Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг барча йўналишлари муҳокама қилинди


Ўзбекистон ва Туркманистон энг яқин қўшни, биродар мамлакатлар, вақт билан синалган ишончли дўст ваҳамкорлардир.

- Туркманистон билан ҳамкорликда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги, тарихий ва маданий ўхшашлиги, дини, маънавий қадрият ва анъаналари муштараклигига асосланган стратегик шериклик даражасига эришилганини юксак қадрлаймиз. Бугунги музокаралар натижалари ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишимиз самимийлиги ва қатъийлигини яна бир бор яққол кўрсатди. Биродар Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари, айниқса савдо-иқтисодий соҳада ижобий суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш уч баробар ортди. Пандемия оқибатларига қарамай, 2021 йилнинг ўтган даврида ўзаро савдо ҳажми йигирма беш фоизга ошди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форумида келишувлар ва қатъий шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Президентимиз бугун имзоланган Чегараолди савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим, шунингдек, учинчи мамлакатларда келаётган импортнинг ўрнини Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилаётган ва икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар билан босишга доир келишув ўзаро савдони кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, кимё, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Ҳудудлараро шерикликни фаоллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Чегарадош вилоятлар ўртасидаги мунтазам бевосита мулоқот ҳамда ҳар йили Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари форумини ўтказиш иқтисодий ҳамкорликни ўстиришнинг янги драйвери бўлиб хизмат қилиши борасида якдил фикр билдирилди. Бундай форматдаги илк учрашув келгуси йилда Хивада ўтказилади.

Давлат раҳбарлари транспорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Ўзаро юк ташиш ҳажми ортганини қайд этиб, томонлар транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш учун бундан буён ҳам қулай шароитлар яратишга, шунингдек, Шимол-Жануб ва Ғарб-Шарқ йўналишларидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Сув ресурслари ва экология мавзуси, иқлим ўзгариши масалалари мамлакатларимиз иқтисодиётлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев Сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссияси ўз ишини бошлаганини мамнуният билан қайд этди.

Музокаралар кун тартибидан минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳим ўрин эгаллади.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига таъсир кўрсатаётган Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдилар.

Шу маънода давлат раҳбарлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам асосда ўтказиб бориш ҳамда жорий йил 5-6 август кунлари Авазада ўтган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим эканини таъкидладилар.

Етакчилар минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Икки мамлакат маданий, илмий ва спорт доиралари ўртасидаги алмашинувларни давом эттириш, ёшлар учрашувлари ва форумларини ўтказиш, ёшлар ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Буларнинг барчаси биродар халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Томонлар тиббий дипломатиянинг мақсад ва вазифаларини биргаликда илгари суришга, мамлакатларимиз халқлари ва бутун минтақанинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзаро мувофиқлашга ёндашувни ишлаб чиқишга келишдилар.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар натижаларидан мамнун эканини билдирди, икки томонлама ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси юзасидан ишончли ва конструктив фикр алмашилганини таъкидлади.

- Ўзбекистон Туркманистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан биридир. Ўзбекистонга бу галги расмий ташрифнинг асосий мақсади – ҳурматли Президент, менинг дўстим Шавкат Мирзиёевни, унинг раҳбарлигида мамлакатнинг давлат тизимида, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни мен қатъий қўллаб-қувватлашимни намойиш этиш, – деди Туркманистон Президенти.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга Туркманистон делегациясига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди.



  ...