Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга берган интервьюси
Савол: Ҳурматли Абдулазиз Ҳафизович, жорий йил 5 октябрь куни Тошкентда мамлакатимизда сўнгги йилларда рўёбга чиқарилган туб ўзгаришларга бағишланган “Ўзбекистон: беш йил давомида амалга оширилган жадал ислоҳотлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбир давомида Ўзбекистон раҳбариятининг ўзаро манфаатли, вазмин ташқи сиёсатни амалга оширишдаги янгича ёндашувининг натижалари ҳам муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, юртимизда охирги йилларда улкан янгиланишлар рўй берди. Улар бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан қандай баҳоланмоқда? Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришларнинг асосий омиллари нималардан иборат?
Жавоб: Мазмунли саволингиз учун ташаккур. Биринчи навбатда шуни таъкидлашни истардимки, Сиз айтиб ўтган анжуман юқори савияда ташкил этилиб, жуда долзарб ва самарали бўлди. Унда хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар вакиллари, чет эллик таниқли олимлар ва экспертлар иштирок этди. Ўйлайманки, тадбир ташкилотчилар саъй-ҳаракати, шунингдек, иштирокчиларнинг ўзаро мунозараларидаги яқин муносабатлар ва очиқ мулоқоти натижасида жуда муваффақиятли ўтди.
Анжуман давомидаги ялпи мажлислардан бири хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, конструктив ташқи сиёсат юритиш вазифаларини амалга оширишга бағишланди. Бир-бирига боғлиқ мазкур йўналишларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар дастури — 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешинчи устувор йўналишида қамраб олинган.
Айтиш жоизки, конференция иштирокчилари Ўзбекистонни ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшишга қаратилган ислоҳотлар жараёни қандай кетаётгани юзасидан жонли ва очиқ мунозаралар ўтказди.
Ўзбекистонда бошланган туб ислоҳотлар мамлакатнинг янги, замонавий ривожланиш ва модернизация йўлига ўтишида, давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсати самарадорлигини оширишда беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Бу фикр хорижий экспертлар ва дипломатлар қарашларида ҳам ўз аксини топди.
Муҳокамалар чоғида чет эллик ҳамкасбларимиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати туфайли мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тутган ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада мустаҳкамланганини қайд этди. Асосий натижалардан бири, бу — Ўзбекистон имижининг тубдан ўзгаргани. Буни Ўзбекистоннинг жаҳонда демократик жамият, кучли, рақобатбардош иқтисодиёт, инновацион институтлар ва инфратузилмага эга мамлакат сифатида қабул қилинаётганида кўришимиз мумкин.
Шу йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олганини, уларнинг асосини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш ташкил этишини қатъий таъкидлади.
Ўз навбатида, ушбу баёнот, хорижлик кузатувчиларнинг баҳо беришича, дунё ҳамжамияти, аввало, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги шериклари ва халқаро инвесторлар учун кучли ижобий чақириқдир.
Мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган халқаро анжуманлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланди. Бу ўринда гап, аввало, халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш, Афғонистон муаммосини ҳал қилиш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга бағишланган тарихий аҳамиятга эга форумлар ҳақида кетмоқда. Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси муваффақиятли ўтказилди.
Бу йирик форумларнинг барчаси сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, энергетика, технологик, маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ва халқаро алоқаларнинг янги, самарали моделини ишлаб чиқиш учун сиёсий платформани шакллантирди.
Бундай нуфузли тадбирларнинг давоми сифатида Тошкентда яна бир муҳим халқаро анжуман бўлиб ўтади. У халқаро ҳамжамият олдида турган долзарб масала — жаҳон иқтисодиётининг тикланиш муаммолари ва коронавирус пандемиясидан кейинги даврда камбағалликни камайтириш бўйича илғор тажрибани ўрганишга бағишланади.
Тўртинчидан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа ва дунё давлатларининг умумий муаммоларни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган ҳаётий ва долзарб ташаббуслари Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлардаги фаоллиги кескин ўсишига ҳамда тутган ўрни мустаҳкамланишига олиб келди.
Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, Ўзбекистон ташаббуси ва таклифи билан БМТнинг Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди ташкил этилди, БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Маърифат ва диний бағрикенглик, Барқарор туризм ва барқарор ривожланиш, Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш бўйича қатор муҳим резолюциялари қабул қилинди.
2020 йилда мамлакатимиз биринчи марта МДҲга раислик қилди ва Ҳамдўстлик саммитини муваффақиятли ўтказиб, унинг доирасида ўнлаб ташаббусларни илгари сурди.
Мамлакатимиз ҳаётига доир энг муҳим воқеликлар қаторида Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга тўлақонли аъзо бўлиб кириши, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг олдинга силжиши, Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми олишини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бир қаторда, мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар жараёнини якунламоқда ва “GSP+” тизимида бенефициар давлат мақомини олди.
Бешинчидан, иқтисодий дипломатия тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш сезиларли даражада жадаллашди.
Умуман олганда, юқорида кўрсатилган омилларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ҳамкорликка очиқ мамлакат сифатида янги қиёфаси шаклланишига хизмат қилди. “Янги Ўзбекистон” тушунчаси халқаро майдонда мустаҳкам жой олди.
Савол: Жаноб Вазир, таъкидлаганингиздек, ўтган йилларда нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақада бирлаштирувчи кун тартибини тақдим этди, бу мамлакатимизнинг барча қўшнилар билан давлатлараро алоқаларини сезиларли даражада яхшилаш ва мустаҳкамлашга имкон берди. Шу билан бирга, ҳали кун тартибида турган ва ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар ҳақида фикрингизни билмоқчимиз?
Жавоб: Албатта, Шавкат Мирзиёев президентлигининг дастлабки кунлариданоқ Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятни тубдан яхшилашга устувор эътибор бера бошлади. Биринчи навбатда, ўтмишда қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун тўсиқлар яратган минтақавий масалаларни конструктив ҳал қилишни бошлашдек масъулиятли ва муҳим вазифа белгилаб берилди. Қўшни давлатлар билан олий даражадаги ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқот ўрнатилиб, икки томонлама ва умумминтақавий масалаларни яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва оқилона муросалар асосида ҳал қилиш учун зарур келишувларга эришилди. Ўзбекистоннинг барча Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди. Мазкур ибора минтақамизда яратилган ҳамкорлик ва ўзаро англашувга ижобий сиёсий муҳитни ўзида яққол акс эттиради.
Минтақамиз давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ташаббуси амалга оширилди. Бундай саммитларнинг учтаси Нур-Султон, Тошкент ва Авазада бўлиб ўтди. Марказий Осиё иқтисодий форумлари ўтказиб келинмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланмоқда.
Минтақавий ҳамкорликнинг қолган асосий масалалари ҳақида фикр юритганда, чегара масалаларини ҳал қилишда давом этиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда ва оқилона фойдаланиш, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, қатор экологик масалалар бўйича ишларни давом эттиришни кўрсатиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мазкур йўналишлар Ўзбекистон Президентининг қуйидаги масалаларни ўз ичига олган минтақавий стратегиясидан келиб чиқади:
биринчидан, икки томонлама мулоқотлар мобайнида ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув саммитлари доирасида олий даражада эришилган барча келишувларни амалга ошириш;
иккинчидан, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик моделини такомиллаштириш, савдо ва инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт, транзит, энергетика ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш;
учинчидан, минтақамиз олдида турган замонавий муаммолар ва таҳдидларга биргаликда қарши туриш, шу жумладан, пандемия ва унинг оқибатларини бартараф этиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, экстремизм ва терроризм келтириб чиқарадиган трансмиллий таҳдидларнинг олдини олиш, шунингдек, Марказий Осиё халқлари ўртасидаги миллатлараро тотувлик, дўстона ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш.
Савол: АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ушбу мамлакатда янги вазиятни юзага келтирди. Бу Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликка таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, хорижда Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)да иштироки қайта тикланиши мумкинлигига доир турли шарҳ ва фикрлар пайдо бўлди. Сиз бу ҳақда нима дейишингиз мумкин?
Жавоб: Саволингизга жавоб беришдан аввал ахборот маконида пайдо бўлиши мумкин бўлган турли шарҳларнинг олдини олиш мақсадида, бу жавобдаги фикр-мулоҳазаларим доирасини аниқ белгилаб қўймоқчиман. Мен ташқи тажовуз ва мамлакат хавфсизлигига таҳдидларга қарши туриш, давлат чегараларини ҳимоя қилишда қуролли кучлардан фойдаланишдаги умумий масалаларга ўтмаган ҳолда, Сиз берган аниқ савол доирасидаги ўз фикрларимни билдиришга ҳаракат қиламан. Умуман олганда, ташқи тажовуз ҳолатида қуролли кучлардан фойдаланиш ҳуқуқи инкор этиб бўлмайдиган ҳодиса ва аксарият мамлакатларнинг хавфсизлик соҳасидаги миллий концепциялари, шунингдек, ҳарбий-сиёсий блок шаклидаги турли бирлашмалар доктриналарининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон эса ҳамиша барча масалаларнинг, айниқса, узоқ ўн йилликлар мобайнида барча қўшни мамлакатларда ташвиш уйғотиб келган Афғонистондаги низонинг тинч йўл билан ҳал этилишини ёқлаган ва ёқлайди. Биз афғон муаммосини ҳал этишнинг ҳарбий йўли йўқлигини доимо таъкидлаб келганмиз. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида бу нуқтаи назарга кўпчилик хайрихоҳлик қилмоқда. Афғонистондан халқаро коалиция қўшинлари олиб чиқилгани ҳам бизнинг ёндашувимиз тўғри эканини кўрсатди.
Биз Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги, жумладан, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакатимиз ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги тўғрисида бир неча бор баёнот берганмиз. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимиз ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга экани ҳам амалий жиҳатдан ўта муҳимдир. Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли бормоқда, миллий армиянинг ҳарбий-техникавий базаси мустаҳкамланмоқда.
Албатта, замонавий дунё ўта жадал суръатда ривожланмоқда. Глобал дунё қурилишининг архитектураси доимий ўзгариш жараёнини бошдан кечиряпти. Шубҳасиз, бу муайян таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқдаки, уларга турли йўллар билан, жумладан, ҳарбий иттифоқлар ва ташкилотлар воситасида қарши туриш мумкин.
Бироқ хавфсизликка нисбатан таҳдидларга тўқнаш келганда фақат ҳарбий куч йўлини танлаш ҳамиша ҳам кутилган натижани бермайди. Ахир самарадорлиги кам бўлмаган ва ҳатто кўпгина ҳолатларда хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши туришда лозим даражада таъсирчан бошқа воситалар ҳам бор-ку. Ана шундай воситалардан бири, бу — дипломатия.
Превентив дипломатия усуллари ўтган даврда ўзининг фойдали эканини кўп бор тасдиқлаган, ҳозирги пайтда ҳам амалий кучини, жумладан, Афғонистондаги янги вазиятга ёндашувларда тасдиқламоқда. Бу ерда гап фақат икки томонлама дипломатия ҳақида бораётгани йўқ. Халқаро миқёсда кўп томонлама даражада миллий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан ҳар қандай кўринишдаги таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга қаратилган сиёсий-дипломатик механизмларнинг бутун бошли тизими яратилган ва у доимий равишда ривожланмоқда.
Масалан, Марказий Осиёда минтақа мамлакатлари йирик шериклар билан мулоқотининг “5+1” шаклида мувозанатлашган механизмлар тизими мавжуд. Бундай платформалар Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи, ХХР, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Япония билан муносабатларда амал қилмоқда. Шу билан биргаликда, минтақада КХШТдан ташқари, МДҲ ва ШҲТ сингари ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатмоқда, уларнинг доирасида долзарб масалалар, хусусан, минтақавий хавфсизлик таъминланишига, шунингдек, Афғонистон муаммосига доир масалалар муҳокама этилмоқда.
Яқинда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ва Афғонистондаги вазият муҳокамасига бағишланган КХШТ саммити ҳамда ШҲТ+КХШТ форматидаги учрашувда Ўзбекистон фахрий меҳмон, шунингдек, ШҲТ аъзоси сифатида иштирок этгани ҳам вазмин ва амалий дипломатиямизнинг таркибий жиҳати ҳисобланади.
Фаол ва очиқ сиёсат натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ва жаҳондаги йирик давлатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатди. Улар билан терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлик фаол ривожланиб, ҳарбий-техникавий алоқалар муваффақиятли илгариламоқда. Минтақадаги ҳамкорликнинг барча қирралари юзасидан шерик давлатлар билан ўрнатилган мунтазам мулоқот минтақавий барқарорлик мустаҳкамланишига кўмаклашмоқда, хавфсизликка жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун шароит яратмоқда.
Буларнинг барчаси хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларга изчиллик билан қарши туриш бўйича масалаларни самарали муҳокама қилиш ва ўз вақтида ҳал этиш имконини беради.
Савол: Кобулда ҳукумат алмашгани муносабати билан айрим шарҳловчилар Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий муносабатларга жалб этиш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигини “мақбулроқ вақтлар келгунга қадар” ортга суришга тўғри келиши ҳақида хулоса чиқаришга шошилмоқда. Сизнинг фикрингизча, бундай тахминларга қўшилиш мумкинми?
Жавоб: Бундай хулосалар, ҳойнаҳой, шарҳлар муаллифларида Афғонистонда кечаётган жараёнлар ҳамда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар моҳияти ҳақида етарли даражадаги англашнинг мавжуд эмаслиги билан изоҳланади.
Биз, албатта, Афғонистонда оддий бўлмаган вазият юзага келаётгани тўғрисидаги фикрларга қўшиламиз. Бу эътибор қаратишимиз лозим бўлган янги воқеликдир ва ундан юз ўгириб бўлмайди.
Кўриниб турибдики, ҳали-ҳамон Афғонистон ҳудудидаги вазият минтақадаги кескинликнинг омили бўлиб келмоқда. Ушбу мамлакат ҳудудининг турли қисмларида айрим террорчилик гуруҳлари фаолият кўрсатишда давом этаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Шундай бўлса-да, биз Афғонистоннинг нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаси эканини назарда тутишимиз лозим. Биз Афғонистон халқаро изоляцияга тушиб қолиши ва жанубий чегарамизда “яккалаб қўйилган” давлат пайдо бўлишига, ўтган асрнинг 90-йиллари охиридаги аҳвол такрорланишига йўл қўймаслик Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон бу масалага нафақат Афғонистоннинг яккаланиб қолишини бартараф этиш, шунингдек, унга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини фаоллаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда ҳам ёндашмоқда. Биз бу мамлакат билан чегарани очдик ва биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар — озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта йўлга қўйдик. Шунингдек, расмий Тошкент Афғонистоннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган давлат активларини қайта очишни ёқлайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонда ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни давом эттиришга даъват этмоқда.
Айнан ана шу вазифаларни ҳал этиш мақсадида 7 октябрь куни Ўзбекистон расмий делегацияси Кобулда бўлиб, Афғонистон раҳбарияти ва Муваққат ҳукумат аъзолари билан конструктив мулоқот ўтказди.
Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий кўмаклашишни давом эттириш ва ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш гуманитар инқирознинг олдини олиш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатнинг низодан кейинги қайта тикланиши учун ўта муҳим эканига ишончимиз комил. Бундай вазифаларни ҳал қилмай туриб, ушбу мамлакатда ва қўшни минтақаларда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш амалда мумкин эмас.
Ўзбекистонда афғон йўналишида қандайдир пинҳона ёки мавҳум маъноли кун тартиби йўқ. Бизнинг нуқтаи назаримиз аниқ-равшан, ҳаракатларимиз шаффоф ва амалий мазмунга эга. Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида қарор топишидан манфаатдордир. Афғон замини минтақа мамлакатлари ва халқаро хавфсизлик учун бундан буён таҳдид солмаслиги керак. Барқарор, тинч ва фаровон Афғонистон кўпмиллатли афғон халқининг ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг манфаатларига жавоб беради.
Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиши учун тўсиқ эмас, балки кўприк бўлмоғи лозим. Бунга халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда бундан кейин ҳам илгари суришни ният қилаётган трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари кўмаклашади.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий боғлиқлиги бўйича Ўзбекистон ташаббуслари амалга оширилиши хавфсизлик таъминланишининг ўта муҳим муаммоларини ҳал қилиш ва икки минтақа мамлакатларининг узоқ муддатли ҳамкорлиги механизмлари қарор топиши учун зарурдир. Шу маънода, Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилиниши бўйича шериклар билан биргаликдаги ишлар давом этмоқда. Савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда минтақавий ҳамкорликни илгари суриш масалалари ҳал этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президенти томонидан Жанубий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тақдим этилган дастур узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган. Афғонистонда рўй бераётган ҳукумат алмашинуви ушбу мамлакат, минтақа ва жалб этилган бошқа томонлар олдига сақланиб турган муаммоларни барқарорлаштириш ва сиёсий ҳал этиш нуқтаи назаридан кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўймоқда.
Савол: Жорий йил 17 сентябрь куни Тожикистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Саммит якунлари бўйича Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотга раисликни қабул қилиб олди. Бундай миссия Ўзбекистонга алоҳида масъулият юклайди ва айни пайтда белгиланган мақсадларга эришиш имконини беради. 2022 йилда ШҲТнинг навбатдаги саммитига тайёргарлик кўрар экан, расмий Тошкент ўз олдига қандай мақсадларни қўймоқда?
Жавоб: Ўтган давр мобайнида ШҲТ жаҳон сиёсатининг муҳим субъекти бўлиб қолди, қатор нуфузли халқаро тузилмалар сирасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. “Шанхай руҳи” тамойиллари асосидаги минтақавий шериклик мустаҳкамланмоқда. Янги таҳдид ва хавф-хатарларга қарши туришда ташкилотга аъзо давлатларнинг биргаликдаги салоҳияти ортмоқда, уларнинг иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги кенгаймоқда.
Ҳозирги пайтда биз ШҲТда фахрли ва ўта масъулиятли миссияга киришганмиз. Гап масъулият ҳудуди Арктикадан то Ҳинд океанигача бўлган Евроосиё ҳудудининг салкам 60 фоизини, Хитойнинг Ляньюньганидан то Россиянинг Калининградигача бўлган, умумий аҳолиси жаҳон нуфусининг салкам 44 фоизини ташкил қиладиган кенг маконни қамраб олган ташкилотдаги раислик ҳақида бормоқда.
Шу билан бирга, бундай вазифаларни муваффақиятли бажариш учун Ўзбекистон керакли сиёсий нуфуз ва катта тажрибага эга.
2022 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Ўзбекистон раислигида халқаро аҳамиятга молик 80 дан зиёд тадбир ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бундай кенг қамровли вазифаларни амалга ошириш учун биз махсус “Йўл харитаси” ва ўз раислигимиз концепциясини ишлаб чиқдик. Унда мамлакатимизнинг 2004, 2010 ва 2016 йиллардаги раислик тажрибасини ҳамда ҳозирги реалликларни ҳисобга олдик. Шубҳа йўқки, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги доирасидаги барча тадбирлар энг юқори даражада ўтказилади.
Битта интервьюда мамлакатимиз раислиги кун тартибининг барча жиҳатларини очиб беришнинг имконияти йўқ. Лекин жуда муҳим бир томонини айтаман. Ўзбекистон ўзининг халқаро тузилмалар, жумладан, ШҲТ фаолиятидаги иштироки доирасида шерик давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик натижадорлиги ривожланишини ва шу билан бир вақтда муҳим ички ўзгаришлар амалга оширилишини кўзда тутадиган амалий ташаббусларни илгари сурмоқда. Барқарор иқтисодий ривожланиш, хорижий сармоялар оқимини ва миллий товарлар ҳамда хизматлар экспорти ҳажмларини ошириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, хориждаги ватандошлар ҳуқуқлари ҳимоясининг ҳуқуқий замини ва механизмларини такомиллаштириш ана шулар сирасига киради.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Ўзбекистондаги навбатдаги саммити — давлат ва халқ манфаатларини илгари суриш, ташкилотимизнинг роли ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш бўйича мақсадларга эришиш, унинг салоҳиятини янгича ва тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш учун яхши имкониятдир.
Савол: Жаноб Вазир, рухсатингиз билан глобал кун тартибидаги яна бир мунозарали масалага тўхталиб ўтсак. Қатор сиёсатшуносларнинг шарҳларида бугунги кунда Марказий Осиёда мазкур минтақадан ташқарида жойлашган давлатларнинг ўзаро геосиёсий рақобати юз бераётгани ва ҳатто кучайиб бораётгани ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Сиз бундай қарашларга қўшиласизми? Aгар шундай бўлса, бу каби рақобат Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатларнинг манфаатлари ва сиёсатига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Жавоб: Ҳозирги дунёга реалистик нуқтаи назардан қараганда, таассуф бўлсинки, йирик давлатларнинг рақобати глобал миқёсда давом этаётганини ва унинг баъзан очиқ-ойдин ва ҳатто қатъий тус олаётганини қайд этишга тўғри келади. Aлбатта, айрим глобал жараёнларнинг йирик иштирокчилари ўртасида зимдан ва баъзан муросасиз тарзда олиб борилаётган қарама-қаршилик оқибатлари жаҳоннинг турли минтақаларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам кузатилмоқда.
Қолаверса, минтақамиз қатор маълум омиллар туфайли тарихан йирик давлатларнинг геосиёсий манфаатлари ва яширин даъволари ўзаро тўқнашадиган жозибадор жой бўлиб қолмоқда.
Шунинг учун ҳам, агар Марказий Осиё давлатлари ўз суверенитети ва давлат мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ижобий сиёсий вазиятни яратиш учун зарур чораларни кўрмаса, йирик кучларнинг ўзаро рақобати минтақамизда кескинлик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Марказий Осиёдаги жараёнларда иштирок этаётган йирик давлатларнинг манфаатлари турлича бўлиб, улар баъзан умумий нуқталарга эга бўлиш билан биргаликда, айрим ҳолларда ўзаро зиддиятли ҳамдир. Бу манфаатлар қанчалик хилма-хил бўлса-да, улар мавжуд ва тарихий, жўғрофий омиллар ҳамда глобал тенденциялар билан чамбарчас боғлиқ. Шубҳасиз, бундай давлатлар интилишлари тўқнашуви минтақа мамлакатлари манфаатларига жавоб бермайди, чунки улар Марказий Осиё давлатлари олдига баъзан “геосиёсий танлов” шартини қўяди ва бунда бир томонга ёндашиш бошқа томон билан муносабатларда кескинликни келтириб чиқариши мумкин.
Табиийки, ҳар қандай суверен давлат халқаро майдонда ташқи кучларнинг манфаатларига қараб эмас, ўз эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда эмин-эркин ҳаракат қилишни, ўз иродасини турли томонлар босимига бўйсундирмасликни хоҳлайди. Aммо замонавий халқаро муносабатлар тизими “ассиметрик манфаатлар” билан боғлиқ вазиятлардан мустасно эмас.
Бизнинг ташқи сиёсатимиз ана шундай вазиятларнинг олдини олишга, миллий манфаатлар поймол бўлишига йўл қўймасликка, Ўзбекистон билан шерикликдан манфаатдор бўлган ҳар бир томон учун тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлашга қаратилган. Бу мақсадга эришиш воситалари сирасига яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан мувозанатли стратегик шериклик тизимини шакллантириш, қўшни давлатлар билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, глобал даражада кескин ўзгаришларнинг кенг миқёсдаги таъсирини юмшатишга ёрдам берадиган барқарор минтақавий хавфсизлик тизимини барпо этиш каби йўналишлар киради. Масалан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари бу борада муҳим роль ўйнайди.
Биз дунёнинг йирик давлатлари рақобати минтақамиз мамлакатлари учун салбий оқибатларга олиб келишини истамаймиз. Aхир тарихга назар ташлайдиган бўлсак, афғон можаросининг келиб чиқиши дунё бўйича тарқалган иккита сиёсий тизимнинг “совуқ уруш” йилларидаги глобал қарама-қаршилиги билан боғлиқ эканини кўриш мумкин.
Биз у ёки бу позицияни танлашда фақат маълум ташқи кучларнинг фойдасинигина кўзлашга мажбур бўлмаслигимиз керак. Бизнинг сиёсатимиз ва аниқ халқаро масалалар бўйича позицияларимиз, энг аввало, миллий манфаатларимиз, шунингдек, минтақанинг хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш зарурати билан боғлиқ.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг глобал ва минтақавий кучлар ўртасидаги рақобат минтақаси ёки “ким каттароқ дов тикса, бутун ютуқни ўзига оладиган” ўйин (“zero sum game”) майдонига айланишидан манфаатдор эмас. Аксинча, биз минтақамиз барча кучларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик макони бўлиши тарафдоримиз. Ҳар бир иштирокчи ўз манфаатини топа оладиган шароитни таъминлашга қаратилган тенг ҳуқуқли ва муштарак манфаатлар асосида қурилган мулоқот тарафдори сифатида ўз ташқи сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Aнтагонистик рақобатнинг оқилона муқобили, бу — адолатли ва очиқ беллашув.
Савол: Фурсатдан фойдаланиб, бугунги дунёда кенг миқёсда урфга кирган “кўпвекторли ташқи сиёсат” атамаси ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчи эдим. Бундай сиёсатга нисбатан турли ёндашувлар мавжуд бўлиб, баъзан танқидий баҳолар ҳам учрайди. Мисол учун, кўпвекторли ташқи сиёсат халқаро муносабатларда беқарорлик ва ҳатто маълум таҳдидларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланади. Бу масалада Сизнинг нуқтаи назарингиз қандай?
Жавоб: Менимча, кўпвекторлилик тушунчасига қандайдир салбий маъно бериш оқилона иш эмас. Ўзаро боғлиқ бўлган замонавий дунёда самарали кўпвекторли сиёсат юритишни истамайдиган мамлакатни топиш қийин бўлса керак. Ҳамма интилаётган “кўп қутбли дунё” тушунчасининг ўзи барча учун кўпвекторли халқаро ҳамкорлик муҳим эканини назарда тутади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари ва устувор йўналишлари халқаро майдонда суверенитетни ва ҳаракат эркинлигини таъминлашга қаратилган. Бунда муҳим йўналишлардан бири сифатида жаҳон сиёсатининг барча асосий иштирокчилари билан кўп таркибли стратегик шериклик тизимини шакллантириш ва шу асосда мустақилликни йўқотмасдан, бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик ҳамкорлар билан муносабатларни ривожлантириш, миллий манфаатларни илгари суришга қаратилган.
Натижалар кўрсатиб турибдики, бу тамойил амалда ўзини тўлиқ оқлади ва ҳозирги босқичда ҳам долзарбдир.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ўзи учун дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларнинг мувозанатли мажмуасини шакллантириб, геосиёсий мувозанатни сақлаш, сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорларнинг хилма-хиллигини таъминлаб келмоқда.
Мамлакатимиз ташқи сиёсат соҳасида кенг доирадаги шерикларга эга. Ҳозирги кунда дунёдаги 135 дан ортиқ давлат билан тенг ҳуқуқли муносабатларни, 120 дан зиёд мамлакат билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, Ўзбекистон 55 та элчихона, консуллик идоралари ва халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхоналари тимсолида жаҳоннинг турли ҳудудларини қамраб олган оптимал дипломатик тармоққа эга.
Ҳамкорларнинг кенг тизими биз учун ташқи сиёсатдаги алоқаларнинг тартибсизлигини англатмайди. Aксинча, ҳар бир давлат ва ҳар бир халқаро ташкилот билан муносабатларимизни ривожлантиришда давлатимиз манфаатларига мос келадиган аниқ, чуқур ўйланган прагматик вазифалар мавжуд.
Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат олиб бормоқда ва юқорида айтиб ўтганимдек, ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмайди. Биз суверенитетни ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишнинг умумэътироф этилган халқаро меъёрлари ва тамойиллари асосида ташқи сиёсатдаги шерикларимиз билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни амалга ошириб келмоқдамиз.
Бундай ёндашув мамлакатимиз ичкарисидаги кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш, хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб қилишда энг қулай ташқи шароитларни таъминлаш учун икки ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини фаол қўллаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг йирик жаҳон бозорларига чиқишини ишончли ҳамда барқарор тарзда кафолатлай оладиган кўп тармоқли транспорт йўлакларини шакллантириш имконини бермоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, маълум омиллар туфайли ташқи сиёсатда кўпвекторли ҳамкорлик тамойилини қўллашда ҳар бир давлат учун ҳам бир хил қулай имкониятлар мавжуд бўлавермайди.
Фикримча, Ўзбекистон ташқи сиёсатида прагматик кўпвекторли моделни қўллаш бўйича чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш вақти келди, чунки бу борадаги амалиётимиз ўзига хос тажриба ва хусусиятларга эга. Кўпвекторли ташқи сиёсат борасидаги ўзбек моделининг асосий хусусиятларидан бири шуки, унинг устувор вектори, бу — миллий манфаатдир.
Яна бир ўзига хос хусусият шундаки, бизнинг тушунчамизда кўпвекторлилик ижобий ва конструктив маънога эга. Биз турли йирик шерикларимизга “тенг масофадаги узоқлик” эмас, балки “тенг масофадаги яқинлик” тамойилини қўллаймиз. Ўзбекистон халқаро ҳамкорларга нисбатан фаол ва айни пайтда мослашувчан сиёсат олиб бормоқда, уларни ташаббусларимизни илгари суриш ва амалга ошириш жараёнига жалб қилмоқда.
— Ҳурматли Абдулазиз Ҳафизович, бизга вақт ажратганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Саволларимизга Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати батафсил ёритилган, Марказий Осиё минтақаси ва умуман, дунёдаги ҳозирги геосиёсий вазиятнинг барча жиҳатлари чуқур таҳлил қилинган сермазмун жавоблар учун катта раҳмат!
Салим ДОНИЁРОВ
суҳбатлашди.