Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари учрашув ўтказдилар


Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчисига отаси Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи ва шахсан ўз номидан яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди.

Маликгули Бердимуҳамедов туркман халқининг содиқ фарзанди ва ҳақиқий ватанпарвар бўлгани, ўз юртининг равнақига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.

Туркманистон Президенти ҳамдардлик учун ташаккур изҳор этиб, биродар ўзбек халқи ва унинг етакчиси ушбу мусибатли дамларда далда бўлаётганини юксак баҳолаши ва қадрлашини алоҳида қайд этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Миллий Кенгашининг Халқ Маслаҳати раиси этиб сайлангани билан табриклади, бу мамлакат тараққиёти йўлида амалга оширилаётган сиёсат Туркманистон халқи томонидан қатъий қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин далили эканини таъкидлади.

Пандемия билан боғлиқ мураккаб даврда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

 

 

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга томонлар тайёр экани таъкидланди.

Музокараларда халқларимиз яқинлигининг энг муҳим омили сифатида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш долзарб экани яна бир бор қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Туркманистон раҳбарига унинг халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларининг навбатдаги ёрқин рамзи сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини ташкил этиш ташаббуси учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш мақсадида яқин вақтда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга қарор қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари икки мамлакат халқларининг кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашда қатъий эканликларини тасдиқладилар.

 

 

 



  ...