Мамлакатимиз Конституцияси мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Шу билан бирга, ҳаёт ҳам, халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда.
Сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдириб келинаётган эди. Шуни инобатга олиб, жорий йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилди. Ўтган бир ой давомида мазкур комиссияга халқимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари аҳолининг бундай фаоллигини, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик ҳиссини юксак баҳолаб, конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз ўз маърузасида тўртта устувор йўналишга эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича таклифларини айтди.
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.
– Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур, – деди Президент.
Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани таъкидланиб, Конституцияга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган нормани киритиш таклифи билдирилди.
Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш зарурлиги айтилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан инсоний муносабатни таъминлаш бўйича конституциявий асосларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши кераклиги таъкидланди.
Иккинчи йўналишда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғоя илгари сурилди.
Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари яратиб беради, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди. Шу боис бу йўналишда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларнинг манфаатлари ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлиги ва экологияни асрашга оид таклифлар билдирилди.
– Бир сўз билан айтганда, давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учинчи йўналиш Конституцияда маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаш ҳақида бўлди. Бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиши, бунинг учун давлат органлари уларга кўмак кўрсатишига оид тамойиллар ўз ифодасини топади.
Тўртинчи йўналиш мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилигини кучайтиришга қаратилгани билан жуда муҳим.
– Биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этишни кўзлаганмиз. Бу шуни англатадики, давлат, унинг органлари ва мансабдор шахслари халқ учун ишлайди, унга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти устидан халқ назорати ўрнатилади. Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритишни таклиф қиламан, – деди Президент.
Жумладан, ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш, Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.
Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Конституцияга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этишни таклиф қилди. Бу қоида орқали халқ бевосита ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади. 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўлади.
Ҳукумат ваколатларини ҳам кенгайтириб, Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар, оилани қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини Конституцияда белгилаш лозимлиги қайд этилди.
Жаҳонда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал-ҳуқуқий асосларини янгилаш ва такомиллаштириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Маълумки, Конституциявий комиссия томонидан умумлаштирилган таклифларни энди Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент қуйи палатасига киритади. Парламентда улар чуқур муҳокамадан ўтказилиб, янгиланган Конституция лойиҳаси тайёрланади. Қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Лекин Президентимиз Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.
– Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, Президент халқимизга мурожаат қилиб, конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақирди.
– Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир! Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Учрашув самимий мулоқот тарзида давом этди. Конституциявий комиссия аъзолари сўзга чиқиб, аҳолининг таклифлари, ислоҳотлар зарурати ҳақида ўз фикрларини билдирди.