Қирғизистон билан дўстона ва яқин қўшничилик муносабатларини янада жадал ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда, деди Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) етакчи тадқиқотчиси Рамзиддин Ғуломов «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида.
- Аввало шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшни мамлакатлар сифатида кўп йиллик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил ва маънавий қадриятлар уйғунлиги каби алоқадор жиҳатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган, - деди эксперт. - Барчамизга маълумки, азал-азалдан мамлакатимиз халқлари ўртасида яқин биродарлик алоқаларини ривожлантиришда ўзаро ҳамоҳанглик касб этувчи маданий-маънавий қадриятлар ва анъаналар мавжуд.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатия алоқалари 1993 йил февралда ўрнатилган. Ҳозирги кунда икки давлат қонунчилик базаси таркибида 200 дан ортиқ ҳужжат мавжуд бўлса, улардан «Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома» ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг турли даврларига қарамай, мамлакатларимиз етакчилари томонидан мустаҳкам алоқалар ва кўп асрлик биродарлик ришталарига таянилган ҳолда нафақат ўзаро ҳурмат муҳити сақланиб қолинди, балки яқинда ўзаро муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Айни пайтда Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентларининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз кўпгина долзарб масалаларни ҳал этишга, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ижобий ўсиш суръатига эришди.
Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги мунтазам учрашувлар, шунингдек, БМТ, МДҲ, ШҲТ,ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва бошқа қатор халқаро тузилмалардаги иштироки ўзаро муносабатларнинг юқори даражасини намоён этади.
- Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг яқинда Ўзбекистонга буюрган ташрифи натижаларини қандай баҳолайсиз?
- Икки давлат етакчилари — Шавкат Мирзиёев Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг учрашуви Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим сиёсий ҳодиса бўлди.
Шуни таъкидлаш жоизки, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтган очиқ, конструктив ва дўстона музокаралар чоғида томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳаларини, жумладан, сув ресурслари ва энергетикадан фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика масалалари бўйича музокара ўтказдилар. Бундан ташқари, давлатларимиз раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашдилар.
Президентлар ўзбек-қирғиз муносабатларини дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик руҳида мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Шунингдек, икки мамлакатнинг ўзаро манфаатларини инобатга олган ҳолда, томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришларини таъкидладилар. Бундай алоқалар равнақида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиясининг ўрни ва аҳамияти катта эканлиги қайд этилди.
Икки давлат ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш мақсадида амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, бунинг учун умумий қиймати 550 миллион АҚШ долларига тенг 60 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Улар орасида Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси маблағи 50 миллион доллар экани маълум қилинган бўлса, кейинчалик бу рақамни 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Шуни таъкидлашни истардимки, давлатларимиз раҳбарлари томонидан устувор масала сифатида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш яқин ойлар ичида якунланиши юзасидан келишувга эришилди. Яқин кунлар ичида тегишли ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан бу келишувлар ижроси таъминланишига умид билдирамиз.
Умумий ҳисобда музокаралар якунлари бўйича жами 22 та ҳужжат имзоланган бўлса, улар орасида икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини ўз ичига олган Президентларнинг Қўшма баёноти муҳим ўрин эгаллайди.
Ишонч билан айта оламанки, эришилган келишувлар натижадорлиги ўзбек-қирғиз ҳамкорлик алоқаларини юқори поғонага кўтаришга туртки беради.
- Савдо-иқтисодий алоқалар, икки мамлакат савдо айланмаси ҳажмини оширишга доир имкониятлар ва режалар ҳақидаги фикрларингизни билишни истар эдик?
- Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик масаласига тўхталадиган бўлсак, мамлакатларимизда мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойданилгани йўқлигини айтишни истардим.
Шундай бўлса-да, йилдан-йилга савдо айланмаси ҳажмининг ортаётгани ва ўзаро иқтисодий таъсирнинг доираси кенгайиб бораётгани бу соҳада фойдаланишимиз мумкин бўлган юқори иқтисодий салоҳиятни амалда қўллашга кенг имкониятларни очади.
Сўнгги вақтларда икки томонлама савдо айланмаси анча ўсди. Хусусан, 2016 йилдан буён ўзаро савдо айланмаси ҳажми 5 баробарга ошиб, 2020 йилнинг якунида 903 миллион долларга етди.
Қирғизистон раҳбарининг Тошкентга ташрифи чоғида «Яшнобод» технопарки ҳудудида ўзбек-қирғиз бизнес-форуми ва икки давлат ўртасида Ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилиши ҳам ғоят фойдали бўлди. Бизнес форум давомида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган, умумий қиймати қарийб 130 миллион долларлик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланди. Янги ўсиш нуқталарини топиш орқали томонлар яқин йиллар ичида савдо айланмасини икки баробарга ошириб, 2 миллард долларга етказиш имконияти мавжудлигини таъкидлашди.
Ўйлайманки, давлатлараро транспорт йўлакларини ривожлантириш, жумладан, «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўли, «Тошкент-Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашқар» мультимодал йўлагини барпо этиш орқали иқтисодий ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади.
- Анъанага кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг муҳим қисми маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик саналади. Бу борадаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз.
- Жудаям тўғри. Бугунги кунда маданий-гуманитар соҳадаги халқаро дипломатик муносабатлар турли давлатлар халқлари ўртасида ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида мунтазам равишда маданият кунлари, фестиваллар ва кўплаб маданий тадбирлар нишонланиб келинмоқда. 2018 йил юртимизда буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллик юбилейи кенг миқёсда нишонлангани фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Шуни таъкидлаш жоизки, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги музокаралар давомида томонлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган «Маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги шартномани амалга ошириш доирасида қўшма тадбирлар режасини тасдиқлади.
Шунингдек, таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. 2017-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қирғиз ёшларининг сафи 14 бараварга ошган бўлса, Қирғизистон университетларидаги ўзбек талаба ёшлари сони 7 баравар кўпаяётгани қувонарли ҳолдир.
Айни пайтда, бу соҳа доирасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятларга эгамиз. Шунингдек, келгусида университетлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, икки давлат таълим муассасалари ўртасида шартномалар ва меморандумлар имзоланишига кўмаклашиш зарур.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз бўладики, Ўзбекистон Қирғизистонга COVID-19 касаллигига қарши курашда биринчилардан бўлиб беғараз ёрдам қўлини чўзди. 2020 йил декабрда ушбу тиббий ёрдам ҳисобидан Бишкек, Боткен ва Чуй вилоятларида инфекция билан зарарланган беморлар учун учта модулли шифохона барпо этилди. Бундан ташқари, шу мақсадда кўплаб тиббиёт жиҳозлари ва тиббий воситалар ҳам жўнатилди.
Хулоса ўрнида шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Қирғизистон билан ўзаро манфаатли ўзаро ҳамкорлик алоқаларини барча йўналишларда янада ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Биз бирдамликдаги саъй-ҳаракатлар билан олдимизга қўйган олийжаноб мақсадлар - стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга эришишимизга аминман.