Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

МАЪНАВИЯТ — МИЛЛАТ ХАЛОСКОРИ


Барча миллат ўз тарихий тараққиёти, эволюцион ривожланиш босқичларига эга. Минг йилликлар мобайнида ҳар бир замон ўз дунёқараши, ҳаётга муносабатлари жиҳатидан инсон камолотининг ўзига хос даврини белгилайди.

Муайян маконда ўрнашган дастлабки одамлар турмуш шароитини яхшилаш, кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида ўз яшаш тарзига, анъаналарига эга бўлган. Табиий муҳит, ҳаётга муносабат йиллар давомида муайян аймоқнинг ўзига хос қоидаларига, расм-русумларига айланган. Ана шу умумэътироф этилган қоидаларга ҳамма бирдек бўйсунган, риоя қилган. Шу ҳолатнинг ўзи миллий менталитетнинг, миллий ўзига хосликнинг, миллий колоритнинг дастлабки куртаклари эди.

Халқлар ривожланиш жараёнида инсон тафаккурининг янгидан-янги қирралари очилган. Унинг интеллектуал салоҳияти, онгу шуури ҳаётий эҳтиёжлар орқали ривожланиб борган. Ривожланиш жараёни умумий тарзда муайян маконда яшаб келган одамларнинг руҳиятини, кайфиятини, орзу-умидларини, мақсад ва интилишларини шакллантирган. Ўзбек халқи ҳам бошқа халқлар қатори ана шундай узундан узоқ, ғоят шукуҳли, айрим пайтларда ситамли тараққиёт йўлини босиб ўтган.

Бундан уч минг йиллар олдин қадимий Хоразмда зардуштийлик дини ибтидоий ҳаёт шароитида, антик даврда цивилизациявий ҳодиса сифатида дунёга келди. Умуман олганда, дунёвий динларнинг барчасида цивилизациявий моҳият бор. Динлар дунёга келган пайтда у тарқалган ҳудудда яшаётган одамлар тафаккурида ўзига хос бурилиш, онгида янгиланиш ҳодисаси юз берган. Одамлар қарашлари, ҳаётга муносабати ўзгарган.

Зардуштийлик дини дастлабки аждодларимиз ҳаётига маданият олиб кирди. Маърифий ҳаёт, онгли турмуш тарзига замин яратди. Гиёҳларни босма, ҳашаротларга, қушларга озор берма, сувга тупурма, оловга густоҳлик қилма қабилидаги оддий маиший тарбиявий меъёрлардан тортиб, инсон ва табиат, одам ва олам билан муносабатларгача бўлган глобал ахлоқий меъёрларни турмуш тарзига жорий этиш ғоясини илгари сурди. Кўрган нарсасига эътиқод қўйиб, унга сиғинган, кўпхудолик шароитида бир-бирини маҳв этиш билан шуғулланиб юрган турли қабилалар, уруғлар, аймоқларни бирлаштириб, яккахудолик ғоясини илгари суриб, йирик жамоалар вужудга келишига, кишилик жамияти дастлабки элементлари пайдо бўлишига хизмат қилди. Эътиқодлар бирлиги умумжамоавий моҳият касб этиб, мақсадлар муштараклигига олиб келди. Бу, албатта, ўзига хос цивилизациявий ҳодиса эди.

Миллат турмуш тарзи, анъаналари, қадриятлари орқали ўзининг қиёфасини намоён этади. Урф-одатлар, анъаналар миллат руҳияти ижтимоий-психологик оламининг ўзгинасидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари одамнинг пайдо бўлиши, унинг генетик асослари, соғлом ва баркамол вужуднинг шаклланиш омиллари хусусида гапирар экан, улуғ аждодларимиз таълимотида мавжуд бўлган тўрт унсурга алоҳида эътибор беради. Ҳаво, тупроқ, сув ва қуёш инсон камолотининг асоси, дейди. Йилнинг тўрт фасли мукаммаллиги, табиий муҳит, географик шароит инсон танаси ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Фаслларнинг ўз вақтида ва тўла ҳолда келиши одам руҳияти, кайфияти, қалб кечинмалари тўлақонли шаклланишига имкон беради.

Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида халқларнинг, миллатларнинг пайдо бўлиши асослари ҳақида гапирар экан, табиий муҳит, географик шароит, ҳаво ва қуёшнинг қай даражадалиги одамлар ва миллатлар шаклланишига асос бўлган, дейди. Жамоа бўлиб яшаётган улкан ҳудуддаги одамлар руҳияти яшаш шароити ва табиий муҳит таъсирида шаклланган.

Ўзбек халқи, ана шу талаблардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ер шарининг энг баркамол масканида дунёга келган ва шаклланган. Одамлар руҳияти покизалиги, фикрати тиниқлиги, онгу шуури гўзаллиги айни шу табиий муҳит билан уйғунлашиб кетган ҳодиса, дейиш мумкин. Буни илк аждодларимиз қарашларида яққол кўрамиз. Ҳали ёзув пайдо бўлмаган ибтидоий ҳаёт шароитида дастлабки аждодларимиз ўз мақсадлари, интилишлари, орзулари ва армонларини оғзаки ифода этган. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” сингари ўнлаб достонларни яратган. Уларда эзгулик ва ёвузлик, муҳаббат ва нафрат, умид ва умидсизлик зиддиятлари, ҳасад, кўролмаслик сингари иллатлар ва қатор фазилатлар эҳтирос билан ифода этилган. Достонларнинг барчасида кучли қалб оғриқлари, изтироблари драматик тарзда баён қилинган. Уларнинг охирида эса эзгулик, яхшилик, муҳаббат ғалаба қилади. Худди шундай ҳолат эртакларда ҳам бор. Ҳар бир эртак эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат ўртасидаги ашаддий тўқнашувлар оқимида давом этади ва уларнинг барчаси бир хил якун топади. Яъни яхшилик билан тугайди. “Улар мурод-мақсадларига етишди”, деган гап барча эртакларнинг якуни ҳисобланади. Ана шунинг ўзи илк аждодларимизнинг хаёлоти қай даражада гўзал, фикрати теран, орзулари рангин, ниятлари покиза бўлганини кўрсатади. Бу руҳий поклик ўзбек халқининг кўп минг йиллик тараққиётида асос бўлиб келмоқда.         

Иккита буюк цивилизация ҳодисасини кўрган мўътабар маконда бугун бутунлай янги тарихий шароитларда янги Ўзбекистон вужудга келгани, унинг реал воқеликка айлангани, янги Ренессанс остонасида тургани халқимиз маънавий ва ақлий қудратининг буюк ижодкорлик ва яратувчилик салоҳияти натижасидир.

Биз ахборот хуружи даврида яшаяпмиз. Ер шари ахборот тўри ичида балиқдай типирчилаяпти. Бир-бирига зид, бир-бирини инкор қиладиган, миллий маданиятларни, қадриятларни поймол қиладиган турли ахборотлар кўпаймоқда. Маълумот олиш, тўплаш, саралаш ва тарқатиш имкониятлари ақлга сиғмайдиган даражада кенгайиб кетди. Кичкинагина қўл телефонининг битта мурватини босиш билан Ер шарининг хоҳлаган нуқтасига ахборот юбориш мумкин. Ана шундай тезкор ахборот алмашиши жараёнида ахборотларни танлаш ва саралаш қудратига эга бўлган кучли миллий менталитет, миллий тафаккур, миллий руҳият, маънавий ирода зарурлигига эҳтиёж сезамиз.

Замонавий цивилизация шароитида қирғинбарот урушлар, оммавий қирғин қуроллари ибтидоий ҳодисага айланди. Миллатларни йўқ қилиш ёки уларни забт этишнинг беозор ва самарали воситаси юзага келди. “Юмшоқ куч” деб аталадиган бу жараён миллатлар онгига ва қалбига таъсир этиш йўли билан уни ўзлигидан айириш, миллий қадриятлардан узоқлаштириш, ўтмиши ва аждодларини танимайдиган манқуртга айлантириш тенденциясини кучайтириб юбормоқда. Шундай ғоят хавфли, мафкуравий, ғоявий бўҳронли жараёнда миллатнинг ўзини ўзи асраш инстинктини, ички даъватини, қалб ҳайқириғини кучайтирмоғимиз лозим. Бунинг учун фақат маънавият ва маданиятга эътиборни кучайтириш, уни тарғиб қилишнинг самарали воситалари, усуллари ва услубларини, замонавий ва таъсирчан технологияларини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Ҳар бир инсонда миллатга мансублик, ўтмишга дахлдорлик, истиқболга умид ва катта ишонч билан интилиш туйғуси бор. Фақат бу ноёб туйғу ҳар кимда ҳар хил. Бировда кўпроқ, бошқасида камроқ. Хусусан, замонавий шароитда ёшлар дунёқарашини ўзгартириш, миллий қадриятлардан узоқлаштириш, миллатга мансублик ҳиссиётини ўлдириш осон. Чунки улар ҳали катта ҳаётий тажрибага ва аниқ позицияга эга эмас. Биологик, физиологик ва интеллектуал жиҳатдан қараганда ёшига муносиб равишда уларда ақлдан кўра ҳиссиёт кучлилик қилади. Бундай пайтда уларни йўлдан уриш, хоҳлаган кўйга солиш, онгига исталган ғояни сингдириш осон кечади. Мамлакатимиз аҳолисининг асосий кўпчилигини ёшлар ва болалар ташкил этган бир пайтда бу масалага жиддий қарашимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Буюк немис файласуфи Освальд Шпенглер “Қаерда маданият йўқолса, ўша ерда зоология кучаяди”, деган эди. Дарҳақиқат, инсон бошқа жонзотлардан ҳис-туйғуси, ақлий имкониятлари билан фарқ қилади. Ана шу иккита катта омил унинг инсон ва шахс бўлиб етишишига хизмат қилади. У маданиятдан узоқлашгани сайин вужудидаги ижобий фазилатлар камайиб, иллатлар миқдори кўпайиб, ҳайвоний инстинктлар кучайиб боради. Натижада инсон одам қиёфасидаги бошқа жонзот, йиртқич ва ёввойи махлуққа айланади.

Инсоннинг ягона ва бирдан бир халоскори — маънавият! Уни олий қадриятга айлантирадиган куч маданият ва маърифат. Юксакларга кўтарадиган, қадру қимматини оширадиган, олам меҳварига олиб чиқадиган беқиёс Қудрат! Миллий туйғу, миллатга мансублик ҳисси инсоннинг ҳаётда омонат, сунъий урчитилган жонзот эмас, у буюк тарихнинг, бой ўтмишнинг ва улуғ аждодлар вориси эканини билдиради.

Агар унинг қадриятлари топталмаса, агар урф-одатлар, анъаналар қадрланса, агар одамлар ўтмишига катта ҳурмат, аждодларига эътиборли бўлса, улар қолдирган ҳаётий ва маданий қадриятларни ҳурмат қилса, миллат ўлмайди!

Янги Ўзбекистонда миллий қадриятлар ва урф-одатларнинг барқарор ривожи учун кенг имкониятлар яратилган. Миллат қиёфасини, миллий кечинмаларини ўзида ифода этган турмуш тарзи тобора чуқурлашмоқда. Бунга давлатнинг ўзи ҳомийлик қилмоқда.

Дунё қалқиб турган бир пайтда, турли ғоявий ва ахборий хуружлар кучайиб бораётган бир шароитда миллатнинг ўзини ўзи асраш инстинктини кучайтириш лозим. Бу бевосита маънавият ва маърифат билан боғлиқ. Ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган, ўзини ўзи асрай биладиган одамда маърифат кучли бўлади. У ҳар қандай шароитда юксак маданиятини намоён қила билади. Агар ҳар бир одам ана шундай имкониятга эга бўлса, ялпи жамиятнинг маънавий қиёфаси баркамоллашади. Кучли, қудратли ўзбек жамияти юзага келади. Бу эса миллатнинг истиқболдаги равнақини, жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеини, умумсайёра миқёсида баркамол миллий қиёфасини намоён қилиш имконини беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ҳар бир мактаб ўқувчиси битта миллий мусиқа асбобини чалишни билиши керак”, деганида жуда катта ижтимоий муаммони, миллат қиёфаси ва унинг миллий қадриятлари билан боғлиқ масалани ифодалаб берган эди. Айни мусиқа орқали қалб қиёфасини баркамоллаштириш, ёшлар хаёлотини гўзаллаштириш, фикратини ёрқинлаштириш, мақсад ва интилишларини эзгулик сари буриш мумкин. Бу Ўзбекистондай ёшлар мамлакатида жуда муҳим миллий ва ижтимоий моҳиятга эга.

Болага эътибор – миллат истиқболига эътибор. Миллат генофондини соғломлаштиришнинг энг тўғри ва самарали усули. Соғлом бола дунёга келиши бутун миллат жисмоний ва интеллектуал баркамоллигининг муҳим омили. Бу борада мамлакатимизда кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.

Атоқли адиб, жаҳон маданиятининг йирик намояндаси Чингиз Айтматов хулосаларига кўра, она қорнидаги ҳали одам шаклига кирмаган икки ҳафталик эмбрион ташқи муҳитни ҳис қилар, унинг таъсирида ўсиб, характери шаклланар экан. Мана дунёни асрайдиган, оламни безайдиган, инсонни баркамоллаштирадиган манба қаерда?! Давлатимиз, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий сиёсатида айни шу масала энг муҳим ва долзарб вазифага айлантирилган. Соғлом она ва соғлом бола ғояси миллатни асрашнинг энг самарали воситаси бўлиб қолди. Тинч ва фаровон оила, соғлом турмуш тарзи, одамлар ўртасидаги меҳр ва муҳаббат туғилажак боланинг, миллат келажагининг таянчи!

Узоқ йиллар мобайнида миллий қадриятларга беписандлик билан қараш ва тоталитар режимнинг турли ғайриинсоний қарашлари оқибатида ўзбек генофонди геноцидга айлана бошлаган эди. Бугун янги Ўзбекистонда ушбу масалага катта эътибор берилмоқда. Ҳар томонлама соғлом, интеллектуал жиҳатдан бақувват, ижодкорлик, бунёдкорлик имкониятлари кенг баркамол миллатни вужудга келтириш чоралари кўрилмоқда. Бу эса ҳаммамиз учун ғоят шарафли, дилларни қувнатадиган, кўзларни яшнатадиган, буюк келажакка қатъий ишонч билан қарашга даъват этадиган ҳодиса.

Президентимиз шу йил 26 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бажариладиган вазифаларни аниқ кўрсатиб берди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 7 та устувор йўналиш доирасидаги “Инсон қадри учун” йўналишида 100 та мақсад белгиланди. Уларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.

Тараққиёт стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши – маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига доир концептуал режалар тузилган. Таъкидлаш керакки, стратегия математик аниқликда ишлаб чиқилган. Ҳар бир чора-тадбир учун масъул шахс ва бажариладиган муддат аниқ белгиланган. Уларни бажаришнинг молиявий-ташкилий асослари ишлаб чиқилган. Бундай реал воқелик билан боғланган, конкрет масалаларга тўғри ва очиқ ёндашилган расмий ҳужжат биринчи марта яратилди. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқарув фаолиятидаги ўта аниқликни кўрсатади.

Маънавий баркамоллик маърифатлиликдан бошланади. Маърифатли жамият ҳар қандай ислоҳотларга қодир бўлади. Ана шу ҳаётий ақидадан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг муҳим методологик аҳамиятга эга қуйидаги фикрларини эсга олиш ўринлидир: “Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга, яъни бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умумбашарий ғояларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз. Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади. Фақатгина ана шундай заминга таянган ҳолда, биз юртимизда Учинчи Ренессанс асосларини барпо эта оламиз”.

Кўриниб турибдики, ҳаётимизнинг барча соҳалари каби маънавий-маърифий тараққиёт борасидаги вазифалар ижроси ҳам бош мақсадимиз – Учинчи Ренессанс асосларини шакллантиришга хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатлар мазмуни ва сифати айнан маънавий-маърифий ишларни қандай олиб боришимизга боғлиқ.

Бу муҳим йўналишда улкан амалий ишлар бошланганига барчамиз гувоҳмиз. Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, юртимизда маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда белгиланган 8 та мақсад ва 30 та топшириқни амалга ошириб, маънавий-маърифий ишларнинг маъно-мазмуни ва сифати тубдан яхшиланмоқда.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида бу қадриятларнинг инсон, давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб, қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлаб ўтгани, албатта, бежиз эмас: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир. Шу сабабли ҳаммамиз учун илғор билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”.

Оқил САЛИМОВ,

академик. 



  ...