Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ


Ўзбекистонда олиб борилаётган янги демократик ва эркин мамлакатни яратишга қаратилган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар доирасида халқ хокимиятчилиги конституциявий тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини таъминлаш, сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро демократик ва адолатли сайловлар – бу демократиянинг ўта муҳим ва зарур шартларидан ҳисобланади. 

2019 йилда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар – янги парламент” деган устувор ғоя асосида бўлиб ўтган сайловлар ҳам шундан далолат беради. Сайловлар мамлакатда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келганини яққол кўрсатди.

Шунингдек, илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида амалга оширилган сайловлар даврида орттирилган тажриба, сайлов қонунчилиги ва амалиётимизда юзага келган айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган вазифаларни ҳам кўрсатиб қўйди.

2020 йилги Давлат дастурига мувофиқ, амалдаги сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу қонун лойиҳаси Олий Мажлис палаталари, Марказий сайлов комиссияси, сенатор ва депутатлар иштирокида 2 маротаба муҳокама қилинди. Қолаверса, 2020 йилнинг май-июнь ойларида қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

 

“Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”.

 

Бугунги кунда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Биринчидан, 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий кузатувчиларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш лозим.

Иккинчидан, “Жаҳон мамлакатлари демократия индекси”да Ўзбекистон ҳозирда 157-ўринни эгалламоқда. Бунда Президентимизнинг 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Фармонига биноан, “Сайлов жараёни ва плюрализм” йўналиши бўйича мамлакатимиз кўрсаткичларини 2022 йилга қадар 6 бараварга ошириш мақсади қўйилган.

Учинчидан, сайлов қонунчилигини изчил амалга ошириш йўлида сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, “демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”.

 

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда нималарга

эътибор берилди?

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ, бир гуруҳ депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритди.

Қонун лойиҳаси 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уч манбага:

● миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига;

 20 дан ортиқ хорижий давлатлар сайловлар ўтказиш тажрибасига;

● сайловларга оид халқаро нормалар ва стандартларга таянилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан:

* Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига,

* “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига,

* Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 29 та моддасига,

* “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

 

Сайловлар вақтини ўзгартиришни талаб қилган омиллар

 

Депутатлар гуруҳи миллий ва хорижий экспертлар билан парламент, Президент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловлари муддатларини декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш масаласини атрофлича ўрганди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Худди шундай норма “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасида ҳам бор.

Мамлакатимизда сайловларнинг муддатини декабрь ойидан октябрь ойига кўчиришни қуйидаги муҳим омиллар тақозо этмоқда.

Биринчи омил: парламент сайловлари бўлиб ўтганидан кейин қонунчиликда белгиланган муддатларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларини ўтказиш, уларнинг қўшма мажлисларида Бош вазир номзодини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси – Ҳукуматни шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўтказиш каби муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келмоқда. Бу эса Давлат дастурларини қабул қилиш ва тегишли йилга мўлжалланган бошқа ислоҳотларнинг март-апрель ойларига қадар сурилишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, 2019 йилги парламент сайловларидан кейинги сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар жуда қисқа муддатда, яъни 2020 йилнинг 20-24 январь кунлари оралиғида бўлиб ўтди. 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастури эса 2 март куни қабул қилинди.

Иккинчи омил: сайловлар қаҳратон совуқ давр – қиш мавсумига тўғри келиши, ўз навбатида, фуқароларнинг сайловлардаги фаоллигини янада ошириш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш, замонавий сайлов технологияларидан фойдаланиш, айниқса, оммавий тадбирларни ташкиллаштиришда бир қатор камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ўтган сайловлар даврида аҳоли ва электорат, сиёсий партиялар томонидан бу борада қатор таклифлар билдирилди.

Учинчи омил: хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатларида, масалан, Гана, Миср, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси, Жазоир, Венесуэла, Доминика каби мамлакатларда сайловлар декабрь ойида ўтказилади. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова ва бир қатор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.

Тўртинчи омил: Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловлар Европа ва Америка давлатларидан таклиф этилган кузатувчиларнинг диний байрами, хусусан, "Рождество" нишонланадиган 25 декабрь санасига тўғри келиши туфайли сайлов соҳасида жаҳон миқёсида обрўга эга халқаро кузатувчиларнинг иштирокини чекламоқда.

Ана шу омилларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф этилмоқда.

Бунинг натижасида, бир томондан, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Иккинчи томондан ноқулай об-ҳаво шароитларида фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади. Шу тариқа сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.

 

Соҳага оид кодексни такомиллаштириш нима беради?

 

Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидагилардан иборат.

Биринчи ўзгартиш: халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши тавсия этилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳар бир округ ўртача 1-3 та сайлов участкаси доираси билан чекланган бўлиб, амалиётда бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келмоқда. Амалиётда тегишли туман (шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари вазифаларининг бир-бирини такрорлаши ҳоллари ҳам кузатилган. Шунингдек, бу Давлат бюджетига қўшимча харажатни кўпайтирмоқда. Мақбуллаштириш натижасида 54 мингдан зиёд аъзодан иборат 5 минг 739 та округ сайлов комиссияси тугатилади ва натижада инсон ресурслари тежалади, сайловга жалб этилган инсонлар орасида оворагарчиликка чек қўйилади.

Иккинчи ўзгартиш: хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришининг ҳуқуқий асоси яратилмоқда.

Масалан, 2019 йилги парламент сайловларида мазкур амалиёт илк бор тажрибадан ўтказилди. Хусусан, Россия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда бўлиб турган 90 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари кўчма қутиларда овоз берган. Мамлакатимизда яратилаётган Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши айнан фуқароларнинг қаерда бўлишидан қатъий назар давлат ҳимоясида бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳисобланади.

Учинчи ўзгартиш: қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиши тартиби белгиланмоқда.

Тўртинчи ўзгартиш: сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда.

Бешинчи ўзгартиш: “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда Президент сайловини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:

Аввало, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда. Сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлганлиги сабабли сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади.

Шу билан бирга, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Масалан, давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, шунингдек, ҳарбий хизматчиларга, диний ташкилотлар хизматчиларига, судьяларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланмоқда.

Қолаверса, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Шунингдек, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботни ҳамда Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби киритилмоқда.

Сайлов қонунчилигини демократлаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидаги натижаларни беради:

* миллий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштирилади,

* сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга эришилади,

* фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароит яратилади,

* сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз муддатида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун етарлича имконият бўлади,

* Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади.

 

 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг биринчи ўринбосари

 

("Халқ сўзи" газетаси, 2021 йил 27 январь)



  ...