Самарқанд шаҳрида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида ўтказиладиган Глобал форумнинг асосий мақсадларидан бири – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги 51/2-сонли резолюцияси доирасида, Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи бўйича таклифларни муҳокама қилишдир.
Маълумки, 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг бажарилишини глобал даражада мувофиқлаштириб бориши белгиланган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Ушбу жараён билан ҳаётимизнинг барча соҳаларини кенг қамраб олишга кўмаклашиш учун давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни бошланғич ва ўрта мактаб, олий таълим тизимида, ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида сингдириб бориши тақозо этилади.
Жаҳон таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини миллий даражаларда амалга оширишни фаоллаштиришга ёрдам берадиган фойдали воситадир.
Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар негизида қуйидаги кетма-кет босқичларда изчиллик билан амалга оширилмоқда:
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги Резолюциясида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширишга масъул тегишли манфаатдор томонларнинг бу борадаги ижобий ташаббуслари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, барча давлатлар ва манфаатдор томонларга Жаҳон таълим дастури босқичлари ҳамма соҳаларга чуқур татбиқ этилишини фаоллаштириш тавсия этилди.
Ўз навбатида, Резолюцияда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклифларни шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига БМТнинг барча тузилмалари, давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор томонларнинг айни мавзудаги фикр-мулоҳазаларини сўраб олиш тавсия этилди.
Шу маънода, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифларнинг муҳокама қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу омил, бир томондан, ушбу халқаро анжуманнинг қанчалик долзарблигини кўрсатса, икинчи томондан, Самарқанд Глобал форумида том маънода умумбашарий масалалар кўриб чиқилишини яна бир бор тасдиқлайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг матбуот хизмати