ўқувчиси пахтага бораётгани йўқ. Албатта, бу оғир эди, лекин шу қарор қабул қила олинди.
Бўлар экан-ку. Пахтанинг кимга кераги бор, у кимга манфаат олиб келди? Миллатимизга манфаат олиб келгани йўқ. Бало, азоб олиб келди.
Бугун том маънода янги давр бошланди. Президентимиз мутлақо янги тизимга асос солди. Бу одамийлик, инсонпарварлик, халқпарварлик намунаси.
Инсонни инсон ўрнида кўрадиган, дарду ташвишларига қулоқ соладиган замон энди келди. Бугунги ҳаёт шукуҳини, атрофимиздаги, ҳаётимиздаги манзарани олдинги давр руҳи билан солиштиришнинг фурсати эмас. Вақт — югурик. Фурсат эса кутиб турмайди.
Ҳозир айнан шундай фурсат. Замон таҳликали, омонот дунё эканини ҳис қилиш учун узоқ мушоҳада юритиш шарт эмас, яқин-йироқ мамлакатлардаги ҳодисаларни таҳлил қилишнинг ўзи кифоя. Шундай экан, юртимизда бошланган катта ислоҳотларга ҳар биримиз хайрихоҳ бўлишимиз, бир-биримизга дўст бўлиб, ҳамжиҳатликда олға илдамлашимиз керак бўлади.
Зеро, бу дунёда ҳар бир ишга таъриф бор. Агар янги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар ҳақида гап кетса, унинг таърифи жуда мароқли ва залворли: жамиятда тафаккур эпопеяси рўй бермоқда. Бу мардонавор юксалиш йўли билан уйғун ҳодиса. Ана шу йўл барчамизни, кўп миллатли халқимизни янги марралар сари чорлаб туради.
Абу Бакир Ўрозов,
журналист