Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 август куни Жаҳон банки иштирокида “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Шу йил 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари аграр тармоққа ажратилаётган инвестициялардан тўғри фойдаланиш, юқори натижа берадиган лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Бугунги йиғилишда Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш бўйича шакллантирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, лойиҳаларни ишлаб чиқишда фанни ривожлантиришга, илғор технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, жалб қилинаётган маблағнинг 87 миллион доллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 10 та илмий-тадқиқот муассасаси, 4 та ихтисослашган марказ фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга ажратилади.
Шунингдек, 70 миллион доллар кўчатлар етказиб бериш, фитосанитария, геоахборот ва сертификатлаш хизматларини кўрсатадиган агрохизмат марказларини ташкил этишга йўналтирилади. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун берилаётган 10 миллион доллар ҳисобига ерларнинг ҳосилдорлиги, тупроқ таркиби таҳлили, зарур минерал ўғитлар тури ва миқдори, солиқ, транспорт-логистика ва маҳсулотлар бозорлари ҳақида маълумотлар олиш имкони яратилади.
Йиғилишда сув хўжалиги, чорвачилик, карантин, кадастр, молия, солиқ ва бошқа тегишли идоралар маълумотлар базасини ушбу тизимга интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига илмий-тадқиқот муассасалари ва ихтисослашган марказларни Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида жойлаштириб, лаборатория ускуналари ва техникалар билан таъминлаш, вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги коллежлари негизида уларнинг филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ушбу муассасаларни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, хориждан консультантлар жалб қилиб, уларни ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир илмий-тадқиқот муассасаси ва марказ илмий ишланмаларини сотадиган тижорат ташкилотига айланиши зарурлигини таъкидлади.
– Қишлоқ хўжалигини илм билан қилмасак, харажатларимиз натижа бермайди. Ҳар бир лойиҳа манфаатдорликни таъминлаш, рентабелликни оширишга хизмат қилиши керак. Пировард маррамиз – экспорт. Илмий асосланган, стандартларга мос маҳсулот чиқарилса, бозор топилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Кооперативлар ва кластерларни ривожлантиришга мўлжалланган 200 миллион доллар ҳудудлар ўртасида тақсимланган. Бундан ташқари, халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан Фарғона водийси учун қўшимча 54 миллион доллар ҳамда Хоразм вилоятига 100 миллион доллар маблағ ажратилган.
Президент ажратилаётган ҳар бир долларни уч долларга айлантириш, имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича аниқ ҳисоб-китоб асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Интенсив боғ майдонларини кенгайтиришга 65 миллион доллар йўналтириш белгиланган. Хусусан, бунинг ҳисобидан Тошкент вилоятида 500 гектар, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Самарқандда 300 гектардан, Жиззахда 250 гектар, Қашқадарё ҳамда Сурхондарёда 200 гектардан, Қорақалпоғистонда 100 гектар майдонда янги усулдаги интенсив боғлар яратилиши режалаштирилган.
Мутасаддиларга қисқа муддатда ерларни ажратиб, келгуси йил баҳорда боғларни фойдаланишга топшириш вазифаси юклатилди.
Яна 65 миллион доллар эвазига замонавий агрологистика марказлари ва комплексларини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокимлари жалб қилинаётган маблағлар ўзлаштирилишини лойиҳалар кесимида тақдимот қилди ҳамда ишни ташкил қилиш режалари бўйича ахборот берди.