Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Миллий армия – Янги Ўзбекистон барқарорлигини таъминлашнинг ишончли кафолати



«Миллий армиямиз ва халқимизнинг фаол ҳамкорлиги туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигининг ишончли кафолатига, чинакам жасорат ва матонат мактабига айланмоқда».

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Шавкат Мирзиёев

                                                                                                                     

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон армияси мураккаб ва шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтди. Қуролли Кучлар мустақилликни ишончли таъминлаш, республикада демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш кафолатига айланди.

Сўнги йилларда Қуролли Кучларда олиб борилган туб ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, хавфсизлик ва барқарорликни, чегаралар дахлсизлигини таъминлай оладиган, шунингдек халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича  тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир мобил, ихчам ва юқори технологик миллий армиямиз  шаклланди.

Бугунги кунда армиямиз жисмоний, маънавий, илмий жиҳатдан тайёр, шунингдек замонавий қуроллардан фойдаланиш бўйича илғор билим, кўникмаларга эга.

Авваламбор, тарихан қисқа даврда, Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий сиёсатини белгиловчи, қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий қудрати ва салоҳиятини янада ошириш имконини берувчи бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бундай ҳужжатлар сирасига Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида», «Фавқулодда вазиятлар тўғрисида», «Терроризмга қарши кураш тўғрисида», шунингдек мудофаа соҳасидаги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган бир қатор фармон ва қарорлар ва ҳарбий хавфсизликни таъминлаш соҳасида халқаро шартномалар киради.

Мудофаа доктринаси давлатнинг мудофаа соҳасидаги сиёсатини ва ҳарбий қурилишини белгилайди ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича асосий йўналиш ва замонавий ёндашувларни акс эттиради.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа сиёсати қуйидаги принципларга асосланади:

бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, бундан ҳарбий тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш ҳоллари мустасно;

хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслик;

бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимолий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;

ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик ва Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда қатнашмаслик;

мудофаанинг етарли даражада бўлиши;

ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига монанд бўлиши;

ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш;

Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона тўғрисидаги шартнома принципларига содиқлик;

ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;

халқнинг маънавий-ахлоқий қадриятларига ва ўзига хос маданий тамаддунига таяниш.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ва миллий қонунчилигига асосланган ҳолда тинчликсевар ва прагматик ҳарбий сиёсатни олиб бормоқда.

Шу билан бирга, концептуал стратегик ҳужжатлар доирасида (Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси, «Ўзбекистон-2030») мураккаб халқаро вазият, қуролли тўқнашувлар ўчоқлар, терроризм ва радикал экстремизмнинг кенгайиши шароитида Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти қўшинларнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш бўйича қуйидаги йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда:

Биринчидан, Президентимиз ташаббуси билан «Халқ ва армия бир тану-бир жон» тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур секторлар армия билан маҳаллий ҳокимият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи, ҳудудий мудофаа масалаларида ҳал этувчи орган бўлиб хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, ривожланган мамлакатлар илғор тажрибаси асосида ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими қайта ташкил этилди ва оптималлаштирилди.

Хусусан, янги Ахборот-коммуникация технологиялари ҳарбий институти ва Олий ҳарбий авиация мактаби ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси ва Марказий Осиёда ягона бўлган Қуролли Кучларнинг тиббиёт Академияси ташкил этилиб, қисқа вақт ичида инновацион қурилмалар ва жаҳон даражасидаги технологияларга асосланган энг замонавий ўқув-моддий база билан жиҳозланди.

Шунингдек, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ва бошқа ихтисослаштирилган ўқув юртлари эса профессионал кадрлар тайёрланадиган масканларга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, сўнгги йилларда илмий салоҳият 4 % дан 56,7 % га етказилди.

Учинчидан, мудофаа саноати мажмуаси фаол ривожлантирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ташкил этилди ва айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқаришни модернизация қилинди ва маҳалллийлаштирилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда «Арслон» транспортёрлари, «Тарлон-М» ва «Қалқон» енгил зирҳли автомашиналари, шунингдек «Лочин» учувчисиз учиш аппаратлари  ҳарбий техникаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

«Арслон» зирҳли транспортери НАТО стандартларига мувофиқ мамлакат Қуролли Кучлари учун махсус ишлаб чиқарилган. Ушбу зирҳли транспортёр замонавий жанговар модулга эга бўлиб, кундузи ҳам, кечаси ҳам ҳар қандай иқлим шароитида жанговар вазифаларни бажара олади.

 Умуман олганда, сўнгги йилларда қўшинларнинг замонавий қуроллар билан таъминланганлик даражаси 45 фоизни ташкил етди. Ўз навбатида, соҳадаги изчил ислоҳотлар Ўзбекистон армиясининг жанговар қудратини 2 баробар оширди.

Тўртинчидан, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Юртимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида сўнгги беш йилда 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи имтиёзли кредитлар асосида уй-жой билан таъминланди. Ҳарбий хизматчиларни иш билан таъминлаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам эътибор марказида қолмоқда.

Шунингдек, 2018-2024 йилларда 6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига республика олий таълим муассасаларининг бакалавриятига давлат гранти асосида танловсиз ўқишга кириш учун вазирликнинг тегишли тавсияномаси берилди.

2021-2024 йиллар давомида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларидан 4000 дан ортиғи мономарказ, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда ўқув масканларида касбга йўналтирилди.

Бешинчидан, Қуролли Кучлар мамлакатимиз аҳолисини, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида муҳим институт ва самарали кучга айланди. Президент Шавкат Мирзиёев  томонидан илгари сурилган «Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз» тамойили асосида ҳарбий қисмларнинг эшиклари жамоатчилик, айниқса, ёшлар учун кенг очиб берилди.

Ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокида мунтазам равишда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик», «Қўмондон ва ёшлар», «Ҳарбий қисмда бир куним!» лойиҳаси бўйича «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари, шунингдек ёшлар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ҳарбий хизматчилар иштирокида «Уч авлод учрашуви» каби ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-маърифий тадбирлар доимий равишда ташкил этиб келинмоқда.

Олтинчидан, ҳорижий давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашнинг муҳим элементидир.

Хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ҳар йили имзоланадиган ҳарбий ҳамкорлик Режалари асосида амалга оширилади. Хусусан, АҚШ, ГФР, Франция, Италия, Буюк Британия, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Беларус, Корея, ХХР, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия давлатлари, шунингдек МДҲ, ШҲТ ва ТДТ доирасида ҳарбий соҳанининг турли йўналишларида ҳамкорлик ўрнатилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муҳим халқаро ҳарбий тадбирлар фаол ўтказилмоқда, бу ҳам мамлакатимиз ва Миллий Қуролли Кучларимизнинг жаҳон саҳнасидаги обрўсини оширишга хизмат қилмоқда.

2022-2024 йиллар мобайнида юртимиз ҳудудида МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгаши мувофиқлаштириш қўмиталарининг бир қатор йиғилишлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари бош штаб бошлиқларининг конференциялари ўтказилди. 2024- йилнинг ўзидаёқ қабул қилинган Ҳарбий ҳамкорлик режалари доирасида 400 дан ортиқ биргаликдаги тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда (2021- йилда бундай тадбирлар сони 300 яқин эди).

Маълумки, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди. Натижада минтақадаги ҳарбий ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасидаги муносабатлар даражаси янги босқичга кўтарилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари Хавфсизлик Кенгашлари котибларининг мунтазам йиғилишларни ўтказиш таклифини билдирди ва ушбу ташаббусга мувофиқ, жорий йилнинг май ойида Остонада Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.  Шунингдек, жорий йилнинг 9 августида Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишни илгари сурди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистон минтақани ягона хавфсизлик макони сифатида кўраётганлигини тасдиқлайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан «Марказ», «Ҳамкорлик» каби икки ва кўп томонлама ҳарбий ўқувлар амалиётларини олиб бормоқда. Шунингдек, жанговар тайёргарлик тадбирлари доирасида Марказий Осиё мамлакатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) биринчи марта Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида «Бирлашиш-2024» қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказди ва бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фаол ҳарбий ҳамкорлик тенденциясини мустаҳкамланётганидан далолат беради.

Ҳарбий таълим соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Агар 2021-2024 ўқув йилларида Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида Тожикистон ва Қирғизистон Республикасининг 28 нафар ҳарбий хизматчилари таҳсил олган бўлса, 2024-2025 ўқув йилларида қўшни давлатларнинг 107 нафар ҳарбий хизматчиларини ўқитиш ва малакасини ошириш режалаштирилган.

Ҳарбий соҳадаги минтақавий ҳамкорлик – Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Умуман олганда, Умуман олганда, Қуролли кучлар Олий Бош қўмондонининг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширилаётган комплекс ҳарбий қурилиш чора-тадбирлари Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, хавфсизлик ва барқарорликни, чегаралар дахлсизлигини таъминлай оладиган, шунингдек халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича  тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир миллий армиямиз  шаклллантиришда олиб борилаётган туб ислоҳотлар янада кучайиб, замонавий тизим тарзида такомиллашиб боради. 

Наримон Набиев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими



  ...