Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАРГА ОИД СИЁСАТ: ИНСОН КАПИТАЛИ УСТУВОР МАҚСАД


Дилором Тошмуҳамедова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,

тиббиёт фанлари номзоди

Ўзбекистонда 2016 йилнинг куз фаслидан бошланган янги босқичдаги ислоҳотлар негизида инсон капиталига бўлган эътибор марказий ўринга олиб чиқилди. Ҳар бир соҳада халқ билан маслаҳатлашув ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда бошланган, очиқ-ошкора сиёсатга асосланган ислоҳотлар, биринчи навбатда, инсон капиталига ижтимоий омил сифатидаги эскича қарашлардан воз кечилиб, иқтисодий нуқтаи назардан таълим-тарбияга фаол инвестиция киритиш масалаларида намоён бўла бошлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида[1] ҳам 2017-2021 йилларда мамлакатни бешта устувор йўналиш бўйича ривожлантиришнинг истиқболдаги чора-тадбирлари белгиланган бўлиб, ҳар бир йўналишда асосий эътибор инсон капиталига қаратилганини кўриш мумкин.

Жумладан, инсон капитали ҳар бир шахснинг захирадаги билим ва малакаси эканидан келиб чиқиб, таълимга бўлган муносабат тубдан ўзгартирилди. Хусусан, Ўзбекистонда бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз таълим тизимини шаклллантиришга устувор мақсад сифатида урғу берилиб, бу соҳанинг ҳуқуқий ва стратегик йўналишлари белгилаб олинди. Бу йўналиш бўйича 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим[2], Халқ таълими[3] ва Олий таълим[4] тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциялари тасдиқланди. Шунингдек, 2020 йил 29 октябрда Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси[5] ҳам тасдиқланди.

Айни вақтда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун сарфланаётган харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпини ташкил этмоқда. Табиийки, бундай катта харажатларни ҳар қандай давлат ҳам кўтара олмайди, аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар излаб топилмоқда. Зеро, янги босқичдаги ислоҳотларнинг натижаси, биринчи навбатда, кадрлар савиясига, уларнинг давр ва тараққиёт талабларига нечоғли жавоб бера олишига боғлиқ. Шу мақсадда мамлакатда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мактаб таълими тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта жорий этилди. Ҳудудларда янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилиб, олий ўқув юртларига қабул квоталари йил сайин ошиб бормоқда. Сиртқи ва кечки, махсус олий таълим шакллари тикланди. Кейинги 5 йил ичида 20 га яқин ривожланган давлатларнинг нуфузли университетлари филиаллари очилди.

2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниб, бу йўналишда ишлаб чиқилган кенг қамровли Давлат дастури ижроси изчиллик билан якунига етказилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган қатор халқаро ташаббусларнинг ҳаётга жорий этилаётгани эса, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Жумладан, 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, глобал дунёда ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларга қулай имкониятлар яратишни назарда тутувчи Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилиш таклифини билдирган эди. Айни вақтда ушбу конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2020 йил 12 августда «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Самарқанд онлайн форумида атрофлича муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун, Ўзбекистонда ёшларнинг ҳаётий мақсадларини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилиб, уларнинг муаммолари давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда. Хусусан, кейинги 5 йилда ёшлар сиёсати самарадорлигига оид жами 77 та қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни[6] қабул қилинди. 2017 йил 30 июнда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, унинг асосий мақсади ёшларнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга қаратилди. Ўз навбатида, Президент таклифига кўра, “Ўзбекистон Республикасида ёшлар кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун[7] билан 30 июнь “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.

Шу билан бирга, ёшларнинг ҳар томонлама кучли, салоҳиятли, илм-маърифатли, ватанпарвар шахслар сифатида униб-ўсишлари йўлида қатор тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар масалалари бўйича комиссия, Қуйи ва Юқори палата қошидаги “Ёшлар парламентлари”, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Ёшлар академияси ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси[8], 2019-2023 йилларга мўлжалланган Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси[9], 2020-2025 йилларга мўлжалланган Китобхонликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури[10] доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам ёшлар масалалари ва уларни қийнаётган муаммоларни бевосита давлат даражасида кўриб чиқиш ва ҳал этиш имконини таъминламоқда.

Ислоҳотлар силсиласида Президент ғояси билан Ўзбекистонда илк бор ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тизим – “Ёшлар дафтари”нинг жорий этилиши ўз вақтида кўрилган муҳим чора бўлди. Бу тизим асосида ўтган қисқа давр ичида республикада яшаётган 18-30 ёшдаги 682 787 нафар ижтимоий ҳимояга, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, ишсиз ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳудудларда “Ёшлар жамғармалари” орқали зарур маблағлар ажратилди.

2020 йилдан бошлаб ёшлар тадбиркорлигини микрокредитлашнинг янги тизими[11] жорий этилиб, ёшларга ўз бизнесини бошлаш учун таъминотсиз микрокредитлар бериш амалиёти жорий этилди. Ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби йўлга қўйилиб, ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи давлат томонидан компенсация қилиниши йўлга қўйилди. Натижада сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар сони 500 мингдан ошди. 2021 йилда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари ажратилди.

Умуман, сўнгги 5 йил ичида 850 минг нафарга яқин ёшнинг ўз иш жойига эга бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

2018 йил сентябрь ойида ташкил этилган «Эл-юрт умиди» жамғармаси[12] орқали эса, илм-фанга чанқоқ, истеъдодли ёшларни етакчи хорижий олий ўқув юртларида бакалавр, магистратура ва докторантурада ўқишлари учун грантлар ажратиб борилмоқда. Бугунга келиб, мазкур жамғарма ёрдами билан ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилди.

Ўз навбатида, мамлакатда илғор ва замонавий ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрларни етиштириш учун иқтидорли ёшлар билан тизимли ишларни олиб боришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини[13] амалга ошириш доирасида ҳудудларда 89 та, тармоқларда 200 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Биргина жорий йил бошидан буён, IT Park резидентлари сони 35% га кўпайиб, уларда 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 2021 йилнинг 8 ойида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар эса, 26 миллион долларга экспорт қилинди. Мазкур соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳозиргача бу лойиҳа доирасида 567 минг нафар ўғил-қиз бепул сабоқ олди. Эътиборлиси, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчиларидир. Бундан ташқари, фаолият юритаётган 151 та рақамли технологиялар ўқув марказида жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчи ўқитилди.

Албатта, Ўзбекистонда ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳам кўп. Хусусан, бугунги кундаги энг глобал масала бу ёшлар бандлигини таъминлашдир. Мамлакатда ҳар йили ўртача 520 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда. Улар етарли тажриба ва билимга эга бўлмагани сабабли иш топиш ҳамда рақобат қилишда муайян қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Жумладан, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва ЮНИСЕФ ташкилоти ҳамкорлигида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4,5 минг нафар йигит-қиз орасида ўтказган сўровномадан маълум бўлдики, ёшларнинг деярли ярми ижтимоий ҳимоя, бандлик, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшларни иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби соҳалар яхшиланишига муҳтож экан. Айни пайтда, ёшлар ўзлари учун муносиб иш топишда қийинчиликларга дуч келаётганликларини ҳам маълум қилишган.

Ёки биргина 2019 йилда Ўзбекистондан тахминан 2,5 млн. киши, ёхуд аҳолининг 7%дан кўпроғи ишлаш мақсадида чет элларга кетган. Жуда катта қисми ёшлар бўлган бу мигрантларнинг 95%и ташкиллаштирилмаган, ҳимояланмаган, ноқонуний меҳнат муҳожирлари ҳисобланади. Демак, уларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солувчи яхлит қонунни, шунингдек, ташқи ва ички меҳнат миграцияси бўйича муносабатларни тартибга солувчи қонунлар ва тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, миграция дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Маълумки, бугун бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси ижтимоий-иқтисодий вазиятни чуқур инқирозга солиб қўйди. Бу омил ёшлар ҳаётига ҳам ўзининг жиддий салбий таъсирини ўтказди. 2020 йилда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) халқаро лойиҳасининг ёшлар учун U-Report рақамли платформаси орқали 10 420 нафар йигит-қиз орасида ўтказилган онлайн сўровнома натижалари ҳам буни яққол тасдиқлади. Ўзини ўзи изоляция қилиш вақтида сўровда қатнашган ёшларнинг 28%и молиявий ёрдамга, 13%и психологик ва 3%и ҳуқуқий маслаҳатга муҳтожлигини баён этган. Шунингдек, уларнинг 10%и масофавий ишлаш учун АКТни ўрганишни, 9%и касбий маҳоратини масофадан туриб оширишни, 4%и уйдаги ишлар билан шуғулланишни истайди.

Умуман, ёшларнинг инсон капиталига айланишига тўсқинлик қилаётган тизимли масалаларга ечим топиш, жумладан, ўрта, олий ва касбий таълим сифатини яхшилаш, ишсизликка барҳам бериш, ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва бошқа ўткир ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мамлакатда галдаги вазифалар сифатида майдонга чиқмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистонда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, улар онгида қатъий фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган ишлар Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб қолаверади.



  ...