Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ДОИРАСИДА жазони ижро этиш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ички ишлар органлари соҳасида, хусусан жазони ижро этиш тизимида аниқ манзилли ёндашувга асосланган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, сўнгги беш йил ичида жазони ижро этиш тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доирасини кенгайтириш, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган 3 та қонун, Президентимизнинг 6 та қарори, Ҳукуматнинг 9 та қарор ва фармойиши, 15 та идоравий
ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюциясига асосан "Жазо муддатини ўтаётган шахслар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари" (Нельсон Мандела қоидалари) миллий қонунчилигимизга имплементация қилинди.

Миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида, қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар хусусида узоқ вақт сўз юритиш мумкин.

Хусусан, 2019 йил ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди.

Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлари ва жўнатма қабул қилишлари сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг розилиги билан уларга психологик ёрдам кўрсатилиши ҳамда руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этилган тартиббузарлиги учун интизомий жазо чоралари қўлланилмаслиги кафолатланди.

Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди.

Жиноят-ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилди. Шунингдек, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди.

Вояга етмаган тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан учрашувларига бўлган чекловлар қонун билан бекор қилинди. Маҳкумаларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланди.

Маҳкумларнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди ҳамда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари оворагарчилигига барҳам бериш мақсадида масофали учрашув хоналари тайёрланди.

Кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахслар юқори ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилиши таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2021 йиллардаги қабул қилинган тегишли фармонларига асосан қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган жами 4 955 нафар шахслар афв этилган.

Шундан, 1 776 нафар тақиқлаган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлар, 375 нафар аёллар, 145 нафар чет эл фуқаролари, 145 нафар 60 ёшдан ошган шахсларни ташкил этади.

Шунингдек, 2017 йилдан 2021 йилнинг 25 май кунига қадар
43 904 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар инсонпарварлик тамойиллари асосида жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилди.

Маълумот учун:

Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан 7 480 нафар шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди;

Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра 36 424 нафар шахснинг ўталмай қолган жазо муддати енгилроқ жазо билан алмаштирилди;

Бундан ташқари, Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига кўра 32 193 нафар шахслар манзил-колонияга ўтказилди.

Илгари, озодликдан махрум этилган жойларда сақланаётган шахсларга билим бериш, касбга ўргатишда унчалик эътибор қаратилмас эди. Эндиликда, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг таълим олиши ва касб ҳунар эгаллаш имконияти яратилиб,
2019 йилдан бошлаб улар ўқитилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2019 йил
16 апрелдаги "Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 318-сон қарори асосида Халқ таълим вазирлигининг 6 та (Тошкент вилоятидаги  1,  13,  21  ва  24-сон  ЖИЭК,  Навоий вилоятидаги 4 ва 5-сон ЖИЭК) умумтаълим мактаблари филиалида жазо муддатини ўтаётган шахслар таҳсил олмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги 4 та (Тошкент вилоятидаги 21 ва 24-сон ЖИЭК, Қашқадарё вилоятидаги
2 ва 10-сон ЖИЭК
) касб-ҳунар таълими марказлари фаолият юритиб келмоқда.

2019 йилдан 2021 йилнинг шу даврига қадар, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг 680 нафари умумтаълим мактабларида, 582 нафари касб-ҳунар ўқув курсларида ўқитилди.

Жазони ижро этиш муассасаларининг мақсади жазолаш эмас, қайта тарбиялашдан иборат. Инсонни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, унинг касбий кўникмасини шакллантириш эса тарбияда муҳим аҳамият касб этади. Яъни ҳалол меҳнати эвазига оила тебратган одам кейинчалик ҳам жиноят кўчасидан йироқ юришга интилади.

Шу боис, бугунги кунда жазо муддатини ўтаётган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш, уларнинг касбий маҳоратларини ошириш, бўш вақтларини самарали ўтказишлари ва ўз меҳнатлари билан оиласига ёрдам беришларини таъминлаш мақсадида муассасаларда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йилда 29 январь куни қабул қилинган «Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш орқали фаолиятни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратишга янада кенг йўл очиб берди.

Шунингдек, 2019 йил 25 февраль куни жазони ижро этиш муассасаларида “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини жорий этиш юзасидан “Ҳунарманд” уюшмаси, Ички ишлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг қўшма қарори тасдиқланган.

Ўтган давр мобайнида ушбу ҳужжатлар талаблари асосида муассасалардаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ривожлантирилди, рақобатбардош, ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда экспорт салоҳияти ошди.

Бугунги кунда мавжуд корхоналар томонидан 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар (пишган ғишт, қуруқ қоришмалар, керамзит, оҳак, мармар, гранит тошлари ва замонавий мебель жиҳозлари) ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, тўқимачилик маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқариш ҳам кенг йўлга қўйилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва таннархининг арзонлиги билан харидорларга манзур бўлиб, уларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бормоқда.

Амалга оширилаётган бу каби ишлар ўз ўрнида жазо муддатини ўтаётган шахсларни меҳнат орқали тарбиялаш ва озодликка чиққач, эгаллаган касбида фаолият юритиши учун катта имконият яратиб бермоқда.

Жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш, мамлакатимизда бўлаётган сиёсий ва ижтимоий воқеалардан хабардор қилиб бориш учун барча муассасаларда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ислоҳотлар жараёнида маҳумларга муносиб шароитларни яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, халқ томонидан “тоштурма” деб аталиб салбий таърифланган УЯ64/1 тергов ҳибсхонаси ёпилиб, ўрнига халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган Тошкент вилояти Зангиота туманида янги 1-сон тергов ҳибсхонаси қурилди ва 2018 йил 15 январдан фойдаланишга топширилди.

Шу каби, "Жаслиқ" колонияси тугатилди ва унда сақланган маҳкумлар республиканинг бошқа колонияларга ўтказилди.

Шунингдек, мамлакатимизда сўнгги йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига муқобил (қамоқ билан боғлиқ бўлмаган) жазо чораларини қўллаш тенденциясининг кўпайиши кузатилиб, бунинг натижасида жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар сонини камайиши туфайли сўнгги тўрт йилда 3 та ёпиқ турдаги колония тугатилди.

Сўнгги тўрт йилда Навоий вилоятидаги 36-сон (даволаш ҳуқуқидаги), Қашқадарё вилоятидаги 33-сон ва Тошкент вилоятидаги 65-сон умумий тартибли колониялар тугатилди.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) жазони ижро этиш колонияларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди.

Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида, Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, барча жазони ижро этиш муассасаларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га, прокурорга мурожаатлари, ариза ва шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилиши Прокуратура идоралари ҳамда Омбудсман томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Ўтган беш йил давомида жазони ижро этиш муассасаларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, эскирган бино ва иншоотлар ўрнида янгилари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сон жазони ижро этиш муассасасига қарашли ҳудудда фойдаланилмаётган эски иншоотлар қайтадан реконструкция қилиниб, унинг ўрнида “Содоқат боғи” аҳоли кўнгилочар маскани барпо этилди.

Ушбу боғда фуқароларга хизмат кўрсатувчи тикувхона, сартарошхона, кутубхона, ошхона, мусиқа ва шахмат тўгарак хоналари, концерт зали, амфитеатр, йўл ҳаракати майдончаси ва спорт соғломлаштириш марказлари қад ростлаб, ўша ердаги “Боғзор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар учун иш ўринлари яратилди.

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Аввало, ушбу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг топшириқлари бўйича, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Амалга оширилаётган ишларга қачон одамлар холис баҳо беради? Қачонки, ислоҳотлар жараёни ҳақидаги маълумотлар кенг оммага холислик билан етказилса, албатта. Бу жараёнда, оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни бор. Эътибор берган бўлсангиз, шу пайтгача сир тутиб келинган бир қатор маълумотлар махфийликдан чиқарилди. Мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар шулар жумласидандир. Бир сўз билан айтганда, эндиликда жазони ижро этиш тизимида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда таъминланяпти.  

Жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам расмий сайтларда эълон қилиб борилмоқда.

Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва халқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этиш ҳамда юртдошларимиз ва хорижий экспертларнинг жазони ижро этиш тизимига оид аниқ маълумотларга эга бўлиш имконини беради.

Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида 2021 йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6196-сон фармони  ҳамда “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5050-сон қарори қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилиб, қарорда департаментнинг ҳуқуқий асослари ҳамда жазони ижро этиш тизимини рақамлаштириш орқали соҳада инсон омилини истисно этиш ва жазони ўташнинг тартиботини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди.

Масалан, жазони ижро этиш муассасаларида ходимларнинг бодикамера билан хизмат ўташ тартибини жорий этиш, жазо муддатини ўтаётган шахслар томонидан ички тартиботнинг бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш учун кузатув ва назорат амалиётига интеллектуал (“Smart”) камералар тизимини татбиқ этиш ҳамда ёпиқ турдаги муассасаларда тақиқланган воситалар ва буюмлар олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида, уларнинг назорат ўтиш жойларида бодисканерлар ўрнатиш босқичма-босқич амалга оширилади.

Бундан ташқари, ёпиқ турдаги муассасаларда овқатларнинг сифатини ошириш мақсадида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг озиқ-овқат таъминотини шаффофлик ва очиқлик тамойили асосида аутсорсинг тизимига ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган мурожаатномасига мувофиқ, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колония босқичма-босқич қисқартирилади.

Шунингдек, жазонинг ўталмаган муддатини енгилроқ жазо билан алмаштириш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади.

Бунинг натижасида, ҳозир мазил-колонияларда жазо ўтаётган шахсларга ўз маҳалласи назорати остида, оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади. Уларни иш билан таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида зарур чоралар кўрилади. Бу ҳам жиноятчиликнинг олдини олишда кенг жамоатчиликнинг ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Хулоса қилиб айтганда, жазони ижро этиш тизимида Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги беш йил ичида салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатидан ҳамда ахборот технологиялари асри талабларидан келиб чиқиб соҳада ислоҳотлар жараёни бундан кейин ҳам изчиллик билан давом эттирилади.



  ...