Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти: Инсон қадри-қиймати йўлидаги 30 йиллик ҳамкорлик


1992 йил 2 март куни мустақил Ўзбекистон давлати дунёдаги энг нуфузли ташкилот  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди, унинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида мамлакатимизнинг давлат байроғи ҳилпирай бошлади.

БМТнинг халқаро муносабатлардаги роли

Бугунги мураккаб шароитларда, миқёсига кўра мисли кўрилмаган қуролли зиддиятлар ҳамда халқаро даражада тинчлик ва барқарорликка ошиб бораётган таҳдид саҳнида тинчлик ва хавфсизликни, барқарорликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тизимли тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатида БМТнинг роли ва масъулияти ортиб бормоқда. 

75 йилдан кўпроқ вақт олдин ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган. Катта ва кичик, бой ва камбағал давлатлар, турли сиёсий қараш ва тузилмага эга мамлакатлар БМТ аъзолари бўлиши мумкин, уларнинг барчаси овоз уй ила бу жараёнда иштирок этиш ҳуқуқига эга. 

БМТ тизимида олтита бош орган бўлиб, уларнинг бештаси — Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаш,  Васийлик Кенгаши ва Котибият Нью-Йоркдаги қароргоҳида фаолият кўрсатади, Халқаро суд  — Гаага (Нидерландия)да жойлашган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва фаолияти 1945 йил 26 июнда Сан-Франциско шаҳрида 50 та мамлакат томонидан имзоланган БМТ Уставида баён этилган мақсад ва принциплар асосида белгиланади. 1945 йилнинг 24 октябрида кучга кирган Уставда БМТ структураси ҳамда баҳс ва низоларни ҳал қилишнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. 1948 йилдан бошлаб ушбу аҳамиятли сана БМТ куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Эътиборлиси шундаки, БМТ Устави инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи илк халқаро ҳужжат бўлиб, глобал қўллаб-қувватловга эришди. Унинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидалари уч йил ўтиб, 1948 йили Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз аксини топди.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги динамикаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштиручи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган дунёнинг асосий халқаро ташкилоти билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда. 

БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот ва ҳаракатлар ҳамда бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда. 

Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, жумладан, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, ЮНЕСКО, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТЭ ва бошқалар ишида фаол иштирок этиб келмоқда. 

1993 йилнинг 24 октябрида Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилди. Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, фондлари ва агентликлари, шу жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастур, Гендер тенглик, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмалари фаолият кўрсатмоқда.

Турли йилларда Ўзбекистонга БМТ Бош котиблари — Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йили амалдаги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф билан келишган.  

Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг мақсад ва Уставига қатъий риоя этади, ўз овози ва мақомидан фойдаланиб, БМТ фаолиятининг барча соҳасига доир ўта муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурмоқда. 

Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария)даги БМТ бўлимлари ҳузурида ва бошқа халқаро ташкилотларда ҳамда Вена (Австрия)даги БМТ бўлимида фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги беш йилда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, 2021 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида онлайн форматда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди. Уларда Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларга тааллуқли ташаббуслар билан чиқди.  

Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеясида қуйидаги резолюцияларнинг қабул қилинишида яққол намоён бўлди:

·                       “Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”;

·                       “Маърифат ва диний бағрикенглик”;

·                       “Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт”;

·                       “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш”.

Шу билан бирга, БМТ шафелигида халқаро анжуманлар ташкиллаштирилди. Хусусан, 2017 йилнинг ноябрида Самарқандда “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро фаровонлик йўлида ҳамкорлик” конференцияси, 2018 йили мартда Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида, 2021 йилда Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумлари ўтказилди. 

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди тузилди. БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида “Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари халқаро кодекси” тасдиқланди, унда ҳар бир давлатнинг фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кераклиги белгиланган. 

Инсон ҳуқуқлари — ҳамкорликнинг муҳим йўналиши

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган, қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлари ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда. Энг муҳими, жамиятда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат қарор топмоқда.

“Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. “Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”, дея таъкидлайди Ўзбекистон раҳбари.

Охирги йилларда Ўзбекистонга БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ  Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, диний эркинлик ёки эътиқодлар масалалари бўйича махсус маърузачи Аҳмад Шахид, судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия-Саян, шунингдек, терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачи Фионнуала Ни Аолайн ташриф буюрди.

2017 йилнинг сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида давлатимиз раҳбари муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди. Улар орасида доимий фаолият кўрсатувчи инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ташкиллаштириш ва БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифлари бор. 

2018 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги якунлари: замонавий чақириқлар ва реаллик” Осиё форуми бўлиб ўтди, унда 20 га яқин халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларидан экспертлар иштирок этди. Ўшанда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. 

2020 йилнинг 12-13 август кунлари “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд веб-форуми ўтказилди.  Шу номдаги Самарқанд резолюцияси БМТнинг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. 

Ўзбекистон барқарор тараққиёт соҳасида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. БМТнинг 2030 йилгача кун тартибида бўлган масалаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2030 йилгача даврни қамраб олган барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар қабул қилинди, 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифа тасдиқланди. Миллий мақсад ва вазифаларнинг имплементацияси бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди, Парламент комиссияси ва ҳукумат ҳузурида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Илк бор Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича Ихтиёрий миллий обзор тақдим этилди. 

Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросининг беш йиллик “йўл хариталари” ҳисобланади. 2021 йилнинг июнида Бухоро шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” халқаро форуми ўтказилди. “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш” борасидаги ташаббусимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан резолюция кўринишида қабул қилиниши бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини ташкил этди. Парламент Омбудсмани, Болалар Омбудсмани, Бизнес-Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ушбу тизимга киради. 

Мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф этиш соҳасидаги ишлар ҳолати тубдан ўзгарди. Қийноқларнинг олдини олиш миллий превентив механизмини такомиллаштириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. 

БМТнинг фуқаролиги йўқ шахслар сонини қисқартириш борасидаги чақириқларига жавобан 2020 йилда “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унинг асосида 70 мингдан зиёд фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизни “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги қонуни қабул қилиниши билан табриклар экан, “Ўзбекистон илгари фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик берган ҳолда, аҳолининг заиф қатламлари ҳаётини яхшиламоқда. Ушбу воқеа дунёнинг барқарор ривожланиш соҳасида мақсадларга эришиш бўйича ўн йиллик ҳаракатларини бошлаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг ҳеч бир инсонни ҳал этилмаган муаммо билан ёлғиз ташлаб қўймасликнинг қатъий тарафдори эканини кўрсатди”, дея қайд этди.

Айни вақтда мамлакатимизда қонунчилик ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро стандартларни, шунингдек, БМТ Устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилмоқда. 

Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси билан самарали ҳамкорлик ва мунтазам мулоқотни йўлга қўйган. Мазкур бошқарма билан ҳамкорликда 2020 йилнинг июнида биринчи марта Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси қабул қилиниб, изчиллик билан амалга оширилмоқда. У БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини амалга оширишни кўзда тутади. Миллий стратегияни қабул қилишда нафақат эксперт доираларнинг, балки кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотларнинг фикри ҳам инобатга олинган. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия доирасида гендер тенглик, сўз ва дин эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида аниқ чоралар қабул қилинган, жумладан:

·                      2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди;

·                      “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди;

·                      2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди;

·                      Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди;

Ўзбекистонда 2025 йилгача давлатнинг ёшларга оид сиёсатини ривожлантириш Концепцияси амалга оширилади, у БМТнинг “Ёшлар — 2030” стратегиясида баён этилган “Ёшлар билан ишлаш ёшлар манфаатида” принципига асосланган. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаол қатнашмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида бизнес ҳамжамиятнинг масъулиятини, жумладан, “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш йўли орқали кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг шартномавий органлари тизимини мустаҳкамлаш юзасидан ҳукуматлараро жараёнларни қўллаб-қувватлайди ва давлатнинг ҳисобдорлик қобилиятини ривожлантириш ҳамда шартномавий органларнинг мулоҳазаларини бажаришга интилади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг шартномавий органларига миллий маърузалари (41 та маъруза)ни ўз вақтида тақдим этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг февралида Аёлларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузасини, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси Учинчи даврий маърузасини эшитди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашида аъзолик: ҳамкорлик истиқболлари

Маълумки, 2020 йилнинг 24 февралида БМТ Бош котиби А. Гутерриш “Юксак интилиш: инсон ҳуқуқлари учун ҳаракатга чақириқ” деган ташаббусни илгари сурди. “Чақириқ”нинг энг муҳим моҳиятидан бири — фуқаролик жамиятини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, эркак ва аёлларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда, шунингдек, ахборот эркинлигида тенглигига эришиш зарурияти ҳисобланади. 

БМТнинг мазкур ташаббуси Ўзбекистоннинг айни соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотлари билан ҳамоҳанг. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминламасдан туриб, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар тараққиёти йўлидаги муаммоларини ечиш имконсиз. 

2019 йилнинг 13 октябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган сайловларда БМТ Бош Ассамблеясининг делегатлари ташкилотнинг бош ҳуқуқ ҳимояси органи — Инсон ҳуқуқлари кенгашининг янги 15 аъзосини сайлади. Ўзбекистон тарихда биринчи марта 2021 — 2023 йиллардаги давр учун кенгаш аъзолигига сайланди. Мамлакатимиз аъзолиги учун БМТга аъзо 193 давлатнинг 169 таси овоз берди. 2022 йилнинг январидан Ўзбекистоннинг БМТнинг Женевадаги идораси вакили Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг раиси ўринбосарлигига сайланди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши бутун дунё бўйлаб мазкур соҳадаги вазиятни назорат қилар экан, давлат раҳбарларига тавсияларини бериб боради. Ушбу халқаро органга кирган ҳар бир мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасида намуна бўлиши керак. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга кирган ва эътирофга сазовор бўлган Ўзбекистон ўз мажбуриятларини масъулият билан бажармоқда. 

Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари билан, айниқса, барча давлатларга уларнинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ тегишли вазияти баҳоланаётганда тенг ва камситилмаган муомалани таъминлаётган, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг универсал даврий обзори механизми билан мунтазам ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. 

2018 йилда Ўзбекистон Универсал даврий обзорнинг учинчи жараёнини босиб ўтди, унинг натижаси ўлароқ икки юздан зиёд тавсиялар қабул қилинди. 

Узоқ йиллардан бери юқори мартабали Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳар йили феврал-мартда Женевада ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг юқори даражадаги Сегментида қатнашади. 

2021 йили инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашининг 46-сессиясининг олий даражадаги Сегментида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев биринчи марта нутқ сўзлади ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликка эришиш соҳасида БМТ билан ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг янги қирраларини белгилаб берди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг аъзоси сифатида олган мажбуриятлари доирасида:

·                      Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенциясини ратификация қилди;

·                      ўтган йилнинг декабрида Марказий Осиё мамлакатлари лидер аёлларининг Мулоқоти доирасида фуқаролик жамиятининг аёллар ташкилотлари, шунингдек, “БМТ-аёллар” тузилмалари иштирокида минтақавий форум бўлиб ўтди;

·                      Ўзбекистон ташаббуси билан “Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг резолюцияси қабул қилинди;

·                      2021 йилнинг августида “Ёшларни глобал ҳаракатларга жалб этиш” мавзуида инсон ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференцияси ўтказилди.

Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим Бутунжаҳон дастурида фаол қатнашмоқда. Мазкур дастурнинг тўртинчи босқичи доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида Миллий дастурнинг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан биргаликда уй ил “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” глобал форумини ўтказиш режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистон, шунингдек, Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмни яратишга кўмаклашишни давом эттириш ниятида. 

Сўнгги йилларда биз БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорликда сезиларли илгари силжишга эришдик. Барча мандат эгаларига мамлакатимизга ташриф буюриш учун доимий таклифнома йўлланди. Шубҳасиз, улар билан биргаликдаги ишлар Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга оширишда яхшигина асос бўлади. 

Бугун тўлиқ ишонч билан айтиш мумкин, Ўзбекистон ва БМТ ўртасида ўтган 30 йиллик муносабатлар муҳим воқеаларга бой бўлди ва барча йўналишда динамик ривожланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг БМТ доирасида илгари сурган барча таклифи ялпи хавфсизлик ва тинчлик, барқарор тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришишни таъминлаш ишига улкан амалий ҳисса бўлиб қўшилади. Мамлакатимиз БМТ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг фаол аъзоси сифатида ҳам янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга содиқ бўлиб қолаверади. 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори.

 

“Халқ сўзи” газетаси

02.03.2022й.



  ...