Жорий йил 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги, тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Анжуман давомида беш мамлакат етакчилари жорий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишади, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқишади, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама шерикликни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида янграган эди.
Ўша нуфузли анжуманда Ўзбекистон етакчиси минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам равишдаги учрашувлари Марказий Осиёда шаклланаётган ижобий тенденцияларни «мустаҳкамлаш»ини айтганди.
«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилди… Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир», - деган эди давлатимиз раҳбари.
Ушбу ташаббус Марказий Осиё давлатлари томонидан ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланди ва дастлабки саммит тез орада - 2018 йил мартда Астана шаҳрида ўтказилди.
Айни форматда илк бор уюштирилган мулоқотнинг энг муҳим, ўзига хос хусусияти давлат раҳбарларининг биргаликда олдинда турган вазифаларни бажариш ва минтақадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ташқи кучлар аралашувисиз тараққиётга эришиш, шунингдек Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан юзага келаётган хатарларга жавоб бериш учун жипслашиш зарурлиги тўғрисида якдил фикрда экани бўлди. Ўтказилган музокаралар якунида шундай учрашувларни мунтазам тарзда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Янгидан тузилган формат ишида Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳрида 2019 йил ноябрда ташкил этилган иккинчи Маслаҳат учрашуви муҳим аҳамият касб этди. Сермазмун учрашувлар давомида беш давлат етакчилари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик форматига нисбатан ягона ёндашув ишлаб чиқиш, тузилма фаолиятини умумий хусусиятга эга масалаларни ҳал этиш учун долзарб кун тартиби билан тўлдиришга жиддий эътибор қаратишди.
Сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва савдо, транспорт ва транзит, энергетика ва сув масаласи каби йўналишларда яқин ва изчил ҳамкорликда иш олиб боришга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди.
Бундан ташқари беш давлат раҳбарлари энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини яхши англашларини намоён этишди, бу борада минтақада ягона инфратизим яратиш ва бошқа самарали ишларни амалга ошириш учун истиқболда кўплаб қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш лозимлигини таъкидлашди.
Томонлар барча мамлакатлар минтақалари даражасида фаол алмашинув ва алоқаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт йўналишларида мунтазам равишда биргаликда тадбирлар ўтказишга келишиб олдилар.
– Биз ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш йўлида бутунлай ҳамфикр эканимизни яна бир бор тасдиқладик.
Учрашув долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича бизнинг қараш ва ёндашувларимиз ўзаро жуда яқин эканини намойиш этди, – деди давлатимиз раҳбари.
Саммит якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш регламенти маъқулланди.
2021 йил августда Каспий денгизи ёқасида жойлашган Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё Президентларининг учинчи Маслаҳат учрашуви ҳам жуда самарали бўлди. Давлат раҳбарлари умумминтақавий бозор ташкил этиш ва инфратизим лойиҳаларини амалга ошириш, ягона энергетика майдонини шакллантириш ва Марказий Осиё давлатларининг иқлим ўзгаришига мослашишини таъминлашга қаратилган «яшил» энергетикани жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Саммит доирасида олий даражадаги учрашув билан бирга қатор тадбирлар ҳам ўтказилди. Иқтисодий форум, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти йиғилиши, миллий таомлар фестивали ва минтақа мамлакатлари санъат усталарининг гала-концерти шулар жумласидан.
Шубҳасиз, олий даражадаги учрашувларга доимий тус берилиши ва Маслаҳат учрашувлари доирасидаги ҳамкорлик формати мустаҳкамланиши барча иштирокчи мамлакатлар учун улкан сиёсий-иқтисодий, савдо-инвестицион, маданий-гуманитар наф келтирди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий Осиё давлатларининг ягона иқтисодий, маданий-цивилизацион маконда мунтазам ва барқарор ривожланиши учун шарт-шароит яратиш йўлида иш олиб борилмоқда. Муҳими, минтақавий яқинлашишнинг ҳал қилувчи мақсадларидан бирига эришилди: қардош халқлар бир-бирлари билан ҳеч қандай сунъий тўсиқларсиз, қийинчиликсиз муносабатга кириша, ҳамкорлик қила оладилар.
Яна бир нарсани таъкидлаш лозим, мамлакатларимизнинг минтақавий хусусиятга эга энг долзарб масалаларга, ташқи таҳдид ва хатарларга нисбатан умумий ёндашуви шаклланмоқда. Ушбу жараёнда Афғонистондаги вазиятдан умумий хавотир ва ушбу салбий ҳолатни, жумладан, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали меъёрига келтиришга тайёрлик муҳим аҳамият касб этади.
«Биз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаб бормоқдамиз. Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир», - деди Ўзбекистон етакчиси ўтган йил сентябр ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида.
Маслаҳат учрашувлари буни тасдиқламоқда ва шу билан бир вақтда иштирокчиларнинг Марказий Осиёни хавфсиз ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантиришга интилиб, муносабатларни босқичма-босқич мустаҳкамлаб боришдан манфаатдорлигини кўрсатмоқда. Етакчилар қайд этишича, ташқи сиёсат чизиқларини ўзаро яқинлаштириш ва сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш тарихий асосларга эга ҳақиқатдир.
Бундай ўзгаришлар натижасида ички минтақавий масалалар бўйича келишилган ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда ва халқаро майдонда ҳам жипслашув яққол кузатилмоқда. Айни жараёнда БМТ тизимида ва бошқа халқаро тузилмаларда масъул лавозимларга сайловлар чоғи Марказий Осиё давлатлари ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани, юқори даражадаги глобал ва минтақавий форумлардаги чиқишлардаги келишилган, умумий позициялар, шунингдек минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қўшма баёнотларни эслаш ўринли.
Умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида БМТ Бош Ассамблеясининг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний бағрикенгликни илгари суриш, туризмни ривожлантириш, Орол муаммосини ҳал этишга қаратилган бир қатор резолюциялари қабул қилинди. Минтақадаги янгиланишлар, ички минтақавий тарқоқликдан жипслашиш ва жадал ривожланиш сари ташланаётган дадил одимлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик чуқурлашишидек ижобий шаклда намоён бўлмоқда.
Шерикликнинг идоралараро ва ҳукуматлараро механизмлари шаклланмоқда. Масалан, мамлакатларимиз парламентлари ва ҳукуматлари ҳамкорлик қилмоқда, сув хўжалиги бўйича қўшма комиссиялар ва бошқа турли шакллардаги умумий тузилмалар муваффақиятли иш олиб бормоқда. Хўжалик субъектлари, муассаса ва ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар мустаҳкамланяпти. Барқарор шериклик ўрнатишга кўмаклашувчи минтақалараро форумлар ўтказиш йўлга қўйилди.
2020 йил, пандемияга қарамай, Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлик ритмини сақлаб қолишга эришдилар, муайян ҳолатларда бир-бирларига ёрдам бердилар ва шу орқали мураккаб вазиятларда бирдамлик ва инсонпарварлик хислатларини намоён этдилар. 2021 ва 2022 йилларда бу тенденция нафақат ақланиб қолди, балки янада жадал тус олди. Ўсиш суръати, айниқса иқтисодий кўрсаткичларда яққол кўринади.
Масалан, Марказий Осиё давлатларининг умумий ЯИМ 2016-2021 йиллар мобайнида 253 миллиард доллардан 327 миллиард долларга кўтарилди. Худди шундай ўсиш ички минтақавий савдода ҳам кузатилди. Минтақадаги ички савдо ҳажми 2016-2021 йилларда 60 фоиз ўсиб, 172,3 миллиард долларга етди. Шу даврда Марказий Осиё минтақасига тўғридан-тўғри инвестиция 35 фоиз кўпайиб, 36,4 миллиард долларни ташкил этди. Айни вақтда “Boston Consulting Group” (BCG) таҳлилига кўра, келгуси ўн йилликда минтақага 170 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши, жумладан 40-70 миллиард доллар сармоя нохомашё тармоғига киритилиши тахмин қилинмоқда.
Томонлар икки ёқлама шаклдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнини изга солишга ҳам эришдилар. Қўшма корхоналар сони йил сайин сезиларли даражада ошмоқда. Саноат кооперацияси жадал ривожланмоқда. Ижобий жараёнлар, табиийки, Ўзбекистонга ҳам бевосита алоқадор. Мамлакатимизнинг МО давлатлари билан савдо ай ланмаси ўсиб бораётгани бунга яққол мисол. Охирги беш йилда савдо ҳажми 3,5 баравардан зиёдроқ ўсиб, 2021 йил 8,4 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан инвестициявий ҳамкорлиги кенгаймоқда. Айни йўналишдаги ҳамкорликнинг янги шакли сифатида Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармаси ва Ўзбек-Тожик инвестиция компаниясини қайд этиш мумкин.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида Ўзбекистон капитали иштирокида қайта ишлаш саноати, қурилиш, электротехника, савдо ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига ихтисослашган уч мингдан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон бозорига қўшни мамлакатлар ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Биргина ўтган йилни таҳлил этадиган бўлсак, юртимизда қўшни давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони ўсиши бўйича қуйидаги суръатни кузатиш мумкин: Қозоғистон - 856 тадан 1109 тага, Қирғизистон - 169 тадан 258 тага, Тожикистон - 171 тадан 240 тага ва Туркманистон - 155 тадан 160 тага.
Барча давлатлар билан автомобилсозлик, енгил саноат, агросаноат мажмуаси кооперацияси бўйича кўплаб йирик лойиҳалар йўлга қўйилган ёки амалга оширилмоқда. Марказий Осиё давлатларининг транспорт соҳасидаги, жумладан, минтақада халқаро транспорт йўлаклари ҳосил қилиш ва халқаро транспорт инфратизимини яратишга қаратилган ҳамкорлиги янгича ривожланиш йўлига тушиб олди. Ушбу мақсадларга эришилиши минтақа давлатлари экспорт маҳсулотларини жаҳон бозорларига чиқаришда транспорт харажатлари камайишига олиб келади.
Қолаверса, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини ўзаро боғлайдиган Термиз - Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар йўлаги ҳам кенг имкониятлар очади. Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши яна бир муҳим лойиҳа бўлиб, ҳозир амалдаги йўналишларга қараганда мавжуд масофани 900 км қисқартиради. Шунда ХХРдан чиққан юкни Ўзбекистон орқали Европага ва жанубий йўналишдаги бошқа мамлакатларга етказиш муддати етти-саккиз кун камаяди.
Ўзаро ишонч мустаҳкамланиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаш кучайиши туфайли Марказий Осиё давлатлари минтақа учун жуда зарур бўлган ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилишини тўхтатиб келган кўплаб муаммоли масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлишди. Бу жараёнда, айниқса, жуда кўп ҳолларда қарама-қаршиликлар келтириб чиқарган, можаролар юзага келишига сабаб бўлган сув соҳасидаги муносабатлар қатъий тарзда ижобий томонга ўзгарганини эътироф этиш керак.
2018 йил сўнгги ўн йил ичида илк бор Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари саммити ўтказилди. Бу мамлакатларимизнинг Оролбўйини экологик соғломлаштириш билан шуғулланишга, трансчегаравий сув оқимларидаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ушбу манбаларни асраш йўналишида биргаликда ишлашга тайёрлигини кўрсатди.
Шу ўринда мисол тариқасида Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан гидроэлектростанциялар қуриш бўйича муносабатлари ривожланиши суръатига алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасида Туркманистон билан ҳам изчил ҳамкорлик ўрнатгани аҳамиятли. Ўтган йилдан бошлаб Ҳукуматлараро сув хўжалиги комиссияси иш бошлади. Яқинда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якуни бўйича Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида тарихий битим имзоланди.
Сўнгги йилларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Халқ дипломатияси жадал ривожланмоқда. Қардош халқларнинг тарихий ва теран гуманитар алоқаларини мустаҳкамлаш, дўстлик, яхши қўшничилик ва бир-бирини тушуниш муҳитини янада яхшилаш имконини берадиган маданият ва кино кунлари, фестиваллар ўтказилиши мунтазамлик касб этди. Шунингдек, минтақанинг маданий меросини асраш ва ривожлантиришга бағишланган тадбирлар ташкил этилиши ҳам анъанага айланди. 2021 йил сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми чоғида бой ва жуда қизиқарли тажриба тўпланди. Мазкур анжуманда иштирокчилар МОнинг ноёб меросини асраш билан боғлиқ долзарб илмий масалаларни муҳокама этди.
Мамлакатларимиз томонидан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўсиб боришининг ижобий даражасига, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтадиган тўртинчи Маслаҳат учрашуви қўшимча суръат бахш этади. Ўзаро муносабатлар хусусиятидан ва томонларнинг шерикликни янада мустаҳкамлашга бўлган интилишидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишларни яқин ва ўрта муддатли истиқбол учун устувор этиб белгилаш мумкин:
Биринчидан, конструктив ва ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни таъминлаш.
Иккинчидан, халқаро майдонлардаги мамлакатларимиз учун манфаатли бўлган ташаббусларни илгари суриш имконини берадиган изчил ҳамкорликни кучайтириш. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш давлатларнинг ва умуман минтақанинг барқарор ривожланишига кўмаклашади.
Учинчидан, ўзаро савдони ва саноат кооперациясини янада жадаллаштириш. Бир неча йил давомида мамлакатларимиз ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратишди. Бунинг ижобий самарасини минтақанинг ҳар бир давлати ўзида ҳис этмоқда. Ҳозирги босқичда, айниқса, иқтисодиётда рақамлашиш жараёни тезлашаётгани ва «яшиллик» устуворлиги ортаётганини ҳисобга олган ҳолда, шерикликнинг янги соҳаларини илгари суриш жуда муҳим.
Тўртинчидан, транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш. Замонавий глобал тенденцияларни инобатга олиб, мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш, ўзаро келишилган ҳолда имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш зарур.
Бешинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик. Иқтисодиётлар барқарор ривожланишини таъминлаш, зарур ҳажмдаги энергия манбаларини яратиш ва «яшил» кун тартибини илгари суриш мақсадида МО давлатлари минтақанинг икки ёки ундан ортиқ мамлакати манфаатига хизмат қиладиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишлари керак.
Олтинчидан, сув-экология соҳасида ҳамкорлик. Замонавий босқичда Марказий Осиё давлатлари иқлим билан боғлиқ авваллари мисли кўрилмаган босимни ва бунинг салбий оқибатини ҳис этмоқда. Шунинг учун ҳам қурғоқчиликка қарши курашиш, био хилма-хилликни асраш ва меъёрий сув таъминотига эришиш, «яшил» иқтисодиёт, жумладан, Оролбўйидаги вазиятни соғломлаштиришга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш лозим.
Бу жараёнда конструктив мулоқот учун ягона ва ноёб кўп томонлама майдон ҳисобланган ОҚХЖ ҳал қилувчи ўринни эгаллаши керак.
Еттинчидан, маданий, маънавий ва миллий қадриятлар яқинлиги назарда тутилса, гуманитар алоқаларни, жумладан, халқ дипломатияси ёрдамида, турли маданий тадбирлар уюштириш орқали ҳар томонлама чуқурлаштириш масалалари диққат марказига чиқади.
Саккизинчидан, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик. Марказий Осиё – дунёда биринчи бўлиб БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан ва зиммасига ушбу ҳужжатни имплементация қилиш мажбуриятини олган минтақа ҳисобланади. Бу анъанавий ва янги таҳдидлар, хатарларга қарши туриш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш жараёнини ривожлантиришга хизмат қилади.
***
Минтақа давлатлари ўртасидаги муносабат ривожланишининг бугунги суръати мамлакатларимиз конструктив сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга қатъий содиқлигини тасдиқлайди.
Анвар Носиров,
Марказий Осиё халқаро институти директори