Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Янги Ўзбекистон — вакиллик органлари ривожининг янги босқичи


Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғоя асосида кенг нишонланмоқда. Ушбу ғоя замирида чуқур маъно бор. Зеро, сўнгги йилларда «инсон – жамият – давлат»«давлат – инсон учун»«инсон қадрини улуғлаш», «инсон қадри учун» каби тамойил ва тушунчалар реал ҳаётимизга чуқур кириб бормоқда.

Мустақиллик шукуҳи кезиб юрган айни дамларда қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тагзамирида инсон қадрини улуғлашхалқимизни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш мақсади турганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз.

Эришилаётган ютуқлар ва марраларни таҳлил қилар эканмиз, мамлакатимиз Президентининг давлат ва жамият ҳаётига дахлдор ҳар қандай масалани, энг аввало, халқимизнинг фикри, талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда ҳал этишга қаратилган иш услуби бугун ўзини тўла оқламоқда, деб ишонч билан айта оламиз. Зеро, бугун «маҳаллага тушиш»«халқ ичига кириш, унинг дардига қулоқ солиш»«ташвишига шерик бўлиш»«муаммоларни жойида ҳал этиш» каби тамойиллар барча давлат хизматчилари фаолиятида асосий мезонга айланди.

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги жойларга чиқиб ўрганилмоқда, турли соҳа вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, ёшлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу учрашувларда соҳани ривожлантириш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди. Тиббиёт ходимлари, ёшлар ва тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди. Уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Албатта, бу каби очиқ мулоқотлар барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш, долзарб масалаларга ўз вақтида ечим топишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мамлакатимиздаги тизимли ижобий ўзгаришларнинг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳар йили қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилган давлат дастурларининг ижроси натижасида Янги Ўзбекистон пойдеворининг тамал тоши қўйилди.

Ҳаракатлар стратегияси асосида тўпланган тажрибалардан келиб чиқиб, 2022 − 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ҳамда унда яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор йўналишлар ва мақсадлар кўзда тутилган.

Тараққиёт стратегияси «Инсон қадри учун» тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада оширишда, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишида, мамлакатимизни модернизация қилишда ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Келгуси беш йилликнинг бош муҳим ҳужжати саналган Тараққиёт стратегиясида белгиланган халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирди.

Ўтган йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида кенг жамоатчилик томонидан Бош қомусимизга ўзгартиришлар киритиш, уни бугунги кун талаблари даражасига олиб чиқиш борасида кўплаб таклифлар илгари сурилган эди. Булар халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини яққол кўрсатди.

Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарали ва пухта амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилди.

Конституциявий ислоҳотларга доир тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудларида, аҳолининг ҳамма қатламларини қамраб олган ҳолда, очиқ-ошкоралик принциплари асосида ташкил қилинмоқда. Депутатлар сайлов округларидаги фаолияти, ҳудудлардаги учрашувлари ва аҳоли билан олиб борилган тўғридан-тўғри мулоқотлари давомида конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказмоқдалар.

Тараққиёт стратегияси доирасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар Олий Мажлис палаталари фаолиятида ҳам муайян ижобий натижаларга эришилиши учун замин яратди.

Ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тубдан ўзгарди.

 

Қонун ижодкорлигида ҳаётий ва халқчил тамойиллар
устувор аҳамият касб этмоқда

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида норма ижодкорлиги соҳасида ўта долзарб вазифалар турганлигини назарда тутиб, қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги борасидаги ишининг сифатини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

«Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойил асосида норма ижодкорлигига илгари мавжуд бўлмаган қатор янги демократик тартиб-қоидалар киритилди.

Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бундай қонунларнинг асл мазмун-моҳиятини содда ва тушунарли тарзда аҳолига етказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти вакиллари томонидан нормаларни тўғри қўллаш ва талқин қилинишини ташкил этиш мақсадида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш хусусиятидаги қонунларнинг кириш қисмида уларнинг мазмун-моҳиятини, масаланинг долзарблигини очиб берувчи муқаддималарни баён этиш амалиёти жорий этилди.

Бу эса ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган қонуннинг фуқароларгақонунни қўлловчиларга содда ва халқчил тилда тушуниш имконини бермоқда.

Миллий қонунчиликни тизимлаштириш ва ривожлантириш мақсадида янги таҳрирдаги қонун ўрнига янги қонунни қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу қонунчилик базасининг тизимлилигини ва комплекслилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Қонунчилик палатаси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар майдонига, чинакам «демократия мактаби»га айланиб бормоқда. Қонун лойиҳалари муҳокамасида ташаббускор идоралар вакиллари билан бирга соҳа экспертлари ва мутахассислари фаол иштирок этиб, уларга ўз фикрларини билдиришлари учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Қонун лойиҳалари қуйи палатага киритилгунига қадар халқ муҳокамасига қўйилмоқда ва улар юзасидан аҳолининг муносабати ҳар томонлама ўрганилмоқда. Кенг оммани жалб қилишнинг замонавий усуллари, жумладан ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) фаолияти йўлга қўйилган.

Шу билан бирга Қонунчилик палатасида ҳам қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, бунда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қонунчилик палатаси томонидан қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш бўйича алоҳида тартиб қабул қилиниб, қонун лойиҳалари жойларда сайловчилар муҳокамасидан доимий равишда ўтказилмоқда.

Бугунги кунда Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти кўлами ҳам, иш ҳажми ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлмоқда. Жумладан, 2016 йилда 19 та қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 49 тани ташкил этгани сўзимиз тасдиғидир.

Қонун лойиҳаларини кўпроқ Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарида муҳокама қилиш амалиёти қарор топмоқда. Ушбу амалиёт қонун лойиҳаларини ташаббускор субъект вакиллари, мутасадди идоралар мутахассислари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама кўриб чиққан ҳолда маромига етказишда, шу жумладан, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар манфаатларини янада тўлиқ ифодалашда ҳамда ушбу қонунларни ҳаётга самарали жорий қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни вақтда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб ўтказилаётган ислоҳотлар доирасида бутун бир соҳани тартибга солувчи қонунчилик жараёнлари қайта кўриб чиқилмоқда ва қатор яхлит қонунлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги, «Почта алоқаси тўғрисида»ги, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги, «Давлат қарзи тўғрисида»ги, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги каби қонунлар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ҳуқуқий асосларини белгилаб бериш мақсадида ишлаб чиқилиб, қабул қилинган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг қўлланилиш соҳаси кенгайтирилди. Унинг пенсия, солиқ, божхона, давлат назорати, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш соҳаларига татбиқ этилиши аниқ белгиланди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мансабдор шахсларга ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишни тақиқлаш, қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган ҳуқуқни қўллашнинг рад этилишига йўл қўймаслик каби янги принциплар киритилди. Фуқаролар давлат органининг қарорлари ва ҳаракатларининг қонунийлигидан келиб чиқиб иш тутишлари мумкинлиги белгиланди. Давлат органи қарор қабул қилишда хатога йўл қўйса, бунинг натижасида фуқаро учун салбий оқибатлар келиб чиқмаслигини таъминлайдиган нормалар билан тўлдирилди.

Шунингдек, ушбу Қонун билан «умумий вакил» институти киритилди. Эндиликда битта мурожаат бўйича 50 ва ундан ортиқ фуқаро иштирок этаётган бўлса, улар томонидан умумий бир нафар вакил тайинланиши мумкинлиги, маъмурий иш чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида барча жараёнлар битта мажлис давомида амалга оширилиши белгиланди.

«Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши, мулк ҳуқуқининг устуворлиги, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, олиб қўйилган ер участкасидан мақсадли фойдаланилиши, қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, компенсациянинг кафолатланганлиги каби принциплар аниқ белгиланган.

Норма ижодкорлиги бугунги ислоҳотларни рўёбга чиқаришнинг асосий омили эканлигидан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши халқимиз фаровонлигини оширишга, ҳуқуқ ва эркинликларини янада тўлақонли таъминлашга хизмат қилади.

 

Таъсирчан парламент назорати ислоҳотлар
самарадорлигини таъминламоқда

Ўтган даврда Қонунчилик палатаси ўзининг назорат-таҳлил фаолиятини ташкил этишда, биринчи навбатда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастурида белгиланган мақсадларнинг бажарилиши устидан таъсирчан парламент мониторингини олиб боришга алоҳида эътибор қаратди.

Мамлакатимиз Президентининг давлат ҳокимияти турли тармоқларининг ўзаро бир-бирини тийиб туриши ва мувозанати механизмлари тизимида парламентнинг ролини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътиборга лойиқдир.

Жумладан, сўнгги йилларда Қонунчилик палатаси фаолиятига давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини ҳар чоракда кўриб чиқиш, Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллаш амалиёти жорий этилди. «Ҳукумат соати» институти кириб келди, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ҳам парламент сўровини юбориш мумкинлиги белгиланди, уларнинг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини қуйи палата мажлисларида эшитиш тизими йўлга қўйилди.

Парламент фаолиятида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар, айниқса, ҳисобдорликнинг бундай шакллари жорий этилиши ҳукуматнинг очиқлигини ва масъулиятини тубдан оширмоқда. Жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ҳукумат олдига қўйишда айни муддао бўлмоқда.

Тўртинчи чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятида назорат қилиш ваколатларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Назорат қилиш вазифаларини амалга ошириш доирасида Қонунчилик палатаси томонидан биргина жорий йилнинг ўтган даврида қонунлар ижроси юзасидан 24 та назорат-таҳлил тадбири, 16 та «парламент эшитуви» ўтказилди, 5 та «ҳукумат соати» ташкил этилди, 3 та парламент сўрови ва 206 та депутат сўрови юборилди.

Парламент назорати тадбирлари давомида тегишли соҳани ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда мансабдор шахслар ишига танқидий баҳо беришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса, ҳукумат аъзоларининг, мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга, пировардида, фуқароларнинг давлат органлари фаолиятидан розилигини таъминлашга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 

Сайловчилар ва электорат манфаати

Сиёсий партиялар – жамиятни тараққиётга етакловчи, одамларнинг фаровон яшаши учун дадил ғоя ва ташаббусларни тақдим этувчи катта куч. Сиёсий партиялар манфаатларини илгари сурувчи орган эса уларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари саналади.

Қонун лойиҳаларидаги нормаларнинг халқчиллигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётини янада яхшилаш борасидаги самарадорлигини ошириш мақсадида йўлга қўйилган «электорат билан маслаҳатлашув» институти фракцияларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим ўрин тутмоқда.

Жойлардан қонун лойиҳалари бўйича келиб тушган фикр ва таклифлар сиёсий партиялар томонидан умумлаштирилиб, фракциялар мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Натижада Қонунчилик палатасида муҳокама қилинадиган ҳар бир қонун лойиҳасида сайловчилар ва партия электоратининг манфаатлари ўз аксини топмоқда. Қолаверса, фракциялар қонун лойиҳалари муҳокамасида принципиал позицияларини атрофлича намоён этиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Зеро, Давлат раҳбари таъкидлаганидек, депутатлар муҳокамага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича ўзининг мустаҳкам позициясини кўрсатган тақдирдагина, сайловчилар ишончини оқлай олади.

Шу нуқтаи назардан, мазкур йўналишда қарор топган амалиёт Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича фракциялараро рақобат муҳитини кескин кучайтирди. Ана шундай фракциялараро баҳс-мунозаралар ва тортишувлар туфайли жорий йилнинг ўтган даврида 3 та қонун лойиҳаси ташаббускор субъектга ҳамда 4 та қонун лойиҳаси қайта ишланиши учун масъул қўмиталарга қайтарилди.

Шунингдек ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, давлат мулкини бошқариш, судлар фаолиятини такомиллаштириш, электрон далиллар билан ишлаш, коррупцияга қарши курашиш, реклама соҳасини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳалари юзасидан фракциялараро муҳокамалар кескин тарзда ўтди.

 

Халқ вакиллари – халқ иродасининг чинакам ифодачисига айланмоқда

Мамлакатимиз Президентининг депутат билан сайловчилар ўртасида мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш механизмларини такомиллаштиришга доир ташаббуслари парламентга аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, халқ ва давлат институтлари ўртасида кўприк бўлишсайловчиларнинг манфаатларини тўлароқ ифодалаш имкониятини бермоқда.

Бугунги кунда аҳоли, хусусан, сайловчилар билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятининг устувор йўналишига айланди.

Авваллари депутатлар бир йилда уч-тўрт марта учрашувларга чиққан бўлса, эндиликда ҳар ойнинг охирги ҳафтаси депутатларнинг сайлов округида ишлаши учун белгиланди. Бу сайловчилар манфаатларини тўлақонли ифода этиш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, депутатлар ўз сайловчиларининг эҳтиёжлари, муаммолари ва у ердаги ҳақиқий вазият тўғрисида ахборот олишини таъминловчи барқарор механизм шаклланди.

Депутатлар сайлов округларидаги фаолияти давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти тўғрисида сайловчиларга ахборот бермоқдалар. Янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини етказмоқдалар.

Халқ ноиблари нафақат фуқаролар томонидан билдирилаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим жабҳаларидаги ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга халқнинг фикри ҳамда аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу билан бирга, ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектлари, маҳаллалар, аҳоли хонадонлари ҳамда бозорлар ва савдо марказларига ташриф буюрилиб, халқ билан юзма-юз учрашувлар ўтказилмоқда, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда ёшлар билан суҳбатлашилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида депутатлар томонидан жами 7 331 та хонадонга ташриф буюрилиб, 4 024 та учрашув ўтказилди. Уларда 86 мингдан зиёд фуқаро, шу жумладан 8 мингдан ортиқ тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди ҳамда 2 354 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан танишилди.

Депутатларнинг жойлардаги ушбу фаолияти аҳоли ва сайловчиларни ўйлантираётган, жамият олдида турган муаммо ҳамда камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини бермоқда.

Бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иши ҳам янги мазмун-моҳият билан бойиди. Масалан, маҳаллий Кенгашларга ҳоким ва унинг ўринбосарлари билан бир қаторда, прокурор, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, молия, солиқ органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ваколатлари берилди. Натижада маҳаллий Кенгашларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни янада мустаҳкамланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Олий Мажлис палаталари билан маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тобора кучайиб бормоқда. Хусусан, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастури белгиланган мақсадлар доирасида Олий Мажлиси палаталарининг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Депутатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига амалий ёрдам кўрсатмоқдалар. Маҳаллий Кенгашлар депутатларини ҳам партиявийлигидан келиб чиқиб, жойлардаги мулоқотларга жалб қилишмоқда. Табиийки, бу Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари томонидан маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни мунтазам ва тизимли асосда олиб боришга имкон бермоқда.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларидаги фаолиятлари давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари, партия гуруҳлари ҳамда Кенгашларда тузилган котибиятларнинг фаолияти самарали йўлга қўйилишига доимий равишда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Бу, ўз навбатида, Олий Мажлис палаталари ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш, вакиллик органи сифатидаги функцияларини тўлақонли бажаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди

Қонунчилик палатаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг бориши, қабул қилинаётган қонунларининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилиш, шунингдек фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида депутатлар томонидан оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ва «YouTube» видеохостингида «Олий Мажлис Қонунчилик палатаси» номли расмий саҳифалар очилиб, улар орқали Қонунчилик палатаси мажлислари тўғридан-тўғри ёритиб борилмоқда.

Халқ вакилларининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги сайловчилар билан янада яқиндан мулоқот қилиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, энг аҳамиятлиси, мавжуд қонунчиликка ўзгартишлар киритишда муҳим ўрин тутмоқда.

Қонунчилик палатаси мажлислари жонли эфирга узатилаётганлиги халқимиз, кенг жамоатчиликнинг қуйи палатада қонун лойиҳаларининг муҳокамалари ва қабул қилиш жараёнига бўлган қизиқишини янада оширди.

Мажлисларнинг тўғридан-тўғри эфирга узатилиши натижасида жамоатчилик томонидан Қонунчилик палатасида кўрилаётган масалалар юзасидан кўплаб фикрлартаклифлар билдирилмоқда.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида фуқароларнинг фикрларини инобатга олиш юзасидан мутлоқо янги тизим шаклланмоқда.

Албатта, жамоатчилик томонидан илгари сурилаётган таклифлар Қонунчилик палатасининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Айни пайтда депутатлар корпуси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Халқаро ҳамкорлик алоқалари кучаймоқда

Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг янги тарихидаги тинчликсевар ташқи сиёсати ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва очиқлик тамойиллари асосида изчиллик билан амалга оширилаётганлигини эътироф этмоқда.

Ўзбекистоннинг ташаббусларини халқаро ташкилотларда илгари суриш, халқаро парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари доимо парламент эътиборида бўлиб келмоқда.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш билан боғлиқ ғоят долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажаришда парламентнинг роли ва таъсирини оширишни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси доирасида хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўпқиррали ва самарали ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро ИттифоқЕвропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент АссамблеясиМустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳозирги кунда Олий Мажлисда жами 53 та хорижий давлат парламенти билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. Ушбу парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни янада ривожлантириш учун доимий мулоқот майдони вазифасини ўтамоқда ва ўз навбатида, чет эллик парламент вакиллари билан очиқ, конструктив ва жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизмига айланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда парламентнинг фаолият йўналишларига янги институт кириб келди. Яъни, мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бундай институт халқ вакилларининг масъулиятини янада ошириш билан бирга, парламентнинг олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан четда турмаслигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда парламентаризм тарихи мамлакатимиз мустақиллигининг тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб шаклланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўттиз бир йиллик тарихимизнинг барча босқичларида мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, халқ ҳокимиятининг чинакам демократик тизимини шакллантириш борасида муҳим ўрин эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг миллий сиёсий тизимни ҳамда давлат бошқаруви асосларини демократлаштиришга қаратилган ташаббуслари парламентнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини янада кучайтирди.

Олий Мажлиснинг муҳим ва мустақил институт сифатидаги фаолияти мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, ҳақиқий ҳуқуқий давлатни шакллантириш, мамлакатда конструктив ва бунёдкорлик муҳитини яратиш борасида муҳим аҳамият касб этади.

Келгусида мамлакатимиз равнақини янада юксалтириш борасида олдимизда муҳим ва катта ишлар турганини барчамиз яхши англаймиз, албатта. Ишончимиз комилки, фуқароларнинг манфаатларини ифодаловчи ҳақиқий демократик орган сифатида шаклланган, давлат ҳокимияти органлари тизимида муносиб ўрин эгаллаган, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга фаол жалб этилган парламентимиз келгусида халқпарвар давлат барпо этишга, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга, халқимиз фаровонлигини таъминлашга ва Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига қаратилган ислоҳотларнинг давомчиси бўлиб қолади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар депутатлик корпусидан янада фаол бўлишни, иш жараёнига янгича руҳ ва ўзгача мазмун олиб киришни тақозо этади.

 

Нуриддинжон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Спикери

 

“Халқ сўзи”

30.08.2022й.



  ...