2022 йил 5 апрель куни Тошкент шаҳрида низоли ҳудудлардан олиб келинган репатриантлар, шу жумладан Сурия, Ироқ ва Афғонистондан қайтган аёллар ва болаларни жамият ҳаётига интеграциялаштириш ҳамда мослаштириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш соҳасида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари роли ва имкониятларини оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси томонидан ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокчиларни қутлар экан, Ўзбекистон Ҳукумати олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати доирасида 2019-2021 йилларда Сурия, Ироқ ва Афғонистон мамлакатлари ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш бўйича бешта махсус операция амалга оширилганига эътиборни қаратди.
“Меҳр” деб номланган ана шу операциялар натижасида Ўзбекистонга “қайноқ нуқта”лардан жами 531 нафар фуқаро олиб келинган. Шундан 24 нафарини – эркаклар, 121 нафарини – хотин-қизлар, 379 нафарини – болалар ва 7 нафарини хорижий фуқаролар ташкил этади.
Мамлакатимиз ҳукумати томонидан репатриантлар, яъни Ватанга қайтарилган фуқароларни жамиятга мослаштириш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Республика комиссияси ва ҳудудий идоралараро комиссиялар тузилди ҳамда улар таркибидан маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, адлия, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг вакиллари жой олди.
Комиссияларнинг асосий вазифаси низоли минтақалардан олиб келинган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш ва жамиятга мослаштириш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишдан иборат этиб белгиланди. Комиссиялар зиммасига, шунингдек, репатриант аёлларга ишга жойлашишда ва психологик ёрдам кўрсатиш, улар билан профилактика ишлари олиб бориш, болаларни боғча ва мактабларга жойлаштириш каби муҳим вазифалар юкланди.
Ватанга қайтарилган фуқаролар икки босқичда реабилитациядан ўтди. Ушбу аниқ чора-тадбирлар натижасида уларнинг аксарияти экстремистик ғоялардан бутунлай воз кечиб, дунёвий ҳаёт тарзини танладилар.
2022 йил 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси доирасида Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачи Фионнуала Ни Аолайннинг мамлакатимизга 28 ноябрь – 7 декабрь кунлари амалга оширган ташрифи якунларига бағишланган маърузаси тингланди. БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тақдим этган тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқмоқда.
Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасига репатриация ва реинтеграция билан боғлиқ тавсияларни бажаришга доир чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш механизмлари киритилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “қайноқ нуқта”лардан қайтган аёллар ва болаларни жамият ҳаётига интеграциялаштириш ҳамда мослаштириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш соҳасида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари муҳим ўрин тутади.
Давра суҳбати якунида таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу дастур низоли минтақаларда оввора-ю сарсон юрган ватандошларимизни, улар ёки оила аъзолари томонидан оғир жиноятлар содир этилганидан қатъи назар, бехавф ва бехатар олиб келишга йўналтирилгани жуда муҳимдир.
Шу маънода, фуқаролари ҳали ҳам Сурия ва Ироқдаги қочоқлар лагерларида сақланаётган кўплаб мамлакатлар учун ушбу дастур намуна бўлиши, қолаверса, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ибратли амалиёти сифатида қабул қилиниши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати