Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ШҲТ мамлакатлари экспертлари ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилади


Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. 

Хорижий иштирокчиларни онлайн улаш орқали гибрид форматда ташкил этилаётган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқотда ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик, идоралари, илмий-академик ва таҳлилий доиралари вакилларидан иборат 30 нафардан зиёд етакчи экспертлар жамланиши кутилмоқда. 

Иштирокчиларнинг нуфузли таркиби рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденциялар ва ютуқларни муҳокама қилиш, шунингдек ШҲТ маконида инсон ҳуқуқи ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш шароитида ахборот ва кибер хавфсизлик соҳасидаги таҳдидларга қарши курашиш бўйича илғор миллий тажрибани тақдим этиш имконини беради.

Мазкур форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 17 сентябрь куни ШҲТнинг Душанбе саммитида илгари сурилган эди. 

Бутун дунёда рақамли технологияларни жорий этиш ва онлайн фаоллик жараёнининг барқарор ривожланиши кузатилаётган бир пайтда мазкур тадбирнинг ташкил этилиши ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, жамият, бизнес, давлат ҳаёти ва фаолиятининг жадал суръатда рақамлаштирилиши ўз-ўзидан қатор объектив муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. 

Хусусан, пандемия ахборот маконида кибер жиноятлар кескин кўпайишига олиб келди. Экспертлар фикрича, 2021 йил дунёда кибер ҳужум сони 2020 йилдагига нисбатан 50 фоиз ортиб, кибер жиноятдан кўрилган зарар 2015 йилдаги 3 триллион доллардан 6 триллион долларга ўсди.

Инфратизимни кибер хавфдан ҳимоя қилиш масаласи долзарблигича қолмоқда. Мутахассислар томонидан энергетика, саноат, мудофаа соҳалари ва давлат сектори энг кўп ҳужумга учраётган тармоқлар сифатида санаб ўтилган.

Умуман, ахборот макони экстремист мафкурачилар томонидан ғоявий тарғибот олиб бориш учун энг жозибали майдонча сифатида баҳолана бошлади.

Юқорида қайд этилган салбий тенденциялар ШҲТга аъзо мамлакатлардан кибер маконни ҳимоя қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга комплекс ёндашувлар ишлаб чиқишни талаб этади. Айни хавфнинг трансчегаравий хусусияти миллий саъй-ҳаракатни минтақавий ва халқаро миқёсда ҳамкорликдаги фаолият билан бойитиш заруратини тақозо этади.

Тўғри, бугунги кунда ШҲТ доирасида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 2006 йилдан буён ташкилотга аъзо давлатлар халқаро ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлари гуруҳи фаолият юритиб келмоқда. Мазкур тузилма ШҲТнинг доимий фаолият кўрсатадиган органи ҳисобланади ва шу соҳага ихтисослашган вазирлик, идоралар ишини мувофиқлаштириб боради.

2009 йил 16 июнь куни имзоланган Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро келишув, ўз навбатида,  ШҲТ мамлакатларининг ахборот хавфсизлиги бўйича биргаликда ишлаши учун пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

2020 йил ноябрь ойида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёноти қабул қилинган.

2021 йил ШҲТнинг Душанбеда ўтган юбилей саммити якуни бўйича Ўзбекистоннинг фаол иштироки асосида ишлаб чиқилган 2022-2023 йилларга мўлжалланган халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ШҲТ мамлакатларининг биргаликдаги ҳаракатлари режаси тасдиқланган.

Ҳозирги вақтда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг барчаси, ҳеч истисносиз, рақамли жамиятни ривожлантириш, давлат бошқаруви ва молия-иқтисод секторини рақамли форматга ўтказишга қаратилган миллий стратегик ва концептуал ҳужжатларни амалга оширмоқда. 

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президентининг ушбу форумни ўтказиш бўйича ўз вақтида илгари сурган муҳим ташаббуси иштирокчиларга ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги хавф-хатарларга қарши курашишга оид ягона сиёсатни шакллантириш бўйича аниқ таклифоар, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек ШҲТ мамлакатлари фуқаролари ахборотдан эркин ва ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни келишиб олиш имконини беради. 

Айни кенг қамровли масалаларни кўриб чиқиш учун форум кун тартиби 3 мавзуга оид сессияга бўлинган:

1. Ахборотдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш – замонавий жамиятни ривожлантиришнинг муҳим омили.

2. Ахборий-ғоявий хатарлар ва бундай таҳдидларга қарши самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш.

3. АКТ жадал ривожланиши шароитида нозик ахборот инфратизими объектларини ҳимоя қилиш.

Умуман, мазкур тадбир минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот ва кибер макондаги хатарларга қарши кураш борасидаги салоҳиятини ошириш имконини беради.



  ...