Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида кеча жорий йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити кун тартибидаги масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Раҳматилла Нуримбетов кўлами ва аҳамияти жиҳатдан муҳим бўлган ушбу халқаро тадбир кун тартибидаги масалаларга батафсил тўхталди.
Саммит кун тартибидан савдо алоқаларини ривожлантириш, транспорт, божхона хизматларига доир жараёнларни соддалаштириш, қўшимча транспорт коридорларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ўрин олган. Шунингдек, қатор ҳужжатлар, жумладан, транспорт соҳасидаги боғлиқлик бўйича ҳамда Ташкилот ички тузилмасини мукаммаллаштиришга оид ҳужжжатлар имзоланиши кутилмоқда. Қабул қилиниши кутилаётган Самарқанд декларацияси саммитнинг асосий ҳужжати бўлади.
Саммитнинг Ўзбекистон учун яна бир муҳим жиҳати - мамлакатимиз форумда ушбу Ташкилотга раисликни қабул қилиб олади. Бу Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини янада фаол ҳамда самарали олиб бориш учун алоҳида аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар ташкилоти таркибини Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ташкил қилади, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат мақомига эга.