Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш


Давлат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги, умуман, мамлакат олдига қўйилган барча эзгу мақсадларни амалга ошиш учун ҳар бири фуқаро фаол бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилаётган вазифаларнинг ижросида, амалга оширилаётган ислоҳотларда, қабул қилинаётган қарорларда фуқароларнинг фаол иштироки, хеч шубҳасиз, уларнинг самарадорлигини янада оширади.

Бу мақсадларга эришишда кўп омиллар қаторида давлат идоралари фаолиятининг шаффофлигига бевосита боғлиқдир.

Очиқлик-ошкоралик бўлмаган жойда давлат органлари ва мансабдорларнинг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ёки жамоатчилик назорати унсурларини амалга ошириб бўлмайди.

Давлат органларининг шаффофлигини таъминлаш кўп омилларга боғлиқ. Бу борада сўнгги тўрт йилда вазият тамоман ўзгарганини дунё ҳамжамиятининг ўзи гувоҳи бўлаяпти ва эътироф этаяпти.

Бу ҳаракатларнинг аввали 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига бориб тақалади. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш зарурати белгиланган.

Асосийси, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниш жараёнларининг ўзи ҳам очиқ, ошкора руҳда ташкил этилди. Ва унга билдирилган ҳар бир таклиф ўрганиб чиқилди.

Шу билан бирга аҳоли ва давлат идоралари ўртасидаги муносабатни шакллантириш учун Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, ҳар бир ташкилот ҳузурида фуқаролар қабулхоналари ташкил этилди.

Шу билан бирга халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратилди.

Халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиб бормоқда.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ҳамда қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Ушбу қоида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТнинг ахборот олиш, жамоатчиликнинг қарор қабул қилишдаги иштироки ҳамда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларига оид халқаро конвенциялари нормаларига тўлиқ жавоб беради.

Сўнгги йилларда бу борада юртимизда бир қатор ижобий ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, рақамли технологиялардан кенг фойдаланилган ҳолда data.gov.uz, my.gov.uz, regulation.gov.uz, d.xarid.uz ва бошқа онлайн платформаларда маълумотлар очиқ эълон қилиниши, давлат идораларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини оширди. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, жамоатчилик назорати билан боғлиқ тартиб-таомиллар тартибга солинди.

Ҳар бир вазирлик ва идора маълумотлар очиқлиги фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ўзининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълумотларни мунтазам жойлаштириши ва янгилаб бориши амалиёти йўлга қўйилди. Унда ўз фаолиятига оид маълумотлар, ташкилотларнинг бюджет маблағларининг сарфланиши, тендерлар тўғрисидаги эълонлар, бўш иш ўринлари сингари маълумотлар эълон қилиб борилмоқда.

Коррупцион ҳолатларни аниқлаш ва уларнинг юзага чиқишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. ОАВларида тарғиботни кучайтириш орқали жамият аъзоларида коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит яратиш билан бир қаторда амалдорларнинг коррупцияни шунчаки кичик жиноят, ёки ими-жимида асоратсиз қолиб кетадиган ҳолат деб ўйлашига барҳам беришга эришиш мумкин. Шу боисдан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қошида “Журналистлар ва блогерлар клуби” ташкил этилган. Клубнинг асосий  мақсади коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш жараёнларининг ёритилишда ОАВ билан яқиндан мулоқот ўрнатиш, кенг оммага эълон қилинаётган мавзуга оид материалларни асосли, тўлақонли ва сифатли бўлишига кўмаклашишдан иборат.  Бу каби тузилма барча давлат органлари таркибида ташкил этилиши давлат идоралари ва ташкилотларининг очиқлигига хизмат қилади.

Шунингдек, фуқаролик назорати - коррупцияга қарши курашишда  фуқаролик жамияти иштирокининг бир шакли сифатида эътироф этилади. Бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилиши назарда тутилган. Бу жараёнларга  фуқаролик жамияти институтлари, кенг аҳолини фаол жалб этиш  ҳар бир давлат ташкилотининг асосий вазифаси бўлиши лозим. Шундагина аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга эришиш мумкин.

Яна бир масала – ҳозирги вақтда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини электрон портал орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш тизими ишлаётгани, бу жараёнда халқимиз ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этаётгани ижобий натижа бермоқда. Жумладан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган 8 ярим мингдан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳасига 25 мингдан зиёд таклиф киритилган.

Коррупцияга қарши курашишда энг фойдали воситалардан бири самарали жамоатчилик назорати институтини жорий этиш ҳисобланади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларда ҳамда халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг хулоса ва тавсияларида жамоатчилик назорати принципиал аҳамиятга эга эканлиги белгиланган.

Жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг
13-моддасида коррупцияга қарши курашишда жамоат иштироки тўғрисида нормалар белгиланган бўлиб, ҳар бир иштирокчи давлатнинг ўз имкониятлари доирасида ва ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ аҳолини қарорларни қабул қилиш жараёнларига жалб қилишга кўмаклашиши ва унинг ошкоралигини ошириш ҳамда аҳоли учун ахборотга эга бўлишнинг самарали имкониятларини таъминлаши белгиланган.

Ёки, “Transparency international” ташкилоти томонидан давлат харидларини олиб борадиган ҳар қандай орган ёки ташкилотлар жамоатчилик вакилларига харид жараёнининг барча босқичлари, шу жумладан тузилган ҳужжатлар билан тўлиқ танишиб чиқишлари учун очиқ маълумот сифатида жойлаштириши ҳамда харид жараёнида мустақил нодавлат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг қатнашишини ҳамда улар томонидан мониторинг ўтказилишини рағбатлантириш тавсия этилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда сўнгги йилларда коррупциянинг барча турлари ва кўринишларига қарши курашиш юзасидан институтционал ва ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Бу борада 2018 йилда имзоланган “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2020 йилда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармонини қайд этиш лозим.

Мазкур ҳужжатларга кўра ҳар бир давлат органи, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши белгилаб берилди.

Албатта, бу каби кенгашлар давлат ташкилотлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим бўғин ҳисобланади. Бундан ташқари Кенгашнинг асосий вазифаси этиб биргаликда мулоқот қилиш, ташкилотнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун «кўприк» ролини бажариши белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида ҳам жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Унинг ташкил этилиши ҳам очиқ, ошкора танлов асосида бўлиб ўтди. Ҳозирги фаолиятида ҳам шаффофликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда давлат харидлари соҳасида ҳам бу борадаги ишлар жадаллаштирилди.

Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик асосий принциплардан бири сифтида белгиланди.

Шунга асосан, харидлар тўғрисида эълонлар, уларнинг режа-жадвали, электрон савдо натижалари ва бошқа маълумотлар d.xarid.uz сайти орқали жойлаштириб борилмоқда.

Давлат харидлари бўйича ягона ахборот порталининг ишга туширилиши ва у ерда зарурий маълумотларнинг очиқланиши натижасида барча харид жараёнлари тўғрисида аҳоли хабардор бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда давлат харидлари жараёнларидаги қонун бузилиш ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар гоҳ у ҳудудда, гоҳ бу ҳудудда содир бўлаётгани бўйича кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда ва улар ҳақли равишда оммавий муҳокамалар мавзусига айланаётгани ҳам мазкур жараён билан боғлиқ.

Бу каби жиноятлар 2020 йилда кўпайгани йўқ. У олдинги йилларда ҳам мавжуд бўлган ва бунданда каттароқ ҳолатларда намоён бўлган. Аммо уларнинг аксарияти аниқланмай қолиб кетаверган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, очиқлик, ошкоралик таъминланса, жазо муқаррар бўлса, ҳар бир фуқарода коррупцияга муросасизлик кайфияти шакллантирилса, жиноятчиларнинг ортидан қувлаб юришга ҳожат қолмайди. Ҳамма нарса жамият кўз ўнгида ва назоратида бўлади.

Шу боисдан бу борадаги ишларимизни тизимли давом эттирган ҳолда Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар очиқлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек барча манфаатдор томонлар фойдаланиши учун ягона маълумотлар базасини яратиш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилги Мурожаатномасида ҳам бежизга коррупцияга қарши курашиш масаласини очиқлик-ошкоралик масаласи билан ёнма-ён тилга олмадилар.

Жумладан, “коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга” масала эканлигига алоҳида урғу қаратдилар. Хусусан:

  • давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этиш;
  • очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритиш;
  • кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этиш.

Бу билан келгусида юртимизда бюджет шаффофлигини янада ошириш, шубҳали ҳолатлар юзасидан самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш, давлат сиёсатига нисбатан жамоатчиликнинг ишончини янада ошириш ҳамда талон-торожликларни олдини олиш бўйича самарали механизм яратилишига эришишимиз мумкин бўлади.

Ҳозирда ушбу вазифаларнинг ҳар бири бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хулоса қилганда, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш — коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усули. Давлат идоралари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш уларнинг ҳисобдорлигини оширади.

 

Акмал БУРХАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори



  ...