Жорий йилнинг 23 февраль куни Самарқанд шаҳри “Silk Road Samarkand” мажмуаси Конгресс-марказида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтига асос солинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Омбудсманнинг 28 йиллигига бағишланган тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда хорижий давлатлар Омбудсманлари, миллий институтлари, ваколатли давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва чет давлатларида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.
Шунингдек, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсад қилинган.
Конференция Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 20га яқин хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ҳамда халқаро бирлашма вакиллари, жумладан, Португалия, Сербия, Венгрия, Туркия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Марокаш қироллиги, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари Омбудсманлари ҳамда халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда ОАВ иштирок этишди.
Омбудсман сўзи – бутун дунёда «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи» сифатида тушунилади. Омбудсманларнинг асосий вазифаси фуқаролар мурожаатлари таҳлилидан келиб чиқиб, жамиятда қандай муаммолар борлиги ҳақида ҳукуматни хабардор қилишдан иборат. Тегишли ташкилотлар эса Омбудсман тавсияларидан келиб чиқиб, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш орқали фаолият самарадорлигини оширади. Ҳозирги вақтда дунёнинг 180 га яқин мамлакатларида Омбудсман институтлари жорий этилган.
1995 йил 23 февралида Омбудсман институти МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб жорий этилди. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) кўплаб фуқароларнинг жумладан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Бир қанча хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 20 дан ортиқ меморандумлар имзоланди. Халқаро Омбудсман институти, Европа Омбудсман институти, Осиё Омбудсманлар Ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Ассоциацияси ҳамда Евроосиё Омбудсманлари Альянси каби халқаро бирлашмаларнинг тўла қонли аъзосига айланди.
Қолаверса, 2022 йилдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ, Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлади. Бу эса фуқаролар ҳимоясини тезлик билан таъминлаш, уларнинг марказга келиш вақтлари ва ҳаражатларини тежаш, мурожаатларни тезлик билан жойига чиқиб ўрганиш, мониторинг ташрифлари қамровини кенгайтириш имконини берди.
Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Унда хотин-қизлар ва ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Омбудсманнинг давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилинди ва ўзаро тажриба алмашилди.
Илк сессияда халқаро тадбир иштирокчилари хотин-қизлар ҳамда ёшлар ҳуқуқларига риоя этилиши ва улар манфаатларини таъминлашдаги илғор тажрибалар билан танишишди.
Тадбирда қайд этилишича, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятлар тенглигини таъминлаш ногиронлиги бўлган шахсларга етарли шароитлар яратиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Омбудсман ўз фаолияти давомида имконияти чекланган шахслар томонидан юборилаётган мурожаатларга алоҳида эътибор қаратади. Мурожаатлар таҳлили асосида 2022 йилда Омбудсман ташаббуси билан жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар ҳамда ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) ҳуқуқлари таъминланиши бўйича республика бўйлаб мониторинг ўрганишлари олиб борилган ва аниқланган камчиликлар бўйича парламент ва тегишли давлат идораларига ахборот киритилган.
2022 йилда Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 381 та (2020 йилда 76 та, 2021 йилда 177 та) мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Уларда 6,0 мингдан ортиқ маҳкум (маҳбус) билан жамоавий ва 1657 нафар маҳкум (маҳбус) билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган. Ушбу мониторингларда жамоатчилик вакиллари ва ОАВ иштирок этишган.
Тадбир доирасида Венгрия ва Сербия давлатлари Омбудсманлари билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Халқаро конференция якунларига кўра, Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати