Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ЎЗБЕКИСТОН – МАДАНИЯТЛАР ЧОРРАҲАСИ


Қадимий  ва саховатли ўзбек заминида кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик ўзбек халқига доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади. 

Бугун мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда. 

 

Серик Усенов, Республика қозоқ миллий маданий маркази раиси:

  • Бағрикенглик Ўзбекистон учун – бу ота-боболардан мерос бўлиб келаётган қадрият. Бу меросни биз билан сиз бугунги кунда асраб-авайлаб, сақлаб қолишимиз керак. Ярим майизини, бир бурда нонни ўнга бўлиб, ҳар доим “Хуш келибсиз!”, деб турган халқ ўзбек халқи бўлади. Ҳаммамизнинг ҳуқуқимиз ҳам, жавобгарлигимиз ҳам бирдек. Шуни ҳис қилган ҳолда жаннатмонанд Ўзбекистонда ҳар бир инсон миллатидан қатъий назар фаровон яшаб келмоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг юздан ортиқ фаоллари фахрий унвонларга сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Турли миллатлар вакили бўлган 10 дан ортиқ фуқаро эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвон билан мукофотланган.

Мамлакат Конституцияси ва қонунларида республиканинг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.

 

Мамлакатда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурган ташаббуси Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстлик тамойилларини ҳурмат қилиш тарафдори эканининг ёрқин намойиши бўлди. Халқаро ҳамжамият ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади, унинг аҳамияти тан олди ва 2018 йил декабрь ойи БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида резолюция бир овоздан қабул қилинди. Ҳужжат бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, диний эркинликни таъминлаш, диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишининг олдини олишга қаратилган.

 

Виктор Пак, Республика корейс миллий маданий маркази раиси:

  • Корейслар Ўзбекистонда 80 йилдан кўпроқ вақт мобайнида яшаб келмоқда. 200 мингга яқин корейс халқи Ўзбекистонни Ватаним, деб яшамоқда. Ўзбеклар орасида яқин дўстларим бор. Улар кечки дастурхонда чим-чи бўлмаса овқат емайди. Менинг оилада ҳам ҳар ҳафта бир марта албатта палов дамланади. Бекорга бундай эмас, чунки ўзбек сутини ичиб, ўзбек нонини еб, биз мамлакат ҳаётига киришиб кетдик.

 

Ўзбекистонда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 141 та миллий маданий марказ етакчи роль ўйнамоқда. Улар ўзларининг ўзига хос маданияти, тили, халқ ҳунармандлигини ривожлантириб, турли маданиятларнинг бир-бирини ўзаро бойитишига, ҳар бир кишида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб, амалий ва услубий ёрдам бермоқда.

 Марказ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ёрқин тадбирлари асосида маданий ва ижтимоий ҳаётни янада теран маъно-мазмун билан бойитмоқда, Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муносабатларини мустаҳкамламоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатда миллатлараро муносабатлар соҳасида нодавлат ташкилотларнинг ноёб тизими шаклланганидан далолат беради. Ушбу ташкилотларнинг серқирра фаолияти мамлакатимизда тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш, муҳим маданий-маърифий вазифаларни ҳал этиш, шунингдек, хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Бобур кўчасидаги бино Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига берилди ва у Дўстлик саройи деб номланди. Ана шу бинонинг ёнида жойлашган ва Қўмита ўзининг кўплаб тадбирларини ўтказадиган боғ «Дўстлик боғи» деб юритила бошланди.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ҳар бир миллий маданий марказнинг фаоллари ўзларининг тарихий ватанлари билан маданий-гуманитар соҳада фаол муносабатлар олиб боради.

 

Владимир Бойко, "Славутич" республика украин миллий маданий маркази раиси:

  • Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда таниқли украин ёзувчи ва шоирларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилдик. Бундан кўзланган мақсад – ўзбистонлик ёшларни ўзбек мумтоз адабиёти намуналари билан таништиришдир. Бир вақтнинг ўзида биз катта оилани ташкил қиладиган украин диаспораси вакилларини ҳам Ўзбекистон деб аталмиш мамлакатнинг бой маданий-маърифий меросини чуқур ўрганишига интилаяпмиз.

 

Йил давомида “Наврўз” умумхалқ байрами, рус халқининг “Масленица”, болгарларнинг “Мартиница”, арманларнинг “Вардавар”, полякларнинг “Дожинки”, корейсларнинг “Чхусок”, татар ва бошқирдларнинг “Сабантуй”, грекларнинг «Охи», Хитой Янги йили ва бошқа байрамлар барча миллат вакиллари иштирокида кенг нишонланади.

Шунингдек, кенг жамоатчиликни Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва халқлар вакилларининг бетакрор маданияти, халқ ҳунармандчилиги, анъана ва урф-одатлари билан тизимли ва доимий асосда таништириш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Бунинг учун уларга мамлакатдаги энг яхши концерт майдончалари, театр саҳналари ва кўргазма заллари тақдим этилган.

Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида ҳам тенг ҳуқуқли миллатлараро муносабатларни кузатиш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштирилган биринчи аҳоли пункти Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғи бўлди. Қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайдиган қишлоқ 45 кунда барча қулайликларга эга замонавий шаҳарчага айлантирилди.

Жиззах вилоятида янги турар жой массивлари қурилиши изчил давом этмоқда. Хусусан, бу ерда яшаётган лўлилар ҳам ўз ҳаётида изчил ўзгаришларни ҳис этиб, янги уй-жойларга эга бўлмоқда.

Гап шундаки, Пахтакор туманидаги Олтинкўл ва Олмазор маҳаллаларида 35 гектардан зиёд ер майдони ажратилиб, 3 минг 200 нафар фуқаро учун 780 та янги уй бунёд этилди. Ҳозирда ободонлаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Янги массивларда аёллар бандлигини таъминлаш учун 2 та тикув цехи ҳам қурилди.

 

Мафтуна Тўхтамишева, тикувчи:

  • Авваллари баракда яшар эдик. Ҳозир эса замонавий шароитларга эга бўлдик. Уч хонали уйимиз бор. Ҳафта давомида ишлайман. Дам олиш кунлари эса уйдаги ишлар билан банд бўламан. Битта ўғлим бор, унга қарайман.

 

Айниқса, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 10 километрдан зиёд автомобиль йўллари, 8 км электр, 3 км сув тармоқлари тортилди. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қуриб берилди. Бунинг учун давлат томонидан 150 миллиард сўм маблағлар йўналтирилди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган, ҳозирда турмуш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган уйларда яшаб келаётган лўлилар учун замонавий уй-жойларга эга бўлиш, албатта, тарихий воқеа.

 

Ражаббой Равшанов, фахрий:

  • Аввал яшаш шароити умуман йўқ эди. Ҳозир йўллар асфальт бўлди, арча ва гуллар экилди, бошқа ўзгаришлар бўлаяпти. Маҳалла идораси, ҳаммом қурилди, болалар боғчаси бунёд этилаяпти. Шароит илгари баракда яшаганимизга қараганда кескин ўзгарди. Масалан, мен бу маҳалладан олтита ўғлимга олтита уй олдим. Олтита уй ҳам битиш арафасида турибди.

 

Яна бир муҳим янгилик – лўли болаларнинг айримлари турли сабабларга кўра мактабда ўқимай қолгани аниқланиб, улар учун савод чиқариш курси ҳам ташкил этилди. Ҳозир бу ерда 20 нафардан зиёд бола ва ўсмир махсус курсда ўқитилмоқда.

Жиззах чўлини ўзлаштиришнинг дастлабки даврида – 1960-йилларда ҳудудга кела бошлаган лўлилар аллақачон шу ернинг туб аҳолисига, кўпмиллатли ҳудуднинг тенг ҳуқуқли фуқароларига айланган.

Ўз миллатини, халқини севган инсон бошқа миллат вакилларига ҳам ҳурмат кўзи билан қарайди. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан танланган йўлнинг тўғрилиги эса айни ҳаётий эътиқодга содиқ халқнинг бугун дунёда тинчлик ва бағрикенгликни тараннум этаётганида ўз ифодасини топмоқда.

 

 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг

“Дунё” ахборот агентлиги
2020 йил



  ...