Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ХАЛҚАРО ҲАМЖАМИЯТНИНГ ИШОНЧИ, РАҒБАТИ ВА ЭЪТИРОФИ


2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор мазкур халқаро тузилманинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 191 давлатдан 169 таси овоз берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан ушбу улкан ютуқнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва масъулияти ҳақида суҳбатлашдик.

- Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани, авваламбор, Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёев олий мақсад этиб белгилагандек ва ўзи орзу қилгандек яшашга интилаётган, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб берилган ёруғ истакларига яраша янгидан-янги самараларга эришаётган янги Ўзбекистон халқи қўлга киритган яна бир оламшумул ютуқдир, — деди А.Саидов.

Бу - давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганининг ёрқин далолатидир.

Бу - миллат сардори раҳбарлигида Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалаларига алоҳида урғу берилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилгани ҳамда қўллаб-қувватланаётганининг ўзига хос ифодаси ҳамдир.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, «Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди».

Кейинги йилларда аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири тобора ошиб бормоқда. Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.

БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан жорий йилнинг ўзида фуқаролиги йўқ 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик янада мустаҳкамланмоқда.

Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган бу каби муҳим натижаларнинг барчаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши асосий вазифалари билан уйғун ва ҳамоҳанг. Бинобарин, мазкур кенгашнинг бош вазифаси эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир.

Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг юқори халқаро органга аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан ­далолатдир.

 - Бу борада қандай тайёргарлик ишлари амалга оширилди?

- БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси давлатимиз раҳбари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилганди. Шу асосда ўтган даврда комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва изчиллик билан амалга оширилди.

Хусусан, аввало, мавжуд тартиб-қоидаларга асосан номзодлик БМТ Бош Ассамблеяси рўйхатидан ўтказилди ва дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

2019 йил октябрь ойида эса БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюциясига мувофиқ, БМТнинг «Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар» ҳужжати тақдим этилди. Шунингдек, ушбу ваъдаларни қисқа таҳлил қилувчи яна 2 та ҳужжат тайёрланди.

Мазкур ҳужжатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашида ҳамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали аъзо давлатлар ўртасида кенг тарқатилди.

Ўзбекистон тақдим этган «Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар»да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам акс эттирилган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тақдим қилинган.

Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилган.

 - Шу ҳақда батафсилроқ тўхталиш мумкинми?

 - Бу ўринда Ўзбекистон тақдим этган «Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар» учта йўналиш — халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги бир қатор муҳим вазифаларни ўзида қамраганини алоҳида ­таъкидлаш лозим. Аввало, халқаро кўламдаги вазифалар ҳақида тўхталамиз.

Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида жаҳон миқёсидаги ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бу борада қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суриш, БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқилган ва изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз БМТ Бош котиби илгари сурган «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги: келажакка нигоҳ» мавзусида туркум глобал мунозаралар ўтказиш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлади. Шу ташаббус доирасида жорий йил давомида миллий ва халқаро ҳамкорларимиз билан учта глобал онлайн мунозара ташкил қилдик.

Ушбу мунозараларда БМТ ва унинг тузилмалари, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНEСКО, БМТРД, БМТ ­ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, ­ЮНФПА, ЮНИСEФ, Халқаро миграция ташкилоти ҳамда Парламентлараро иттифоқнинг юқори лавозимли ­вакиллари иштирок этди.

Хусусан, глобал мунозараларнинг биринчиси «Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик» деб номланди. Анжуман 2020 йил 26 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлис палаталари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан видеоконференсалоқа шаклида ­ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, «Ўзбекистон БМТнинг низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дек­ларацияси ва бошқа халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз. Бу биз амалга ошираётган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир».

Бундан беш йил аввал БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилганди. БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида бугунги коронавирус инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Нега деганда, дунё тарихий кўламларга эга бўлган, яъни кейинги 50 йил давомида кузатилмаган энг йирик таҳдид ва инқирозга дуч келиб турибди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари инсониятни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга йўналтирилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади.

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг қатъий тарафдоридир. Мамлакатимизда 2017-2021 йиллар доирасида амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос тушади.

2018 йилда ҳукумат томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та миллий мақсад ва шу мақсадлар билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган давр­га мўлжалланган 127 та вазифа тасдиқланган. Ана шу миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинган. Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги мувофиқлаштирувчи ­кенгаш тузилган.

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий индикаторлар муваффа­қият билан амалда татбиқ этилмоқда. Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзининг биринчи Ихтиёрий миллий шарҳини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди.

Таъкидлаш жоизки, халқаро экспертлар ­Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартиби ижросига ижобий муносабат билдирмоқда.

Айниқса, мамлакатимизнинг пандемиядан кейин Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, маданий мероснинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги роли ва ҳиссаси, барқарор ижтимоий ривожланишни таъминлаш мақсадида барча учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш ­зарурлиги тўғрисидаги нуқтаи назари юқори баҳоланаётгани диққатни тортади.

Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги ўзаро ҳурмат ва мулоқот принципларига таянадиган ҳамда сиёсатлаштириш, икки хил стандарт ва нохолис танлов бўйича ёндашиш каби ҳолатлардан холи бўлган кўп томонлама ҳамкорликни рағбатлантириш ишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Жумладан, мамлакатимиз делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2019 йил сентябрда Женевада бўлиб ўтган 42-сессиясида иштирок этганини қайд этиш мақсадга ­мувофиқдир.

         - Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо бўлиш учун зиммасига олган «Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар»да кўзда тутилган минтақавий ва миллий кўламдаги тадбирлар ­қандай ­бажарилмоқда?

         - Шу йил 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми нафақат мамлакатимиз ва минтақамиз, балки бутун сайёрамиз ёшларининг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда ­аҳамиятлидир.

Халқаро анжуманда «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ҳужжатда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган.

Яқинда Самарқанд резолюцияси БМТ Бош ­Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди. Шунингдек, у ЕХҲТ Доимий кенгаши ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани бежиз эмас. Чунки Самарқанд резолюцияси ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар ­томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги доирасида кейинги 4 йилда ўтган 75 йил давомида эришилмаган ниҳоятда муҳим ва юксак натижалар қўлга киритилди.

Биргина мисол. 1993 йил 25 июнь куни Вена шаҳрида БМТ шафелигида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича жаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида ҳар бир давлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни ­тавсия қилинган.

Орадан 27 йил ўтиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 22 июнда имзоланган фармон билан юртимиз тарихида биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Бу ҳақдаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилди ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Миллий стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг расмий ҳужжатлар тизимига ҳам жойлаштирилди. Натижада дунё жамоатчилиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матни билан танишиши учун қулай имконият юзага келди.

Миллий стратегия доирасида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш — жами 98 та ҳужжат устида изчил иш олиб бориш ­белгиланган.

Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2020 йил 10 сентябрь ҳолатидаги мониторинг натижалари «йўл харитаси»нинг жами 78 бандидан 17 таси бўйича ижро муддати якунлангани, 7 та банд бўйича ишлар ўз муддатида бажарилганини кўрсатди. Ҳатто 2 та бандда белгиланган вазифалар муддатидан олдин адо этилгани эътиборлидир.

Сўнгги йилларда Олий Мажлис томонидан ижтимоий соҳада 30 дан зиёд қонун қабул қилинди. Хусусан, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги, «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунлар шулар ­жумласига киради.

Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартнома, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси ратификация ­қилинди.

Камбағалликка барҳам бериш, аҳоли соғлиғини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, экология муаммоларига ечим топиш, гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш тузилган бўлиб, уларнинг фаолиятида парламент аъзолари иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз ҳаётининг бошқа соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар амалий натижасини бермоқда. Ушбу йўналишда янги қабул қилинган қонунлар, жорий этилаётган таъсирчан аниқ механизмлар, тобора кўпайиб бораётган оқлов ҳукмлари — бу каби ижобий омиллар юртдошларимизда адолат, бахтли ҳаёт ва келажакка ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган самаралар халқаро кўламда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек, АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар, хусусан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш ва одам савдосига барҳам бериш борасидаги ислоҳотларга ижобий муносабат ­билдирди.

Жорий йилда мазкур соҳада қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўз борганда, авваламбор, БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарция-Саян Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи юзасидан ўз ҳисоботини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу маърузада Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланган.

БМТ махсус маърузачиси Президент Шавкат ­Мирзиёев ўз лавозимини бажаришга киришган пайтидан бошлаб амалга оширган муҳим ишлар қаторида, жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлашга қаратилган ислоҳотнинг кўплаб амалий натижаларини бирма-бир санаб ўтгани эътиборга сазовор.

- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қандай орган ва унга аъзолик сайловлари қай тарзда бўлиб ўтади?

- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши БМТ Бош Ассамблеясининг органи бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. Кенгаш ўз мажлисларини мунтазам, йилида камида уч марта ўтказади.

Ушбу сессиялардан бири асосийси саналади ва унинг иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзолари учдан бир қисмининг талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Бош Ассамблеянинг 60/251-резолюцияси 7-бандига мувофиқ, «Кенгаш таркибига 47 та аъзо давлат киради ва уларнинг ҳар бири Бош Ассамблеянинг кўпчилик аъзолари томонидан бевосита яширин овоз бериш йўли билан сайланади».

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун бешта минтақадан давлатлар танланади. Яъни Осиё-Тинч океани, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидан — 13 аъзо, Африкадан — 13 аъзо, Шарқий Европадан — 6 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан — 8 аъзо, Ғарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АҚШ, Канада ва Исроил давлатлари орасидан — 7 аъзо уч йил муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

БМТ Бош Ассамблеяси сессияси делегатлари куни кеча БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 15 та аъзо давлатни сайлади. Улар сафида Ўзбекистон, шунингдек, Буюк Британия, Боливия, Хитой, Габон, Кот-дьивуар, Куба, Малави, Франция, Покистон, Мексика, Непал, Россия, Сенегал ва Украина бор.

Бу галги сайловда бўшаб қолган 15 та аъзолик ўрнига Осиё-Тинч океани, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидан — 4 аъзо, Африкадан — 4 аъзо, Шарқий Европадан — 2 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан — 3 аъзо ҳамда Ғарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АҚШ, Канада ва Исроил давлатлари орасидан — 2 аъзо сайланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасидаги ушбу дастлабки сайловда Ўзбекистон учун БМТга аъзо 191 давлатдан энг кўпчилиги — 169 таси овоз берди. Осиё гуруҳидан Покистон ҳам 169 овоз тўплади. Шунингдек, Непал — 150 та, Хитой — 139 та, Саудия Арабистони — 90 та овоз олди. Кенгашга сайланган янги аъзоларнинг ваколати 2021 йил 1 январдан бошланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ­Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлишидан кўзлаган мақсади эзгу ва холис. Биз мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши ­тарафдоримиз.

 

«Янги Ўзбекистон» газетаси,

2020 йил 15 октябрь



  ...