Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон стратегияси: илм ва инновация иқтисодиётимиз устунидир


Ўзбекистонда бундан беш йил аввал барча соҳалар қатори иқтисодий жабҳада ҳам ўта муҳим ва шиддатли ислоҳотлар бошланган эди. Иқтисодий тизим тўлиқ қайтадан такомиллаштирилди, айтиш мумкинки, эски қолипларни синдириш, ўзгартириш қанчалик мушкул ва мураккаб бўлмасин, янгича бозор механизмлари амалиётга жорий этила бошланди.

Ҳаётий мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, нархларни тартибга солиш кўлами қисқартирилгани, тижорат банкларига кредит сиёсатини юритишда кўпроқ ҳуқуқ ва имтиёзлар берилгани, мамлакат иқтисодий тараққиётининг локомотивлари ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларга ўз бизнесини юритиш учун бутунлай янги имкониятлар яратилгани, айниқса, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Мухтасар қилиб айтганда, иқтисодиётда ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, эришилган ютуқ ва муваффақиятлар энди тарихга айланди. Олдинда эса, бу борада ҳам янгидан-янги ҳаё тий заруратлар ва уларни амалга ошириш бўйича улкан вазифа ва имкониятлар пайдо бўляпти.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳисобланган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида инсон манфаатлари — жамики иқтисодий ислоҳотларнинг негизи, асос-моҳиятини ташкил этиши белгиланган.

Шу маънода бугун сизнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолада янги иқтисодий дунёқараш ва тафаккур, янгича иқтисодий бозор муносабатлари халқимизнинг эзгу орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, аҳоли турмуш даражасининг барқарор ўсиб боришига хизмат қилиши тўғрисида сўз юритилади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Янги Ўзбекис тон — инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат. Чунки барча ислоҳотларда давлат ва жамиятимизни янада ислоҳ қилиш, фуқароларимизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш ва орзу-умидларини рўёбга чиқариш олий мақсад этиб белгиланган.

Шу ўринда номзодимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев билан босиб ўтган йўлимизга назар ташласак.

 

БОШЛАНГАН ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ЯНАДА ЖАДАЛЛИК БИЛАН ДАВОМ ЭТАВЕРАДИ!

Сўнгги йилларда миллий иқтисодиёт соҳаси изчил ва тизимли ислоҳотлар, муҳим эврилишлар, сиёсий ирода ва ташаббуслар марказида бўлиб, пировардида, тобора равнақ топиб бормоқда. Эришилган ютуқларни эътироф этмоқ, атрофлича таҳлил қилмоқ ва келажакдаги муҳим қадамларимизни шунга монанд белгилаш зарурати эса халқ фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим шартларидан биридир.

Албатта, иқтисодиётдаги ислоҳотлар нечоғли самара келтираётгани, вазифадорлик ва масъулият доим диққат марказимизда туриши муҳимдир. Шу ўринда уларнинг эътиборли томонларига тўхталиб ўтиш лозим.

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ БАРҚАРОРЛИГИГА ЭРИШИЛДИ

Биринчидан, Давлат бюджети барқарорлиги таъминланмоқда ва бюджет харажатларининг манзиллилиги ҳамда натижадорлиги ортиб бормоқда.

Иккинчидан, Давлат бюджетининг очиқлигини таъминлашда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу, аввало, давлат идораларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Учинчидан, бюджетни шакллантириш жараёнида аҳоли иштирокини таъминлаш юзасидан “ташаббусли бюджет” тизимининг йўлга қўйилиши халқни қийнаб келаётган турли муаммоларга уларнинг ташаббуслари асосида ечим топилишига замин яратмоқда. Хусусан, жорий йилда мазкур тизим орқали фуқаролардан 41 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган бўлиб, уларга овоз беришда 1,1 миллион киши иштирок этган. Бу Янги Ўзбекистоннинг энг янги тарихидаги салмоқли ютуқлардандир.

Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг мустақиллигини ошириш орқали маҳаллий бюджетлар барқарорлиги таъминланмоқда ва уларда қўшимча ресурслар, яъни “пул маблағлари” шаклланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлардаги аҳолининг оғирини енгил қилиш, орзуларини рўёбга чиқаришда асосий дастак бўлмоқда. Биргина 2020 йилни оладиган бўлсак, мураккаб пандемия шароити бўлишига қарамасдан, маҳаллий бюджетлар даромадлари ижроси прогнозга нисбатан 2,7 триллион сўмга (ёки 10 фоизга) орттириб бажарилганини келтириш мумкин.

СОЛИҚ СИЁСАТИДАГИ ОДИЛОНА ЁНДАШУВ

Солиқ ислоҳотлари том маънода иқтисодий ислоҳотларнинг бурилиш нуқтаси бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона солиқ сиёсати, сиёсий ирода ва дадил қадамлар туфайли бугунги кунга келиб солиқ тизимида натижадор ишлар амалга оширилди.

Аввало, янги Солиқ кодекси қабул қилинди ва унга асосан солиқ турлари қисқартирилди ҳамда ставкалари пасайтирилди. Шундай бўлса-да, Давлат бюджетига тушумлар мунтазам ортиб бормоқда. Биргина 2020 йилги пандемия шароитида ҳам Давлат бюджет даромадлари режаси 4,2 триллион сўмга (режа 128,7; ижро 132,9) орттириб бажарилган. Умуман олганда, солиқ ислоҳотлари самарадорлиги туфайли 2020 йилда (132,9) бюджет даромадлари 2018 йилга (79,1) нисбатан 1,7 баробарга ўсди.

Энг муҳими, солиқ тизимида тадбиркорга бўлган муносабат тубдан ўзгарди ва бугун “солиқ идоралари тадбиркорнинг кўмакчиси”га айланди. Бундан ташқари, солиқ соҳасидаги туб ўзгаришлар ишбилармонларнинг ишончини оширмоқда.

Пандемия даврида бутун дунёда ва мамлакатимизда иқтисодий ҳаракатсизлик натижасида инқирознинг янги кўриниши юзага келган бир пайтда Президентимиз томонидан салбий оқибатларни юмшатиш ва олдини олишга қаратилган бир қанча қарор ва фармонлар ўз вақтида қабул қилиндики, натижада мамлакатимизда иқтисодий барқарорлик кузатилди ва иқтисодий ўсишга эришилди.

ПУЛ МУОМАЛАСИДАГИ ИЖОБИЙ СИФАТ ЎЗГАРИШЛАРИ

2017 йилда Президентимиз ташаббуси, сиёсий иродаси ва қатъий позициялари туфайли мамлакатимизда валюта сиёсати эркинлаштирилиб, валютанинг эркин конвертациясига эришилгани тадбиркорларимизга кенг имкониятлар яратгани ҳеч кимга сир эмас.

Яқин-яқинда ҳам валютанинг эркин конвертацияси ҳақида фақатгина орзу қилиш мумкин эди. Ҳозир олдинги вақтдаги каби банклар олдидаги пала-партиш навбатлар, тўстўполонлар йўқ! Бугун у бозор қонуни — талаб ва таклиф асосида амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли бир замонлар турли бюрократик тўсиқларни енголмай ҳафсаласи пир бўлиб, қўл силтаган чет эллик инвесторлар Ўзбекистондаги муҳит мўътадиллашгач, яна қайта бошлади. Бу йўналишда муҳим уч қадам ташланганини қайд этиш жоиз:

биринчидан, ташқи иқтисодий фаолият эркинлашиб, бизнес учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланди;

иккинчидан, янги, замонавий, модернизация талабларига жавоб берадиган технологияларни олиб келишга кенг имкон яратилди;

учинчидан, мамлакатимиз фуқароларига, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхона ва ташкилотларга бир хил шароит яратилди.

Шу билан бирга, кундалик ҳаётимизда кўп бора фойдаланадиганимиз — банк пластик картаси билан боғлиқ муаммолар яқин-яқингача ҳам мавжуд эди. Ўз ойлик маошининг қанчадир қисмидан, айтиш мумкин бўлса, фарзандлари ризқ-насибасидан кечиб, пластик картасига тушган маблағни фоиз эвазига нақдлаштирган юртдошларимиз сони озмунча эдими? Буларнинг барчасига пул муомаласидаги ислоҳотлар натижасида ижобий ечим топилди. Ҳозир исталган шаҳар ё туман марказига бориб кўринг, нақд пул муаммоси бормикан?! Терминаллар кечаю кундуз ишлаб турибди. Буларнинг бари иқтисодий ислоҳотларимиз меваси эмасми?!

ХАЛҚАРО МАЙДОНДА НУФУЗИМИЗ

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз мавқеини юксалтириш йўлидан шахдам одимлар билан бормоқда. Миллий рейтингимизни белгилаётган халқаро агентликлар ислоҳотларни муносиб баҳоламоқда. Бугун Ўзбекистон очиқлик сиёсатини олиб бориши натижасида халқаро майдонда ўз обрў-эътиборини мустаҳкамламоқда. Оддий сўз билан айтганда, Ўзбекистон хорижий аренада ишончли ҳамкор қиёфасида намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз бундан-да юқори кўрсаткичларга эришишга қодир.

Дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири бўлган Буюк Британиянинг “The Economist” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда энг жадал ислоҳотларни амалга оширган давлат — “Йил мамлакати” деб эълон қилди. Шунингдек, Жаҳон банкининг “Doing Bussiness”, яъни “Бизнесни юритиш” рейтингида Ўзбекистон энг илғор ислоҳотчи мамлакатлар қаторидан ўрин олгани фикримиз исботидир.

Жорий йилнинг 10 сентябрида эса жаҳоннинг бир қатор етакчи давлатларида чоп этиладиган, дунё иқтисодчилари орасида машҳур бўлган “Financial Times” газетаси саҳифаларида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг таҳлили келтирилганини, хуллас, буларнинг барчасини мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларнинг халқаро эътирофи сифатида баҳолаш мумкин.

Албатта, биз бундай ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмаслигимиз, фарзандларимизнинг фаровон келажаги учун янада каттароқ марралар сари интилмоғимиз лозим.

ҚОЛОҚ ТАРМОҚ ҚОЛДИМИ?

Бугун иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилиш, ҳудудларнинг имкониятларини тўла юзага чиқариб, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бундай кенг кўламли ишлар натижаси ҳар бир жабҳада сезилаяпти. Илгари иложсиз бўлган муаммо ва масалалар ҳозирда ўз ечимини топмоқда.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги йўл-йўриқлари асосида бугун юртимизда илгари мутлақо қолоқ бўлган тармоқ ва соҳалар ривожланишнинг янги босқичига чиққанига гувоҳмиз. Мисол учун балиқчилик соҳасини олайлик. Айни пайтда диёримизнинг қайси бир супермаркети ёки дўконига кирманг, ҳатто яқингача хорижий валютага импорт қилиб келтирилган, халқ тилида “қизил балиқ” деб ном олган лосось, сёмга, ҳатто осётрлар ҳам Ўзбекистонда етиштирилаётгани қувонарли ҳолатдир. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик, боғдорчилик ва бошқа кўплаб озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи тармоқлардаги пухта ўйланган ислоҳотлар ўз мевасини бермоқда. Мақсад битта: аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат билан таъминлаш. Бунинг негизида эса, одамларни рози қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш каби юксак вазифалар тургани ҳеч кимга сир эмас.

БАРЧА ЯНГИЛАНИШЛАР ХАЛҚ МАНФААТИ УЧУН!

Ислоҳотларнинг энг бирламчи мақсади аҳоли фаровонлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Меҳнат тақсимотига нисбатан янгича ёндашув ва ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида пахта йиғим- терим мавсумида бошқа соҳа ишчи-ходимларининг бу жараёнда иштирок этишига тўла барҳам берилди.

Шу ўринда тўхталиб ўтиш жоизки, жамиятимизда камбағал қатлам борлиги кўп йиллар давомида яширилди. Камбағаллик тушунчаси “кам таъминланганлик”, “эҳтиёжмандлик” деган сўз-у иборалар билан хаспўшланди.

Халқ билан мулоқотнинг самарали механизми йўлга қўйилгач, ҳақиқий аҳвол, яъни одамлар аслида қандай ҳаёт кечираётгани, уларнинг энг оғриқли нуқталари ошкор бўла бошлади.

Ўрганиш ва тадқиқотлар аҳолининг кўпчилиги етарли ва доимий даромад манбаига эга эмаслигини кўрсатди. Демак, камбағал қатлам мавжуд. Уларнинг тахминан 12-15 фоизлиги ҳам ҳақиқат. Тақрибан айтсак, бу кам эмас, 4-5 миллион аҳоли дегани. Шундан сўнг амалий ишларга киришилди.

Маҳалла, туман шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари” шакллантирилди. Мазкур дафтарлар ҳокимлар, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотларга қайси ҳудудда эртамиз ворислари ва нозик хилқат вакилалари масалалари бўйича ҳолат қандайлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш ҳамда шунга қараб зарурий чора-тадбирларни белгилашда қўл келди.

Одатда, ишсиз одамлар ҳунар ўрганиш, малака эгаллаш учун маблағдан қийналади. Энди давлат айни шундай паллада ёшлар ва аёлларга моддий ҳамда ижтимоий кўмак кўрсата бошлади. Ажратиладиган маблағ меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатувчи мингдан зиёд нодавлат таълим марказлари ташкил этилишига хизмат қилмоқда.

2020 йил бутун инсоният учун жиддий синовлар йили бўлди. Талафотлар катта, йўқотишлар кўп, асоратлар эса ниҳоятда оғир. Аммо ана шундай мушкул вазиятда одамзод бир нарсани ўрганди: ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаёт учун курашишни, олдинга интилишни ҳамда яшаш ва ишлашни.

Тўғри, коронавирус пандемияси айни авжи паллада ҳамма “уйда қолди”! Яъни “кўринмас ёв”дан азият чекмаслик учун кўпчилик хонадонида иҳоталанишга мажбур бўлди. Ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш муассасалари эшигига қулф осилди. Ҳатто қатор давлат идоралари ҳам иш тартибини ўзгартирди. Бироқ ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ.

Энг муҳими, ана шундай мураккаб вазиятда давлатимиз, ҳукуматимиз одамларни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Аксинча, эҳтиёжманд оилалар ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватланди. Айни шу вақтда Президентимиз ташаббуси билан “Темир дафтар”лар жорий этилгани эса, масаланинг оқилона ечими бўлди. Бу тизим давлат ёрдамини йўналтириб туриш, ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш учун муҳим асос яратди.

Айни пайтда “Темир дафтар”лар оилаларни камбағалликдан чиқариш ишларини режали ташкил этишда, рўйхатдагиларга қараб кейинги ишларни мувофиқлаштиришда қўл келмоқда. Ёшлар ва аёллар дафтарлари ҳам касб-ҳунар ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, “Ёшлар дафтари”га 18-30 ёшгача бўлган йигит-қизлар киритилса, “Аёллар дафтари” орқали 30 ёшдан ошган аёллар қамраб олинади. Рўйхатни шакллантиришда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи борларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Камбағалликни одамларга пул тарқатиб қисқартириб бўлмаслиги — оддий аксиома. Одамлар турмуши яхшиланишига тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш орқали эришиш мумкин. Иқтисодий тараққиёт, бир томондан, камбағалликни камайтирса, иккинчи томондан, камбағалликнинг кўпайиши иқтисодий тараққиётни сусайтиради. Одамларда соғлиқни сақлаш ва таълимдан фойдаланиш имкони чекланса, улар борган сари қашшоқлашади, иқтисодиётда талаб камаяди. Ўз навбатида, иқтисодиёт ўзининг юқори малакали ходимларига бўлган эҳтиёжини қоплай олмайди. Оқибатда ўсиш секинлашади.

Шунга қарамай, коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилда аҳолининг барча қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Масалан, 2020 йил бошида ҳар ойда 552 минг оилага моддий ёрдам берилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич 774 минг, июль ойида 876 мингтани ташкил этди. Йил охирига бориб эса, ижтимоий нафақа берилган оилалар сони 1 миллион 200 мингтага етди.

Қувонарли жиҳати, жорий йилда “Темир дафтар” тизими янги босқичга кўтарилади. Яъни “Ижтимоий реестр”га қамраб олинган барча эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда сўнгги беш йилда амалга оширилган улкан тарихий ислоҳотларнинг муфассал таҳлили Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда нашр қилинган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ўз аксини топган. Бу Янги Ўзбекистонни тараққиёт йўлини янги босқичга олиб чиқишнинг кафолати, деб ҳисоблайман.

Келажагингизга бефарқ бўлманг, сўнгги йиллардаги ютуқларимизнинг бардавом бўлиши учун, тараққиёт йўлимизни изчил давом эттиришимиз учун, янги нурли манзилларга етишимиз учун O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беринг!

 

Нодир ЖУМАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси, иқтисод фанлари доктори, профессор



  ...