Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон – Корея Республикаси: кўп асрлик дўстлик алоқаларига содиқлик ва алоҳида стратегик шериклик йўлида



Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.

 

1992 йил 29 январда ўрнатилган Ўзбекистон-Корея Республикаси дипломатик муносабатлари икки давлат ўртасида турли соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорлик намунаси бўлиб келмоқда. Ўттиз йилдан ортиқ давом этиб келаётган ўзаро яқин алоқалар бир неча асосий босқичлардан ўтиб ривожланди ва мустаҳкамланди. 2006 йилда икки давлат ўртасида Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланган бўлса, 2019 йилда муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Бу босқичлар чуқур тарихий алоқаларни акс эттиради ва ўзаро алмашинувларнинг юқори динамикаси билан ажралиб туради. Олий даражадаги ташрифларнинг мунтазам алмашинуви Ўзбекистон-Корея Республикаси муносабатлари ҳар икки томон учун муҳимлигини таъкидлайди. Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва глобал масалаларни муҳокама қилиш учун учрашадилар. Мазкур учрашувлар турли соҳаларда ўзаро англашувни чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда ҳамда муҳим шартнома ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланишига замин яратмоқда.

Парламентлараро ҳамкорлик Ўзбекистон-Корея Республикаси муносабатларида муҳим ўрин тутади. Икки мамлакат парламентарийларининг мунтазам учрашув ва делегациялар алмашинуви икки томонлама ҳамкорликнинг қонунчилик базасини ривожлантириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда Парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўзаро тажриба алмашишда фаол иштирок этаётир.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси турли халқаро ташкилотлар ва форматлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бундай кўп томонлама музокаралар мамлакатларга глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, халқаро майдонда ўз позицияларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ташаббусларни биргаликда илгари суриш имконини беряпти.

Жумладан, расмий Сеул халқаро майдондаги ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик” (2018), “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” (2019), “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги (2022) резолюцияларини қўллаб-қувватлади ва ҳаммуаллифларидан бири бўлди.

Корея Республикаси томони 2021-2023 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига Ўзбекистон номзодини, шунингдек, 2023 йилда Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси ўтказиладиган жой сифатида Самарқанд шаҳри номзодини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сезиларли тараққиётни кўрсатмоқда. 2023 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,3 миллиард долларни ташкил этгани ўзаро манфаатдорлик даражаси юқори эканидан далолат беради. Жумладан, Корея Республикаси компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритишда пешқадамлардан биридир. Улар энергетика, қурилиш, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда турли лойиҳаларни амалга оширишда муваффақиятли иш олиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида 700 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

2024 йилда Сеул шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши икки томонлама иқтисодий муносабатлар тарихидаги муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда мазкур савдо уйи Ўзбекистон товар ва хизматларини Корея Республикаси бозорида илгари суриш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш учун муҳим майдонга айланган. Савдо уйи, шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотларининг Корея Республикасига экспортини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиб, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Корея-Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциацияси ҳам икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим воситаси ҳисобланади. У тадбиркорлар ўртасида воситачи бўлиб, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган бизнес-форумлар, кўргазмалар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этаётир. Ассоциация икки мамлакат ишбилармонларига янги ҳамкорлар топиш, тажриба ва бозор тенденциялари бўйича маълумот алмашишда ҳам яқиндан кўмаклашяпти. Бу эса ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда Ўзбек-Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопарки, Ўзбекистон – Корея нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий-технологик маркази, Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази, Ўзбекистон-Корея Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик маркази ташкил этилган. Шунингдек, Корея Республикаси томони Миллий электрон тижорат платформасини ишга туширишда кўмак берди.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик кенг кўлам касб этган. Ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди.

Жанубий Корея, шунингдек, Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдам кўрсатяпти. Жумладан, Корея Республикаси “Эксимбанки” билан ҳамкорлик доирасида 1999 йилдан буён умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 17 та қўшма лойиҳа амалга оширилди.

2020 йил декабрь ойида Корея Республикаси ҳукумати БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фондига 1 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам бериш тўғрисидаги келишувни имзолади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик чуқур илдизларга эга. Икки халқнинг маданияти, менталитетининг ўхшашлиги мазкур жабҳадаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда катта ҳисса қўшаётир.

Ўзбекистон-Корея Республикаси муносабатларининг муҳим йўналиши таълим ва фан соҳаларидаги алоқалардир. Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари Жанубий Кореянинг 45 дан ортиқ олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг 4 та олий ўқув юртларининг филиаллари очилган. Тошкент шаҳрида Инҳа, Пучон, Ёджу, шунингдек, Фарғонадаги Корея халқаро университети филиалларининг ташкил этилгани бу борадаги алоқаларни янги поғонага кўтарди. Бугунги кунда уларда турли мутахассисликлар бўйича талабалар таҳсил оляпти. Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар Жанубий Кореянинг етакчи университетларида таълим олиш имкониятига эга. Ахборот технологиялари, тиббиёт ва инжиниринг каби йўналишларда олиб борилаётган илмий алмашинувлар ва қўшма тадқиқотлар ҳар икки мамлакат илмий салоҳиятини юксалтиришга муҳим омил бўляпти. 2023 йилнинг март ойида Тошкентда икки давлат етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг Форуми бўлиб ўтди.

Республиканинг 9 та олий ўқув юрти, 24 та мактаб ва лицейларида корейс тили ўқитилмоқда. Жанубий Кореянинг Пусан ва Тэгу шаҳарларидаги хорижий тиллар университетларида, ўз навбатида, ўзбек тили бўлимлари ташкил этилган. Шунингдек, Корея Республикаси олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 11 мингдан ошади.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги илмий ҳамкорлик биотехнология, нанотехнология, тиббиёт фанлари каби йўналишларда қўшма тадқиқотлар олиб бориш орқали фаол ривожланмоқда. Икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари қўшма лойиҳалар ҳамда олимлар алмашинувини амалга ошираётгани илмий салоҳият ва инновацияларни ривожлантиришга хизмат қиляпти. Бундай ташаббуслар илм-фан тараққиётини, илғор технологияларни иқтисодиёт ва жамиятга жорий этишни жадаллаштириш имконини бераётир.

Икки мамлакат ўртасида фаол маданий алмашинувлар йўлга қўйилган бўлиб, бу халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муҳим муҳим роль ўйнайди. Икки мамлакат анъаналари, санъати ва маданиятини намойиш этиш мақсадида мунтазам равишда фестиваллар, кўргазмалар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея аҳолисига бир-бирини яқиндан билиш, маданий тажрибаларини бойитиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бераётганини таъкидлаш керак.

2014 йилда Тошкентда очилган Сеул боғи, шунингдек, Сеул шаҳри марказида қад ростлаган улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали ўзбек ва корейс халқлари ўртасидаги дўстлик рамзларидир.

Ўзбекистонда қарийб 180 мингдан ортиқ этник корейс миллатига мансуб диаспора вакиллари ҳам халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги корейс диаспораси сони бўйича Марказий Осиёда энг кўп, дунёда эса бешинчи ўринда туради. Ўзбекистонда корейсларнинг тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлашда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган миллий маданият марказлари катта ҳисса қўшмоқда.

Тошкентдаги Сеул боғида корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллиги муносабати билан ёдгорлик монументи очилди. 2019 йил 20 апрелда Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйи очилди.

Икки мамлакат ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Корея Республикаси Ўзбекистон тиббиёт ходимларини мамлакатнинг етакчи клиника ва марказларида ўқитиш ҳамда стажировкадан ўтишда ёрдам кўрсатмоқда.

2020 йилда EDCF жамғармаси кўмагида Тошкент шаҳрида кўп тармоқли Болалар маркази қурилиши якунланди. Мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши тиббиёт кластерини, жумладан, катталар учун кўп тармоқли шифохона, онкология клиникаси, тиббиёт университетини барпо этиш, шунингдек, фармацевтика кластерини яратиш бўйича янги ғояни ишлаб чиқишга замин яратди.

Сўнгги йилларда Корея Республикасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишларига қизиқиш ортиб бормоқда. 2023 йилда мамлакатимизга Жанубий Кореядан 35 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Сайёҳлик агентликлари тарихий ва маданий диққатга сазовор жойларга ташриф буюришни ўз ичига олган турли дастурларни таклиф қиляпти. Бундай ташаббуслар икки мамлакат маданияти ва тарихига ўзаро қизиқиш уйғотади, фуқаролар даражасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлиги ҳам икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Икки мамлакат пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мунтазам ҳаво қатновлари саёҳатни янада қулай қилиб, бизнес ва туристлар оқимининг ўсишига муҳим омил бўлаётир.

Бундан ташқари, мамлакатларимиз атроф-муҳитни яхшилаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган қўшма экологик лойиҳалар устида ҳам фаол ишламоқда. Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сув ва ҳавони тозалаш технологияларини жорий этишдир. Корея Республикаси компаниялари ва экспертлари чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта ишлашнинг илғор усулларини жорий этишга кўмаклашмоқда, бу эса Ўзбекистонда экологик вазиятни яхшилашга ҳисса қўшяпти.

Расмий Тошкент ва Сеул Ўзбекистон-Корея Республикаси ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидламоқда. “Яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш ва инновациялар каби ўзаро ҳамкорликнинг янги соҳалари истиқболдаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига айланиши мумкин.

Бугун шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзаро манфаатли Ўзбекистон- Корея Республикаси муносабатлари 1992 йилда ўрнатилганидан буён узоқ йўлни босиб ўтди ва ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз алоҳида стратегик шериклик намунасига айланди. Шу нуқтаи назардан, Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ҳамкорлик уфқларини кенгайтириб, икки мамлакат ва халқлар тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида ўзаро шерикликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг янги истиқболларини белгилаб бериши шубҳасиз.

“Дунё” АА



  ...